язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Олий таълим (бакалавриат, магистратура)/ Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2018 й. 417-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 июндаги

417-сон қарорига

ИЛОВА



Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган

шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари

асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш ва ўрганиш

3-боб. Кириш имтиҳонларини топшириш

4-боб. Якунловчи қоидалар

Илова. Ўзбекистон Республикаси олий таълим

муассасаларининг бакалавриатига ногиронлиги

бўлган шахсларни қўшимча давлат  гранти квоталари

асосида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш схемаси



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг (кейинги ўринларда қўшимча квота деб аталади) таълим йўналишлари бўйича тақсимоти олий таълим муассасалари томонидан шакллантирилиб, бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар орқали ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) тақдим этилади.

Олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча квоталарнинг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти икки ҳафта муддатда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.


3. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ногирон болалар (кейинги ўринларда ногиронлиги бўлган шахслар деб аталади) киради.


4. Олий таълим муассасасининг қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бино ва аудиторияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратилади.


5. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар асосида қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан мазкур таълим йўналишида умумий тартибда танловда иштирок этади.


7. Олий таълим муассасаларига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-иловада белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ВА ЎРГАНИШ


9. Қабул жараёнида олий таълим муассасаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги деб аталади) ҳудудий бошқармаси вакилларидан иборат таркибда олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.

Ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси таркибига Ўзбекистон ногиронлар жамияти вакили ҳам киритилиши мумкин.

Қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатларни қабул қилиш комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ногиронлиги бўлган шахслар билан касбга йўналтириш бўйича суҳбатлар ўтказиш;

ногиронлиги бўлган шахслардан ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш.


10. Абитуриент олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатларга қўшимча равишда ногиронлиги бўлган шахслар ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини шахсан (ёки ишончли вакили томонидан) кўрсатган ҳолда, нусхасини тақдим этиши талаб этилади.


11. Барча абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) абитуриентлар базасига киритилади.


12. Давлат тест маркази ҳар йили 16 июлга қадар ногиронлиги бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўрганиб чиқиш учун тақдим этади.

Ўрганиш натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар йили 20 июлга қадар Давлат тест марказига маълум қилинади.

Ўрганиш натижаларига кўра ногиронлиги тасдиқланмаган шахслар олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон)га қўйилмайди.



3-БОБ. КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИНИ

ТОПШИРИШ


13. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибларга мувофиқ топширилади.

Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари доирасида талабаликка тавсия этилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


15. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси олий таълим

муассасаларининг бакалавриатига ногиронлиги

бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари

асосида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

      

Босқич

Тадбирлар

Масъуллар

Бажариш

муддатлари








I босқич

1. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти шакллантирилади.

2. Шакллантирилган тақсимот Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади.

Тасарруфида олий таълим муассасалари

мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар,

олий таълим муассасаларининг

қабул комиссиялари

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг республика

олий таълим муассасаларига

қабул қилиш тўғрисидаги

қарори қабул қилингандан

сўнг икки ҳафта муддатда

  

  

   

II босқич

Ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг таълим йўналишлари бўйича тақсимоти тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси таълим

муассасаларига ўқишга қабул

қилиш бўйича давлат комиссияси

белгиланган

муддатларда

  

  

  

III босқич

Олий таълим муассасаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармаси вакилларидан иборат бўлган таркибда ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.

Олий таълим муассасаларининг қабул

комиссиялари, Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг ҳудудий бошқармалари

ҳар йили

14 июнга қадар

  

  

    

IV босқич

Ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш бўйича комиссия томонидан:

ногиронлиги бўлган шахслар билан касбга йўналтириш бўйича суҳбатлар ўтказилади;

ногиронлиги бўлган шахслардан ариза ва ҳужжатлар қабул қилинади.

Олий таълим муассасаларининг қабул

комиссиялари, ногиронлиги бўлган

шахслардан ҳужжатлар қабул

қилиш комиссиялари

ҳар йили

15 июндан

15 июлгача

  

  

V босқич

Ногиронлиги бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар ўрганиб чиқиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилади.

  

Давлат тест маркази

ҳар йили

16 июль

  

  


VI босқич


Ногиронлиги бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиш натижалари Давлат тест марказига маълум қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ҳар йили

20 июль


  

  


VII босқич

Киришда касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд таълим йўналишларида ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади.

Олий таълим муассасаларининг

қабул комиссиялари

ҳар йили

11 июлдан

20 июлгача


  

  

  

VIII босқич

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест марказига тақдим этилади.


Олий таълим муассасаларининг

қабул комиссиялари

ҳар йили

22 июль

  

  


IX босқич

Тест синовлари ўтказилади.

Давлат тест маркази, олий таълим

муассасаларининг қабул комиссиялари

ҳар йили

1-15 август

   

  

   

X босқич

Кириш имтиҳонларининг (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳонлар) натижалари эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси таълим

муассасаларига ўқишга қабул қилиш

бўйича давлат комиссияси,

Давлат тест маркази

ҳар йили

2-16 август

  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 июнь