язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Малака ошириш/ Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.05.2018 й. 408-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 майдаги

408-сон қарорига

2-ИЛОВА



Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт

воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари

ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари

кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик

шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек

имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик

гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолият билан шуғулланувчи бошқа юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда ўқув ташкилотлари деб аталади) ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб аталади) ва унинг ҳудудий бўлинмаларида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини беришга доир имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди.


2. Барча автомототранспорт воситалари ўз тури, вазифаси ва бошқариш хусусиятларига кўра "А", "В", "С", "D", "ВЕ", "СЕ" ва "DE" тоифаларга ҳамда трамвай ва троллейбусларга бўлинади. Уларни бошқариш учун берилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг тегишли позициясида шу тоифали транспорт воситасини бошқариш учун рухсат берилган сана ва муддати кўрсатилади.


3. Ҳайдовчилик гувоҳномасининг "А", "В", "С", "D", "ВЕ", "СЕ" ва "DE" позициясининг тегишли графаларида рухсат берувчи белги (сана ва муддат кўрсатилган) бўлган шахслар қуйидаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга:

"А" - мотоцикллар ва уларга тенглаштирилган мототранспорт воситалари;

"В" - рухсат этилган тўла вазни 3 500 kg дан ошмайдиган ёки ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлмаган, шунингдек, улар базасида ишлаб чиқарилган қўл билан бошқариладиган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ бўлмаган "В" тоифадаги автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ бўлган лекин "В" тоифадаги автотранспорт воситасининг аслаҳаланган вазнидан ортиқ бўлмаган ва автотранспорт воситалари таркибининг рухсат этилган тўла вазни 3 500 kg дан ортиқ бўлмаган тиркамали "В" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"С" - рухсат этилган тўла вазни 3 500 kg дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ бўлмаган "С" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"D" - йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони саккизтадан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ бўлмаган "D" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"ВЕ" - тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ ёки тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни аслаҳаланган автотранспорт воситасининг вазнидан ортиқ бўлган "В" тоифадаги автотранспорт воситалари, тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ лекин транспорт воситалари таркибининг рухсат этилган тўла вазни 3 500 kg дан ортиқ бўлмаган "В" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"СЕ" - тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ бўлган "С" тоифадаги автотранспорт воситалари;

"DЕ" - тиркамасининг рухсат этилган тўла вазни 750 kg дан ортиқ бўлган "D" тоифадаги автотранспорт воситалари ҳамда бўғимли автобуслар.

Трамвай ҳайдовчисига фақат трамвай, троллейбус ҳайдовчисига фақат троллейбус бошқаришга рухсат этилади.



2-БОБ. АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ

ВА ШАҲАР ЭЛЕКТР ТРАНСПОРТИ ВОСИТАЛАРИ

ҲАЙДОВЧИЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА

ЎҚУВ ТАШКИЛОТЛАРИНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШ ТАРТИБИ


4. Давлат таълим муассасалари автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш хизматлари кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини бошлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг (кейинги ўринларда ЙҲХББ деб аталади) хулосасини олади. Давлат таълим муассасалари ЙҲХББга юқори турувчи давлат идораси орқали белгиланган тартибда мурожаат қилади.

Хулоса чиқарилгунга қадар ЙҲХББ қарори асосида, текширув комиссияси томонидан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи давлат таълим муассасасининг моддий-техника ва ўқув-методик базаси ҳар томонлама кўрикдан ўтказилади.


5. Текширув комиссияси таркибига ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (кейинги ўринларда ЙҲХБ деб аталади), ҳокимликлар қошидаги ҳаракат хавфсизлиги комиссияси, Касб-ҳунар таълими маркази ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киради.

Комиссия ишига ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасидаги мутахассислар, шу жумладан давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар (кейинги ўринларда ўқув ташкилотлари деб аталади), шунингдек, тасарруфида давлат таълим муассасаси бўлган вазирликлар ва идоралар вакиллари жалб этилиши мумкин.


6. Комиссия давлат таълим муассасасининг қуйидаги талабларга жавоб беришини ўрганиб чиқади:

ҳар бири 40 кв.м дан кичик бўлмаган майдонга эга ва битта ҳудудда жойлашган икки ёки ундан ортиқ аудиторияларнинг мавжуд бўлиши;

ҳар бир аудиторияда видеопроектор ёки диагонали 50 дюймдан кичик бўлмаган интерактив монитор (телевизор), компьютерлар, аудио ва видеокузатув тизими, йўл ҳаракати қоидалари бўйича кўргазмали қўлланмалар, шунингдек, ўқув жараёни ва якуний тест синовларининг ошкоралигини таъминлаш учун ёзиб олиш тизимининг мавжуд бўлиши;

таълим олувчиларнинг билимларини якуний тест синовларидан ўтказиш учун компьютерлар билан жиҳозланган алоҳида аудиториянинг мавжуд бўлиши;

ўқув жараёнига ўзлаштиришни кўтаришга йўналтирилган ўқитишни мониторинг қилиш ва режалаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилганлиги;

автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ малака ошириш курсларида билимларни ўзлаштириш сифатини аниқлаш учун анимация эффектларига эга ягона тест дастурининг мавжуд бўлиши;

таълим дастурларини белгиланган даражадаги сифат ва натижавийлик билан амалга ошириш учун зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа ахборот-кутубхона ресурслари билан таъминланганлиги;

ҳар бир ўқитувчининг ўқув дастурлари, турли педагогик технологиялардан фойдаланиш йўриқномаларини ўз ичига олган батафсил технологик хариталар билан таъминланганлиги;

ҳар бир таълим олувчи (тингловчи)ни бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган давлат талабларига мувофиқ ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш учун алоҳида ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун алоҳида ишлаб чиқилган уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтентга эга электрон ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминлаш;

ўқув аудиториясининг йўл ҳаракати қоидалари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги асослари бўйича автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларида белгиланган тартиб асосида жиҳозланганлиги;

автомототранспорт воситаларининг тузилиши, ишлатилиш асослари, уларга техник (сервис) хизмат кўрсатиш ва меҳнат муҳофазаси бўйича ўқув аудиториясининг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларида белгиланган тартиб асосида жиҳозланганлиги;

автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ўқитувчилар ва инструкторлар таркибининг мавжудлиги;

ўқув жараёнига жалб этилган муҳандис-педагоглар ва инструкторларнинг маълумоти ва махсус билимлари даражасининг мавжудлиги, шунингдек, ўқув хоналарининг ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дарсларни ўтказишга тайёрлиги;

белгиланган тартибда қайта жиҳозланган ва рўйхатга олинган ўқув автомототранспорт воситалари ёки шаҳар электр транспорти воситаларининг мавжудлиги;

белгиланган тартибда жиҳозланган ўқув автодроми ёки ёпиқ майдоннинг мавжудлиги;

ўқув ташкилотининг иш режасига киритилган автомобилни бошқариш бўйича амалий машғулотларни тўлиқ ўтказиш учун етарли даражада ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланганлиги;

битирувчиларга белгиланган тартибда малака ошириш курсларини тугатганлиги тўғрисида сертификат ҳамда ҳайдовчиларни тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш курсларини тугатгани тўғрисида гувоҳнома берилиши.

Ўқув ташкилотининг унга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган ўқув хоналари, улардаги жиҳозлар ва машқ автомобилларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Давлат бюджети ҳисобидан таъминланган ўқув хоналари, ўқув-машқ автомобиллари ва ўқув дастурларини нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга ижарага ва (ёки) субижарага бериш тақиқланади.


7. Давлат таълим муассасаси мазкур Низомнинг 6-банди талабларига мувофиқлиги текширув комиссияси (5-бандда кўрсатилган) томонидан ўрганиб чиқиб, якунлари бўйича уч нусхада далолатнома тузади.

Далолатнома ҳудудий ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланиб, хулоса тайёрлаш учун ЙҲХББга юборилади, бир нусхаси ҳудудий ЙҲХБда ва бир нусхаси давлат таълим муассасасининг ўзида сақланади.


8. Комиссия томонидан тақдим этилган далолатнома ЙҲХББ томонидан ўрганиб чиқилиб, натижалари бўйича қарор қабул қилади ва ижро учун ҳудудий ЙҲХБларга тегишли кўрсатма беради.

Давлат таълим муассасаларини ҳудудий ЙҲХБларда ҳисобга қўйиш таълим муассасасининг номи, манзили, банк реквизитлари, уставни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) тўғрисида маълумот, маҳаллий давлат органларининг қарори рақами, тайёрланадиган ҳайдовчиларнинг тоифалари кўрсатилган ҳолда алоҳида журналда юритилади.

Давлат таълим муассасаларини ҳисобга олиш журнали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади ва ҳудудий ЙҲХБда сақланади.


9. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахснинг ўқув гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда берилган тегишли тоифадаги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун берилган лицензия асосида ЙҲХББ кўрсатмасига асосан ҳудудий ЙҲХБлар томонидан рўйхатга олинади.

Ўқув ташкилотлари томонидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малака ошириш курслари якуни бўйича ҳудудий ЙҲХБга сертификат олган тингловчилар, берилган сана ва сертификат рақамини кўрсатилган ҳолда рўйхати тақдим этилади.

Нодавлат таълим хизматларини амалга оширувчи юридик шахснинг ўқув гуруҳларини ҳудудий ЙҲХБларда рўйхатга олиш бўйича маълумотлар ўқув ташкилотининг номи, манзили, қайси тоифа(лар)даги автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳуқуқи берилганлиги кўрсатилган ҳолда алоҳида журналда юритилади.

Барча ўқув ташкилотлари гуруҳларини рўйхатга олиш журнали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши ва белгиланган муддатлар мобайнида ҳудудий ЙҲХБда сақланиши керак.


10. Ўқув ташкилотларининг раҳбарлари ҳудудий ЙҲХБ билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларида ўқишнинг бошланиши ва тугаши муддатлари келишилгандан сўнг, белгиланган тартибда гуруҳ рўйхатини ҳудудий ЙҲХБ котибиятида 10 кун муддат ичида уларни рўйхатдан ўтказиши лозим.

Тақдим этилаётган ўқув гуруҳи маълумотлари варақнинг олди томонида қайд этилиб, шу варақнинг орқа томонида ўқитиладиган ўқувчилар рўйхати қайд этилади.


11. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш гуруҳларидаги номзодлар сони 25 кишидан ошмаслиги лозим.


12. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларининг рўйхати машғулотлар бошланишидан аввал ҳудудий ЙҲХБга тақдим этилади. Ўқув гуруҳининг рўйхати ҳудудий ЙҲХБнинг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмалари (кейинги ўринларда РваИОБ деб аталади) томонидан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш китобида қайд этилади.


13. Ҳудудий ЙҲХБда белгиланган тартибда ҳисобга олинган барча ўқув ташкилотларининг ўқув моддий-техника базаси ва фаолияти ҳар йили камида бир маротаба атрофлича, ҳар бир ўқув гуруҳларининг ўқув жараёни эса ҳар ойда камида бир маротаба ҳудудий ЙҲХБлар томонидан ўрганиб борилади. Ўрганиш натижалари юзасидан далолатнома тузилиб, иш фаолиятида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этмасдан келаётган Давлат таълим муассасасининг юқори турувчи ташкилотига тақдимнома юборилади.


14. Ўқув ташкилотлари томонидан белгиланган муддатларда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса, ушбу ўқув ташкилотларининг янги ўқув гуруҳларини ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида рўйхатдан ўтказиш тўхтатилади.

Янги ўқув гуруҳларини рўйхатдан ўтказиш кўрсатмадаги камчиликлар ўқув ташкилотлари томонидан бартараф этилгандан кейин тикланади.


15. Нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахснинг автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ йўналишлар бўйича фаолиятида лицензия шартлари ва талабларига лицензиат томонидан риоя этмаслик ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари тегишли ҳудудий ЙҲХБлар томонидан хабардор қилинади.


16. Ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи барча ўқув ташкилотлари бўйича назорат-кузатув йиғмажилди юритилади. Унга ўқув ташкилотига автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун Давлат инспекцияси томонидан берилган лицензиядан нусха, ўқув автомототранспорт воситаларининг рўйхати, амалий машғулотлар ўтказиладиган йўналишлар харитасининг нусхаси ва бошқа маълумотлар тикиб борилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ

ХИЗМАТИНИНГ РЎЙХАТЛАШ ВА ИМТИҲОН ОЛИШ

БЎЛИНМАЛАРИДА ИМТИҲОНЛАРГА ҚЎЙИШ ҲАМДА

АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ВА ШАҲАР

ЭЛЕКТР ТРАНСПОРТИ ВОСИТАЛАРИНИ

БОШҚАРИШГА РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


17. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни истаган шахслар махсус ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ таълим олишлари шарт.


18. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фуқаролар доимий ёки вақтинчалик турар жойларидаги, мажбурий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар хизмат жойларидаги ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида имтиҳонлар топширади.


19. Алоҳида ҳолатларда (фавқулодда ҳолатлар юз берган вақтда, ўқув ташкилотлари имтиҳон олиш жойларидан узоқ масофада жойлашган ҳудудларда ва ҳоказо), истисно тариқасида, имтиҳонлар қабул қилиш жойи ёки муддати ҳудудий ЙҲХБ раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиши мумкин.


20. "А", "В", "С" ва "D" тоифаларидаги автомототранспорт воситаларини ва трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида назарий ва амалий имтиҳонларни, топширган шахсларга берилади.

Трамвай ва троллейбус ҳайдовчилигига ўқиётган шахслардан амалий имтиҳонлар олишда ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБлари ходими қатнашиши шарт.

Трамвай ёки троллейбусни бошқариш ҳуқуқини олиш учун ўқиш истагида бўлган, аммо доимий рўйхатда турган ҳудудида бундай ўқув ташкилоти мавжуд бўлмаган ҳамда бошқа ҳудудда жойлашган ўқув ташкилотида вақтинча рўйхатда турган ҳолда шаҳар электр транспортини бошқариш ҳуқуқини олиш учун таълим олган шахсларга тегишли тоифадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда ўқув ташкилоти жойлашган ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБ ходими иштирокида расмийлаштирилган амалий имтиҳон натижалари асос қилиб олинади.


21. "В" ва (ёки) "D" тоифали автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан "С" тоифадаги автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлашда, "В" ва (ёки) "С" тоифали автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслардан "D" тоифадаги автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлашда назарий ва амалий имтиҳонлар топширилади. "ВЕ", "СЕ" ва "DE" тоифалардаги автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлашда фақат амалий имтиҳонлар топширилади.

Шахс, агар автотранспорт воситасини камида уч йил мобайнида бошқарган бўлса, "D" тоифасига қайта тайёрлашга ва имтиҳонлар топширишга қўйилади.


22. Амалий имтиҳонларда қайси тоифадаги автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини бериш учун олинаётган бўлса, топширувчининг фақат шу тоифадаги автомототранспорт воситасини бошқариш бўйича малакаси текширилади.


23. Амалий имтиҳонлар ўқув ташкилоти томонидан тақдим этилган тегишли тоифадаги бошқаришни ўргатиш автомототранспорт воситасида олинади. Бунда "D" тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш бўйича миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 16 тадан ортиқ бўлган бошқаришни ўргатиш автобусида ўтказилади.

Амалий имтиҳон олинадиган транспорт воситаларининг техник ҳолати ҳудудий ЙҲХБнинг имтиҳон олувчи ходими томонидан кўздан кечирилиб, белгиланган талабга жавоб бериши текширилиши керак.


24. Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларини автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича тасдиқланган ягона ўқув дастурига киритилган фанларни тўлиқ ўзлаштирилишини тақозо этган ихтисосликлар бўйича тугатган шахсларга "В" ёки "В" ва "С" тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар топширишга рухсат этилади.


25. Ўқув муддати якунида "А" тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 16 ёшга; "В" ва (ёки) "С" тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 18 ёшга; "D" тоифадаги автотранспорт воситаларини, трамвай ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 21 ёшга тўлган шахсларга ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБда имтиҳонлар топширишга рухсат этилади.

Ушбу Низомнинг 54-бандида кўрсатилган ҳолат бундан мустасно.


26. Махсус товушли ва ёруғлик ишоралари билан жиҳозланган ёки хавфли юкларни ташийдиган автотранспорт воситаларини бошқариш учун охирги уч йил, шунингдек, шаҳар, шаҳар атрофидаги, шаҳарлараро ва халқаро йўналишда қатнайдиган автобусларни ва микроавтобусларни бошқариш учун охирги беш йил мобайнида тегишли тоифадаги автотранспорт воситаларида ҳайдовчи бўлиб ишлаган шахсларга рухсат этилади.

Тижорат асосида йўловчиларга автотранспорт хизмати кўрсатиш учун енгил автомобилларни бошқаришга рухсат автотранспорт воситаларини охирги уч йил мобайнида бошқарган шахсларга берилади. Ҳайдовчилик фаолияти муддатини белгилашда меҳнат дафтарчасидан кўчирма, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ижара шартномаси ёки ишончнома асос бўлади.


27. "С" ёки "D" тоифаларига оид автотранспорт воситаларини бошқариш учун аёлларга юк автомобилларини ёки автобусларни бошқариш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан белгиланган муайян чеклашлар (автомобилларнинг юк кўтариши 2,5 t дан, автобусда йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмаслиги керак) асосида рухсат этилади.


28. "ВЕ", "СЕ" ва "DЕ" тоифаларидаги автотранспорт воситалари таркибларини бошқариш ҳуқуқи охирги ўн икки ой мобайнида тегишли тоифалардаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича ҳайдовчилик стажига эга бўлган ва ўқув ташкилотида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБда амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга берилади.

"DЕ" тоифасидаги автотранспорт воситалари таркибини бошқариш ҳуқуқини олиш учун "D" тоифасига эга бўлган ҳайдовчилардан амалий имтиҳонлар бўғимли автобусларда олинади.


29. "D" тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи камида уч йил мобайнида "В" ёки "С" тоифасидаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича ҳайдовчилик стажига эга бўлган, ўқув ташкилотида қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБда назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга берилади.


30. Тижорат асосида йўловчилар ташиш бўйича автотранспорт хизматлари кўрсатадиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари тўрттадан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган, бироқ "D" тоифасига тегишли бўлмаган енгил автомобилларни бошқаришга камида беш йил мобайнида тегишли тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқарган ҳайдовчиларга рухсат этилади.


31. Ҳар қандай автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган шахслар, ўн икки ойдан кўп вақт автомототранспорт воситасини бошқармаган бўлсалар, иш берувчи томонидан улар ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларига назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш учун юборилади. Имтиҳонларни ижобий топширган шахслар ташкилотларда камида 30 соатлик амалий бошқариш бўйича кўникма (стажировка)дан ўтганидан кейин, уларга автомототранспорт воситаларини мустақил бошқаришига рухсат этилади.


32. Агар трамвай ёки троллейбус ҳайдовчилари ўн икки ойдан кўп вақт шу тоифадаги транспорт воситаларида ҳайдовчи сифатида ишламаган бўлсалар, ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида назарий имтиҳонлар, ташкилот аттестация комиссияси томонидан уларнинг касбий билими ва бошқариш тажрибаси текширилиб, амалий имтиҳонлар олингандан сўнг, белгиланган йўналишларда 70140 соат) амалий бошқариш бўйича кўникма (стажировка)дан ўтганларидан кейингина трамвай ёки троллейбусни мустақил бошқаришларига рухсат этилади.


33. Автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда йўловчилар ташиш фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган ҳайдовчилар юридик шахсларда белгиланган муддат ва йўналишларда ("D" тоифадаги автотранспорт воситаларида ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган ҳайдовчилар учун - 60 соат, ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган ҳайдовчилар учун - 224 соат) амалий бошқариш бўйича кўникма (стажировка)дан ўтганларидан кейингина тегишли тоифадаги автомобилларни мустақил бошқаришларига рухсат этилади.


34. Барча автомототранспорт воситаларининг ҳайдовчилари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган муддатда, тижорат асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар эса бир йилда бир марта мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.


35. Агар ДЙҲХХ органлари ёки автотранспорт ташкилотларидаги мансабдор шахсларда ҳайдовчининг соғлиғига нисбатан шубҳа туғилган бўлса, унга белгиланган муддатдан олдин касбига лаёқати бўйича тиббий кўрикдан қайта ўтиш учун йўлланма берилиши мумкин.


36. Агар ҳайдовчи касбига лаёқати бўйича тиббий кўрикдан қайта ўтишдан бўйин товласа ёки у тиббий комиссия томонидан автомототранспорт воситаларини бошқаришга нолойиқ деб топилса унга доир ҳужжатлар ҳудудий ДЙҲХХ ходими томонидан, белгиланган тартибда автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш масаласини кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилади.

Ҳайдовчини тиббий кўрикдан қайта ўтказиш ҳақидаги қарор ҳудудий ЙҲХБ бўлинмаларининг бошлиғи ёки гуруҳларининг катта инспектори, улар бўлмаганда эса ички ишлар бўлими бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан қабул қилинади.


37. Ҳайдовчиларни автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилинади. Автомототранспорт воситаларини маст ҳолда бошқарганлиги учун бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун, маҳрум қилиш муддатидан қатъи назар, маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач, мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари, назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача малака оширишлари шарт.

Бу ҳолда имтиҳон комиссиясининг қарорига мувофиқ бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бирор тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш бўйича, "D" тоифаси мавжуд бўлган ҳолатларда "D" тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш бўйича амалий имтиҳонлар олинади.


38. Биринчи маротаба ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилган барча хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш ушбу Низомда назарда тутилган умумий қоидалар асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ИМТИҲОНЛАРНИ ЎТКАЗИШ, МИЛЛИЙ

ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


39. Имтиҳонларни қабул қилиш ва "А", "В", "С", "D", "ВЕ", "СЕ", "DЕ" тоифадаги автомототранспорт воситаларини, шунингдек, трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларни бериш ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБлари томонидан амалга оширилади.


40. Барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш учун назарий ва амалий (трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини беришдан ташқари) имтиҳонларни ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида имтиҳон олиш комиссиялари қабул қилади.


41. Ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБда имтиҳон олиш комиссияси таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак.

Имтиҳон олиш комиссияси таркибига:

ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБ бошлиғи (комиссия раиси);

ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБ инспектори, ўқув ташкилотларининг (имтиҳон топшираётган ўқув гуруҳи ўқитувчиси, шунингдек, ўқув ташкилотидан бир нафардан ортиқ ўқитувчи жалб этилмаслиги керак), автотранспорт корхонаси, мудофаа ишлари бўлими ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилади.


42. Имтиҳонлар ДЙҲХХ бўлинмаларининг лавозим йўриқномаларида имтиҳонларни қабул қилиш хизмат вазифасига киритилган, ваколатли масъул шахслари томонидан қабул қилинади. Имтиҳон олувчининг лавозим йўриқномаси ва унга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


43. Ўқув гуруҳидаги машғулотлар тугагандан сўнг, ўқув ташкилотида ўтказилган битирув имтиҳонларининг баённомаси ва номзодга берилган ягона намунадаги гувоҳнома ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБ ходими томонидан текширилади ва олдин тақдим этилган рўйхатдаги маълумотлар билан солиштирилади, шундан кейин номзоднинг имтиҳон варақаси ўша ходимнинг имзоси билан тасдиқланади.


44. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ҳайдовчиликка номзодлар ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

а) тегишли тоифадаги автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ўқув дастури бўйича ўқишни тугатганлиги ҳақидаги ягона намунадаги гувоҳномани (ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган шахслардан ташқари);

б) автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш бўйича тасдиқланган ягона ўқув дастурига киритилган фанларнинг тўлиқ ўзлаштирилишини тақозо этган ихтисосликлар бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатганлиги тўғрисидаги диплом ва ўқув дастуридаги фанларни ўзлаштирганлиги тўғрисидаги диплом иловасининг нусхалари (ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган шахслар учун);

в) соғлиғи ва тегишли тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома;

г) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тўловлар тўланганлиги ҳақидаги банк муассасасининг тўлов қоғози (тўловлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади);

д) ўқув ташкилоти томонидан тўлдирилиб тасдиқланган ҳайдовчининг имтиҳон варақаси (ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган шахслардан ташқари) ва фуқаронинг паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат.


45. Имтиҳонлар қуйидаги тартибда ўтказилади: аввал - назарий, кейин - амалий.

Назарий имтиҳонларни топшира олмаган шахслар амалий имтиҳонларга қўйилмайди.

46. Ҳайдовчиликка номзодлар, шунингдек, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати тугагандан сўнг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликатини олиш учун имтиҳонларга юборилган ҳайдовчилар учун такрорий имтиҳонлар олдинги имтиҳонлардан сўнг камида етти кун ўтгандан кейин ўтказилади.

Назарий имтиҳонларда имтиҳон топширувчининг йўл ҳаракати қоидалари ва ўқув дастурида назарда тутилган бошқа фанлар бўйича билимлари текширилади. Назарий имтиҳонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасидиқланган имтиҳон саволлари орқали қабул қилинади.

Амалий имтиҳонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган "Амалий бошқарув имтиҳонларини қабул қилиш методикаси" асосида қабул қилинади.

Эшитиш қобилияти чекланган ҳайдовчиликка номзоднинг хоҳишига кўра имтиҳонларни ўтказишда сурдотаржимон иштирок этиши мумкин.


47. Назарий имтиҳонларда олинган ижобий баҳо икки ой давомида ҳақиқий деб ҳисобланади. Агар ҳайдовчиликка номзод ушбу муддатда амалий имтиҳонларни топшира олмаса, у яна қайта назарий имтиҳонларга юборилади.


48. Назарий ва амалий имтиҳонлар натижалари ҳайдовчининг имтиҳон варақасига киритилади ҳамда имтиҳон олиш комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома имтиҳонда қатнашган комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБлари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.


49. Назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга мазкур баённома асосида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси уни қайд этиш китобига серияси ва тартиб рақамининг ўсиши бўйича киритилади ҳамда имтиҳон варақасига қайд этилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасидаги ёзувлар махсус техник воситаларда чоп этилади.


50. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилишининг асослилиги ва тўғри тўлдирилганлиги имтиҳон олиш комиссиясининг раиси томонидан текширилади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги шахснинг ўқув ташкилотида ўқишни тугатганлиги тўғрисидаги ягона намунадаги гувоҳномасига киритилади, имзо ва муҳр билан тасдиқланади.


51. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидаги бошқарилишига рухсат берилган автомототранспорт воситалари тоифаси кўрсатилган позициянинг (9-графа) блокларида ушбу тоифадаги транспорт воситасини бошқариш учун рухсат берилган санаси (10-графа) ва муддати (11-графа) кўрсатилади, бошқарилишига рухсат берилмаган автомототранспорт воситалари тоифаси кўрсатилган позициясидаги блоклар бўш қолдирилади.


52. Трамвай ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқига рухсат берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда "Алоҳида белгилар учун" жойида транспорт воситаларининг тегишли тоифаси кўрсатилган ёзув (тегишли равишда "tramvay" ёки "trolleybus") киритилади.


53. Тиббий комиссия томонидан қайта текширувдан ўтиш муддати белгиланган шахсларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини беришда "Алоҳида белгилар учун" жойида "Tibbiy ma`lumotnoma majburiy" деган ёзув киритилади.


54. "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейи ўқувчиларига ва Мудофаа вазирлиги томонидан автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари мутахассислиги бўйича ўқишга жалб этилган чақирилувчиларга ўқишни тугатганларидан сўнг, 18 ёшга тўлмаган бўлсалар-да, ҳудудий ЙҲХБда имтиҳонларни топширишларига рухсат берилади.

Уларга, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, тегишли тоифадаги ("В" ва (ёки) "С") автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Бунда "Алоҳида белгилар учун" жойида унинг эгаси қайси муддатдан (18 ёшга тўлганидан кейин) автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилади.


55. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси фақат унинг эгасига берилади. Мазкур шахс паспортини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси бериладиган китобга шахсан имзо қўяди.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ваколатнома (ишончнома) билан берилмайди.


56. Озодликдан маҳрум қилиниб жазо муддатини ўтаётган, лекин автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган шахсларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятининг илтимосномасига асосан (миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси сақланаётган) ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБ томонидан ушбу муассасага юборилиши мумкин.



5-БОБ. МИЛЛИЙ ҲАЙДОВЧИЛИК

ГУВОҲНОМАСИНИ АЛМАШТИРИШ

ВА ЙЎҚОЛГАНИ ЎРНИГА ЯНГИСИНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


57. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси эгасининг белгиланган тартибдаги аризаси, унинг олдинги ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари учун - унинг талони ҳам) ҳамда эгасининг фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади.

58. Автомототранспорт воситаларини охирги ўн икки ой давомида бошқарган шахсларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.

59. Қуйидагилар автомототранспорт воситаларини ўн икки ой мобайнида бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади:

а) ишлаётган ҳайдовчилар учун меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки ишлаётган жойида унга бириктирилган автомототранспорт тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма);

б) шахсий автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари учун уларга тегишли бўлган автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси;

в) ишончнома ёки ижара шартномаси билан автомототранспорт воситасини бошқарган шахслар учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси;

г) транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси.

60. Автомототранспорт воситасини охирги ўн икки ой давомида бошқармаган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилади.

Бунда бир неча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи берилган бўлса, имтиҳон олиш комиссиясининг қарорига кўра "В" ёки "C" тоифадаги автотранспорт воситасида, "D" тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилган бўлса, фақат "D" тоифадаги автотранспорт воситасида амалий имтиҳонлар олинади.


61. "C", "В" ва "С", "D", "C" ва "D", "CЕ" ва (ёки) "DE" тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлган ва охирги ўн икки ой мобайнида автотранспорт воситасини бошқармаган, қўшимча "А" ёки "В" тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда, улардан назарий имтиҳон ҳамда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида бошқариш ҳуқуқи берилган тоифалардан биттаси бўйича ("D" тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлган шахслардан эса айнан "D" тоифасидаги автотранспорт воситасини бошқариш бўйича), шунингдек сўралаётган "А" ёки "В" тоифадаги автомототранспорт воситасини бошқариш бўйича амалий имтиҳон олинади. Олинган барча имтиҳонлар натижаси имтиҳон олиш комиссияси баённомасига киритилади.


62. Бир неча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахс миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда ўз хоҳишига кўра мавжуд тоифалардан бирортасини ёки тиббий кўрик хулосасига кўра белгиланган тоифалардан рухсат этилганини қолдириши мумкин.

Бунда амалий имтиҳон ўз хоҳиши билан қолдирган (ёки тиббий кўрик хулосасига кўра рухсат этилган) тоифадаги автомототранспорт воситасини бошқариш бўйича олинади ва берилаётган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида фақат ушбу тоифага рухсат белгиси қўйилади. Ҳайдовчининг бошқариш ҳуқуқига аввал эга бўлган тоифаларини қайта тиклаш ушбу Низомнинг 57-61-бандлари талабларига мувофиқ, унинг аризаси асосида амалга оширилади.


63. Яроқсиз ҳолга келган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ушбу Низомнинг 57-62-бандларига мувофиқ алмаштирилади.


64. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштирилганда янги берилаётган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг "Алоҳида белгилар учун" жойида биринчи маротаба олган эски ҳайдовчилик гувоҳномасининг серияси, тартиб рақами ва берилган санаси ёзиб қўйилади.


65. Тиббий кўрик маълумотномаси ва ҳайдовчининг имтиҳон варақаси барча маълумотлар билан тўлдирилганидан сўнг янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси билан бирга эгасига қайтариб берилади.


66. Йўқолган (ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа ҳолларда) миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликати ҳайдовчининг аризаси, имтиҳон варақаси, тегишли тоифалардаги автомототранспорт воситаларини бошқаришга яроқлилиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома, имтиҳон варақаси мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларининг тасдиқномаси асосида берилади.


67. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини расмийлаштириш давомида бир ой муддатга вақтинчалик рухсатнома берилади. Тасдиқловчи ҳужжатлар олингунга қадар вақтинчалик рухсатнома муддатини яна бир ойгача узайтириш мумкин.


68. Истисно тариқасида, ҳудудий ЙҲХБ бошлиғининг рухсати билан, яшаш жойи ўзгариши, хизмат сафари, даволаниш ва бошқа сабабларга кўра Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг дубликатлари, ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБлари маълумотлар базасидан текширилгандан сўнг, мазкур Низомнинг 67-бандида кўрсатилган муддатдан олдин берилиши ҳам мумкин.


69. Йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчилик гувоҳномалари маълумотлар базасидан текширилганидан сўнг берилади.

Ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно.


70. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати расмийлаштирилаётган вақтда берилган вақтинчалик рухсатнома алоҳида китобда қайд этилади ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси дубликати берилгандан кейин ушбу рухсатнома асос бўлган ҳужжатларга тикилади.


71. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ўрнига миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати берилганидан кейин, йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси топилган тақдирда, у ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларига топширилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.


72. Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига умумий асосларда алмаштирилади.


73. Узлуксиз ҳайдовчилик меҳнат фаолияти 10 йилдан ортиқ бўлган "В" ва "С" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини "ВЕ" ва "СЕ" тоифага алмаштириш ҳайдовчининг меҳнат дафтарчасидан кўчирма асосида назарий ва амалий имтиҳон топширганларидан сўнг амалга оширилади.


74. Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ва Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.


75. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ваколатхоналари ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари бошлиқлари ва бошқа ходимларининг (дипломатик ва маъмурий-техник ходимларнинг), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб бермайдиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали ЙҲХББга мурожаат қилиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилади. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ҳайдовчилик гувоҳномалари имтиҳонлар топширилмасдан алмаштирилади.

Тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий ходимларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ЙҲХББга мурожаат қилиш ва тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш имтиҳонлар топширилгандан кейин амалга оширилади.


76. Бошқа хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштиришдан олдин улар ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади. Текшириш натижасида ҳайдовчилик гувоҳномалари тасдиқланган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.



6-БОБ. ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАЛАРИ

ВА БОШҚА БЛАНКАЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, УЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

САҚЛАШ (ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ) ТАРТИБИ


77. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари бланкалари пластик шаклда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган намунага мувофиқ ЙҲХББ буюртмасига асосан тайёрланади. Буюртма 1,5 йиллик доимий захира бўлишини инобатга олиб берилади.


78. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг пластик шаклдаги карточкалари жойлардан тушган буюртмаларга асосан ЙҲХББ томонидан тарқатилади.


79. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда қатъий ҳисобот бланкаларининг кирим ва чиқимлари ҳисобот китобида қайд этилади.


80. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг тўлдирилмаган пластик карталари қатъий ҳисобот ҳужжатлари тариқасида сақланади.


81. Тўлдириш (ёки чоп этиш) жараёнида бузилган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларининг пластик карталари бўйича далолатнома расмийлаштирилиб белгиланган тартибда ЙҲХББга топширилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.


82. Тиббий кўрик хулосаси асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан четлатилган, йўқолгани ўрнига дубликати берилгандан сўнг топиб олинган, маҳрум этилган муддатдан кейин икки йил давомида талаб қилиб олинмаган, вафот этган фуқароларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг талонлари навбатдаги тафтишда белгиланган тартибда йўқ қилинади.


83. Мазкур Низомда назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш тартиби учун кўзда тутилган бланкалар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг ЙҲХБлари томонидан тайёрланади.


84. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун асос бўлган ҳужжатлар (ариза, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси, тўлов қоғозлари ва бошқалар) ҳамда ўқув гуруҳларидаги ўқувчиларнинг рўйхати алоҳида иш ҳужжатлари сифатида тикилади ва белгиланган тартибда икки йил сақланади.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ўрнига янгиси берилганда эски миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси бошқа асос бўлувчи ҳужжатлар билан бирга тикилади.

Имтиҳон олиш комиссияси баённомалари - ўн йил, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш китоби - олтмиш йил ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида белгиланган тартибда сақланади.

Автомоторанспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, улардан имтиҳон олиш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш билан боғлиқ бўлган барча иш юритиш ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган намуналар асосида олиб борилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 июнь