язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.06.2018 й. ПҚ-3796-сон "Халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини бошқариш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.06.2018 й.

N ПҚ-3796



ХАЛҚАРО МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИ

ВА ДОНОР МАМЛАКАТЛАР ИШТИРОКИДАГИ

ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ БОШҚАРИШ

МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар маблағларини фаол жалб этиш бўйича изчил чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Иқтисодий жиҳатдан асослантирилган инвестиция лойиҳаларининг уларни молиялаштириш манбалари аниқ белгиланган ҳолда самарали амалга оширилишини таъминлайдиган, шунингдек, уларни амалга ошириш бўйича маблағларнинг нооқилона сарфланишини истисно этадиган, мамлакатни ривожлантириш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг сифат жиҳатдан янги тартиби жорий этилди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил натижалари халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда ХМИ ва ХҲМТ деб юритилади) иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини бошқариш тизимида мазкур соҳадаги ишларни самарали ташкил этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди, жумладан:

биринчидан, инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва уларнинг амалга оширилиши устидан назоратни ташкил этишга доир тизимли ёндашувнинг мавжуд эмаслиги сансалорликка, ажратилаётган қарз ва грант маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилмаслигига, шунингдек, лойиҳаларни якунлаш муддатлари асоссиз равишда чўзиб юборилишига олиб келмоқда;

иккинчидан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул бўлган тегишли тузилмалар фаолиятини ташкил этиш масалалари лозим даражада тартибга солинмагани лойиҳаларни амалга оширишга доир мажбуриятларнинг такрорланишига ҳамда бу учун зарур ресурс ва имкониятларга эга бўлмаган ташкилотлар зиммасига юкланишига олиб келмоқда;

учинчидан, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги тор идоравий ёндашувлар лойиҳаларни амалга ошириш (мувофиқлаштириш) гуруҳларининг (кейинги ўринларда - ЛАОГ) иши самарасиз ташкил этилишига, шунингдек, ЛАОГ ходимлари инвестиция лойиҳаларининг асосий вазифа ва мақсадлари билан боғлиқ бўлмаган фаолиятга чалғишига сабаб бўлмоқда;

тўртинчидан, бир ижро этувчи агентлик доирасида кўплаб тарқоқ ЛАОГлар мавжудлиги инвестиция лойиҳаларини бошқариш учун харажатларнинг асоссиз равишда ортишига олиб келмоқда;

бешинчидан, ЛАОГлар учун ходимлар танлаб олиш ишлари талаб даражасида эмаслиги ЛАОГларни улар зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришга қодир бўлган малакали кадрлар билан тўлдириш имконини бермаяпти.

ЛАОГларнинг ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир фаолияти самарадорлигини ошириш, қарз ва грант маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, инвестиция лойиҳалари доирасида кўзланган мақсадларга эришиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг қуйидаги таклифлари қабул қилинсин:

а) ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасидаги ижро этувчи агентликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ваколатига эга бўлган Лойиҳа офиси (кейинги ўринларда - Лойиҳа офиси) функцияларини Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига юклаш;

б) ЛАОГларни ижро этувчи агентликлар бўйсунувидан чиқариш ва Лойиҳа офиси бўйсунувига ўтказиш;

в) тегишли лойиҳалар доирасида белгиланган ижро этувчи агентликлар зиммасига қуйидагилар учун масъул бўлган инвестиция лойиҳаси буюртмачиси функцияларини юклаш:

инвестиция лойиҳасининг натижаларига доир асосий талабларни белгилаш ва уни амалга ошириш самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига эришиш;

инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер (танлов) ҳужжатлари қонун ҳужжатларида, зарур ҳолларда эса, ХМИ ва ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларида белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

Лойиҳа офиси билан биргаликда инвестиция лойиҳаси амалга оширилишининг боришини таъсирчан мониторинг қилиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларида тасдиқланган параметрларга эришиш устидан назоратни амалга ошириш;

инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг оралиқ ва якуний натижаларини қабул қилиб олишни ташкил этиш.


2. Қуйидагилар Лойиҳа офисининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ЛАОГлар фаолиятини тизимли равишда танқидий ўрганишни ҳамда мувофиқлаштиришни амалга ошириш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер (танлов) ҳужжатлари қонун ҳужжатларида, зарур ҳолларда эса, ХМИ ва ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларида белгиланган тартибда ўз вақтида ишлаб чиқилишини назорат қилиш;

тасдиқланган тармоқ жадвалларига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

ЛАОГларга раҳбарлар танлаш ва уларни тасдиқлаш ҳамда ЛАОГлар таркибини малакали мутахассислардан шакллантириш бўйича ишларни ташкил этиш, шунингдек, улар малака даражасининг инвестиция лойиҳаларини бошқариш соҳасидаги талабларга мослигини аниқлаш;

тасдиқланган тендер (танлов) ҳужжатларига мувофиқ тендер (танлов) савдоларининг ташкил этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

инвестиция лойиҳаларининг тузилган шартномаларга мувофиқ ўз вақтида молиялаштирилишини ҳамда қарз ва грант маблағларининг ХМИ ва ХҲМТ билан келишувларга мувофиқ ўзлаштирилишини мониторинг қилиш;

инвестиция лойиҳалари буюртмачилари билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини ҳамда лойиҳа ҳужжатлари билан тасдиқланган параметрларга эришишни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ЛАОГларнинг ХМИ ва ХҲМТ, инвестиция лойиҳалари буюртмачилари, шунингдек, ваколатли вазирлик ва идоралар билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасидаги ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

ЛАОГлардан инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг бориши тўғрисида ҳисоботлар ва зарур ахборот олиш ҳамда, зарур ҳолларда, тақдим этилган ахборотнинг ҳаққонийлигини ўрганиш мақсадида жойларга чиқиш;

инвестиция лойиҳаларини самарали ва ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этишда, жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали кўмаклашиш;

ХМИ ва ХҲМТ иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш шартлари бўйича музокаралар олиб бориш ҳамда уларни мувофиқлаштириш;

ХМИ ва ХҲМТ иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича ХМИ ва ХҲМТнинг баҳолашолди ҳамда баҳолаш миссиялари ишини ташкил этишда кўмаклашиш, шунингдек, ХМИ ва ХҲМТ делегациялари, миссиялари, вакилларига ташкилий, ахборот ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш.

Лойиҳа офиси қонун ҳужжатларига, шунингдек, ХМИ ва ХҲМТ қоидалари ҳамда тартиб-таомилларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Лойиҳа офиси инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мунтазам равишда ахборот киритиб боради;

Лойиҳа офисининг ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир қарорлари ижро этувчи агентликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун мажбурийдир.


4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) бир ой муддатда ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича, жумладан, ижро этувчи агентликларнинг лойиҳаларни амалга ошириш учун жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида халқаро консультантларни жалб этишни таъминласин;

б) бир ой муддатда амалдаги ЛАОГлар фаолиятини, унинг самарадорлигини, ЛАОГлар фаолиятини ташкил этишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши, шунингдек, улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ҳолатини ўргансин ҳамда чуқур таҳлил қилсин;

в) 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда халқаро консультантлар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар ва ЛАОГлар фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

молиялаштирувчи ХМИ ва ХҲМТ билан келишилган ҳолда ЛАОГлар сонини уларни бирлаштириш ёки тугатиш орқали қисқартиришни, шунингдек, уларда меҳнат қилаётган ходимлар сонини мақбуллаштиришни;

ХМИ ва ХҲМТ иштирокида кўриб чиқилатёган ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини идоралараро мувофиқлаштириш тартибини белгилашни, шунингдек, лойиҳаларни бошқариш, жумладан, давлат харидларини амалга ошириш ҳамда бухгалтерия ҳисобини юритиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутувчи қарори лойиҳасини киритсин.


5. Белгилансинки, мазкур қарорнинг 4-банди "в" кичик бандида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилингунга қадар ЛАОГлар ва ижро этувчи агентликларнинг инвестиция лойиҳалари бўйича жорий тадбирларни бажаришга доир функциялари аввал белгиланган тартибга мувофиқ сақланиб қолади.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 22 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 25 июнь, 25-сон, 498-модда