язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 18.05.2018 й. 370-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 18 майдаги

370-сон қарорига

4-ИЛОВА



Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш

бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Регламент бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилишининг лойиҳа-смета ҳужжатларини (кейинги ўринларда лойиҳа-смета ҳужжатлари деб аталади) кўриб чиқиш ва келишиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламентнинг амал қилиши, мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан, шунингдек, ер майдони ҳажмидан қатъий назар барча турдаги бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқишга ва келишишга нисбатан қўлланади.


3. Ушбу Регламентнинг амал қилиши қуйидагиларга нисбатан қўлланмайди:

бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни капитал таъмирлаш;

қурилиш ҳажми 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган, ишлаётган муҳандислик тармоқларини ўзгартиришни талаб этмайдиган, алоҳида ҳолда қурилаётган объектларда;

I мураккаблик тоифасидаги объектларни қуриш;

якка тартибда уй-жойлар қуриш.


4. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома бериш тақиқланади.


5. Лойиҳа-смета ҳужжатларини қўриб чиқиш ва келишиш Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари (кейинги ўринларда Кенгашлар деб аталади) томонидан архитектура-режалаштириш топшириғининг I қисмига мувофиқлигига кўра амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари Кенгашларнинг ишчи органлари (кейинги ўринларда ишчи органлар деб аталади) ҳисобланади.


6. Ишчи органлар ва лойиҳалаштириш ташкилотлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.


7. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ушбу Регламентнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


8. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари якунлангач, лойиҳа ташкилотлари:

Вазирлар Маҳкамасининг "Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ишлари ва инвестиция лойиҳаларини такомиллаштириш учун қўшимча чоралар ҳақида" 2016 йил 22 январдаги 15-сон қарорига 2-иловада (Мураккаблик тоифаси бўйича объектлар классификацияси) келтирилган III тоифаларга мансуб объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини бевосита ўзлари санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишадилар;

ушбу банднинг иккинчи хатбошида қайд этилган объектлардан бошқа объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматидан фойдаланиш учун ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ сўровномани, архитектура-режалаштириш топшириғи реквизитларини кўрсатган ҳолда электрон шаклда тўлдирадилар.

Сўровномага лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектурага оид қисми (тушунтириш хати (тушунтириш хатида лойиҳа-смета ҳужжатида ёнғин хавфсизлигига, санитария-эпидемиология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этиш бўйича ва бошқа йўналишларда бажарилган ишлар акс эттирилади), бино ва иншоотнинг фасадлари, қаватлар режалари, қурилиш объектининг бош режаси) электрон шаклда илова қилинади.

Лойиҳа ташкилотларидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

9. Лойиҳа ташкилоти зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва сўровномага киритгандан сўнг уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Лойиҳа ташкилотлари давлат хизматидан фойдаланиш учун ЭРИси мавжуд бўлиши шарт эканлиги ҳақида ЯИДХП да олдиндан огоҳлантирилади.


10. Давлат хизмати кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизмати кўрсатиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.


11. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар тўлиқ ишчи органнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.


12. Лойиҳа ташкилотлари ЭРИси мавжуд эмаслиги, сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизмати кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.


13. Лойиҳа ташкилоти давлат хизматидан фойдаланишдан хизмат кўрсатилишининг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Лойиҳа ташкилоти давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


14. Сўровнома ЭРИ билан тасдиқлангандан кейин, у автоматик тарзда ишчи органга жўнатилади.


14-1. Ишчи орган сўровнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳудудий санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига (кейинги ўринларда хулоса берувчилар деб аталади) кўриб чиқиш учун идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизими "YERELEKTRON" ААТ орқали электрон шаклда юборади.

Хулоса берувчилар уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича ўз хулосаларини ишчи органга "YERELEKTRON" ААТ орқали электрон шаклда юборадилар. Бунда хулоса (қарор) ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Салбий хулосада лойиҳа-смета ҳужжатидаги камчиликлар асосланган ҳолда қайд этилади.

Агар салбий хулосада лойиҳа-смета ҳужжатига тузатишлар киритиш тўғрисида талаблар назарда тутилган бўлса, ишчи орган хулоса олинган кундан кейинги иш кунидан хулосани лойиҳа ташкилотига лойиҳа-смета ҳужжатини қайта ишлаш учун юборади.

Лойиҳа ташкилоти ўн иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритади ва уни ишчи органга такроран юборади.

Ишчи орган тузатишлар киритилган лойиҳа-смета ҳужжатларини олгандан сўнг кейинги иш кунидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ижобий хулоса олиш учун тегишли хулоса берувчиларга такроран юборади.

Хулоса берувчилар лойиҳа-смета ҳужжатларини икки иш кунида кўриб чиқадилар ва ижобий хулосани "YERELEKTRON" ААТ орқали электрон шаклда ишчи органга юборадилар.

14-2. Хулоса берувчилардан ижобий хулосалар олингандан сўнг ишчи орган навбатдаги Кенгаш йиғилишига лойиҳа-смета ҳужжатларини киритади.

15. Кенгаш ўзининг навбатдаги йиғилишида лойиҳа-смета ҳужжатларини келишади ёки рад этишнинг аниқ асосларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этади.

Кенгаш йиғилишлари ҳар ҳафтада, шахсан иштирок этиш тартибида ўтказилади.

Кенгаш аъзоси келмаган ҳолларда Кенгаш йиғилиши унинг иштирокисиз ўтказилади. Бунда объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари, ушбу банднинг олтинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатни истисно қилган ҳолда, мажлисда қатнашмаган Кенгаш аъзоси вакил бўлган ташкилот билан келишилган ҳисобланади.

Бунда қатнашмаган Кенгаш аъзосининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича жавобгарлик тегишли ташкилотга юкланади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини Кенгаш аъзолари билан келишишни сўров усули билан ўтказиш тақиқланади.

Кенгаш қарорлари йиғилишда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда қонуний ҳисобланади.


16. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, уни ишчи органнинг ЭРИси билан тасдиқлаш йўли билан амалга оширилади.


17. Лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура-режалаштириш топшириғининг I қисмига мувофиқ эмаслиги ҳамда сўровномада кўрсатилган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланиши уларни келишишни рад этиш учун асос бўлади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишишни бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

Лойиҳа ташкилоти лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш рад этилгандан кейин ўн кун мобайнида давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўламасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилганда, такроран келишиш Кенгашнинг такрорий сўровнома келиб тушгандан кейинги навбатдаги мажлисида амалга оширилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини такроран кўриб чиқишда, Кенгаш томонидан аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.


18. Ишчи орган лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилган куни келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларини лойиҳа ташкилотига ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Ишчи органлар ва Кенгашлар аъзолари ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши шарт.


20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторингни амалга оширадилар.


21. Лойиҳа ташкилоти давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


22. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА


Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш

СХЕМАСИ

       

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш

муддатлари




1-босқич

Лойиҳа ташкилоти

1. ЯИДХПда архитектура-режалаштириш топшириғи реквизитларини кўрсатган ҳолда сўровномани тўлдириш.


2. Давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўлаш.

1. Ўз хоҳишига кўра


2. Мурожаат қилганда





2-босқич

ЯИДХП

Сўровномани ва объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини Кенгашнинг ишчи органига юбориш.

Автоматик равишда

  


  

3-босқич

Кенгашнинг

ишчи органи

Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳудудий санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига юбориш.

1 иш кунида



  


4-босқич

ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати, ҳудудий ёнғинга қарши назорат хизмати, ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи

Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича ижобий хулосани Кенгашнинг ишчи органига юбориш.

5 иш кунида









5-босқич

Кенгаш

Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш.

Анкета олинганидан кейин Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида





6-босқич

Кенгашнинг

ишчи органи

1. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ЭРИ билан тасдиқлаш.


2. Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини лойиҳа ташкилотига ЯИДХП орқали электрон шаклда юбориш.

Кенгаш томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари келишилган кунида

     





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА





(сана)


(рақами)

   

Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш

бўйича давлат хизмати олиш учун

СЎРОВНОМА

I. Бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилишининг келишиладиган лойиҳа-смета ҳужжатлари тўғрисида маълумот:

  

1. лойиҳа-смета ҳужжатларининг номланиши:


2. лойиҳа ташкилотининг номланиши:


3. лойиҳа ташкилотининг СТИР:


4. лойиҳа ташкилотининг юридик манзили:


5. лойиҳа ташкилотининг телефон рақами:


6. лойиҳа ташкилотининг электрон почта манзили:


7. архитектура-режалаштириш топшириғининг реквизитлари:


II. Илова қилинадиган ҳужжатлар:

Бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар қурилиши лойиҳа-смета

ҳужжатларининг архитектурага оид қисми:

1. Фасад (асосий ва ён томон):


2. Бинолар, иншоотлар ва бошқа объектнинг бош режаси:


3. Объект жойлашувининг вазият режаси:


    

Лойиҳа ташкилотининг

ЭРИси



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 май