язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 07.05.2018 й. ПҚ-3699-сонли қарорига 5-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 7 майдаги

ПҚ-3699-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши

устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш

жамғармаси тўғрисидаги

НИЗОМ


1. Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади) вазифаларини самарали амалга ошириш, ходимларни касбий жиҳатдан ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, Инспекциянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилган.


2. Жамғарма қуйидагилардан шакллантирилади:

"Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси даромадларининг 20 фоизи;

қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги учун Инспекциянинг ваколати доирасида қўлланиладиган умумий жарима санкцияларининг 40 фоизи;

Инспекция ходимлари ундирадиган жарималар миқдорларининг 50 фоизи;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказиш, давлат рақам белгилари, техник паспортлар ва гувоҳномалар бериш учун ундириладиган йиғимлар миқдорининг 80 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.


3. Жамғарма маблағларининг тушиши ва сарфланиши ҳисоби миллий валютада амалга оширилади.


4. Жамғарма маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

Инспекциянинг вазифаларини самарали амалга ошириш;

Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш;

Инспекция ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ахборот технологияларини жорий этиш ва модернизация қилиш, Инспекциянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

қонунчиликда тақиқланмаган Инспекция фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирлар.


5. Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига кўра Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Инспекция фаолияти билан боғлиқ аниқ тадбирларни ёки ривожлантириш дастурларини бевосита молиялаштириш асосида амалга оширилади. Тегишли дастурлар, уларни молиялаштириш лимитлари ва Жамғарманинг захирага қўйиладиган ҳар йилги қисми миқдори Жамғарма Кенгаши томонидан белгиланади.

Жамғарма Кенгашига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари бошчилик қилади, у Кенгашнинг шахсий таркибини тасдиқлайди.

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича қарорлар Жамғарма Кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамғарма Кенгаши томонидан белгиланган лимитлар доирасида дастурлар бўйича харажатлар сметаларини тасдиқлаш ва тузатиш, шунингдек, Жамғарманинг захира маблағларидан фойдаланиш Инспекция бошлиғи зиммасига юклатилади.


6. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисобот ҳар йили Жамғарма Кенгашида кўриб чиқилади ҳамда Инспекция томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлигига тақдим этилади.


7. Жамғарма маблағларини тўплаш ва сарфлаш операцияларига техник хизмат кўрсатиш бўйича амалий ишлар Инспекция марказий аппарати томонидан амалга оширилади. Бу мақсадларда мустақил ташкилотлар тузилмайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 14 май, 19-сон, 390-модда