язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Давлат эҳтиёжлари учун харид. Давлат захираси. Моддий-техник таъминот/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.03.2004 й. 113-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 9 мартдаги

113-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат захираларини бошқариш

қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси (кейинги ўринларда матнда "Қўмита" деб юритилади) давлат стратегик ва сафарбарлик захираларини (кейинги ўринларда матнда "давлат захираси" деб юритилади) шакллантириш, сақлаш ва захираларга хизмат кўрсатишни бошқариш ва назорат қилишни таъминлаш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш учун махсус вакил қилинган Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Қўмита тизимига унга қарашли қуйидаги ташкилотлар киради: "Магнит" комбинати (Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри), "Марказий" комбинати (Тошкент шаҳри), "Илғор" комбинати (Самарқанд вилояти, Жума шаҳри), "Озодлик" комбинати ("Самарқанд вилояти, Булунғур шаҳри), "Имкон" ДУК (Тошкент шаҳри).

3. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. Қўмита ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шакллари ва идоравий мансублигидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Қўмита ва унга қарашли давлат стратегик захирасининг моддий бойликларини сақлаш ташкилотлари сафарбарлик органларига тегишлидир ҳамда хавфсизлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланадиган, муҳимлигига кўра тоифалаштирилган объектлар рўйхатига киради.


6. Қўмита ва унга қарашли ташкилотларнинг моддий-техника таъминоти, шунингдек Қўмита тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Қўмитага ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджетидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бюджетдан ташқари манбалардан амалга оширади.


7. Қўмита ва унга қарашли ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланади, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига (шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига), Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ҚЎМИТАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда давлат стратегик захирасида моддий бойликлар тўпланиши, янгиланиши, алмаштирилиши, чиқарилишининг йиллик ҳажмларини аниқлаш;

давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари шакллантирилишини, шу жумладан уларнинг тўпланиши, сақланиши ва янгиланишини таъминлаш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотлар томонидан давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари шакллантирилиши (тўпланиши, янгиланиши, алмаштирилиши, чиқарилиши), шунингдек қарз олинган товарлар ва маҳсулотларнинг сифатли ва миқдорий сақланиши ва ўз вақтида қайтарилиши таъминланиши бўйича топшириқлар бажарилишини доимий назорат қилиш;

давлат стратегик ва сафарбарлик захираларидан белгиланган тартибда тезкор фойдаланишга доимий тайёрликни таъминлаш.


9. Қўмита ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат стратегик захирасида моддий бойликлар ҳаракатининг (тўплаш, янгилаш, алмаштириш, чиқариш) йиллик ҳажмларини шакллантиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига киритади;

давлат стратегик захираси товарлари ва маҳсулотлари тўпланиши, жойлаштирилиши, сақланиши ва чиқарилишини белгиланган тартибда таъминлайди;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотлар томонидан давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари шакллантирилиши (тўпланиши, янгиланиши, алмаштирилиши, чиқарилиши), шунингдек қарз олинган товарлар ва маҳсулотларнинг сифатли ва миқдорий сақланиши ва ўз вақтида қайтарилиши таъминланиши бўйича топшириқлар бажарилишини назорат қилади;

давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари моддий бойликлари билан ишлашда қонун бузилишлари аниқланганда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларни қўллайди;

республика бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотларнинг давлат стратегик ва сафарбарлик захираларини шакллантириш бўйича харажатлари молиялаштирилишини, шунингдек Қўмита таркибий бўлинмалари фаолияти молиялаштирилишини белгиланган тартибда амалга оширади;

Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига давлат стратегик ва сафарбарлик захираларидаги моддий бойликлар тўғрисидаги йиғма ҳисоботларни, уларни тўплашга доир топшириқлар бажарилиши ҳамда давлат стратегик ва сафарбарлик захирасига қайтарилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади;

Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра давлат захиралари масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга оширади.


10. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда ўзига қарашли ташкилотлар орқали ҳал этади.



III. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шакллари ва идоравий мансублигидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари ҳажмларига ва уларни сақлаш учун жойлаштириш жойларига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиш;

мустақил равишда ёки ўзига қарашли ташкилотлар орқали, шунингдек вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотлар орқали давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари товарлари ва маҳсулотларини харид қилишни (импорт ҳам шу жумлага киради) ва реализация қилишни (экспорт ҳам шу жумлага киради) белгиланган тартибда амалга ошириш;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шакллари ва идоравий мансублигидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотларда давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари моддий бойликларининг ҳисоби тўғри юритилиши, тўпланиши, сақлаш шароитлари таъминланиши, уларнинг сифатли ва миқдорий сақланиши ва улардан фойдаланиш таъминланиши юзасидан белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш;

давлат стратегик ва сафарбарлик захиралари корхоналарда масъулиятли сақланишини текшириш учун зарурат бўлганда, белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар, ихтисослаштирилган ташкилотларнинг мутахассисларини (шу жумладан пулли асосда) жалб этиш;

янгиланиши керак бўлган маҳсулотлар ўз вақтида чиқарилиши (шу жумладан қайта ишланиши) чора-тадбирларини кўриш.

12. Қўмита ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади.

Қўмита раисининг бир нафар ўринбосари бўлади, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган.

Қўмита раиси меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосари эса - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


14. Қўмита раиси:

Қўмита фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ходимларнинг белгиланган сони доирасида Қўмита тузилмасига ўзгартиришлар киритади, унинг марказий аппарати штат жадвалини, шунингдек Қўмита марказий аппарати ва унга қарашли ташкилотларнинг харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Қўмитага қарашли ташкилотларнинг тузилмасини ва улар тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Қўмита марказий аппарати ходимларини, Қўмита тизимига кирадиган унга қарашли ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари, шунингдек Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Қўмита раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Қўмита фаолиятининг давлат стратегик ва сафарбарлик захираларини шакллантириш, сақлаш ва уларга хизмат кўрсатишни бошқариш ва назорат қилишни таъминлашни давом эттириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Қўмита номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Қўмита ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Қўмитанинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

16. Қўмита қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" 2004 йил, 10-сон, 118-модда.