Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича Республика идоралараро комиссия тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.05.2018 й. 407-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 майдаги

407-сон қарорига

2-ИЛОВА



Халқаро меҳнат ташкилотининг

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация

қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича

Республика идоралараро комиссия тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича Республика идоралараро комиссиянинг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) мақомини, асосий вазифаларини ва функциялари, ҳуқуқларини ҳамда жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Комиссия Халқаро меҳнат ташкилотининг (кейинги ўринларда ХМТ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари нормаларини амалга ошириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Комиссия Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари ижросини таъминлаш, шунингдек, ХМТ, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва амалий мулоқотни мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ролини кучайтириш ва жавобгарлиги даражасини ошириш мақсадида ташкил этилади.


3. Комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эса тавсиянома хусусиятига эга.


4. Комиссия ўз ишида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.



2-БОБ. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини амалга ошириш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати маърузаларини шакллантириш;

ХМТ баённомалари, тавсиялари, декларациялари, шунингдек, бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда уларни миллий ҳуқуқ тизимига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

меҳнат ва бандлик мавзулари бўйича йиллик шарҳлар, ахборотлар ва материаллар тайёрлашни ташкил этиш, шунингдек, уларни ХМТ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (кейинги ўринларда БМТ деб аталади) турли тузилмалари эътиборига етказиш;

жамоатчилик ва фуқароларни меҳнат ҳамда бандлик соҳасидаги ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;

меҳнат ва бандлик соҳасида ХМТ, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Халқаро иш берувчилар ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ва ХМТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилиш.


5. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини амалга ошириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини ижро этиш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

меҳнат тўғрисидаги қонунлар талабларига риоя этиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини таҳлил қилади;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини амалга ошириш натижалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини амалга ошириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ижобий иш тажрибасини умумлаштиради ва оммалаштиради, уларга ташкилий-методик ёрдам беради;

меҳнат ва бандлик соҳасидаги асос бўлувчи принциплар ва ҳуқуқларни амалга оширишга, шу жумладан, касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлигига доир ҳуқуқни амалда эътироф этишга, жамоавий музокаралар ўтказишга, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланишни бартараф этишга, меҳнат ва бандлик соҳасида таҳқирланишга йўл қўймасликка қаратилган чора-тадбирларни амалиётда рўёбга чиқариш бўйича хатти-ҳаракатларнинг аниқ механизмларини ва стратегиясини белгилайди;


б) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари нормаларини амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати маърузаларини шакллантириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари, тавсиялари, декларациялари ва бошқа ҳужжатлари нормаларини, Халқаро меҳнат конференцияси ва унинг қўмиталари қарорларини амалга ошириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳисоботларини кўриб чиқади ва умумлаштиради;

турли халқаро ва хорижий ташкилотлар, ХМТга аъзо мамлакатларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги конвенциялари ва тавсияларини қўллаш бўйича ХМТ Экспертлар қўмитасининг тўғридан-тўғри сўровларини ўз вақтида кўриб чиқишга доир ишларни тегишли ахборотни тайёрлаган ҳолда олиб боради;

ХМТ конвенциялари ва тавсиялари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг маърузаларини шакллантиради, халқаро конференциялар, мажлислар, маслаҳатлашувлар ва бошқа тадбирларда иштирок этади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва бандлик соҳасидаги нуқтаи назарини баён қилади;


в) ХМТ баённомалари, тавсиялари, декларациялари ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда уларни миллий ҳуқуқ тизимига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:

Халқаро меҳнат конференцияси ва унинг қўмиталари сессияларида қабул қилинган қарорлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасини меҳнат тўғрисидаги миллий қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлаган ҳолда хабардор қилади;

фуқароларнинг, шу жумладан, вояга етмаганларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ҳолати ўрганилиши ва умумлаштирилишини ташкил этади;

меҳнат ва бандлик соҳасида тадқиқотлар олиб борилишини ташкил этади;

норасмий секторни расмийлаштириш, барчани муносиб иш билан таъминлаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг барча шаклларига, меҳнат ва бандлик соҳасида камситишнинг энг номақбул шаклларига барҳам бериш каби ХМТ фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича тадқиқотлар ва ўрганишларни ташкил этади;

барча минтақаларда ва иқтисодиёт тармоқларида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига амалий ва техник кўмак беради;


г) меҳнат ва бандлик мавзулари бўйича йиллик шарҳлар, ахборотлар ва эълонлар тайёрлашни ташкил этиш, шунингдек уларни ХМТ ва БМТнинг турли тузилмалари эътиборига етказиш соҳасида:

республикадаги меҳнат ва бандлик соҳасидаги шарт-шароитлар ҳолати тўғрисида халқаро ташкилотлар ва ОАВ хулосаларининг ҳамда мавзуга доир материалларнинг муҳокамасини ташкил этади;

меҳнат ва бандлик соҳасида олиб борилаётган ишлар ва эришилган ютуқлар тўғрисида йиллик шарҳлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар ва мақолалар тайёрлайди;

республиканинг халқаро имижини яхшилаш бўйича таъсирчан ва асосланган чора-тадбирлар кўради, буни, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларини республиканинг ижобий тажрибасини татбиқ этишда ўзаро ҳамкорлик қилишга ва биргаликда ишларни бажаришга таклиф қилиш орқали амалга оширади;

ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини такомиллаштириш учун илмий доиралар вакилларини, миллий ва хорижий экспертларни жалб қилади;


д) жамоатчилик ва фуқароларни меҳнат ва бандлик соҳасидаги ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш соҳасида:

меҳнат ва бандлик соҳасида тадқиқотлар ўтказишга доир чора-тадбирларни мувофиқлаштиради;

меҳнат ва бандлик соҳасида турли лойиҳаларни, шу жумладан, халқаро лойиҳаларни тайёрлашни ва амалда рўёбга чиқаришни ташкил этиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиради;

меҳнат ва бандлик соҳасидаги масалаларни Вазирлар Маҳкамасига, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун киритади;


е) меҳнат ва бандлик соҳасида ХМТ, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Халқаро иш берувчилар ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ва ХМТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

меҳнат ва бандлик соҳасидаги халқаро шартномаларда, БМТ ва ХМТ конвенцияларида Ўзбекистон Республикасининг иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар ва хулосаларни ишлаб чиқиш борасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ишларини мувофиқлаштиради;

меҳнат ва бандлик соҳасида мунозаралар ўтказиш учун конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этади;

ХМТ конвенцияларини имплементация қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади;

ХМТ конвенцияларини тўлиқ амалга ошириш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш бўйича таклифларни шакллантиради;

ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини бажариш бўйича республикада олиб борилаётган ишларнинг мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда холисона ёритилишини таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқади.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Комиссия ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

Комиссия ваколатига кирадиган масалалар ҳақидаги ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Комиссия ваколатига кирадиган меҳнат ва бандлик соҳасидаги масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни яхшилашга қаратилган қарорлар қабул қилиш;

меҳнат соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар кўлами, ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни таҳлил қилиш натижалари бўйича ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир ишларни яхшилашга, шунингдек, меҳнат ва ижтимоий шериклик тўғрисидаги миллий қонунларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритиш;

фуқароларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги, шунингдек, бирлашиш ва жамоавий музокаралар юритишга доир ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият олиб борадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг хулосалари ва маърузаларини эшитиш;

Комиссия фаолиятига доир масалалар бўйича таклифларни ўрганиш ва тайёрлаш учун иш ва (ёки) эксперт таҳлил гуруҳлари ташкил этиш, шунингдек, мутахассислар ва илмий ходимларни ушбу гуруҳларда ишлашга жалб қилиш;

республикада мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш масалалари бўйича ишларнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш мақсадида вазиятли таҳлил ўтказиш;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат ва бандлик ҳамда ижтимоий шериклик соҳасидаги шарт-шароитларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқий эга.


7. Комиссия:

ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини бажаришга доир ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини ижро этиши;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида ижро этилиши устидан самарали назорат ва мониторинг олиб бориши шарт.



4-БОБ. КОМИССИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Комиссия доимий тарзда фаолият олиб боради ва ўз мажлисларини заруратга қараб, бироқ бир чоракда камида бир марта ўтказади.


9. Комиссиянинг қарорлари мажлисда иштирок этаётган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолса Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


10. Комиссиянинг қарорлари мажлисда иштирок этган Комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.


12. Ишчи орган:

Комиссия фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди;

Комиссиянинг иш режасини ишлаб чиқади, ушбу режа бажарилишини назорат қилади, шунингдек, Комиссиянинг жорий ишларини тасдиқланган режага мувофиқ ташкил этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Комиссиянинг қабул қилинган қарорлари ижро этилишини назорат қилади, унинг натижалари бўйича Комиссия раисига тегишли ахборот ва таклифлар киритади;

тушаётган хат-хабарларни кўриб чиқади ва Комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар тайёрлайди;

ХМТнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга ҳамда меҳнат ва бандлик соҳасидаги бошқа масалаларга бағишланган конверенциялар, форумлар, семинарлар ва тренинглар ўтказиш, меҳнат органлари ходимларини ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш учун хорижга юбориш, шунингдек, меҳнат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун экспертларни жалб қилиш чора-тадбирларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширади;

ХМТ конвенциялари амалга оширилишини такомиллаштириш, ХМТ, Халқаро иш берувчилар ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлашни ва киритишни ташкил этади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 июнь












































Время: 0.0035
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск