язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Умумий масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2018 й. ПФ-5468-сон "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

29.06.2018 й.

N ПФ-5468



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

СОЛИҚ СИЁСАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

КОНЦЕПЦИЯСИ ТЎҒРИСИДА


Солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни тезкор ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг муҳим шартлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, ўрганишлар натижалари мазкур соҳада бир маромда иқтисодий ўсишга, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлиги зарурий даражасини таъминлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни кўрсатди, хусусан:

биринчидан, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун солиқ юки даражасининг юқорилиги, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимида солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги фарқнинг сезиларлилиги;

иккинчидан, қўшилган қиймат солиғини ундиришнинг самарасиз тизими, солиқ тўловчиларнинг айланма маблағларини жалб қиладиган, шунингдек, истеъмол маҳсулотининг оралиқ ва якуний қиймати қимматлашишига олиб келадиган ҳамда йирик ва кичик бизнес ўртасидаги кооперацияни ривожланишига тўсқинлик қиладиган мажбурий тўловларнинг мавжудлиги;

учинчидан, солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини яширишга олиб келувчи меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқ ставкаларининг юқорилиги;

тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектларни солиқ ва божхона, шу жумладан, индивидуал хусусиятга эга бўлган имтиёзлар ҳисобига қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли амалиёти, натижада соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи имтиёзларнинг самарадорлигини назорат ва мониторинг қилиш тизимининг мавжуд эмаслиги;

бешинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашиш механизмларининг, электрон солиқлар маъмуриятчилиги ҳамда солиқ назоратини амалга оширишнинг шакл ва услубларининг такомиллашмаганлиги;

олтинчидан, ўтказиладиган назорат тадбирларининг сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ва инсофли тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашишларни камайтиришга тўсқинлик қиладиган назорат фаолиятини амалга оширишда хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва бошқаришнинг аниқ тизими йўқлиги;

еттинчидан, маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг маъмуриятчилиги механизмларининг самарасизлиги оқибатида уларни йиғилувчанлик даражаси етарли эмаслиги, шунингдек, кўчмас мулк ва ер участкаларини тўлиқ ҳисобга олиш ва қийматини объектив аниқлашнинг мавжуд эмаслиги.

Мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва халқаро экспертларнинг тавсияларидан келиб чиқиб:


1. Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

иқтисодиётга солиқ юкининг даражасини камайтириш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш;

солиқларни унификация қилиш йўли билан уларни мақбуллаштириш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга бўлган солиқларни бирлаштириш, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш, операцион харажатларни минималлаштириш;

макроиқтисодий вазиятнинг барқарорлигини, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва унинг даромадларини мустаҳкам шакллантиришни таъминлаш;

солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш;

солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳавола қилувчи нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда солиқ қонунчилигининг барқарорлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш, шу жумладан, кодексда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкалари миқдорларини белгилаш;

хорижий инвесторлар ва инвестициялар учун қулай режимни сақлаб қолиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳуқуқий ҳимоялаш;

солиқ назоратининг шакл ва механизмларини, шу жумладан, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, трансфер нархларни шакллантириш билан боғлиқ операцияларга солиқ солиш тартибини жорий этиш.


2. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб:


а) биринчидан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки қуйидагилар орқали камайтирилади:

барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш. Бунда, фуқароларнинг айрим тоифалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади;

фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш;

пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитал)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, бошқа юридик шахснинг устав жамғармаси (капитал)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми тегишли бўлган устав жамғармаси (капитал)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 25 фоиз этиб, қолган юридик шахслар учун 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилган ставкада белгилаш;


б) иккинчидан, айланмадан (ялпи тушумдан) солиқларни оптималлаштириш билан умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқлар тўловчиларни солиққа тортиш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш мезонлари қуйидагилар орқали такомиллаштирилади:

давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилиш;

юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун  22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш, шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) учун, рентабеллик даражасидан келиб чиқиб улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартибини бекор қилган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача ошириш;

дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш;

ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки жорий йил давомида ушбу белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш. Бунда, йиллик айланманинг (ялпи тушумнинг) 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори ҳар 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади;

барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этиш;

қўшимча фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини, шу жумладан, роялти тўлашни жорий этиш орқали такомиллаштириш;


в) учинчидан, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш чоралари қуйидагилар орқали амалга оширилади:

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини, бино ва иншоотлардан, шу жумладан, илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун юқори ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда 5 фоиздан 2 фоизга пасайтириш;

йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун айланмадан (ялпи тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш имкониятини белгилаш;

ягона ер солиғи тўловчилари учун амалдаги солиқ солиш тартибини сақлаб қолиш.


г) тўртинчидан, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қуйидагилар орқали такомиллаштирилади:

қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва имтиёзлар сонини камайтириш, шунингдек, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкасини пасайтириш орқали қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдордаги амалдаги ставкасини сақлаб қолиш;

ҳозирги вақтда сотиб олинадиган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуқини бериш;

тегишли тадбирларни молиялаштириш учун маблағларни республика бюджетига ўтказиш йўли билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг хар бир ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлигига ўрнатилган акциз ва йиғимларни бирлаштириш.


3. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ва самарасиз солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларини бекор қилиш бўйича янгиланган ишчи комиссия таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи комиссия (Б. Мавлонов):

бир ҳафта муддатда тегишли йўналишлар бўйича эксперт гуруҳлари фаолиятини, шу жумладан, улар ишига солиққа тортиш соҳасида амалий тажрибага эга экспертлар ва бизнес вакилларини жалб қилган ҳолда ташкил этсин;

2018 йил 1 ноябрга қадар самарасиз солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларини бекор қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ ва Божхона кодексларига мувофиқ доимий амалда бўладиган солиқ ҳамда божхона имтиёзларини тақдим этиш тартибини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлашни таъминласин;

2018 йил 1 декабрга қадар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси лойиҳасини Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, унинг кенг жамоатчилик муҳокамасини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси лойиҳасини тайёрлашда ва Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилишда техник жиҳатдан кўмаклашишни таъминлаш учун Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш чораларини кўрсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

а) солиқ мажбуриятларини бажарувчи солиқ тўловчилар маъмурий харажатларининг кескин ошишини олдини олишга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар тасдиқласин:

давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ва солиқ тўловчиларнинг, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш бўйича малакасини ошириш;

солиқ ҳисоботини соддалаштириш ва унинг автоматлаштирилган бухгалтерия ҳисобини юритувчи дастурий маҳсулотлар билан интеграциялашувини таъминлаш;

солиқ маъмуриятчилигини, шу билан бирга солиқларни тўлаш даврийлигини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини;

пенсияларни ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг персоналлаштирилган ҳисобини юритиш тартибини жорий қилиш;

б) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилишига рухсат этилган фаолият турларини танқидий кўриб чиқиш ва қисқартиришни таъминласин;

в) маълумотлар базалари солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базасига интеграция қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларнинг рўйхатини тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар вазирлик ва идораларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаси ишончлилигини ўргансин ва уларнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда юридик шахслар кўчмас мулкининг бозор қийматини аниқлаш механизмини оммавий баҳолаш бўйича илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда жорий қилиш юзасидан комплес чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банки ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 августга қадар стратегик режалаштириш ва прогнозлашнинг замонавий услубларидан фойдаланган ва мазкур Фармон билан белгиланган солиқ тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини инобатга олган ҳолда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозини ишлаб чиқишни таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари  молия вазири Ж.А. Қўчқоров:

2019 йил учун бюджетномада ушбу Фармон билан белгиланган тартиб ва қоидаларни назарда тутсин;

2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тақдим этиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларининг 2020-2021 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли бюджет мўлжалларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2019-2021 йилларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ишлаб чиқишда хориждан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига молиялаштириладиган сарф-харажатларни инобатга олмаган ҳолда унинг мутаносиблигини таъминласин.


8. Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги раҳбарлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бюджет тизими бюджетларининг прогноз параметрлари бажарилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.


9. Молия-бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон Республикаси бюджетининг баланслашган ижросини таъминлаш учун:

вазирликлар ва идоралар, ишончли бошқарувчилар ҳамда давлатнинг ишончли вакиллари 2019 йилдан бошлаб устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан дивидендлар сўзсиз ҳисобланишини, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат унитар корхоналари томонидан уларнинг соф фойдасидан 30 фоиз миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда давлат мулки бўйича ижара тўловларининг минимал ставкаларини ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ йиғилишини, иш билан банд фуқароларнинг максимал қонунийлаштирилишини ва иш ҳақи фондини кўпайтиришни таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишган ҳолда икки ой муддатда қадам-бақадам аниқ ҳаракатларни ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат солиқ, молия органлари ва бошқа органларнинг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг қатъий жавобгарлигини назарда тутган ҳолда солиқ солиш базасини кенгайтириш, бюджетга қўшимча тушум манбаларини аниқлаш, шунингдек, унинг баланслилигини ҳамда дефицит юзага келишига йўл қўймасликни таъминлаш бўйича туманлар ва шаҳарлар кесимида "Йўл хариталари"ни тасдиқласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ишларини, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тизимли равишда ташкил этсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ҳисоб палатаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш фактларини бартараф этишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўламаганликлари учун масъулиятини оширишга қаратилган чораларни кучайтириш бўйича таклифлар киритсин.


12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси  Президенти                                        Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 29 июндаги

ПФ-5468-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг

янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишни

мувофиқлаштириш ҳамда самарасиз солиқ ва

божхона имтиёзлари ва преференцияларини бекор

қилиш бўйича ишчи комиссиянинг янгиланган

ТАРКИБИ

1. Б.М. Мавлонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, ишчи комиссия раҳбари


2. Д.Р. Ли

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, ишчи комиссия раҳбарининг ўринбосари


3. О.Б. Рустамов

-

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари


4. С.С. Саидкаримов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари


5. Р.К. Давлетов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири


6. М.М. Мирзаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари


7. А.Я. Хайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари


8. Б.А. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


9. Ж.О. Арипов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари


10. И.К. Жасимов

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари


11. А.М. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг масъул ходими


12. М.П. Оллоёров

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг масъул ходими


Ишчи комиссия котибияти:

13. Ш.Ф. Озодзода

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг масъул ходими


14. Л.М. Хисматова

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг бошқарма бошлиғи


15. Ж.Б. Нигматов

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг директори


16. Д.Ш. Султанов

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи


17. Х.Б. Исматов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бош бошқармасининг бошлиғи, ишчи комиссия котиби


Изоҳ: Ишчи комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 30 июнь


"Халқ сўзи", 2018 йил 30 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 июль, 26-сон, 509-модда