язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Умумий концептуал саволлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.01.2018 й. ПҚ-3464-сон "Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва рўёбга чиқариш, давлат харидларини амалга ошириш доирасида ҳужжатларни комплекс экспертиза қилишнинг самарали тизимини яратиш тўғрисида’ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.01.2018 й.

N ПҚ-3464



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

РИВОЖЛАНИШ ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА РЎЁБГА ЧИҚАРИШ, ДАВЛАТ

ХАРИДЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ДОИРАСИДА

ҲУЖЖАТЛАРНИ КОМПЛЕКС ЭКСПЕРТИЗА

ҚИЛИШНИНГ САМАРАЛИ ТИЗИМИНИ

ЯРАТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва рўёбга чиқариш, давлат харидларини амалга ошириш доирасида лойиҳаларни, уларнинг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини, техник топшириқларини комплекс экспертиза қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида"ги ПҚ-3437-сон қарорига мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Агентлик ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклида Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Марказ қуйидагиларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритиладиган лойиҳаларни комплекс экспертиза қилишни ташкил этиш, уларнинг рўёбга чиқарилишини мониторинг ва таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва рўёбга чиқариш доирасида, шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда ишлаб чиқиладиган лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини, техник топшириқларни комплекс экспертиза қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини рўёбга чиқариш доирасида, шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда тузиладиган импорт контрактларини экспертиза қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;

ресурсларнинг ягона миллий маълумотномасини шакллантириш ва янгилаш.


3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Марказнинг муассиси (мулкдори) ҳисобланади;

Марказ фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи молиялаштириш асосида олиб боради ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида филиаллар ташкил этиш ҳуқуқига эга;

Марказнинг фаолият соҳаси барча давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи тегишли хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган барча лойиҳаларга татбиқ этилади;

Марказ ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотлар, шу жумладан лойиҳа институтлари, инжиниринг ва консалтинг компаниялари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл ва маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик қилади.


4. Марказга юклатилган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида Марказ директорига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишган ҳолда қўшимча равишда мустақил чет эллик, маҳаллий маслаҳатчилар ва экспертларни шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

5. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

кўрсатилган хизматлардан олинган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, Марказни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига бериладиган мулк;

Марказнинг бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Белгилансинки, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан тегишли йўналишда хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган мутахассисларга нисбатан Марказда қўлланилиши, истисно тариқасида, тавсиявий характерга эга.


7. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ импорт контрактларини, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритиладиган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатлари, техник топшириқлари, тендер ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказиш бўйича ишлар ва хизматларни субпудрат шартида топширишга, шунингдек, лойиҳа институтлари, инжиниринг ва консалтинг компанияларини танлаш тўғрисида тавсиялар беришга ҳақли эмас;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Марказнинг мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритиладиган лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатлари, техник топшириқлари, тендер ҳужжатлари ҳамда импорт контрактларининг комплекс экспертизаси натижаларининг ишончлилиги ва холислиги учун жавобгардир.

8. Агентлик Марказ билан биргаликда қурилиш тармоғини лицензиялаш ва техник жиҳатдан тартибга солишнинг амалдаги тартибини танқидий ўргансин ҳамда уч ой муддатда қурилиш тармоғини лицензиялаш ва техник жиҳатдан тартибга солишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, шу жумладан қуйидагиларда Агентликнинг мажбурий иштирок этишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин:

архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялашда;

қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш фаолиятини лицензиялашда;

шаҳарсозлик фаолияти объектлари бўйича лойиҳалаш ишларини ва комплекс муҳандислик қидирувларини мувофиқлаштиришда, лойиҳалаш хизмати бозорини ривожлантиришга кўмаклашишда.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси икки ҳафта муддатда марказлаштирилган маълумотлар базасини ва архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, хавфи юқори бўлган объектлар ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш, баландликларда саноат альпинизми усуллари орқали таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш фаолиятига илгари берилган лицензиялар тўғрисидаги материалларни Агентликка топширсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда импорт контрактлари ва тендер ҳужжатларининг илгари экспертизадан ҳамда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар базаси ва материалларни Агентликка топширсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Марказни даврий статистик ҳисобот, шунингдек, инвестициявий ва иифратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, капитал қўйилмаларни ўзлаштириш, қувватларни ишга тушириш ва номолиявий активларга инвестицияларни йўналтиришни амалга ошириш қисмида ҳар чораклик ва йиллик жўнатмалар рўйхатига киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентлик, Ташки савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:

Ташки савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб юритилади) импорт контракти рўйхатдан ўтказилганлиги, шу жумладан импорт контрактлари бўйича мўлжалланган юкни ортишдан олдинги инспекция тўғрисидаги маълумотларни киритиш имконини берувчи тизимли маҳсулотларни ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг тизимли маҳсулотларининг ТСОЯЭАТга уланиши ва ундан узлуксиз фойдаланиш имкониятини таъминласин;

ТСОЯЭАТда контрактларни тузишда, шу жумладан бир товар туркуми бўйича бир қанча контрактларни тузиш орқали йўл қўйилиши мумкин бўлган суиистеъмолчиликларни аниқлаш юзасидан функция жорий этсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 мартга қадар муддатда 2015-2017 йилларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, шу жумладан баҳолаш экспертизаси ва импорт қилинаётган товарларнинг юкни ортишдан олдинги инспекцияси ўтказилган экспорт ва импорт контрактларини танқидий ўргансин.

Ўрганиш натижасига кўра контрактларни экспертиза ва рўйхатдан ўтказиш бўйича фаолиятни такомиллаштириш, тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги бўйича мажбурий текшириш ва ваколатли шахсларнинг имзоларига қўйилган талабларни белгилаш, манфаатлар тўқнашувини истисно қилиш, шунингдек, товарлар (хизматлар) нархининг, шу жумладан божхона органларининг маълумотлар базалари асосида ягона маълумотлар базасини яратишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси киритилсин.

Экспорт ва импорт контрактларини ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва "Ўзстандарт" агентлиги зарур маълумот ва материалларнинг тақдим этилишини таъминласин.


15. Агентлик бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Марказнинг Уставини тасдиқласин ва белгиланган тартибда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Марказни Марказ фаолиятини юқори ва профессионал даражада самарали ташкил этишни таъминлай оладиган малакали кадрлар билан тўлдирсин;

юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун Марказни мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа зарурий моддий-техника ресурслари билан жиҳозлашни таъминласин;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг директори Ш.М. Садиқов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 январь