язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Никоҳ ва оила/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепцияси (ЎзР Президентининг 27.06.2018 й. ПҚ-3808-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 27 июндаги

ПҚ-3808-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида оила

институтини мустаҳкамлаш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Давлат ижтимоий сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланган оила сиёсати аҳоли бандлигини ва реал даромадларини изчил ошириб боришга, фуқаролар фаровонлигини оширишга, ижтимоий муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Давлат органларининг, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги тизимининг аниқ ишлаши, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларини сўзсиз амалга ошириш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал қилиш ушбу мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу билан бирга, оила институти ҳозирги ҳолатининг таҳлили мазкур соҳадаги ислоҳотларни тўлақонли амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан:

тегишли идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, оилани ривожлантириш масалалари бўйича давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий сектор ҳамкорлиги паст даражада;

оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги илмий тадқиқотлар ихтисослиги тор, ҳозирги ҳаёт воқелигидан узилиб қолган, илмий тадқиқотлар натижалари амалиётга суст жорий этилмоқда;

оиланинг демографик ривожланишида ўзгаришлар юз бермоқда, оила ажралишлари сони ўсмоқда, мазкур соҳада салбий тенденциялар ва муаммолар сабабларини асословчи тадқиқотлар етишмаяпти;

оилада, таълим муассасаларида маданий-тарихий мерос салоҳиятидан суст фойдаланилмоқда, миллий менталитетимизга ёт бўлган ғоя ва қарашлар таъсирининг олдини олиш борасидаги ишлар самарасиз;

оила институтини мустаҳкамлашнинг қонунчилик асослари мукаммал эмас, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва илғор хориж амалиётини ўрганиш асосида оилани ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжуд эмас;

мутахассислар етишмайди ва кадрлар малакаси паст даражада, таълим тизимида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш механизми йўлга қўйилмаган, оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича ўқув дастурлари мукаммал эмас.

Оила институтини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш соҳасидаги мавжуд камчиликлар жойларда йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, мазкур соҳада кутилаётган ижобий натижаларга эришиш имконини бермаяпти.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) муваффақиятли амалга ошириш орқали, биринчи навбатда, "Фаровон оила  жамият равнақининг асоси" концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган янги оила моделини шакллантиришнинг алоҳида моҳиятини ҳисобга олган ҳолда, давлат сиёсатининг қуйидаги устувор вазифалари ва асосий йўналишлари назарда тутилмоқда:



I. ОИЛА ИНСТИТУТИНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ

ИНСТИТУЦИОНАЛ ВА ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ИЖТИМОИЙ

ШЕРИКЛИКНИ КУЧАЙТИРИШ


1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини уларнинг оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга таъсири нуқтаи назаридан баҳолаш.


2. Ҳуқуқни қўллаш амалиётини, тадқиқотлар натижаларини ҳамда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида оилани ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосни яратиш.


3. Кўп болали оилаларга ва ижтимоий-маиший шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга имтиёзли кредитлар (ипотека, истеъмол ва бошқа) беришни ва ер майдонларини тақдим этишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш.


4. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ифодаловчи ҳамда уларнинг ҳаёти ва фаолиятининг асосий тенденцияларини акс эттирувчи статистика кўрсаткичлари тизимини такомиллаштириш.


5. Тадқиқотларни молиялаштиришнинг мослашувчан тизимини жорий этиш, шу жумладан, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратиш, олиб борилаётган тадқиқотларнинг оилалар реал эҳтиёжлари билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш.


6. Оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича идоралараро ҳамкорликни ҳамда давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий секторнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш.



II. ЗАМОНАВИЙ ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАШ

ВА РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА

ФУНДАМЕНТАЛ, АМАЛИЙ ВА ИННОВАЦИОН

ТАДҚИҚОТЛАР ОЛИБ БОРИШ


1. Анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда замонавий оила моделини шакллантириш учун тарихий-маданий шарт-шароитларни комплекс тадқиқ этиш, уларни кенг тарғиб қилиш ва ҳаётга жорий этиш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш.


2. Ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик, оиладаги можаро ва зўравонликлар, оилалар ажрашиши ҳамда уларнинг ижтимоий оқибатларини комплекс тадқиқ этиш асосида уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.


3. Ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш, оилавий турмуш тарзи қадриятларини оширишни тарғиб қилишда, оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларни профилактика қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.


4. Муқобил оилавий васийликни танлаш, қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш (бола асраб олувчи ота-оналарни топиш ва тайёрлашни йўлга қўйиш, фарзанд асраб олган оилаларни профессионал қўллаб-қувватлаш ва васийлик сифатини мониторинг қилиш тизимини яратиш) ҳамда хориж амалиётини Ўзбекистон шароитига мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


5. Хайрия фаолияти ҳолатини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларни оғир турмуш шароитида қолган оилаларни қўллаб-қувватлашга рағбатлантиришни назарда тутадиган амалий тавсиялар ишлаб чиқиш.


6. Оилавий муаммолар бўйича магистрлик ва докторлик диссертациялари мавзулари доирасини кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш, жаҳон илм-фанида маҳаллий ишланмаларнинг рақобатдошлигини ошириш.


7. Халқаро стандартларга жавоб берадиган илмий журнал таъсис этиш, маҳаллий ва хорижий олимларнинг оилани мустаҳкамлаш масалаларига доир нашрларини кўпайтириш.



III. ДЕМОГРАФИК РИВОЖЛАНИШНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ОИЛА ФАРОВОНЛИГИ

ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ


1. Оиланинг репродуктив саломатлигига ва демографик ривожланишига доир масалаларни, оилаларнинг фаровонлик ва хотиржамлик даражасини комплекс тадқиқ этиш ҳамда муаммоларни омилли асосда таҳлил қилиш.


2. Никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш тизимини такомиллаштириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш.


3. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш ва ўқув дастурларини тизимлаштириш, оиланинг оқилона репродуктив ахлоқини ва оилани режалаштиришни шакллантириш, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш.


4. Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, вояга етмаган фарзандларни, ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган ота-оналарни, шунингдек, ёлғиз ва кўп болали ота-оналарни ишга жойлаштиришда кўмаклашиш.


5. Оила аъзоларини тадбиркорлик асосларига ўқитиш, оилавий тадбиркорликни, касаначиликни, ҳунармандчиликни, ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш. Вояга етмаган фарзандларни, ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган ёлғиз ва кўп болали ота-оналарга ўзларига тегишли ер участкаларидан самарали фойдаланишида кўмаклашиш.



IV. ОИЛАНИНГ ТАРБИЯВИЙ-ТАЪЛИМ

САЛОҲИЯТИНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ЖАМИЯТДА

АНЪАНАВИЙ ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИ

САҚЛАШ, ОИЛАЛАРДА МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ

МУҲИТНИ ЯХШИЛАШ


1. Ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларни ва ота-онага ҳамда катта ёшдаги инсонларга ҳурматни шакллантириш, оиланинг тарбиявий ва маданий-илмий салоҳиятини ошириш.


2. Оиланинг бирдамлигини мустаҳкамлашга, оилада авлодлар ўртасидаги ўзаро алоқани сақлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган оилавий анъаналарни ривожлантириш.


3. Ота-оналари ёки васийлари фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган вояга етмаган болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, руҳий қўллаб-қувватлаш тизим ва механизмлари самарадорлигини ошириш.


4. Оилаларда ички оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитини амалий ҳал қилиш механизмларини жорий этиш.


5. Оилавий нотинчлик, болаларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлиги, шунингдек, болалар орасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга доир самарали механизмларни жорий қилиш.


6. Ўсмирлар, ёшлар, ёш ота-оналар билан уларнинг билим даражасини ошириш ва ибратли ота-оналик кўникмаларини шакллантириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш.



V. ОИЛАЛАРГА ТАЪСИРЧАН МЕТОДИК,

КОНСУЛЬТАТИВ ВА АМАЛИЙ ЁРДАМ

КЎРСАТИШНИНГ САМАРАЛИ

ТИЗИМИНИ ЯРАТИШ


1. Демография, социология, оилавий психология, ижтимоий фаолият бўйича кадрларни тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.


2. Фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссияси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, низолашиш арафасида ва низоли вазиятда бўлган оилалар билан ишни ташкил қилишнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш.


3. Оилаларга тадбиркорлик фаолияти асосида ижтимоий ва психологик ёрдам беришга қаратилган хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш.


4. Оилалар билан ишлайдиган мутахассислар учун оилаларга таъсирчан услубий, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида профессионал супервизия тизимини ишлаб чиқиш.


5. Оғир турмуш шароитида қолган шахсларга мўлжалланган ижтимоий мослашув марказлари ва "Ишонч телефонлари" фаолиятини такомиллаштириш.



VI. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепциянинг асосий йўналишлари уларни демографик, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги давлат сиёсатининг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланди.

Кутилаётган натижалар самарадорлиги ва унга эришиш даражаси Концепцияда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг доимий мониторинги натижалари асосида баҳоланади.

Оилани мустаҳкамлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда янги оила моделини шакллантиришга қаратилган қуйидагилар мазкур Концепцияни амалга ошириш самарадорлигининг кўрсаткичлари бўлади:

фарзанд тарбиясида оиланинг жавобгарлигини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, сақлаш ва ривожлантириш, оила аъзоларининг ҳуқуқларига риоя қилиш;

оилаларда тинч, дўстона ва аҳиллик муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларга аниқ мазмун бахш этиш;

оила институти соҳасидаги фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг аниқ мақсадга қаратилганлигини ҳамда долзарблигини таъминлайдиган тизимни жорий қилиш ва тадқиқотлар натижаларини амалиётда қўллаш;

оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, оилалар фаровонлигини ҳамда тинч-тотувлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш;

оилаларга таъсирчан, сифатли, услубий ва консультатив ёрдам бериш ҳамда оғир турмуш шароитида, уларнинг оилавий муаммоларини ҳал қилишда амалий ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш;

амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари асосида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда оилалардаги низолар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича таълим тизимини такомиллаштириш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли вазиятларни ҳал қилиш, ажрашишларнинг олдини олиш соҳасида, шунингдек, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича кадрлар малакасини оширишнинг самарали шаклларини жорий этиш;

жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда, мустаҳкам оилаларни шакллантиришда, соғлом фарзандлар туғилишида, соғлом турмуш тарзига амал қилишда, боланинг оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқини таъминлашда, баркамол авлодни тарбиялашда, муносиб кексаликни таъминлашда оиланинг ўрни ва ролини ошириш.

Жамиятда замонавий оила моделини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини тўлиқ рўёбга чиқариш оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг пировард натижасига айланиши керак.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 29 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 июль, 26-сон, 514-модда