ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Прокуратура / Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти /

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 23.05.2018 й. ПФ-5446-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 23 майдаги

ПФ-5446-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши

курашиш департаменти тўғрисида

НИЗОМ


[Кўчирма]


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади):

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб юритилади) ҳузурида иқтисодий жиноятлар ва коррупция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор-қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни амалга оширувчи, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши натижасида етказилган иқтисодий зарарнинг қопланишини таъминловчи мустақил ихтисослаштирилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Департаментнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилади.


4. Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияни аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича процессуал ҳаракатларнинг узвийлиги ва изчиллиги жиноят иши қўзғатишдан бошлаб уни судда кўриб чиққунга қадар, Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг жиноятларни тергов қилувчи ҳамда улар бўйича судда давлат айбловини қўллаб-қувватловчи барча даражадаги прокуратура органлари билан ўзаро узвий ҳамкорлиги ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш натижасида таъминланади.


5. Департамент тизимига қуйидагилар киради:

Департаментнинг марказий аппарати;

Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади);

Департаментнинг туман (шаҳар) бўлимлари.


6. Департамент қуйи турувчи раҳбарларнинг юқори турувчиларга ва Бош прокурорга бўйсунув ва ҳисобдорлик асосида фаолият кўрсатади.


7. Департамент ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


8. Департаментнинг молиявий ва моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар хисобидан амалга оширилади.

Департаментда шакллантириш ва фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этилади.


9. Департамент юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисобрақамларига эга бўлади.



2-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларда дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш;

ёқилғи-энергетика комплексида, ижтимоий, банк-молия, солиқ, транспорт ва қурилиш соҳаларида иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валютаси маблағларини ғайриҳуқуқий равишда чиқиб кетиши, олиб кириш ва олиб чиқиш, уларнинг ноқонуний муомаласи, "хуфёна иқтисодиёт" шаклланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлаш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини самарали ижро этилишини таъминлаш;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомалага чиқарилиши билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларга қарши курашиш;

иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларининг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш;

иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш.


11. Департамент ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

2) бюджет тизими бюджетлари маблағларини талон-торож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларда дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарни қоплаш бўйича чоралар кўриш соҳасида:

давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар томонидан бюджет тизими бюджетлари маблағларини растрата қилиш, талон-торож қилиш, камомадлар, ноқонуний сарф қилиш, давлат харидларида нархларни ошириш, дебитор ва кредитор қарздорликларни асоссиз орттириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича чоралар кўради;

давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш жараёнида мол-мулк хатловини, бажарилган ишларнинг назорат ўлчовларини ўтказади;


3) ёқилғи-энергетика комплексида, ижтимоий, банк-молия, солиқ, транспорт ва қурилиш соҳаларида иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш соҳасида:

а) ёқилғи-энергетика комплексининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:

экспорт салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва ички бозорни маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар билан тўлдириш, товарлар ва маҳсулотларни импорт қилиш, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш;

хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, ёқилғи-энергетика ва геология-қидирув тармоқларига чет эл инвестицияларини жалб этиш;

ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, муқобил энергия улуши кўпайишини таъминлаш;

ер қаърини геологик тадқиқ қилиш, ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш, қидирув ва разведка ишларини ўтказиш;

б) ижтимоий соҳанинг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:

тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминлаш, ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг давлат томонидан нархларни тартибга солишнинг белгиланган тартибига риоя этиши;

олий таълим муассасаларига кириш ва таълим олиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари ва жиҳозлар билан таъминлаш, спорт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларнинг, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашни ташкиллаштириш;

аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўлаш;

в) банк-молия ва солиқ соҳаларининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:

банк-молия ва солиқ қонунчилигига риоя этиш, бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, бюджет қоидалари, шунингдек, бюджет ва смета-штат интизомига риоя этиш;

кредит ажратиш, бошқа молиявий хизматларни тақдим этиш, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумати ва ноҳукумати ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантлари, шунингдек, давлат кафолати остида жалб қилинадиган чет эл кредитларидан мақсадли фойдаланиш;

банк-молия муассасалари ва суғурта компанияларининг маҳаллийлаштириш дастурлари, импорт ўрнини босувчи махсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришда иштирок этиши;

г) қурилиш ва транспорт соҳаларининг қуйидаги йўналишлари бўйича иқтисодий жиноятлар ва коррупция ҳолатларини аниқлайди ва чек қўяди:

қурилиш учун ажратилган ерлардан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография фаолияти, давлат кадастрини юритиш, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда техника шартлари ва регламентларига риоя этиш, уй-жой ва йўл қурилиш дастурлари ижроси;

маҳаллий хом-ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш;

фуқароларга, биринчи навбатда, ёш оилаларга ва етим болаларга арзон уй-жойлар ажратилиши, намунавий лойиҳалар бўйича сифатли уй-жой қурилишини таъминлаш;

маҳаллий, республика ва халқаро аҳамиятга молик автомобиль, темирйўл йўллари, маҳаллий ва халқаро аэропортларни қуриш ва реконструкция қилиш;

транспорт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, автомобиль, темирйўл ва ҳаво транспортида юкларни ва йўловчиларни ташиш бўйича кўрсатилаётган хизматларнинг даража ва сифатини ошириш, халқаро логистика марказларини ташкил этиш;


4) давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашиш, чет эл валютаси маблағларини ғайриҳуқуқий равишда чиқиб кетиши, олиб кириш ва олиб чиқиш, уларнинг ноқонуний муомаласи, "хуфёна иқтисодиёт" шаклланишининг турли схемалари ва каналларини аниқлаш соҳасида:

давлат ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчилар томонидан давлат манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ҳолатларига қарши курашади;

валюта назоратини амалга оширувчи органлар билан биргаликда чет эл валютасида операцияларни амалга оширишдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш, олдини олиш ва профилактика қилиш чораларини кўради;

чет эл валютаси маблағларининг ғайриҳуқуқий чиқиб кетиши, олиб кирилиши ва олиб чиқилиши, уларни ноқонуний муомалада бўлиш каналларини ўрганади ва аниқлайди;

"хуфёна иқтисодиёт" шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўради, яширин ишлаб чиқариш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўяди;


5) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини самарали ижро этилишини таъминлаш соҳасида:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш аломатларини аниқлаш мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни тизимли мониторинги ва молиявий таҳлилини олиб боради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ маълумотлар ва ахборотни алмашиш ҳамда юбориш бўйича ҳамкорлик тартибини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан биргаликда белгилайди;

терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлардан расмий каналлар орқали олинган маълумотлар асосида террорчилик фаолиятида ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш ва юритишни амалга оширади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди;

етарли асослар мавжуд бўлган ҳолларда иқтисодий жиноятларни содир этишда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда, терроризмни молиялаштиришда ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришда иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш чораларини кўради;

иштирок этувчи вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш хавфларини баҳолашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўради;

жалб этилган вазирлик ва идораларнинг ишини мувофиқлаштиради, хавфларни (таваккалчиликларни) баҳолаш орқали жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг самарали ишлашига салбий таъсир кўрсатувчи муаммо ва камчиликларни тизимли таҳлил қилади, уларни камайтириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлардан келиб тушадиган шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилади, қайта ишлайди ва маълумотлар базаларини шакллантиради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш учун илғор дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;


6) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари муомалага чиқарилиши билан боғлиқ ғайриҳуқуқий ҳаракатларга қарши курашиш соҳасида:

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига (маҳаллий ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғи ва ун, гўшт, шакар), шунингдек, пахта шроти ва шелухасига бўлган нарх-навони асоссиз ва сунъий оширишга, уларга бўлган танқислик ва ажиотаж талабнинг вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўради;

марказлаштирилган ресурслар ҳисобидан озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасини харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда коррупцияга қарши курашади;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларига, шунингдек, пахта шроти ва шелухасини сотишда нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини аниқланган қонун бузилишлари бўйича материалларни қонун ҳужжатларига мувофиқ чора кўриш учун ваколатли органларга йўналтирган ҳолда тизимли ўрганади;

назорат қилувчи органлар ходимлари ва бозор маъмурияти томонидан коррупция ҳолатлари, уларнинг бозорлар фаолиятини ташкил этишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминламаслик, шу жумладан нарх-наволарни асоссиз ва сунъий ошириш, уларнинг ҳудудида ноқонуний фаолият юритаётган шахсларга нисбатан чоралар кўрмаслик ҳолатларини аниқлаш чораларини кўради;

сифатсиз ёхуд қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини муомаласини аниқлайди ва чек қўяди;


7) иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича чет давлатларининг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот айирбошлаш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида:

халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар билан ўзаро келишув принципи асосида иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилади ва ахборотлар айирбошлашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди, халқаро ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, Департамент фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини тайёрлаш ва тузишда таклифлар киритади ва унда иштирок этади;


8) иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, иқтисодий жиноятлар ва коррупцияни содир этилишига имкон яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид статистика ҳисоби ва ҳисоботларни юритади, уларнинг ҳаққонийлигини таъминлайди;

ишнинг самарали усулларини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий қилади, ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш чораларини кўради;

Департамент фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилади ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;

Бош прокуратура раҳбариятига иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш натижалари ва муаммолари тўғрисида ахборот беради;


9) иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни олдини олиш бўйича кенг тушунтириш ва профилактика ишларини амалга ошириш соҳасида:

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, жамиятда иқтисодий ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича комплекс чораларни амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик қилади, уларни Департамент фаолияти натижалари тўғрисида ҳабардор қилади, ушбу мақсадларда семинар, брифинг, пресс-конференция, "давра суҳбатлари" ва бошқа тадбирларни ўтказади.

Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган вазифалар ва амалга оширадиган функцияларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролардан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, уларнинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналаридан Департаментга юклатилган мажбуриятларни бажариш учун зарур ахборот, маълумотлар, материаллар ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш. Департамент томонидан олинган ахборот фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади ва ошкора қилиниши мумкин эмас;

фуқаролар ва мансабдор шахсларни Департаментнинг иш юритувидаги жиноят ишлари, терговга қадар текшириш материаллари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича чақириш, зарур ҳужжатлар, маълумотлар ва уларнинг нусхаларини бепул олиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигидан банк ҳисобварақлари ва ягона ғазна ҳисобварағи бўйича давлат пул маблағларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олиш;

юклатилган вазифаларни бажаришда молия, солиқ, божхона ва бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимларини амалий эксперт кўмаги кўрсатиш учун жалб этиш;

тезкор-қидирув фаолияти натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларини сарфлаш масалалари бўйича давлат ташкилотлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналарда, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектларда белгиланган тартибда текширувларни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш;

хўжалик юритувчи субъектларида текшириш ва тафтиш қилиш жараёнида мол-мулкни хатловдан ўтказиш, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматларнинг назорат ўлчовларини амалга ошириш;

давлат ташкилотлари, мақсадли жамғармалар ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналардан, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларни тақсимлашда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;

етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда иқтисодий жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини амалга ошириш учун пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш;

солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб ва ҳисоботларнинг бузилиши ёхуд уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги аниқланган ҳолларда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг телекоммуникация воситалари ва компьютер маълумотлар базаларига кириш, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг ҳужжатлари билан танишиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши масаласи бўйича текширув тадбирларини амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга алоқадор бўлиши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;

текшириш, тадқиқот ва экспертиза ўтказиш учун товарлар, буюмлар, хом ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотлар намуналарини, шунингдек ҳужжатларни олиб қўйиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ валюта назорати органларига берилган функцияларни бажариш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар юридик шахслардан ва фуқаролардан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухаси нархларининг асоссиз ва сунъий оширилиши, нарх-навони манипуляция қилиш, уларга сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмолликлар ва коррупция ҳолатларини ўрганиш учун зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олиш;

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасига бўлган нархларни асоссиз ва сунъий ошириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича молиявий-хўжалик фаолиятни текшириш ҳисобланмайдиган тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича вазирлик ва идораларнинг вакилларини эксперт сифатида, шунингдек халқаро ташкилотлар томонидан ўтказиладиган ялпи мажлислар ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси делегациясини шакллантиришда жалб қилиш;

Департамент ваколатига киритилган ишлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш, терговга қадар текшириш ва суриштирув олиб бориш, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;

Департаментнинг ҳудудий бошқармаларида терговга кадар текширув ва суриштирув олиб борилишини, шунингдек тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилишини назорат қилиш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чораларини қўллаш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга аниқланган қонун бузилишлари бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ахборот алмашиш;

давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларга риоя қилиш шарти билан тегишли экспертизалар ўтказиш, ўқув дастурлари, методик ҳужжатлар, дастурий ва ахборот таъминотини ишлаб чиқиш, молиявий мониторинг соҳасида ахборот тизимларини яратиш учун илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларни, алоҳида мутахассисларни, шу жумладан, шартнома асосида ишга жалб қилиш;

миллий ва хорижий валютадаги бюджетдан ташқари бўш маблағларини, шу жумладан, Департамент депозит ҳисобрақамларида мавжуд маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит рақамларига жойлаштириш.

Департамент қонун ҳужжатларига асосан бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида маълумотларни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, текшириш ва сақлаш, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатма бериш Департаментда фақат Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Департаментнинг ҳудудий бўлинмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операциялар бўйича хабарларни олиш, кўрсатма ва сўровларни юборишга ҳақли эмас.

Департамент томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижалари, хусусан, таҳлилий материаллар, текширув харидлари ёки назорат харидлари натижалари бўйича олинган товар ёки касса чеклари, шунингдек, қонун бузилишини тасдиқловчи чекларни бермаслик ҳолатлари, кейинчалик қонунбузарликнинг кенг миқёсини, нархларни асоссиз ва сунъий ошириш усуллари ва механизмларини аниқлаш мақсадида, зарур ҳолларда, ваколатли органнинг махсус рухсати талаб этилмаган ҳолда молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун асос ҳисобланади.

Департамент ходимлари давлат, хизмат, тижорат сирини, жисмоний шахсларнинг омонатлари тўғрисидаги маълумотлар сирини ва улар ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган бошқа ахборотни сир сақлашлари шарт. Сир ошкор қилинган тақдирда ходим қонунда белгиланган тартибда жавоб беради.

Департамент ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ суриштирув органи бошлиғи ҳуқуқларига эга бўлади.


14. Бош прокурор ва унга бўйсунувчи прокурорлар Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг Департамент юклатилган функция ва вазифаларни ижро этиш бўйича фаолияти устидан ва прокурор ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан назоратни таъминлайди.


15. Департамент ходимлари ўзларининг функционал вазифаларини бажармаганликлари ёки лозим даражада бажармаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


16. Ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомга мувофиқ тартибга солинади.



3-1-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТ ХОДИМЛАРИ ТОМОНИДАН

ЖИСМОНИЙ КУЧ ИШЛАТИШ ВА МАХСУС

ВОСИТАЛАРНИ ҚЎЛЛАШ

16-1. Департамент ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга.

Департамент ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек, жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган Департамент ходимининг жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситалар қўллаш билан боғлиқ тезкор тадбирларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва Департамент ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши ва махсус воситалар қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда Департамент ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.

Жисмоний куч ишлатилган ва махсус воситалар қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида Департамент ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида Департамент ходими тегишли прокурорга дарҳол хабар беради.

Департамент ходимининг жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, Департамент ходими жисмоний куч ишлатиш ва махсус воситаларни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар Департамент ходими томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги ёки махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, Департамент ходими ҳодиса жойини ўзгаришсиз сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.


16-2. Агар куч ишлатилмайдиган усуллар Департамент ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни Департамент органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

Департамент ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Департамент ходими ушбу Низомда махсус воситалар қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд Департамент ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.


16-3. Департамент ходими қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқарога ёки Департамент ходимига қилинган ҳужумни қайтариш учун;

жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;

Департамент ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;

жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни Департамент органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб боришда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда.

Департамент ходими қуйидаги махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари - ушбу банднинг учинчи - олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

электрошок қурилмалари - ушбу банднинг иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар - ушбу банднинг еттинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда.

Махсус воситаларнинг қўлланилиши учинчи шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирмаслиги ва мол-мулкига зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ва (ёки) фуқароларнинг ёхуд Департамент ходимининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Департамент органлари таъминотида бўладиган махсус воситаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Департаментга Бош прокурор тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


18. Департамент бошлиғи:

Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан тайинланадиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга;

мавқеи, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатилиши бўйича Бош прокурор ўринбосарига тенглаштирилган;

ўз фаолиятида Бош прокурорга бўйсунади ва ҳисобот беради.


19. Юклатилган вазифаларни бажариш учун Департамент бошлиғи:

а) Департамент фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

б) Департамент ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

в) Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлим бошлиқлари ҳисоботларини эшитади;

г) Бош прокурорга қуйидагиларни киритади (тақдим этади):

Департамент ваколатларига оид масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари;

Департамент, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида таклифлар;

мазкур Низомнинг 18-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида тақдимнома;

Департамент ходимларига даражали унвонларни бериш ҳақида тақдимномалар;

Департамент ходимларини рағбатлантириш, давлат мукофтларига тақдим этиш ҳақида таклифлар;

Департамент фаолияти тўғрисида ҳисобот;

д) Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат жадвалини, Департаментнинг марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

е) ўз ваколатлари доирасида Департаментнинг фаолиятини ташкил этиш масалаларига оид, ижроси барча ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;

ж) ажратилган маблағлар доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Департамент ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришларни тўлаш тартиби ва шартларни белгилайди;

з) Департаментга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

и) Департамент кучларини ва маблағларини самарали тақсимлашни ташкил қилади, шу жумладан айрим вазифаларни бажарувчи ходимларни Департаментга юклатилган бошқа ишларга жалб қилади;

к) Департамент фаолиятига оид масалалар юзасидан тезкор йиғилишлар ўтказади; 

л) чет эл давлатлари ваколатли органлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ва бошқа шартномалар тузади;

м) қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


20. Департамент бошлиғи йўқлигида ваколатларини унинг ўринбосарларидан бири Бош прокурор буйруғига кўра амалга оширади.


21. Қуйидагилар:

Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан;

Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари Бош прокурор билан келишилган ҳолда Департамент бошлиғи томонидан;

Департамент марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларининг бошқа ходимлари Департамент бошлиғи томонидан;

Департамент туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўринбосарлари Департамент бошлиғи билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан;

Департамент ҳудудий бўлинмаларининг бошқа ходимлари Департамент ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


21-1. Департамент марказий аппаратининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи бир вақтнинг ўзида Департамент бошлиғининг матбуот котиби ҳисобланади.

22. Департамент ходимларини моддий рағбатлантириш Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда, ажратилган бюджет маблағлари, Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.  



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


23. Департаментнинг кўрсатмалари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек Департамент фаолиятига аралашиш ва унинг ходимларига, юклатилган вазифа ва ваколатларни бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ҳамда қонунда белгиланган жавобгарликка олиб келади.


24. Департаментни тугатиш ва қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 28 май, 21-сон, 436-модда







































Время: 0.1308
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск