ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўсимлик дунёсини муҳофазаси қилиш, ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш /

Ўзбекистон Республикасининг 31.08.1995 й. 113-I-сон "Ўсимликлар карантини тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири) (ЎзР 09.07.2018 й. ЎРҚ-484-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

31.08.1995 й.

N 113-I



ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунчилик

Ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


зарарли организм - ўсимликларнинг, ҳайвонларнинг ёхуд касаллик қўзғатувчи агентларнинг ўсимликларга ёки ўсимлик маҳсулотларига зарар етказувчи ҳар қандай тури, хили ёки биотипи;


карантин остидаги маҳсулот - ўсимликлар карантини объектларини ташувчилар бўлиши мумкин бўлган ўсимликлар, уларнинг қисмлари, экиш материаллари, қайта ишлаш маҳсулоти, бошқа маҳсулот ва юклар;


карантин рухсатномаси - карантин остидаги маҳсулотни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга ёки унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга рухсат берилганлигини тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан берилган ҳужжат;

карантин чекловлари - карантин остидаги маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишни, ташишни ва ундан фойдаланишни ўсимликлар карантини объектлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида муайян муддатга чекловчи фитосанитария тадбирлари;


фитосанитария сертификати - карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини объектлари мавжуд эмаслигини тасдиқловчи халқаро намунадаги ҳужжат;


фитосанитария чоралари - ўсимликлар карантини объектлари кириб келишининг ёки тарқалишининг олдини олишга ёхуд тартибга солинадиган, карантин остида бўлмаган зарарли организмларнинг иқтисодиётга таъсир кўрсатишини чеклашга қаратилган тартиб-таомиллар (кўздан кечириш, таҳлил қилиш, назорат қилиш, курашиш, тақиқ қўйиш ва бошқалар);


фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилиш - ўсимликлар карантини объектларини аниқлаш ва улар бўйича мутаносиб фитосанитария чораларини қабул қилиш мақсадида биологик, илмий ва иқтисодий маълумотларни баҳолаш жараёни;


фумигация - ўсимликлар карантини объектларини ва бошқа зарарли организмларни йўқ қилиш мақсадида уларни кимёвий воситаларнинг газлари билан зарарсизлантириш;


ўсимликлар карантини - қишлоқ хўжалигига ва бошқа ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган ўсимликлар карантини объектлари кириб келишининг, тарқалишининг олдини олишга ҳамда бундай объектларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар мажмуи;


ўсимликлар карантини объекти (карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организм) - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлмаган ёки чекланган тарзда мавжуд бўлган, тарқалиши катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган ва карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмларга қарши курашиш объекти ҳисобланган зарарли организм;


ўсимликлар карантини объектларини ташувчилар - ўсимликлар карантини объектларининг тарқалишига имконият туғдириши мумкин бўлган транспорт воситалари, қишлоқ хўжалиги машиналари, ерга ишлов бериш қуроллари, идишларнинг барча турлари, айрим саноат товарлари, қадоқлаш воситалари, шунингдек ўсимлик материалларидан тайёрланган буюмлар, яхлит тошлар, тупроқ намуналари ва (ёки) бошқа объектлар.



4-модда. Фитосанитария талаблари

Карантин остидаги маҳсулотга, уни олиб киришга, олиб чиқишга, ишлаб чиқаришга, қайта ишлашга, сақлашга, ташишга, реализация қилишга ва йўқ қилишга доир талабларни белгилайдиган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган ҳужжатлар фитосанитария талабларидир.

Фитосанитария талаблари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (бундан буён матнда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги деб юритилади) томонидан тасдиқланади.

Фитосанитария талаблари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ва ижобий хулоса олинганидан кейин ҳисобга қўйилади.

Фитосанитария талаблари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



2-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ

СОҲАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


5-модда. Ўсимликлар карантини соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ўсимликлар карантини соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ўсимликлар карантини бўйича давлат назоратини амалга ошириш;

ташқи ва ички ўсимликлар карантини бўйича тадбирлар тизимини амалга ошириш;

ўсимликлар карантини соҳасида фитосанитар хавфсизликни таъминлаш;

ўсимликлар карантини соҳасида самарали мониторинг олиб бориш тизимини ишлаб чиқиш;

ўсимликлар карантини соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг ўсимликлар карантини

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ўсимликлар карантини соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳужжатларни, хусусан, карантин рухсатномасини, транспорт бирликларини очиш тўғрисидаги далолатномани, карантин кўриги далолатномасини, фитосанитария сертификатини, ички фитосанитария сертификатини ва реэкспорт учун фитосанитария сертификатини бериш тартибини белгилайди;

ўсимликлар карантини соҳасида мониторингни амалга ошириш тартибини белгилайди;

фитосанитарияга оид хавф таҳлилини ўтказиш, зарарли организмлардан холи зоналар ва зарарли организмлар сони кам бўлган зоналарни эълон қилиш ҳамда бундай зоналар мақомини бекор қилиш тартибини белгилайди;

Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудларини ўсимликлар карантини остида деб эълон қилади ҳамда зарур карантин чекловларини ўрнатади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

ўсимликлар карантини соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;

ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг тақдимномаларига кўра тегишли ҳудудларни ўсимликлар карантини остида деб эълон қилади ва зарур карантин чекловларини ўрнатади;

ўсимликлар карантинига доир тадбирларни ўтказишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг,

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг

ўсимликлар карантинига доир тадбирларни

ўтказишдаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

тегишли ҳудудда ўсимликлар карантини соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

тегишли ҳудуд аҳолисини ўсимликлар карантини объектлари тарқалганлиги тўғрисида хабардор қилишда ўсимликлар карантини давлат инспекторларига кўмаклашади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларни ўтказишда ҳам иштирок этиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ўсимликлар карантини объектларининг кириб келишидан ёки тарқалишидан ҳимоя қилишда (фитосанитар хавфсизлик) давлат органларига ва бошқа органларга зарур ёрдам кўрсатиши мумкин.



3-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ ВА ҲИМОЯСИ БЎЙИЧА

ДАВЛАТ ХИЗМАТИ ТИЗИМИ. ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ ВА

ҲИМОЯСИ БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТИГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


9-модда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси

бўйича давлат хизмати тизими

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати тизимини:

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари;

туман (шаҳар) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимлари;

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти (бундан буён матнда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти деб юритилади);

Республика агрокимёвий таҳлил маркази;

Қорақалпоғистон Республикасидаги ва вилоятлардаги чигирткага ва тут парвонасига қарши курашиш хизматлари;

"Биосифат" республика маркази;

ўсимликлар карантини бўйича ташқи иқтисодий фаолият чегара пунктлари, ўсимликлар карантини бўйича давлатлараро чегара пунктлари, республика ички автомобиль йўлларидаги, темир йўл станцияларидаги, аэропортлардаги, дарё портидаги ўсимликлар карантини чегара пунктлари ва почтамтдаги ўсимликлар карантини пункти ташкил этади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича махсус ваколатли давлат органидир.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бўйсунади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига, шунингдек тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бўйсунади.

Туманлар ва шаҳарларнинг ўсимликлар карантини давлат инспекторлари, ўсимликлар карантини бўйича ташқи иқтисодий фаолият чегара пунктлари, ўсимликлар карантини бўйича давлатлараро чегара пунктлари, республика ички автомобиль йўлларидаги, темир йўл станцияларидаги, аэропортлардаги, дарё портидаги ўсимликлар карантини чегара пунктлари ва почтамтдаги ўсимликлар карантини пункти тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаларига бўйсунади.



10-модда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси

бўйича давлат хизматига раҳбарлик қилиш

Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматига раҳбарликни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматига раҳбарликни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаларининг бошлиқлари Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади. Туман ва шаҳарларнинг ўсимликлар карантини давлат инспекторлари Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади.

Ўсимликлар карантини бўйича ташқи иқтисодий фаолият чегара пунктларидаги, ўсимликлар карантини бўйича давлатлараро чегара пунктларидаги, республика ички автомобиль йўлларидаги, темир йўл станцияларидаги, аэропортлардаги, дарё портидаги ўсимликлар карантини чегара пунктларидаги ва почтамтдаги ўсимликлар карантини пунктидаги ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматига ўсимликлар карантини бўйича тегишли чегара пунктларининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод қилинадиган мудирлари бошчилик қилади.



11-модда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси

агентлигининг ваколатлари

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги:

ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ўсимликлар карантини бўйича дастурлар ва тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади, бу дастурлар ва тадбирларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз вақтида бажарилиши учун жавобгар бўлади;

ўз ваколатлари доирасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқлар чиқаради, йўриқномаларни, ўсимликлар карантини қоидаларини ва фитосанитария талабларини белгиланган тартибда тасдиқлайди ҳамда ташкилотлар ва аҳоли эътиборига етказади;

карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш чоғидаги ўсимликлар карантини қоидаларини белгилайди, халқаро савдо контрактларига (шартномаларига) Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига ўсимликлар карантини объектлари кириб келишининг ва тарқалишининг олдини олишни таъминлайдиган талаблар киритилишини кўриб чиқади, шунингдек хулосалар беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар рўйхатини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган экиш материаллари, карантин остидаги маҳсулотлар ва уларнинг тарқалиш ҳудудлари рўйхатини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлайди;

фитосанитария талабларини тасдиқлайди;

ўсимликлар карантини бўйича ташқи иқтисодий фаолият чегара пунктлари, ўсимликлар карантини бўйича давлатлараро чегара пунктлари, республика ички автомобиль йўлларидаги, темир йўл станцияларидаги, аэропортлардаги, дарё портидаги ўсимликлар карантини чегара пунктлари ва почтамтдаги ўсимликлар карантини пункти, шунингдек зарарсизлантириш (фумигация) бўлимлари, чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизматлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

карантин рухсатномасини беради;

ўсимликлар карантини соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади, халқаро ташкилотларда ўсимликлар карантини бўйича Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилади;

зарарсизлантириш (фумигация) бўлимларини ташкил этади, ўсимликлар карантини объектларига қарши кураш олиб боришда томорқа, фермер ва деҳқон хўжаликларига, ўрмон хўжаликларига, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахсларга хизматлар кўрсатади;

экспортга жўнатилаётган ва хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг ҳамда ўсимликлар карантини объектларини ташувчиларнинг карантин текширувини ва лаборатория экспертизасини ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини карантиндаги ҳудудларга ва микроҳудудларга бўлиб чиқади;

карантиндаги зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашиш борасидаги илм-фан ютуқларини ва илғор тажрибани, инновацион услублар, воситалар ва усулларни тарғиб қилиш ҳамда ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга, аҳоли ўртасида ўсимликлар карантини объектлари тўғрисидаги билимларни тарқатишга доир ишларни ташкил этади;

тегишли ҳудудда карантинни жорий этиш (бекор қилиш) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ўсимликлар карантини, карантин чекловларини қўллаш бўйича ҳар йилги дастурларни ҳамда тадбирлар режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

фитосанитарияга оид хавф таҳлилини ўтказади;

фитосанитария чораларини ишлаб чиқади ва қўллайди;

зарарли организмлардан холи зоналарни ва ўсимликлар карантини объекти сони кам бўлган зоналарни белгилайди, заруратга қараб бундай зоналарнинг мақомини бекор қилади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди учун потенциал хавф туғдирадиган зарарли организм аниқланган ёки бундай ҳолатлар тўғрисида хабар қилинган тақдирда, тезкор чоралар кўради;

карантин остидаги маҳсулотда, шунингдек ўсимликлар карантини аҳамиятига эга бўлмаган, фойдаланилиши катта иқтисодий зарарга келтириши мумкин бўлган ва шу муносабат билан фитосанитария чоралари кўрилиши лозим бўлган экиш материалида зарарли организмларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришнинг олди олиниши устидан назорат олиб боради;

қўлланиладиган фитосанитария чоралари бўйича асосни (фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилишнинг илмий принциплари ва натижалари ҳамда фитосанитария чоралари бўйича халқаро стандартлар асосида) тақдим этади;

чет давлатнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича ваколатли органини Ўзбекистон Республикасига экспорт ёки реэкспорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотга нисбатан қўйиладиган фитосанитария талабларига риоя этилмаганлиги ҳоллари тўғрисида хабардор қилади;

Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинган карантин остидаги маҳсулотга нисбатан импорт қилувчи мамлакатнинг эътирозларини текшириш натижалари тўғрисида импорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органини хабардор қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудлари миқёсида ўсимликлар карантини объектини бартараф этиш ва унинг ўчоғи кенгайишига йўл қўймаслик дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантин остидаги маҳсулот олиб кирилаётган мамлакатни аниқлайди;

чет давлатнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича ваколатли органи, Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти доирасидаги Фитосанитария чоралари бўйича комиссияси Котиби эътиборига Ўзбекистон Республикаси учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар рўйхати, кўрилган фитосанитария чоралари ҳамда тезкор чоралар тўғрисидаги маълумотни етказади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар

карантини ва ҳимояси агентлигининг, вилоятлар ҳамда

Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси

бошқармаларининг ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари:

карантин остидаги маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилиш, қабул қилиш пунктлари жойлашган ерларни ва уларга туташ ҳудудларни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни, ўрмон фондининг, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерларини ўсимликлар карантини объектларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида назорат текширувларидан ўтказишни ташкил этади;

аниқланган зарарланиш ўчоқларининг кенгайишига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш, шунингдек ўсимликлар карантини объектларини олиб кириш йўлларини аниқлаш ҳамда тўсиш бўйича шошилинч чоралар кўради;

фитосанитария сертификатини, ички фитосанитария сертификатини, реэкспорт учун фитосанитария сертификатини, транспорт бирликларини очиш тўғрисидаги далолатномани ва карантин кўриги далолатномасини беради;

Ўзбекистон Республикасига хорижий мамлакатлардан келадиган карантин остидаги маҳсулотни соғломлаштириш ва зарарсизлантириш, шунингдек транспорт воситаларини зарарсизлантириш устидан назоратни амалга оширади;

тегишли ҳудудни ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш (карантинни бекор қилиш), зарур карантин чекловларини қўллаш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар юборади;

туманлар ва шаҳарлар миқёсида ўсимликлар карантини объектини бартараф этиш ва унинг ўчоғи кенгайишига йўл қўймаслик дастурларини ишлаб чиқади, шунингдек уларни тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига киритади;

экспорт учун юкланаётган карантин остидаги маҳсулотнинг қайта зарарланишининг олдини олишга ва унинг расмийлаштирилган фитосанитария сертификатига мувофиқ бўлишини таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


13-модда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти

Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматининг илмий таъминотини Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти амалга оширади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти ўсимликлар карантини объектларининг биоэкологик хусусиятларини ва уларга қарши курашиш усулларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш соҳаси ходимларининг касбий билимлари ва малакаси оширилишини, ўсимликлар карантини объектлари тўғрисидаги билимларнинг аҳоли ўртасида тарқатилишини таъминлайди.


14-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат

чегарасидаги ўсимликлар карантини пунктлари

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган карантин остидаги маҳсулотни (шу жумладан транзит юкларни) текшириш ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан ўсимликлар карантини чегара пунктларида ўтказилади.

Ўсимликлар карантини чегара пункти Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси пунктида, ички ҳудудлараро чегара пунктларида ташкил қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хоналар билан, текширувлар ўтказиш ва намуналар олиш, фитосанитария экспертизасини ва фумигация ишларини амалга ошириш учун воситалар, алоқа воситалари ва Интернет тармоғи билан таъминланади.

Ўсимликлар карантини давлат инспектори фитосанитария сертификатининг қалбакилигини, белгиланган талабларга мувофиқ эмаслигини аниқлаган ёки карантин остидаги маҳсулотларда ўсимликлар карантини объектлари мавжудлиги тўғрисида шубҳа бўлган тақдирда, ушбу карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини тегишли чегара пунктида ушлаб турилади ва бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига хабар берилади.


15-модда. Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг бош директори Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторидир, унинг биринчи ўринбосари, ўринбосари ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институтининг директори - Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг ўринбосарларидир.

Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаларининг бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларидир.

Туманлар ва шаҳарлар ўсимликлар карантини давлат инспекторлари ҳамда агроном-энтомологлари ўз фаолиятини тегишли ҳудудда амалга оширади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаларининг, туман (шаҳар) ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимларининг агрономлари, ўсимликлар карантини бўйича ташқи иқтисодий фаолият чегара пунктларидаги, ўсимликлар карантини бўйича давлатлараро чегара пунктларидаги, республика ички автомобиль йўлларидаги, темир йўл станцияларидаги, аэропортлардаги, дарё портидаги ўсимликлар карантини чегара пунктларининг, шунингдек почтамтдаги ўсимликлар карантини пунктининг мудирлари ҳамда агрономлари, зарарсизлантириш (фумигация) бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикасидаги ва вилоятлардаги чигиртка ҳамда тут парвонасига қарши курашиш бўйича хизматларнинг бошлиқлари ўсимликлар карантини давлат инспекторларидир.



16-модда. Ўсимликлар карантини давлат

инспекторларининг ҳуқуқлари

Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:

карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳудудига монеликсиз киришга;

ўсимликлар карантини қоидалари ва фитосанитария талабларининг бузилишларини бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритишга;

лаборатория текширувлари ва тегишли экспертиза ўтказиш учун карантин остидаги маҳсулотдан намуналар олишга;

ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда ўсимликлар карантини қоидаларига мувофиқ карантин чекловлари ўрнатишга, олиб кирилган карантин остидаги маҳсулотни ушлаб туришга, олиб қўйишга ёки қайтариб юборишга;

кириб келаётган ва жўнатилаётган, ушбу Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ ўсимликлар карантинига доир тадбирлар татбиқ этиладиган юклар тўғрисида божхона органларидан, темир йўл станцияларининг, автовокзалларнинг (автостанцияларнинг), аэропортларнинг, дарё портларининг (пристанларининг), почтамтларнинг, деҳқон бозорларининг ва бошқа ташкилотларнинг маъмуриятларидан маълумотлар талаб қилишга;

зарур бўлган тақдирда карантин остидаги маҳсулотни кўздан кечириш ва зарарсизлантириш ишларини амалга ошириш учун ёрдамчи ишчилар, хизмат хоналари ва ёрдамчи материаллар берилишини юкларнинг эгаларидан талаб қилишга.

Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


17-модда. Ўсимликлар карантини давлат

инспекторларининг мажбуриятлари

Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари:

ўсимликлар карантини объектларининг ўсимликлар карантини объектларидан холи бўлган ҳудудга кириб келишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриши;

ўсимликлар карантини объектларига ташхис қўйиш мақсадида лаборатория текширувлари ва бошқа текширувлар ўтказилишини ташкил этиши;

тегишли органлар ва ташкилотларни чегараолди ҳудудларда, қўшни давлатларда юзага келган карантин ҳолати тўғрисида хабардор қилиши, ўсимликлар карантинига доир тадбирларни амалга ошириши ҳамда зарур тавсиялар бериши;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, юридик ва жисмоний шахсларга зарур фитосанитария талабларини бажариш тўғрисида тақдимномалар юбориши;

ўсимликлар карантини объектларидан холи зоналар ва ўсимликлар карантини объектлари сони кам бўлган зоналар устидан назоратни амалга ошириши;

ўсимликлар карантини қоидаларига номувофиқлик ва фитосанитария талаблари бузилганлиги фактлари аниқланганда темир йўл вагонларидан, кемалардан, самолётлардан ва бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишга доир тақиқ ўрнатиши шарт.

Ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


4-БОБ. ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ

ОРГАНЛАРИНИНГ, ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ

ШАХСЛАРНИНГ ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ

СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


18-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви

органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг

ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳуқуқлари

Карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарур ҳолларда, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати вакиллари билан биргаликда ўсимликлар карантини қоидалари ва фитосанитария талаблари сўзсиз бажарилишини таъминловчи тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш;

ўсимликлар карантини объектларини аниқлаш учун ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматидан карантин остидаги маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва қабул қилиш пунктлари жойлашган ерларни, уларга туташ ҳудудларни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни, ўрмон фонди ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерларини назорат текширувларидан ўтказишни талаб қилиш;

ўсимликлар карантини объектлари тўлиқ йўқ қилинганидан кейин ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига карантин чекловларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш.

Карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви

органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг

ўсимликлар карантини соҳасидаги мажбуриятлари

Карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар:

ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати назорати остида текширишга (кўздан кечиришга) ва ўсимликлар карантини объектларига қарши курашишга доир ишларни, шунингдек ушбу карантин объектлари тарқалишининг олдини олишга доир тадбирларни амалга ошириши;

белгиланган тартибда карантин рухсатномаси ва (ёки) ички фитосанитария сертификати олинмаган карантин остидаги маҳсулотни қабул қилмаслиги;

хорижий мамлакатлардан ва Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудудларидан карантин остидаги маҳсулотни олиб киришда ўсимликлар карантини қоидаларига риоя қилиши;

тегишли юклар сақланадиган омборхоналарда ҳар йили камида бир марта профилактик фумигация ишларини белгиланган тартибда амалга ошириши шарт.

Карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ўсимликлари, доривор ўсимликлар, дарахт ва буталар етиштириш, ўсимликларнинг янги навлари селекцияси билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар ўсимликлар карантини объектларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида экинлар ва дарахтларни тизимли равишда кузатиб боришни амалга ошириши, улар аниқланган тақдирда эса бу ҳақда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматини дарҳол хабардор қилиши, шунингдек аниқланган ўсимликлар карантини объектларини бартараф этиш бўйича чоралар кўриши шарт.


5-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИГА

ДОИР ТАДБИРЛАР ВА УЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


20-модда. Ўсимликлар карантинига доир тадбирлар

Ўсимликлар карантинига доир тадбирларнинг мақсади ўсимликлар карантини объектларининг хорижий мамлакатлардан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини объектлари тарқалган ҳудудидан Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини объектларидан холи бўлган ҳудудларига кириб келиши натижасида зарар етказилиши хавфининг олдини олиш, уни чеклаш ва бартараф этишдан иборат.

Ўсимликлар карантинига доир тадбирлар:

табиий шароитлардаги мавжуд ўсимлик дунёсига, қишлоқ хўжалигига, ўрмонларга, доривор, манзарали ўсимликларга, шу жумладан уларнинг уруғлари, кўчатлари ва қисмларига (қаламчаси, пиёзи, тугунаги, мевасига ва бошқаларга), шунингдек ўсимликлар карантини объектларини ташувчи бўлиши мумкин бўлган бошқа ўсимлик маҳсулотига;

тирик замбуруғларга, бактериялар, вируслар, нематодалар, каналар, ҳашаротларга;

ҳашаротларнинг, ўсимликлар касалликларини қўзғатувчиларнинг коллекцияларига ва улар етказадиган зарарларнинг намуналарига, шунингдек гербарийларга ва уруғларнинг коллекцияларига;

хорижий мамлакатлардан ва Ўзбекистон Республикасининг  ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудудларидан кириб келаётган ўсимликларга, қишлоқ хўжалиги машиналарига, ерга ишлов бериш қуролларига, идишларнинг барча турларига, айрим саноат товарларига, қадоқлаш воситаларига, шунингдек ўсимлик материалларидан тайёрланган буюмларга, яхлит тошларга, тупроқ намуналарига, транспорт воситаларига ҳамда бошқа ўсимликлар карантини объектларини ташувчиларга;

ўсимлик маҳсулотини етиштирадиган, тайёрлайдиган, ғамлайдиган, қайта ишлайдиган ҳамда реализация қиладиган корхоналар ва ташкилотларнинг ҳудудлари ва биноларига, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга ва ўрмон фонди ерларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига, шунингдек қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилмайдиган ерларга (йўлларга, электр ўтказгичлар атрофидаги ерларга ва бошқаларга) ҳамда давлатнинг чегараолди ҳудудларига нисбатан татбиқ этилади.



20-1-модда. Фитосанитария чоралари

Фитосанитария чоралари Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилишнинг илмий принциплари ва натижаларига, фитосанитария чоралари бўйича халқаро стандартларга асосланган ҳолда қабул қилинади.

Фитосанитария чоралари янги илмий-техник ишланмалар ва асослар юзага келишига қараб қайта кўриб чиқилиши ва янгиланиши лозим.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фитосанитария чоралари қабул қилинганлиги, қўлланилганлиги, бекор қилинганлиги тўғрисида йигирма тўрт соат ичида эълон қилади ҳамда бу ҳақда бевосита тегишли чет давлатларнинг ваколатли органларини хабардор қилади.

Карантин остидаги маҳсулотни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чоғида аниқланган янги зарарли организм тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фитосанитарияга оид хавф баҳолангунига қадар вақтинчалик тезкор фитосанитария чораларини қабул қилади ва қўллайди.



21-модда. Карантин ўрнатиш ва уни бекор қилиш тартиби

Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган ҳолларда туман (шаҳар) ўсимликлар карантини давлат инспекторининг тақдимномасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан фермер ва деҳқон хўжаликларининг, ўрмон хўжаликларининг ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портлари, шаҳарчалар, посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек уларга туташ ҳудудлар ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинади ёки уларда зарур карантин чекловлари ўрнатилади.

Туманлар ва шаҳарларни ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш ёки карантин чекловларини ўрнатиш тегишли ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг ҳудудларини ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш ёки карантин чекловини ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудудда ўсимликлар карантини ўчоғининг тарқалишига йўл қўйилмайди, унга туташ ҳудудларда ўсимликлар карантини объектлари тарқалишининг олдини олишга ва уларни йўқ қилишга қаратилган ўсимликлар карантинига доир тадбирлар ўтказилади.

Карантин остидаги маҳсулотни карантин чекловлари ўрнатилган ҳудудлардан олиб чиқиш ва улардан фойдаланиш шартлари ўсимликлар карантини қоидалари ва фитосанитария талаблари асосида амалга оширилади, бундан зарарланган маҳсулот мустасно.

Зарарланган маҳсулотдан фойдаланиш шартлари ўсимликлар карантини қоидаларига мувофиқ ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан белгиланади.

Ҳудудда ўрнатилган карантин чекловлари ўсимликлар карантини бўйича зарур тадбирлар ўтказилганидан ва ўсимликлар карантини объектлари тўлиқ йўқ қилинганидан кейин, тегишли ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномаларига кўра чекловлар ўрнатган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан ёки Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бекор қилинади.



21-1-модда. Ўсимликлар карантини объектини бартараф

этиш ва унинг ўчоғи кенгайишига йўл қўймаслик дастури

Ўсимликлар карантини объектини бартараф этиш ва унинг ўчоғи кенгайишига йўл қўймаслик дастури янги зарарли организм аниқланган тақдирда, фитосанитарияга оид хавфни, ўсимликлар карантини объектининг биологик хусусиятларини ва унинг аниқланиш ҳолатларини, географик жиҳатдан ўзига хос хусусиятларни, мавсумий хусусиятга эга омилларни таҳлил қилиш асосида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Туманлар ва шаҳарлар миқёсида ўсимликлар карантини объектини бартараф этиш ва унинг ўчоғи кенгайишига йўл қўймаслик дастури тегишли ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўсимликлар карантини объектини бартараф этиш ва унинг ўчоғи кенгайишига йўл қўймаслик дастури Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



22-модда. Фитосанитар дала назорати ва уни ташкил этиш

Фитосанитар дала назорати ўсимликларнинг ва ўсимлик маҳсулотининг фитосанитар тозалигини таъминлаш, уларда ўсимликлар карантини объектларининг мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

Фитосанитар дала назорати ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан амалга оширилади. 

Фитосанитар дала назорати ўтказилганидан кейин далолатнома тузилади ва амалга оширилиши зарур бўлган тадбирлар белгиланади.



23-модда. Ўсимликлар карантини соҳасидаги

лаборатория текширувлари

Ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувлари карантин остидаги маҳсулотнинг қисмларини ва (ёки) намуналарини улар зарарланганлигини ёки зарарланмаганлигини, уларда ўсимликлар карантини объектлари мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлардан иборат ва бу тадқиқотлар қонунчиликка мувофиқ аккредитация қилинган лабораторияларда ўтказилади.

Ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувлари:

карантин остидаги маҳсулотнинг ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг олиб бориш;

фитосанитар хавфни таҳлил қилиш;

фитосанитария сертификатини бериш;

карантин рухсатномасини бериш;

илмий изланишларни амалга ошириш мақсадида ўтказилади.

Ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувлари қонунчиликка мувофиқ бошқа мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


24-модда. Карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси

Карантин остидаги маҳсулот олиб кирилаётганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташилаётганда, олиб чиқилаётганда транспорт воситаларидаги ва бўш омборлардаги фумигация ишлари фақат зарарсизлантириш (фумигация) бўлимлари томонидан амалга оширилиб, уларнинг якуни бўйича зарарсизлантириш тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилади.



25-модда. Ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг юритиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг юритиш ўсимликлар карантини объектларини аниқлаш, кузатиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва уларнинг тарқалишини прогноз қилиш тизимидан иборатдир.

Ўсимликлар карантини соҳасидаги мониторинг:

ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишига, тарқалишига ҳамда биоэкологик хусусиятларга таъсир кўрсатишига кўмаклашувчи омилларни аниқлаш ва баҳолаш;

ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш йўлларини ва тарқалган ҳудудларни аниқлаш;

ўсимликлар карантини объектлари ўчоқларини аниқлаш;

ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

фитосанитар хавфни аниқлаш ва таҳлил қилиш мақсадида амалга оширилади.

Ўсимликлар карантини соҳасидаги мониторинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилади.


6-БОБ. ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ

СОҲАСИДАГИ АХБОРОТНИНГ ОЧИҚЛИГИ


26-модда. Ахборотдан фойдаланиш

Ўсимликлар карантини соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шу жумладан фитосанитарияга оид хавф таҳлили натижалари, фитосанитария талаблари, фитосанитария чоралари, карантин остидаги маҳсулот олиб кириладиган ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктларининг рўйхати, шунингдек карантиндаги ҳудудлар, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ўсимликлар карантини соҳасидаги бошқа ахборот оммавий ахборот воситаларида ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



27-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг

фитосанитар ҳолати тўғрисидаги миллий маъруза

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг фитосанитар ҳолати тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг фитосанитар ҳолати тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.


7-БОБ. КАРАНТИН ОСТИДАГИ МАҲСУЛОТНИ

ОЛИБ КИРИШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ


28-модда. Олиб кирилаётган, олиб чиқилаётган

ва транзит тарзида олиб ўтилаётган карантин

остидаги маҳсулотга нисбатан талаблар

Олиб кирилаётган, олиб чиқилаётган ва транзит тарзида олиб ўтилаётган карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини объектларидан холи бўлиши ҳамда унинг ҳар бир туркуми фитосанитария сертификатларининг асл нусхалари билан таъминланган бўлиши керак.

Карантин остидаги маҳсулот олиб кирилаётганда, олиб чиқилаётганда ва транзит тарзида олиб ўтилаётганда ўсимликлар карантини қоидалари ҳамда фитосанитария талабларига риоя қилиниши керак.



29-модда. Карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш

Карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органларига эга бўлмаган хорижий мамлакатлардан карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан карантин остидаги маҳсулотнинг ҳар бир туркумига алоҳида-алоҳида бериладиган карантин рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар карантин остидаги маҳсулотни олиб киришда:

карантин остидаги маҳсулотни Ўзбекистон Республикасига етказиб беришга ёки унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга доир савдо шартномаларига (контрактларига) ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишининг олдини олишни таъминлайдиган фитосанитария талабларини киритиши;

хорижий мамлакатлардан карантин остидаги маҳсулотни харид қилиш чоғида, зарур бўлган тақдирда, бу мамлакатлардаги карантин остидаги маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини ўрганиш учун ўсимликлар карантини бўйича мутахассисларни юборишни назарда тутиши шарт.

Олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини чегара пунктларида ўсимликлар карантини давлат инспекторлари томонидан мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим.

Карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш амалга ошириладиган ўсимликлар карантини чегара пунктлари Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан белгиланади.

Қўшни давлатлардан ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши ва тарқалиши таҳдиди юзага келган тақдирда, ваколатли органларнинг қарорига кўра хавф туғдирувчи участкалардаги чегара вақтинча ёпиб қўйилади.

Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш тақиқланади, бундан уларнинг илмий мақсадларда олиб кирилаётган намуналари мустасно.

Фитосанитарияга оид юқори хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни, шу жумладан экиш, пайвандлаш, кўпайтириш учун мўлжалланган экиш материалларини, хусусан кўчатлар, илдизлар, барглар, қаламчалар, уруғлар, тугунаклар, пиёзбошлар, илдизпояларни ёки уларнинг қисмларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориш, шу жумладан багажда ва қўл юкида олиб ўтиш тақиқланади. Ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланмаган айрим меваларни, янги ҳўл мева ва сабзавотларни йўловчиларнинг қўл юкида ўтказишга ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан рухсат берилади. Алоҳида қимматга эга бўлган уруғлар, ўсимликлар ёки экиш материаллари илмий-тадқиқот муассасаларининг манзилига йўлланган тақдирда, улар ўсимликлар карантини давлат инспекторининг хулосасига кўра интродукция карантин кўчатхонасига текшириш учун юборилиши керак.

Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва савдо ваколатхоналари томонидан карантин остидаги маҳсулотни хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасига юк билан олиб кириш ва почта орқали жўнатиш, мамлакат ичида ташиш ҳамда ундан фойдаланиш ўсимликлар карантини қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Олиб кирилган карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини объектлари аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда бир сутка ичида мажбурий фумигация қилинади ёки бошқа усуллар билан зарарсизлантирилади, бегона ўтлардан тозаланади, яширин зарарланишларни аниқлаш ва соғломлаштириш мақсадида оранжереяларга ва карантин кўчатхоналарига ўсимликлар карантини қоидаларига мувофиқ экилади. Бу ўсимлик материалига техник жиҳатдан ишлов берилади ёки улардан ҳудуди ўсимликлар карантини объектлари тарқалиши хавфидан холи бўлган туманларда фойдаланилади. Яширин зарарланишни аниқлаш алоҳида ҳолларда лаборатория текшируви асосида амалга оширилиши мумкин.

Олиб кирилган карантин остидаги маҳсулотни зарарсизлантириш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан ишчи кучидан, транспортдан, хоналардан ва ёрдамчи материаллардан фойдаланиш тегишли юкни олувчилар ёки карантин остидаги маҳсулотни жўнатувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

Карантин остидаги маҳсулот мавжуд бўлган транзит юклар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати томонидан текширувдан ўтказилиши лозим. Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган тақдирда, мазкур юклар ушлаб турилиши, зарарсизлантирилиши ёки уни экспорт қилган мамлакатга қайтариб юборилиши керак.


30-модда. Карантин остидаги маҳсулотни олиб чиқиш

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини қоидаларига, фитосанитария талабларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро шартномалари қоидаларига мувофиқ бўлиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатига киритилмаган бўлиши керак.

Карантин остидаги маҳсулотнинг ҳар бир туркумига белгиланган намунадаги фитосанитария сертификати илова қилинган бўлиши керак.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31-модда. Ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



32-модда. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича

давлат хизмати тизимини молиялаштириш

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати тизими Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш ва фитосанитар хавфсизликни таъминлаш учун ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади.

Ўсимликлар карантини соҳасида кўрсатиладиган пулли хизматлардан олинган даромадлар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати тизими ходимларини рағбатлантиришга, унинг моддий-техника базасини ривожлантиришга ҳамда ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа харажатларнинг ўрнини қоплашга сарфланади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматининг олиб кирилаётган, олиб чиқилаётган ва транзит тарзида олиб ўтилаётган карантин остидаги маҳсулотни текшириш ҳамда кўздан кечириш, шунингдек зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ барча харажатларининг ўрни тегишли юридик ва жисмоний шахслар маблағлари ҳисобидан қопланади.


33-модда. Низоларни ҳал этиш

Ўсимликлар карантини соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



34-модда. Ўсимликлар карантини тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 10 июль


"Халқ сўзи", 2018 йил 10 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 июль, 27-сон, 538-модда








































Время: 0.2087
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск