язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Таълим. Маданият. Ноширлик фаолияти/ Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.05.2018 й. 408-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 майдаги

408-сон қарорига

1-ИЛОВА



Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр

транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш,

қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш

бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш

фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш учун юридик шахсларга лицензия бериш, лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш, лицензия амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.


3. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чекланмаган муддатга берилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


4. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга қўйиладиган умумий лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ва қонунчилик ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши, таълим жараёнида урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларига, фуқаролар осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солинишига, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида ишончсиз маълумотлар тарқатилишига ва халқнинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, ўқитишнинг инновацион шакллари, усуллари ва замонавий технологиялардан фойдаланиш асосида таълим соҳасида фаолият самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш;

таълим жараёнини автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларига, ўқув режаларига ва фанларнинг ўқув дастурларига мувофиқ ташкил этиш;

лицензия даъвогарида лицензияланаётган фаолиятни бажариш учун мўлжалланган, унга мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, ҳар бири камида 40 кв.м майдонга эга бўлган ва битта ҳудудда жойлашган икки ёки ундан ортиқ аудиторияларнинг мавжуд бўлиши;

ҳар бир аудиторияда видеопроектор ёки диагонали 50 дюймдан кам бўлмаган интерактив монитор (телевизор), компьютер, аудио ва видеокузатув тизими, йўл ҳаракати қоидалари бўйича кўргазмали қўлланмалар, шунингдек, ўқув жараёни ва якуний тест синовларининг ошкоралигини таъминлаш учун ёзиб олиш тизимининг мавжуд бўлиши;

ўқув жараёнига ўзлаштиришни оширишга йўналтирилган ўқитиш мониторингини олиб бориш ва режалаштиришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш;

таълим жараёнининг белгиланган даражадаги натижадорлигига эришиш учун таълим жараёнининг иштирокчиларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа ахборот-кутубхона ресурслари билан таъминлаш;

ҳар бир ўқитувчини ўқув дастурлари, турли педагогик технологиялардан фойдаланиш йўриқномаларини ўз ичига олган батафсил технологик хариталар билан таъминлаш;

ҳар бир таълим олувчи (тингловчи)ни бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган давлат талабларига мувофиқ уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтентга эга электрон ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминлаш;

таълим олувчи (тингловчи)ларнинг билимларини якуний тест синовларидан ўтказиш учун компьютерлар билан жиҳозланган алоҳида аудиториянинг мавжуд бўлиши.


5. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга қўйиладиган махсус лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

йўл ҳаракати қоидалари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги асослари бўйича ўқув аудиториясини автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига асосан ва шу талабларга қатъий мос равишда жиҳозлаш;

автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ малака ошириш курсларида билимлар ўзлаштирилиши сифатини аниқлаш учун анимация эффектларига эга ягона тест дастурининг мавжуд бўлиши;

автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини ошириш бўйича давлат талабларига мувофиқ ўқитувчилар таркибининг мавжуд бўлиши;

битирувчиларга белгиланган тартибда малака ошириш курсларини тугатганлиги тўғрисида сертификат бериш.


6. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилари тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга қўйиладиган махсус лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

йўл ҳаракати қоидалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги асослари ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув аудиториясини автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларида белгиланган тартиб асосида жиҳозлаш;

автомототранспорт воситаларининг тузилиши, ишлатилиш асослари, уларга техник (сервис) хизмат кўрсатиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқув аудиториясини автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларида белгиланган тартиб асосида жиҳозлаш;

автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича давлат талабларига мувофиқ ўқитувчилар ва инструкторлар таркибининг мавжуд бўлиши;

лицензия даъвогарида лицензияланаётган фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган, унга мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, белгиланган тартибда қайта жиҳозланган ва рўйхатга олинган ўқув автомототранспорт воситалари ёки шаҳар электр транспорти воситаларининг мавжудлиги;

лицензия даъвогарида лицензияланаётган фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган, унга мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, белгиланган тартибда жиҳозланган ўқув автодроми ёки ёпиқ майдоннинг мавжудлиги;

битирувчиларга ўқув курсларини тугатгани тўғрисида белгиланган тартибда гувоҳномалар бериш.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


7. Лицензия олиш учун лицензия даъвогари қуйидаги ҳужжатларни Давлат хизматлари марказларига тақдим этади ёки электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юборади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), нодавлат таълим фаолиятини амалга ошириш жойи манзиллари, банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати кўрсатилган лицензия бериш тўғрисидаги ариза. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига розилиги ва электрон манзили кўрсатилади;

ёнғин ва санитария-эпидемиология назорати органларининг мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига ва санитария-гигиена нормаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари;

ўзлаштиришни кўтаришга йўналтирилган, ўқитишни мониторинг қилиш ва режалаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган ахборот тизимини мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан юридик шахсга тегишлилиги ҳақидаги ҳужжат;

бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган давлат талабларига мувофиқ уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтентга эга автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш учун алоҳида ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун алоҳида ишлаб чиқилган электрон ўқув-услубий қўлланмалар билан аккредитация муддатига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан таъминланганлиги ҳақидаги ҳужжат;

автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ малака ошириш курсларида билимлар ўзлаштирилишини аниқлаш учун анимация эффектларига эга ягона тест дастурининг аккредитация муддатига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан таъминланганлиги ҳақидаги ҳужжат;

ўқитувчи ва амалий бошқарув инструкторлари ҳақида маълумот;

ўқув режаси ва дастурларининг электрон шаклда;

лицензия даъвогари томонидан аризани кўриб чиққанлик учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилгани унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.


8. Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия даъвогари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ,

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


9. Лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар тўлиқ миқдорда лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ҳисоб рақамига;

қолган маблағлар тўлиқ миқдорда лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия даъвогари берилган аризадан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

10. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Ариза Давлат хизматлари марказлари орқали топширилганда, масъул ходим лицензия бериш учун ариза ва бошқа зарур ҳужжатларни рўйхат асосида қабул қилади. Давлат хизматлари марказларининг масъул ходими лицензия даъвогарининг аризасини зарур ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига ариза қабул қилинган куни юборади.

Ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилганда, лицензия даъвогарининг аризаси қабул қилинганлиги ҳақидаги электрон хабар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг масъул ходими томонидан лицензия даъвогарининг электрон манзилига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ариза қабул қилгандан сўнг 9 иш куни ичида ҳужжатларнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (унинг ҳудудий бўлимлари) Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда лицензия даъвогарининг давлат талабларида назарда тутилган моддий-техник ва ўқув-методик базага эга эканлиги тўғрисидаги экспертиза хулосаларини тайёрлаш жараёнини ташкил этади.

Ижобий қарор қабул қилинганда электрон лицензия расмийлаштирилади, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, давлат божи тўлангандан кейин Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали лицензия даъвогарига юборилади.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, 1 иш куни мобайнида лицензия даъвогарига рад этиш сабаблари ва лицензия даъвогари уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган билдиришномани Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия даъвогарининг аризаси олинган кундан бошлаб 9 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.


11. Лицензиялар қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Берилган, тўхтатиб турилган, янгиланган, қайта расмийлаштирилган ва бекор қилинган лицензиялар "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси реестрига киритилади.


12. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган сабаблар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия даъвогари лицензия беришнинг рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


13. Лицензия беришнинг рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия даъвогари томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия даъвогарининг аризаси олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Лицензия даъвогарининг аризасини қайта кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисида аввалги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия даъвогарларининг аризаларини такроран кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия бериш рад этилгани тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


14. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.


15. Лицензиат таълим фаолиятини олиб бориш манзили ўзгарса, қўшимча манзилда фаолият олиб борса, қўшимча таълим йўналишлари бўйича фаолият олиб бормоқчи бўлса, қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза бериши шарт.


16. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни аввал берилган лицензия асосида амалга оширади.


17. Лицензия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қайта расмийлаштирилади.


18. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Йиғим суммаси ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган тартибда тақсимланади.

19. Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб икки ой мобайнида, лицензияловчи органга лицензия берилгани учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


20. Лицензия даъвогарининг нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш мақсадида лицензия олиш учун ариза топширгани лицензия шартлари ва талабларига риоя этишига бўлган розилиги ҳисобланади.


21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, таълимни бошқариш тизими органлари ва бошқа ваколатли органлар лицензия шартлари ва талабларига лицензиат томонидан риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади.

Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида даврий равишда ўқув жараёнининг мониторингини олиб боради ва аниқланган камчиликлар юзасидан расмийлаштирилган далолатнома асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдимнома киритади.


22. Лицензияловчи орган лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилишини режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар бўйича зарур ахборотни лицензиатдан сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан бузилишларини аниқ кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) расмийлаштириш;

лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, уларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, лицензиатларни аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш;

қонун бузилишининг қўпол ҳолатлари аниқланганда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш ёхуд лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш.


23. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича хизмат кўрсатиш фаолиятни лицензиялаш учун қўшимча лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилишини режали текшириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ваколатли вакили иштирокида амалга оширилади.


24. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи орган ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ

ТАРТИБИ


25. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қарорига мувофиқ амалга оширилади.


26. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор юзасидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


27. Лицензияловчи орган таълим турлари бўйича "Лицензия" ахборот тизимлари комплексида лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши зарур:

лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар, шу жумладан, юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, почта манзили, телефон, факс;

нодавлат таълим фаолиятининг тури, лицензияланаётган таълим йўналиши, фаолият амалга ошириладиган манзил, хизмат телефони, факс;

лицензиянинг берилган сана ва тартиб рақами;

лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ва саналари;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асоси ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асоси ва санаси.


28. Лицензиялар реестридаги маълумотлар "Лицензия" ахборот тизимлари комплексидаги веб-сайтда жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.



9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ


29. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматини кўрсатиш фаолиятни амалга ошириш учун ҳуқуқ бериш бўйича лицензияни бериш ёки амал қилиш муддатини узайтиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Лицензияни бериш ёки амал қилиш муддатини узайтириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган давлат божининг 90 фоизи ундирилади.

30. Давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

20 фоизи ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

давлат божи суммасининг қолган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади;

б) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ҳисоб рақамига;

28,125 фоизи ахборот-коммуникация хизматларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

давлат божи суммасининг қолган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилади.


10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Мазкур Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр

транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш,

қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини

ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари

кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

      

Босқичлар

Ижрочилар

Амалга ошириш механизми

Бажариш

муддати



1-босқич

Лицензия даъвогари

Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида лицензия олиш учун ҳужжатларни давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юбориш.

Лицензия даъвогарининг

хоҳишига кўра

  

  

  

2-босқич

Давлат хизматлари

марказлари ходимлари ёки

Ягона интерактив давлат

хизматлари порталини

юритиш учун масъул ходим

1. Лицензия бериш учун ариза ва рўйхатда кўрсатилган маълумотларни қабул қилиш. Лицензия даъвогарига ариза қабул қилинган сана қайд этилган рўйхатга олиш нусхасини бериш ёки лицензия даъвогарининг электрон манзилига юбориш.


2. Лицензия даъвогаридан қабул қилинган барча ҳужжатларни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси электрон манзилига юбориш.

Ариза қабул

қилинган куни

  

  

  

3-босқич

Таълим сифатини назорат

қилиш давлат инспекцияси

1. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг лицензия даъвогари жойлашган ҳудудий бўлинмаларининг малакали мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳининг хулосасини тайёрлаш.


2. Лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини ўрганиш.


3. Электрон лицензияни рақамли имзо билан тасдиқлаб давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юбориш.


4. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, лицензия даъвогарига рад этиш сабаблари ва лицензия талабгори уларни бартараф этган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган билдиришнома юбориш.

Ариза қабул қилинган

вақтдан бошлаб 9 иш

куни ичида











Ҳужжатлар ўрганилгандан

сўнг 1 иш куни ичида


  

  

  

4-босқич

Давлат хизматлари

марказлари ходимлари ёки

Ягона интерактив давлат

хизматлари порталини

юритиш учун масъул ходим

1. Лицензиатни банк ҳисоб рақами реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати ҳақида хабардор қилиш.


2. Давлат божи тўлангандан сўнг лицензияни тақдим этиш.

Электрон лицензия

келиб тушган куни


Давлат божи тўлангандан

сўнг бир иш куни ичида

  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 июнь