ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Металлургия. Қора ва рангли металл чиқиндилари ва парчаларини йиғиш /

Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.06.2018 й. 425-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 6 июндаги

425-сон қарорига

1-ИЛОВА



Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари

билан ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини, асосий тушунчаларни, тартиботлар ва талабларни, шунингдек, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш хусусиятларини белгилайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


металл парчалари - рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари, таркибида рангли ёки қора металлар ва уларнинг қотишмалари мавжуд бўлган яроқсиз ҳолга келган ёки ўз истеъмол хусусиятларини йўқотган маҳсулотлар, товарлар, рангли ёки қора металлар ва уларнинг қотишмаларидан маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳосил бўлган чиқиндилар, шунингдек, кўрсатилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида юзага келган тўғрилаб бўлмас яроқсиз маҳсулот;


тайёрлаш - металл парчаларини сотиб олиш, саралаш, қайта ишлаш;


парчаларни топширувчилар - тайёрловчига металл парчаларини топшираётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар юридик шахслар, шунингдек, жисмоний шахслар;


тайёрловчи - "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ.


3. Металл парчалари мулкдорлари - юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида уларга эгалик қиладилар, фойдаланадилар ва тасарруф этадилар.


4. Келгуси йил учун республика ичида металл парчаларининг ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Келгуси йил учун таклифлар ҳар йили 1 октябргача бўлган муддатда берилиши таъминланади.


5. Рангли ва қора металларнинг парчалари, чиқиндилари билан муомала қилиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

7. Қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндилари ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш прогнози ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳайъати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.


2-БОБ. ПАРЧАЛАРНИ ТОПШИРУВЧИЛАР

ТОМОНИДАН МЕТАЛЛ ПАРЧАЛАРИНИНГ

ЕТКАЗИБ БЕРИЛИШИ


8. Парчаларни топширувчиларда ҳосил бўладиган металл парчалари эркин (шартномавий) нархларда ушбу Низомда белгиланган тартибда тайёрловчига топширилиши шарт.

Бунда ўзининг қуюв ва металл прокати ишлаб чиқаришлари бўлган ташкилотлар ўзларига тегишли металл парчаларини қайта ишлаш ҳуқуқига эга.


9. Парчаларни топширувчилар қуйидагиларни таъминлайдилар:

металл парчаларини йиғиш, сақлаш ва тайёрловчига етказиб бериш;

металл парчаларини ташиш, қайта ишлаш ва қайта қуйиш учун хавфсиз бўлган ҳолатда етказиб бериш.

Етказиб бериладиган металл парчалари ёнувчан-портловчан, кимёвий ва радиоактив материаллардан зарарсизлантирилган бўлиши лозим.


10. Тайёрловчига портловчан, кимёвий ифлосланган ва радиоактив металл парчаларини етказиб бериш тақиқланади.


11. Тайёрловчи металл парчалари мунтазам асосда ҳосил бўладиган парчаларни топширувчиларга бепул асосда, металл парчаларини йиғиш ва тайёрловчига етказиб берунга қадар сақлаш учун контейнерлар, урналар, қутилар ва бошқа воситаларни вақтинча фойдаланишга беришга ҳақли.


12. Металл парчаларининг миқдори (оғирлиги) ва тавсифи тайёрловчи томонидан металл парчаларини қабул қилиш ҳолати бўйича тузиладиган қабул қилиш-топшириш далолатномаларида қайд қилинади.


13. Металл парчаларининг ҳисоби тайёрловчининг раҳбари томонидан тайинланган шахс томонидан юритилади.


14. Тайёрловчининг махсус қабул қилиш шахобчалари радиация назоратини ўтказиш учун зарур ускуналар билан таъминланиши шарт.

Тайёрловчи металл парчалари ҳар бир туркумининг радиация назоратидан ва кимёвий ва портлаш жиҳатидан хавфсизлик бўйича кириш назоратидан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминлашга мажбур.

Назорат тегишли тайёргарлик ва аттестациядан ўтган шахслар томонидан амалга оширилади.


15. Радиоактив, кимёвий ифлосланган ва портловчан металл парчалари аниқланган ҳолларда тайёрловчи зарур чораларни кўриш учун зудлик билан тегишли хизматларга белгиланган тартибда хабар беради.



3-БОБ. ЮРИДИК ШАХСЛАРДАН МЕТАЛЛ

ПАРЧАЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


16. Юридик шахслардан металл парчаларини қабул қилиш тузилган шартномаларга асосан тайёрловчининг махсус қабул қилиш шахобчаларида, ҳар бир туркум бўйича брутто оғирлиги ва транспорт воситаси, идиши ва ифлосланганлиги ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган нетто оғирлиги бўйича амалга оширилади.


17. Тайёрловчи ва парчаларни топширувчи ўртасида тузиладиган шартномаларда металл парчаларини етказиб бериш ҳажмлари, турлари, муддатлари, тўлов шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлиги кўрсатилади.

Тайёрловчи юридик шахслар билан, уларга металл парчаларини йиғиш, сақлаш ва фақат тайёрловчига етказиб бериш ҳуқуқини берган ҳолда, металл парчаларини етказиб беришга шартномалар тузиш йўли билан металл парчаларини тайёрлашга ҳақли.


18. Парчаларнинг ҳар бир туркумига тайёрловчи томонидан белгиланган шаклда қабул қилиш-топшириш далолатномаси мажбурий тартибда тузилади. Далолатнома асосида парчаларни топширувчилар билан ўзаро ҳисоб-китоблар, шунингдек, олинган шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши мониторинги амалга оширилади.

Қабул қилиш-топшириш далолатномаси қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат бўлиб, ҳар бир шундай далолатнома муфассал рақамланади, ҳар бир варағи белгиланган тартибда рақамланган ва тикилган қабул қилиш-топшириш далолатномалари ҳисобга олиш дафтарида (кейинги ўринларда ҳисобга олиш дафтари деб аталади) қайд этилади.


19. Тайёрловчига транспорт воситасида етказиб бериладиган металл парчалари топшириш жойида миқдори ва сифати бўйича қабул қилинади, натижалари бўйича қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади. Металл парчаларини қабул қилиш-топшириш далолатномаси уч нусхада тузилади, уларнинг иккитаси тайёрловчида қолади, учинчиси эса парчаларни топширувчига берилади.


20. Металл парчалари темир йўл транспортида етказиб берилганда ҳар бир темир йўл вагонига (контейнерга), вагон (контейнер) келган кунни ҳисобга олмаган ҳолда вагон (контейнер) тайёрловчига келган пайтдан бошлаб икки суткадан кўп бўлмаган муддатда уч нусхада қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади.


21. Башарти тайрловчида тушган металл парчаларининг сифати бўйича эътирозлар юзага келса, у ушбу металл парчаларини жавобгарлик остида сақлашга қабул қилади ва металл парчаларини қабул қилиш бўйича келишилган қарорни қабул қилиш учун парчаларни топширувчини ёки унинг вакилини чақиради.



4-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН

МЕТАЛЛ ПАРЧАЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


22. Тайёрловчининг аҳолидан металл парчалари қабул қилинадиган махсус шахобчаларида ҳаммага кўринадиган жойда қуйидаги ахборот кўрсатилган эълон осилган бўлиши лозим:

металл парчаларини қабул қилиш шартлари ва нархлари;

жисмоний шахслардан қабул қилиниши рухсат этилган металл парчалари турлари рўйхати.


23. Металл парчалари уларнинг ҳар бир туркумига тайёрловчи томонидан белгиланган шаклда қабул қилиш-топшириш далолатномаси мажбурий тартибда тузилган ҳолда қабул қилинади.


24. Қабул қилиш-топшириш далолатномаси икки нусхада тузилади (биттаси металл парчаларини топшираётган шахсга берилади, иккинчиси тайёрловчида қолади).


25. Жисмоний шахслар билан ўзаро ҳисоб-китоблар қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида амалга оширилади.


26. Ҳар маротаба металл парчалари қабул қилинганда ҳисобга олиш дафтарига қуйидаги маълумотлар киритилади:

а) қабул қилиш-топшириш далолатномасининг рўйхат рақами;

б) металл парчаларини қабул қилиш санаси;

в) парча ва чиқиндиларни топшираётган шахс ҳақидаги маълумотлар;

г) қабул қилинган металл парчаларининг ГОСТга мувофиқ тури, русумми ва қисқача тавсифи;

д) металл парчаларининг портлаш хавфсизлиги ва радиация назоратлари маълумотлари, назоратни амалга оширган шахсларнинг имзоси остида;

е) қабул қилинган металл парчаларининг ифлосланганлиги фоизи;

ж) қабул қилинган металл парчаларининг оғирлиги ва қиймати;

з) дафтарга ёзув киритган шахс ҳақидаги маълумотлар ва имзоси.


27. Ҳисобга олиш дафтари ва қабул қилиш-топшириш далолатномалари металл парчаларининг қабул қилинганлиги тўғрисида охирги ёзув киритилган санадан бошлаб камида 5 йил мобайнида сақланади.


28. Қабул қилиш-топшириш далолатномаларининг ўз вақтида ва тўғри тузилиши, ҳисобга олиш дафтарига киритилганлиги, улардаги маълумотларнинг аниқлиги ва ҳаққонийлиги учун тайёрловчининг металл парчаларини қабул қилиш учун масъул бўлган ваколатли шахси жавоб беради.


29. Жисмоний шахслардан рангли ва қора металларнинг электр техникаси (кучланиш кабеллари, электр узатиш ва алоқа тармоқларининг ҳаво линиялари), саноат (қиринди, шлак, катализаторлар), ҳарбий аҳамиятга эга бўлган парча ва чиқиндиларини, шунингдек, темир йўл, ҳаракатдаги таркиблар ва авиация транспорти қисмларини сотиб олиш тақиқланади.


30. 16 ёшга тўлмаган шахслардан металл парчаларини қабул қилишга йўл қўйилмайди. 14 ёшдан 16 ёшгача жисмоний шахслардан металл парчаларини қабул қилишга уларнинг қонуний вакилларининг уларнинг паспортига оид маълумотлар ва яшаш манзиллари кўрсатилган ёзма розилиги мавжуд бўлганда йўл қўйилади.



5-БОБ. МЕТАЛЛ ПАРЧАЛАРИ УЧУН

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


31. Қабул қилинган металл парчалари учун тўлов пул маблағлари билан бозор асосида аниқланадиган эркин (шартномавий) нархлар бўйича, юридик шахслар учун - нақдсиз шаклда, жисмоний шахслар учун - нақд шаклда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тўловнинг бошқа усулларида амалга оширилади.


32. "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ металл парчалари мунтазам асосда ҳосил бўладиган парчаларни топширувчиларга металл парчаларини топширишга фьючерс шартномалар бўйича олдиндан тўлов йўли билан белгиланган тартибда пул ўтказишга ҳақли.



6-БОБ. ТАЙЁРЛОВЧИ ВА ПАРЧАЛАРНИ

ТОПШИРУВЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


33. Ушбу Низом талабларини бузганлик, шу жумладан, металл парчаларини йўқ қилганлик ва бузганлик, ахлатхонага ва парчаларни топширувчига бириктирилмаган ҳудудга ташлаганлик, ноқонуний сотганлик учун парчаларни топширувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


34. Санкцияларнинг қўлланилиши металл парчаларини топширишдан озод этмайди.


35. Металл парчаларининг келиб чиқиши учун парчаларни топширувчи жавоб беради.



7-БОБ. ПАРЧАЛАРНИНГ ҲОСИЛ БЎЛИШИ

МОНИТОРИНГИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


36. Қора металлар парчалари ва чиқиндилари ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш прогнозининг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан амалга оширилади.

37. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар металл парчаларининг ҳосил бўлиши ва ишлатилиши прогнозини белгилайдилар ва ҳар чоракда тегишли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига тақдим этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси олинган маълумотлар асосида ҳар чоракда ресурслар базасини таҳлил қилади ва металл парчалари айланишининг оралиқ мониторингини амалга оширади, сўнгра таҳлилий маълумотларни республика ичида металл парчалари ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш кўрсаткичларини шакллантиришда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига тақдим этади.

38. "Ўзметкомбинат"АЖ ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ жойлардаги махсус қабул қилиш шахобчалари фаолиятини назорат қилади.


39. Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш соҳасида фаолиятни назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

идоравий мансуб хўжалик субъектлари юзасидан - давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан;

ҳудудий бўйсунишдаги хўжалик субъектлари юзасидан - маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.


40. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА


Рангли ва қора металлар парчалари,

чиқиндилари билан ишлаш

СХЕМАСИ

              

Босқичлар

Тадбирлар

Субъеклар

Бажариш

муддатлари

1-босқич

Республика бўйича қора ва рангли металлар парчалари ва чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш прогнозини шакллантириш


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ


ҳар йили 15 ноябргача



2-босқич

Металл парчалари ва чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш прогнозини ишлаб чиқиш


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


ҳар йили 1 декабргача



3-босқич

Металл парчалари ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш прогнозини ва ҳар ойлик жадвалларни тасдиқлаш


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (ҳайъатнинг қарори)


ҳар йили 15 декабргача



4-босқич

Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини эркин (шартномавий) нархларда топшириш бўйича шарномалар тузиш


"Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари


йил мобайнида



5-босқич

Ўзининг металл парчаларини ишлатиш (қайта ишлаш)


Ўзининг қуйиш ва металл прокатини ишлаб чиқаришларига эга бўлган ташкилотлар


йил мобайнида



6-босқич

Метал парчаларини қабул қилиш


Ихтисослаштирилган қабул қилиш шохобчалари ва участкалари


йил мобайнида



7-босқич

Металл парчалари учун хисоб-китоб қилиш


"Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ


тузилган шартнома шартлари бўйича



8-босқич

Металлар парчалари ҳосил бўлиши, шу жумладан, физик ишдан чиққан ва маънавий эскирган асбоб-ускуналарни ҳисобдан чиқаришнинг режалаштирилиши мониторинги олиб борилишини ташкил этиш


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖ


йил мобайнида








9-босқич

Металл парчалари ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш параметрлари ижроси устидан назорат қилиш


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси


ҳар ойда



           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 11 июнь, 23-сон, 476-модда









































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск