язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ички ишлар органларининг Интизом устави (ЎзР Президентининг 29.11.2017 й. ПҚ-3413-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 29 ноябрдаги

ПҚ-3413-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ички ишлар органларининг

ИНТИЗОМ УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг Интизом устави (кейинги ўринларда - Устав) ички ишлар органлари ходимлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари курсант (тингловчи)ларининг (кейинги ўринларда - ходимлар) хизмат интизомига қўйилаётган талаблар ва одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди, бошлиқлар ва ходимларнинг ўзаро муносабатларини, шунингдек рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларининг қўлланилишини тартибга солади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ИИВ) халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва қоровул қўшинларида бошлиқлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом устави билан тартибга солинади.

2. Ички ишлар органларида хизмат интизоми ходимлар томонидан ушбу Устав талабларига қатъий ва сўзсиз риоя этишдан иборат.

Ички ишлар органларида хизмат интизоми ҳар бир ходимнинг юксак даражада англашига ва хизмат бурчини ҳамда қўйилган вазифа учун шахсий жавобгарлигини чуқур тушунишига асосланади.


3. Хизмат интизоми ҳар бир ходимни қуйидагиларга мажбур қилади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиш, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳайъати қарорларида белгиланган талабларни, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буйруқ, фармойиш ва кўрсатмаларни қатъий бажариш;

ички ишлар органи ходимининг қасамёдига содиқ бўлиш, "Халқ манфаатларига хизмат қилиш" деган ўзининг хизмат бурчини сўзсиз бажариш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси йўлида фидоийлик билан хизмат қилиш;

ишониб топширилган табель қуроли, мол-мулк ва техникани асраб-авайлаш;

ҳушёр бўлиш, давлат ва хизмат сирини қатъий сақлаш;

ходимлар ўртасида ўзаро муносабатлар қоидаларига амал қилиш, бошлиқлар ва ҳамкасбларни ҳурмат қилиш;

доимий равишда ўз билим ва касбий кўникмаларини такомиллаштириб бориш, малака ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;

хизматдан ташқари ҳолатларда ўзини муносиб равишда тутиш, жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишда намуна бўлиш.


4. Ички ишлар органларида юксак хизмат интизомига:

ходимларда юксак маънавий-ахлоқий ва ишчанлик хусусиятларини, хизмат бурчини бажаришга нисбатан онгли муносабатни шакллантириш;

ҳар бир ходимнинг ўз хизмат бурчини бажаришга нисбатан шахсий масъулияти, ички тартиб ва хизмат кийимини кийиш қоидаларига қатъий риоя этиш;

бошлиқларнинг қўл остидаги ходимларга нисбатан кунлик талабчанлиги, уларга доимий ғамхўрлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини оқилона уйғунлаштирган ҳолда ва асосли қўллаш;

ички ишлар органлари бўлинмаларида зарур моддий-маиший шароитларни яратиш орқали эришилади.



2-БОБ. ХОДИМЛАРНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ


5. Одоб-ахлоқ қоидалари қайси лавозимни эгаллашидан қатъи назар, ходимларнинг касб одоби ва хизматда ўзини тутишнинг асосий қоидалари умумий принциплари мажмуини ўз ичига олади.


6. Ички ишлар органлари сафига қабул қилинган кундан эътиборан ҳар бир ходим одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишга мажбур.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ходимнинг касбий фаолияти самарадорлиги ва хизматда ўзини тутишини баҳолашнинг мезонларидан бири ҳисобланади.


7. Ходим томонидан одоб-ахлоқ қоидаларининг асосий талабларига амал қилиш қуйидагиларни назарда тутади:

фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиш, уларнинг мавқеидан қатъи назар ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларнинг камситилиши ёки афзал кўрилиши ҳолатларига йўл қўймаслик;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳ ҳамда конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини инобатга олиш, ижтимоий барқарорлик, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликка кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида, беғараз ва қонуний кўриб чиқиш;

ходимнинг ўз хизмат бурчини виждонан бажаришига нисбатан фуқарода шубҳа уйғотувчи хатти-ҳаракатдан тийилиш, шунингдек ички ишлар органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик.


8. Шахсий важ ва бошқа субъектив сабаблар ходимлар томонидан қонунчилик талаблари ва одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига асос бўла олмайди.


9. Ходимлар коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиши ва фаоллик билан унинг профилактикасига кўмаклашиши шарт.

Ходимлар ўз бошлиғи ёки ваколатли органларга ўзларини бошқа шахслар ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаб мурожаат қилган ҳар бир ҳолат, шунингдек бошқа ходимлар томонидан содир этилган ҳар қандай ўзига маълум бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериши зарур.


10. Ходим оиласида юзага келган низоларни қонунчилик талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳал этади.

Ходимнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилганда, унга ўз ваколатлардан фойдаланиб, аралашиш тақиқланади.


11. Ходимлар хайрихоҳ, хушмуомала ва эътиборли бўлиши, фуқаролар ва ҳамкасбларига сабр-тоқат ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши зарур.

Ходимлар фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, асоссиз руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.


12. Хизмат вазифаларини бажариш вақтида ходимларнинг ташқи кўриниши иш шароити ва хизмат тадбири турини инобатга олган ҳолда, аҳолида ички ишлар органларига нисбатан ҳурмат уйғотиши, тоза ва ораста бўлиши зарур.


13. Ходимларга хизмат пайтида алкоголь ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланади.


14. Ходимлар хизматдан ташқари пайтда умумий одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслиги зарур.



3-БОБ. БОШЛИҚЛАР ВА ХОДИМЛАРНИНГ

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ


15. Ходим хизмат вазифасини бажариш пайтида бевосита ва тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади.

Ходимлар хизмат бўйича бўйсунадиган, шу жумладан вақтинча бўйсунадиган раҳбарлар тўғридан-тўғри бошлиқлар деб ҳисобланади.

Ходимга энг яқин бўлган тўғридан-тўғри раҳбар бевосита бошлиқ ҳисобланади.


16. Бошлиқ ўзи раҳбарлик қилаётган ички ишлар органи бўлинмасида хизмат интизомига риоя этилиши ва тарбиявий ишлар самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

17. Бошлиқ унга бўйсунувчи ходимлар томонидан Уставга амал қилинишига талабчан бўлиши, уларга юксак касбий маҳорат, қонунийлик талаблари ҳамда қасамёдга риоя этиш борасида доимий равишда намуна кўрсатиши, уларни хизмат бурчи ҳиссини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаши, ташаббус, интилиш ва хизматларини рағбатлантириши, шунингдек хизмат интизоми бузилган ҳолатларда жазо қўлланилишини таъминлаши зарур.


18. Буйруқ ва топшириқлар бўйсуниш тартибида берилади. Юқори турувчи бошлиқ зарур ҳолларда ходимга бевосита бошлиғини хабардор қилмасдан буйруқ ёки топшириқ беришга ҳақли. Бундай ҳолларда ходим ўзининг бевосита бошлиғини бундан хабардор қилиши зарур.


19. Ноқонунийлиги яққол кўриниб турган ва хизмат фаолиятига алоқаси бўлмаган буйруқ ва топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди. Бошлиқ қўл остидаги ходимлардан уларнинг хизмат бурчи доирасидан чиқувчи топшириқларни бажаришни, шунингдек ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишни талаб қилишга ҳақли эмас.

Ходим яққол қонунга зид бўлган (хизмат фаолиятига алоқадор бўлмаган) буйруқ ёки топшириқ олганда зудлик билан юқори турувчи раҳбарият ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига зудлик билан хабар беради.

Ходим юқори турувчи раҳбарият ёки ўз хавфсизлиги бўлинмасига хабар бериш имконияти бўлмаган тақдирда қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда ғайриқонуний буйруқ ва топшириқларни бажаришдан бош тортишга ҳақли, имкон пайдо бўлиши билан уларни хабардор қилиши лозим.


20. Бошлиқнинг буйруқ ва топшириқлари (яққол қонунга зид бўлганлари бундан мустасно) сўзсиз, аниқ ва ўз вақтида бажарилиши шарт. Буйруқ ва топшириқларни муҳокама этишга, шунингдек уларни танқид қилишга йўл қўйилмайди.

Ходим буйруқ ёки топшириқнинг бажарилгани тўғрисида буйруқ ёки топшириқ берган бошлиққа, шунингдек, бевосита бошлиғига ахборот беради.

Буйруқ ёки топшириқни бажариш имконияти бўлмаган тақдирда, ходим зудлик билан бу ҳақда буйруқ ёки топшириқ берган бошлиқни хабардор этиши шарт.


21. Бошлиқ ходимларни қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, маҳаллийчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим. У ўз хизмат бурчини ўташ пайтида маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик, шунингдек, бошқа салбий омилларнинг намоён этилишига барҳам бериши керак.


22. Бошлиқ қуйидагиларга мажбур:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилиш, ходимлар учун қулай ва муносиб меҳнат шароитларни яратиш ўз вақтида чораларини кўриш;

коррупция ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга чек қўйиш чораларини кўриш;

шахсий таркибни самарали бошқариш, ходимларнинг хизмат фаолиятини холисона баҳолаш;

ўзига топширилган мол-мулк ва молиявий маблағларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;

ходимларнинг индивидуал хусусиятларини ўрганиш, улар билан ўзаро яқин муносабат ўрнатиш, жамоани бирлаштириш, ходимлар томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг сабабини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, хизмат интизоми бузилишига муросасиз муносабатда бўлиш бўйича чораларни кўриш;

ходимларнинг, уларнинг оила аъзоларининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат принципларига амал қилиш чораларини кўриш, юқори турувчи раҳбариятга қўл остидаги ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш.



4-БОБ. РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ИНТИЗОМИЙ

ЖАЗО ЧОРАЛАРИ


23. Ходимларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

а) миннатдорчилик эълон қилиш;

б) қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш;

в) Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш;

г) идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш;

д) муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш;

е) эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш.

Шунингдек, рағбатлантириш тариқасида Уставнинг 27-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида, 28-банди "а" ва "б" кичик бандлари билан назарда тутилган муқаддам қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин бекор қилиш мумкин.


24. Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларида мазкур Уставнинг 23-бандида кўзда тутилган рағбатлантириш чораларидан ташқари курсантлар (тингловчилар)га нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари ҳам қўлланилади:

а) таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш;

б) Ҳурмат тахтасига киритиш;

в) курсант (тингловчи)нинг ота-онаси ёки турар жойига миннатдорчилик хати юбориш;

г) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири стипендиясини тайинлаш.


25. Алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.


26. Ойлик иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устама ҳақлари ва ходимларнинг пул таъминотида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантиришга кирмайди.


27. Ходимларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

а) танбеҳ;

б) ҳайфсан;

в) қаттиқ ҳайфсан;

г) лавозим маошининг эллик фоиздан кўп бўлмаган миқдорда жарима;

д) махсус унвонини бир поғона пасайтириш;

е) эгаллаб турган лавозимидан озод этиш;

ж) гаупвахтада ҳибсда ушлаб туриш;

з) ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш.


28. Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларида Уставнинг 27-бандида кўзда тутилган интизомий жазо чораларидан ташқари таълим муассасасининг белгиланган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган курсантлар (тингловчилар)га нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари ҳам қўлланилиши мумкин:

а) навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш;

б) бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш;

в) курсантлар (тингловчилар) рўйхатидан ўчириш.



5-БОБ. РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ИНТИЗОМИЙ

ЖАЗО ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА

БОШЛИҚЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


29. Бошлиқлар томонидан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ўзларига берилган ваколатлар доирасида қўлланилади.


30. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари, транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари (бўлимлари), жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари бошлиқлари, минтақавий мувофиқлаштириш марказлари раҳбарлари, бригада ва батальон командирлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Уставнинг 23-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Уставнинг 27-банди "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.

31. Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ бош бошқармалари ва таълим муассасалари бошлиқлари, шунингдек уларга тенглаштирилган раҳбарлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Уставнинг 23-банднинг "а", "б" ва "в" кичик бандларида ҳамда 24-бандида ("г" кичик бандидан ташқари) назарда тутилган рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Уставнинг 27-банднинг "а", "б", "в" ва "г" кичик бандларида ҳамда 28-бандида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш.


32. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Уставнинг 23, 24, 27 ва 28-бандларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди, шунингдек ходимларни Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларга ва давлат мукофотларига тақдим этади.


33. Ходимни лавозимга тайинлаш ваколатига эга бошлиқлар унга нисбатан Уставнинг 27-банди "е", "ж" ва "з" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.


34. Қўл остидаги ходимларига нисбатан ўз ваколатларига кирмайдиган рағбатлантириш чораларини қўллаш зарурияти туғилган ҳолда бошлиқ юқори турувчи раҳбариятга бу тўғрисида илтимоснома киритади.


35. Бошлиқ қўл остидаги ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг ўта жиддийлиги сабабли уни лозим даражада жазолаш учун ўзига берилган ваколатларни етарли эмас деб ҳисобласа, у юқори турувчи раҳбариятга ходимга нисбатан оғирроқ интизомий жазо қўллаш тўғрисида илтимоснома киритади.


36. Интизомий жазо чорасини қўллашда ўз ваколатини оширган ёки Уставда назарда тутилмаган интизомий жазо чорасини қўллаган бошлиқ жавобгарликка тортилади, қўлланилган интизомий жазо эса юқори турувчи раҳбарият томонидан бекор қилинади.


37. Ходим хизмат сафари ёки даволанишда бўлган вақтда хизмат интизомини бузган тақдирда мазкур хатти-ҳаракатдан хабар топган бошлиқ бу ҳолатни бартараф этиш чораларини кўради ва бу ҳақда ходимнинг хизмат жойига хабар беради.



6-БОБ. РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ


38. Рағбатлантириш чоралари алоҳида ходимга нисбатан ҳам, бир гуруҳ ходимларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Ходимга нисбатан бир ютуғи учун фақат битта рағбатлантириш чораси қўлланилиши мумкин.

Рағбатлантириш чорасини белгилашда ходимнинг хизмат кўрсаткичлари хусусияти, шунингдек унинг илгари хизматга қандай муносабатда бўлганлиги эътиборга олинади.


39. Уставнинг 27-банди "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган интизомий жазо қўлланилган ходим мазкур жазони бекор қилиш орқали рағбатлантирилади. Интизомий жазони бекор қилиш ҳуқуқи уни қўллаган бошлиққа, шунингдек юқори турувчи ваколатли раҳбариятга берилади.


40. Рағбатлантириш чоралари, қлида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:

миннатдорчилик эълон қилиш - юклатилган вазифани, бошлиқнинг буйруғи ёки топшириғини муваффақиятли бажарган ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан;

қимматбаҳо совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш - ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек захирага (истеъфога) чиқиши муносабати билан ёки мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра;

Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш - ходим (ходимлар гуруҳи)га нисбатан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришгани, хизмат вазифасини намунали бажаргани ва бенуқсон хизмати учун, шунингдек мусобақа (беллашув)нинг якуний натижаларига кўра ва ўқишни (ўқув йилини) муваффақиятли якунлаганда;

идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш - ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми ва кўп йиллик бенуқсон хизмати, ички ишлар органлари тизимини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшгани, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатгани, шунингдек ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳиссаси қўшгани учун;

муддатидан олдин навбатдаги махсус унвон бериш ёки эгаллаб турган лавозими билан кўзда тутилгандан бир поғона юқори махсус унвон бериш - ходимга нисбатан юқори хизмат интизоми, хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги, жасорати ва фидойилиги, ички ишлар органлари амалий фаолиятига салмоқли илмий ҳисса қўшгани (илмий даражани олганда), хизмат вазифаларини юксак даражада бажаришда намуна бўлгани учун (ички ишлар органларида хизмат ўташ масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ);

таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш - юклатилган вазифаларни, командирларнинг буйруқ ёки топшириқларини виждонан бажарган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

Ҳурмат тахтасига киритиш - ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув дастурларини аъло баҳоларга ўзлаштирган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

ота-онасига ёки турар жойига миннатдорчилик хати юбориш - ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув мавсумини аъло баҳолар билан якунлаган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири стипендиясини тайинлаш - ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этган, ўқув интизомига риоя қилишда намуна бўлган, ўқув йилини аъло баҳолар билан якунлаган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасаларининг курсантларига нисбатан.


41. Қўлланилган рағбатлантириш чораси буйруқ билан эълон қилинади. Миннатдорчилик эълон қилиш ва таълим муассасаси ҳудудидан навбатдан ташқари чиқиб келиш буйруқ орқали ҳам, оғзаки ҳам эълон қилиниши мумкин.

Рағбатлантирилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган мажлис (йиғилиш)да тантанали тарзда эълон қилинади.

Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ эълон қилинган вақтда, қоида тариқасида, ходимларга фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға ёки пул мукофотлари, кўкрак нишонлари топширилади.


42. Буйруқ билан эълон қилинган рағбатлантириш чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.

Рағбатлантириш чораларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.



7-БОБ. ИНТИЗОМИЙ ЖАЗО ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ


43. Уставда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.


44. Содир этилган ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо тайинланади.

Хизмат интизоми бир неча ходимлар томонидан бузилганда, интизомий жазо уларнинг ҳар бирига нисбатан алоҳида қўлланилади.

Содир этилганлиги маъмурий жазо тайинлашга олиб келган хатти-ҳаракатлар учун интизомий жазо қўллашга йўл қўйилмайди.

Интизомий жазо чоралари қўлланган ходимлар, агарда уларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби аломатлари бўлса, улар жиноий жавобгарликдан озод этилмайди.


45. Интизомий жазо чораларининг қўлланилиши асосли бўлиши ва содир этилган ножўя хатти-ҳаракат оғирлиги ҳамда айб даражасига мувофиқ келиши зарур. Интизомий жазо чораларини белгилаш чоғида ножўя хатти-ҳаракат хусусияти, содир этиш ҳолати, унинг оқибатлари, айбдорнинг бунгача бўлган хулқ-атвори, ички ишлар органларида хизмат ўтаган муддати, шунингдек юклатилган хизмат вазифаларини бажаришга бўлган муносабати эътиборга олинади.

Ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракат унчалик аҳамиятга эга бўлмаса, бошлиқ унга нисбатан интизомий жазо чорасини қўлламаслиги ва бошқа бундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида оғзаки огоҳлантириш бериш билан кифояланиши мумкин.

Жамоада юзага келган низоли вазиятларни ҳал этиш, ножўя хатти-ҳаракатлар содир этган ходимларга жамоатчилик таъсирини ўтказиш мақсадида ички ишлар органларида сайлов асосида интизомий кенгашлар ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда фаолият кўрсатади.


46. Интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, қуйидагича қўлланилади:

танбеҳ - юклатилган вазифаларни ва бошлиқнинг топшириқларини бажармаган, хизмат кийимини кийиш ва фуқаролар ҳамда ҳамкасблари билан муомала маданияти қоидаларини бузган ходимларга нисбатан;

ҳайфсан - норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини, хизмат гувоҳномасидан фойдаланиш қоидаларини бузган, белгиланган кун тартибига мунтазам равишда амал қилмаган ва хизмат мажбуриятларини бажармаган, жамоадаги маънавий-руҳий муҳитга салбий таъсир кўрсатган ходимларга нисбатан;

қаттиқ ҳайфсан - амалдаги "ҳайфсан" интизомий жазоси бўлган ходимларга нисбатан, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини такроран бузгани учун;

лавозим маошининг эллик фоиздан кўп бўлмаган миқдорда жарима - амалдаги интизомий жазоси бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини қўпол равишда бузган, хизмат бурчига масъулиятсиз ёндашган, иш самарадорлиги паст бўлган ходимларга нисбатан;

махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш - амалдаги интизомий жазоси бўлган, хизмат интизомини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Устав талабларини қўпол равишда бузган, хизматни ўташга лоқайдлик билан муносабатда бўлган, юклатилган хизмат мажбуриятларини бажармаган ходимларга нисбатан;

гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш - интизомий жазонинг қатъий чораси сифатида ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш учун асос бўладиган ножўя хатти-ҳаракатни содир этган ходимларга нисбатан;

ички ишлар органлари хизматидан бўшатиш - хизмат интизомини қўпол равишда бузган, ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этган, интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузган, қонун ҳужжатларида белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этмаган ходимларга нисбатан;

навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш - юклатилган вазифаларни ва командир (бошлиқ)нинг топшириқларини бажармаган, таълим муассасасининг ўрнатилган ички тартиб-қоидаларини бузган, ўқув дастурини қониқарсиз ўзлаштирган Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасалари курсантлари (тингловчилари)га нисбатан;

курсант (тингловчи)лар рўйхатидан ўчириш - Ўзбекистон Республикаси ИИВ таълим муассасалари курсант (тингловчи)ларига нисбатан одоб-ахлоқ қоидаларини, хизмат интизомини бузганлиги, ўқув дастурини ўзлаштира олмаганлиги учун.


47. Амалдаги интизомий жазо бор-йўқлигидан қатъи назар, хизмат интизомини қўпол равишда бузган ходимга нисбатан ички ишлар органлари хизматидан бўшатишгача бўлган ҳар қандай интизомий жазо қўлланилиши мумкин.

Қуйидагилар хизмат интизомини қўпол равишда бузиш сирасига киради:

ходимнинг сабабсиз равишда узлуксиз уч кундан ортиқ муддатда хизмат жойида бўлмаслиги;

хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст ҳолатда бўлиш;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бузишга, одамларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига хавф туғдиришга олиб келувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш (агар бу жиноий жавобгарликка сабаб бўлмаса);

махфийлик тартиботи талабларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);

ходимга ишониб топширилган табель қуроли ва унинг ўқларини, мол-мулк ва (ёки) техникаларни қасддан йўқ қилиш, зарарлантириш ёки унинг (уларнинг) йўқолишига олиб келган эҳтиётсизлик билан сақлаш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса);

маҳбуснинг ёки қўлга олинган шахснинг қочиб кетишига, пул маблағи ёки товар бойликларини ва ҳужжатларни йўқолишига сабаб бўлган пост ва конвой хизматини ўташ қоидаларини бузиш (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса).

Ходим хизмат жойида алкоголь ичимлик, гиёҳвандлик воситаси ва (ёки) бошқа моддалар таъсирида маст бўлгани сабабли интизомий жавобгарликка тортиш учун ушбу ҳолатни исботлаш мақсадида тиббий текширув натижаларига, агар ходим текширувдан бош тортса, камида икки ходим ёки бошқа шахслар кўрсатмаларига асосланилади.


48. Одоб-ахлоқ қоидаларини, шунингдек бошлиқ ва ходимлар ўртасидаги муносабат қоидаларини қўпол равишда бузиш ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат содир этиш ҳисобланади.

Жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини очиқдан-очиқ писанд қилмаслик билан боғлиқ бўлмаган оилавий келишмовчиликлар, жанжаллар ва маиший низолар ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракат сирасига кирмайди.


49. интизомий жазо чораси мавжуд бўлган тақдирда, мунтазам равишда хизмат интизомини бузиш деганда буйруқ асосида эълон қилинган амалдаги интизомий жазоси бўлган ҳолда ходим томонидан хизмат интизомини бир неча бор бузиш тушунилади.


50. Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо қўлланилганда, ходим ушбу ножўя хатти-ҳаракати учун ички ишлар органлари хизматидан бўшатилмайди (агар бу жиноий жавобгарликка олиб келмаса).

Гауптвахтада ҳибсда сақлаш муддати сафдорлар, сержантлар ва кичик офицерлар таркиби ходимлари учун - 10 суткагача, катта офицерлар таркиби ходимлари учун - 5 суткагача ташкил этади.

Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо аёлларга нисбатан қўлланилмайди.


51. Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма тушунтириш олиниши лозим. Агар ходим ушбу тушунтиришни беришдан бош тортса, тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилади.

Тушунтиришни беришдан бош тортиш ҳолати содир этилган қилмиш учун интизомий жазо тайинлашга тўсқинлик қила олмайди ва жазонинг оғирроқ кўриниши ва чораларини қўллашга олиб келмайди.

Интизомий жазо чораларини қўллаш пайтида бошлиқ ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, у билан муносабатда қўполликка йўл қўймаслиги зарур.


52. Махсус унвонини бир поғона пасайтириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тарзидаги интизомий жазо чоралари, қоида тариқасида, айбдорга бошқа интизомий жазо турлари тегишлича таъсир кўрсатмаган ҳолларда қўлланилади.


53. Интизомий жазонинг қўлланилиши ходимни ножўя хатти-ҳаракат оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.


54. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат бошлиққа маълум бўлган кундан бошлаб бир ой муддат ичида, хизмат текшируви ўтказилганда эса - текширув тугаган кундан бошлаб 10 суткадан кечикмай қўлланилиши керак, бунда айбдорнинг хасталик ва таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмайди.

Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бир йилдан ортиқ муддат ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.


55. Маст ҳолатда бўлган айбдорга нисбатан интизомий жазо қўллаш, шунингдек ундан ҳар қандай тушунтириш олиш ходим ҳушёр ҳолга келгунча кечиктирилади.


56. Қўлланилган интизомий жазо чораси буйруқ билан эълон қилинади. Танбеҳ, ҳайфсан, навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам буйруқ орқали, ҳам оғзаки эълон қилиниши мумкин.

Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо қўллаш ҳақидаги қарор интизомий кенгаш хулосаси, шунингдек ўтказилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган хизмат, комплекс ёки инспекторлик текширувлари асосида қабул қилинади.

Интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган йиғилиш (мажлис)да эълон қилинади.


57. Амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлган ходим ушбу жазо бекор қилингунга қадар рағбатлантиришга, навбатдаги махсус унвон олишга ва юқори лавозимларга тайинланишга тақдим этилмайди.


58. Шикоят билан арз қилинган ҳолларда тайинланган интизомий жазони ижро этиш тўхтатилмайди.

Ходим интизомий жазо эълон қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида юқори турувчи бошлиққа ёки хизматни ўташ жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига шикоят билан мурожаат этиши мумкин.


59. Буйруқ асосида тайинланган интизомий жазо тайинланган вақтдан бошлаб бир йил ўтгач бекор қилинади (агар ходим шу муддат ичида янги интизомий жазога тортилмаса). Рағбатлантириш тартибида жазо бир йил ўтмасдан бекор қилиниши мумкин.

Агарда бир йил ичида ходимга нисбатан бир неча интизомий жазо тайинланса, уларни бекор қилиш муддати охирги тайинланган интизомий жазо чораси санаси бўйича ҳисобланади.


60. Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо чораси ходимнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдига киритиш орқали ҳисобга олиниши лозим.

Интизомий жазо чораларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.



8-БОБ. БОШЛИҚНИНГ ҲАРАКАТЛАРИ

УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


61. Ҳар бир ходим бошлиқнинг унга нисбатан ғайриқонуний ёки ноҳақ ҳаракатлари устидан юқори турувчи раҳбарият ёки хизмат жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига ёзма шикоят беришга ҳақли.


62. Ходимнинг шикоятида баён этилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган юқори турувчи раҳбарият ушбу мурожаатни беш кун муддатда ваколатли идорага юборади.

63. Юқори турувчи раҳбариятга ёки хизмат жойидаги ўз хавфсизлиги бўлинмасига қонунчиликни бузиш фактлари ёхуд ўзига нисбатан ноҳақ муносабатда бўлинганлиги ҳақида мурожаат этгани учун қўл остидаги ходимни таъқиб этган бошлиқ интизомий тартибда жавобгарликка тортилади (агар унинг хатти-ҳаракатлари жиноий жавобгарликка олиб келмаса).


64. Ходимларнинг шикояти бир ойгача бўлган муддатда ҳал этилади, қўшимча текширув талаб этмайдиганлари эса зудлик билан, бироқ келиб тушган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмаган ҳолда кўриб чиқилади.


65. Қасддан ёлғон шикоят билан мурожаат этган ходимлар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 30 ноябрь