язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Ўсимлик дунёсини муҳофазаси қилиш, ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш/ Ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар учун фитосанитар сертификатини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.01.2018 й. 65-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 29 январдаги

65-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар

учун фитосанитар сертификатини бериш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар экспорти учун фитосанитар сертификатини бериш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар - ўсимликлар, уларнинг қисмлари, экиш материаллари, қайта ишлаш маҳсулотлари, ўсимликлар карантинидаги зарарли организмларни олиб ўтувчиси бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган маҳсулотлар ва юклар;


фитосанитар сертификат - экспорт қилаётган мамлакатнинг ваколатли давлат органлари томонидан ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларнинг ҳар бир транспорт бирлигига бериладиган ва ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларнинг ўсимликлар карантинидаги объектлар билан зарарланмаганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


3. Фитосанитар сертификати Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини инспекциялари (кейинги ўринларда ҳудудий инспекциялар деб аталади) томонидан берилади.


4. Фитосанитар сертификатида белгиланган талабларга юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) ва ҳудудий инспекциялар томонидан назорат қилинади.


5. Фитосанитар сертификати Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларни экспорт қилишда ушбу юкларни карантиндаги ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлар билан зарарланмаганлигини тасдиқлаш мақсадида берилади.


6. Фитосанитар сертификати талаб этиладиган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


7. Инспекция юридик ва жисмоний шахслар томонидан фитосанитар сертификатини олиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.


8. Фитосанитар сертификатини бериш мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ФИТОСАНИТАР СЕРТИФИКАТИНИ БЕРИШГА

ДОИР ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР


9. Қуйидагилар фитосанитар сертификати бериш учун риоя этилиши мажбурий талаблар ва шартлар ҳисобланади:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, жумладан карантин қоидаларига, шунингдек фитосанитар талабларга риоя этилиши;

ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан ўз ваколати доирасида юборилган зарур фитосанитар талаблар бажарилиши бўйича тақдимномаларни бажариш, ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда ўсимликлар карантини қоидаларига мувофиқ ўрнатилган чеклашлар ва кўрсатмаларга риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар халқаро фитосанитар талабларга, савдо шартномаларида (битимларида) назарда тутилган фитосанитар шартларга жавоб бериши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши мумкин бўлмаган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар рўйхатига кирмаган бўлиши;

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар етиштирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинмаган бўлиши;

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларни импорт қилувчи мамлакат ҳудудига Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан карантиндаги зарарли организмлар кириб бориш хавфи мавжуд бўлмаслиги;

фитосанитар сертификатини бериш натижасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ёки ўсимлик дунёси объектларига ҳамда уларнинг яшаш муҳитига ҳақиқатда хавф солмаслиги;

фитосанитар сертификатини олиш учун юридик ва жисмоний шахслар аризани ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш режалаштирилган кундан олдин исталган вақтда тегишли ҳудудий инспекцияга тақдим қилиши.

10. Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларни фумигация қилиш талаб этилган ҳолларда юридик ва жисмоний шахслар фумигация ишларини ўтказиш учун зарур бино ва иншоотлар билан таъминлайдилар.



3-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ФИТОСАНИТАР

СЕРТИФИКАТИНИ БЕРИШ ЁКИ ФИТОСАНИТАР

СЕРТИФИКАТИНИ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


11. Фитоснитар сертификатини олиш учун юридик ва жисмоний шахслар (кейинги ўринларда ариза берувчилар деб аталади) тегишли ҳудудий инспекцияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

фитоснитар сертификатини бериш тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза;

фитоснитар сертификатини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати.

Ариза берувчидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


12. Ариза ҳудудий инспекцияга ариза берувчилар томонидан бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақидаги хабарнома билан бирга тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ариза ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


13. Фитоснитар сертификатини олиш учун ҳудудий инспекцияга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат ҳудудий инспекциялар томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда дарҳол ариза берувчига топширилади (юборилади).


14. Ариза берувчилар томонидан тақдим этилган ариза барча ҳолларда, токи ваколатли орган уларнинг ишончсизлигини исботламагунгача ишончли ҳисобланади.


15. Ариза кўриб чиқилганлиги учун:

10 кг гача бўлган бир дона жўнатма (қўл юки) учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн беш фоизи миқдорида;

100 кг гача юк ортилган бир транспорт бирлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн саккиз фоизи миқдорида;

500 кг гача юк ортилган бир транспорт бирлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма фоизи миқдорида;

1000 кг гача юк ортилган бир транспорт бирлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш фоизи миқдорида;

1000 кг дан ортиқ юк ортилган бир транспорт бирлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси Инспекциянинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Ариза берувчи берилган аризасидан воз кечган ёки ариза кўриб чиқилгандан сўнг фитосанитар сертификатини бериш рад этилган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


16. Ҳудудий инспекциялар аризани кўриб чиқишда фитосанитар сертификатини бериши учун бошқа ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш соддалаштирилган тартибда "бир дарча" орқали амалга оширилади, бунда ҳудудий инспекциялар мазкур ҳужжатларни юридик ва жисмоний шахсларнинг иштирокисиз мустақил равишда олади.


17. Фитосанитар сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчилар томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни давомида қабул қилинади ва бу ҳақидаги тегишли ҳужжатни ариза берувчиларга бериш (юбориш) ёки бундай ҳужжатни бериш рад этилганлиги тўғрисида ҳудудий инспекция уни ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

18. Фитосанитар сертификати махсус рақамланган, ҳимояланган ҳолатда мазкур Низомга 3-иловага ёки 3а-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.

Фитосанитар сертификати берилган кундан бошлаб ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотлар Ўзбекистон Республикасидан импортёр мамлакатга етиб борган кунгача амал қилади.


19. Қуйидагилар фитосанитар сертификатини беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

фитосанитар сертификати берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг ариза берувчилар томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

ариза берувчиларнинг рухсат беришга доир талаблар ва шартларга мувофиқ эмаслиги;

ариза берувчилар томонидан тақдим этилган аризада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асослантирилган салбий хулоса олинганлиги.

Ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа ҳолатларда фитосанитар сертификати беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


20. Фитосанитар сертификатини беришнинг рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома ариза берувчига ёзма шаклда, рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этиб ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат фитосанитар сертификатини бериш рад этилганлиги ҳақидаги ёзма хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


21. Ариза берувчи фитосанитар сертификатини беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш, фитосанитар сертификати бериш ёки уни беришни рад этиш ариза берувчидан рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида тегишли ҳудудий инспекция томонидан такроран кўриб чиқилади. Ариза такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


22. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ариза берувчига илгари ёзма хабарномада баён қилинмаган рад этиш сабабларининг тегишли ҳудудий инспекция томонидан келтирилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.


23. Фитосанитар сертификатини бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин ариза берувчи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва тегишли ҳудудий инспекция томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


24. Ариза берувчи фитосанитар сертификатини беришнинг рад этилганлиги, шунингдек тегишли ҳудудий инспекция мансабдор (ваколатли) шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



4-БОБ. ФИТОСАНИТАР СЕРТИФИКАТИНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА

ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


25. Фитосанитар сертификатини олган юридик шахс қайта рўйхатдан ўтганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда, етти иш куни давомида тегишли ҳудудий инспекцияга фитосанитар сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани, кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.


26. Фитосанитар сертификатини олган жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида берилган гувоҳномада кўрсатилган фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатадиган жойи ўзгарган тақдирда етти иш куни давомида тегишли ҳудудий инспекцияга фитосанитар сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани, кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши шарт.


27. Фитосанитар сертификати қайта расмийлаштирилгунига қадар, уни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ҳуқуқий вориси (меросхўри) фитосанитар сертификатини қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган, қабул қилиб олинган санаси ҳақида тегишли ҳудудий инспекциянинг белгиси қўйилган ариза асосида унда кўрсатилган ҳаракатни ва (ёки) фаолиятни амалга оширади.


28. Фитосанитар сертификати қайта расмийлаштирилганда тегишли ҳудудий инспекция томонидан фитосанитар сертификатлари реестрига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Фитосанитар сертификатини қайта расмийлаштириш аризага тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ҳудудий инспекция томонидан қабул қилиб олинган иш куни давомида амалга оширилади.


29. Фитосанитар сертификатини қайта расмийлаштириш учун ариза берувчиларнинг фитосанитар сертификатини бериш тўғрисидаги аризаси ҳудудий инспекция томонидан кўриб чиқилганда ва фитосанитар сертификати қайта расмийлаштириб берилганда мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган сумманинг ярим миқдорида йиғим ундирилади.


30. Ҳудудий инспекциялар фитосанитар сертификати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат олинган кундан эътиборан бир иш кунидан кўп бўлмаган муддатда фитосанитар сертификатининг дубликатини бериши шарт. Ҳудудий инспекциялар томонидан фитосанитар сертификатининг дубликатини берганлик учун мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган сумманинг ярим миқдорида йиғим ундирилади.



5-БОБ. ФИТОСАНИТАР СЕРТИФИКАТИНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТУГАТИШ ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


31. Фитосанитар сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ҳамда уни бекор қилиш "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ФИТОСАНИТАР

СЕРТИФИКАТЛАРИ РЕЕСТРИ


32. Ҳудудий инспекциялар Фитосанитар сертификатлари реестрини юритади ва уларни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради.


33. Фитосанитар сертификатлар реестрида юридик ва жисмоний шахслар тўғрисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

фитосанитар сертификати берилган юридик шахслар тўғрисидаги асосий маълумотлар: номи, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), телефон рақами;

фитосанитар сертификати берилган жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами;

фитосанитар сертификатининг берилган санаси ва рақами;

фитосанитар сертификатининг амал қилиш муддати;

фитосанитар сертификатини қайта расмийлаштиришнинг асоси ва санаси, амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тиклаш;

фитосанитар сертификатининг амал қилишини тўхтатиш учун асос ва сана;

фитосанитар сертификатини бекор қилишнинг асоси ва санаси;

фитосанитар сертификатини тўхтатиб туриш, тугатиш, қайта расмийлаштириш ҳамда бекор қилишнинг асослари ва санаси;

фитосанитар сертификати дубликатини беришнинг асослари ва санаси.


34. Фитосанитар сертификатлар реестридаги маълумотлар юридик ва жисмоний шахслар учун очиқ ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг "Рухсатнома ҳужжатлари автоматлаштирилган ахборот тизими"га "реал вақт" режимида икки иш кунидан кечиктирилмаган муддатда жойлаштириб борилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўсимликлар карантини назоратидаги маҳсулотларни

республикадан олиб чиқишда рухсат бериш

тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби

СХЕМАСИ

        



Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Ариза берувчи - юридик ёки жисмоний шахс

            

Фитосанитар сертификатини олиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳудудий инспекцияга ёзма ёки "бир дарча" тамойили асосида белгиланган шаклга мувофиқ аризани тақдим этиш.

           

Ўсимликлар карантини

назоратидаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш режалаштирилган

кундан олдин исталган вақтда

2-босқич

Ҳудудий инспекциялар

          

1) Юридик ва жисмоний шахсларнинг фитосанитар сертификатини бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш.

        

Беш иш кун давомида

2) Юридик ва жисмоний шахсларга фитосанитар сертификатини бериш.

             

3) Фитосанитар сертификатини бериш рад этилган ҳолатларда юридик жисмоний шахсларга бу ҳақидаги маълумотни ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориш.

          






Низомга

2-ИЛОВА



Фитосанитар сертификатини бериш тўғрисида

АРИЗА



1. Юридик ва жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳақидаги маълумотлар (кераклисини белгиланг):


q- юридик шахс;


q- жисмоний шахс;


q- якка тартибдаги тадбиркор;

     

Рақами

берилган:

кун


ой

йил

      

Гувоҳнома берган орган номи:


2. Маҳсулотнинг номи ва миқдори:

      

Т/р

Маҳсулот номи

Ўлчов бирлиги

(кг., тонна, литр, дона,

метр/куб.)

Миқдори

ботаник (лотинча) номи

ишлаб чиқарилган ҳудуд

1.





2.





..







      

        

Олиб кирилаётган маҳсулот тўғрисидаги қўшимча маълумотлар


б). Маҳсулотнинг импорт шартномаси тўғрисидаги маълумотлар:

       

а) Рақами

Санаси:

кун


ой

йил


в) Юкнинг қадоқланиш тури: _______________________________________________________;


г) Юк қадоқланган идишларнинг сони: __________________________________________дона;


д) Юкнинг маркировкаси (кераклисини белгиланг):


q  Бор _________________________________________________________________;


q  Йўқ.


3. Маҳсулот импорт қилувчи тўғрисидаги маълумотлар:


а) импорт қилувчининг юридик манзили:


Кўча


Уй №:


Шаҳар (ҳудуд):


Давлат:


Почта индекси:


Электрон почта манзили:


4. Транспорт воситасининг тури (кераклисини белгиланг ва тўлдиринг):


q Автомобил транспорти ________________________________________________________;


q Темир йўл транспорти _________________________________________________________;


q Дарё транспорти (кема шу кабилар) _____________________________________________;


q Ҳаво транспорти ______________________________________________________________;


q Бошқа ________________________________________________________________________;


5. Юкни олиб чиқиш чегара масканининг номи:__________________________.



6. Юкни импортер мамлакатида карантин кўригидан ўтказиш жойининг манзили:___________________________________.



7. Юкни жўнатиш санаси:

    

кун


ой

йил

   

    

Муҳр                имзо                    ФИО






Низомга

3-ИЛОВА




Изоҳ. Ушбу фитосанитар сертификати билан юкка тегишли бўлган ҳар қандай молиявий жавобгарлик Ўсимликлар карантини хизмати ёки унинг ходими ҳамда вакиллари зиммасига юклатилмайди.

Примечание. Никаких финансовых обязательств в отношении настоящего сертификата и груза не налагается на службу по карантину растений или на кого-либо из ее инспекторов или представителей.

Note. No financial liability with respect to this certificate shall attach to Uzmainstatequarantine or to any inspectors and representatives






Низомга

3а-ИЛОВА




Изоҳ. Ушбу фитосанитар сертификати билан юкка тегишли бўлган ҳар қандай молиявий жавобгарлик Ўсимликлар карантини хизмати ёки унинг ходими ҳамда вакиллари зиммасига юклатилмайди.

Примечание. Никаких финансовых обязательств в отношении настоящего сертификата и груза не налагается на службу по карантину растений или на кого-либо из ее инспекторов или представителей.

Note: No financial liability with respect to this certificate shall attach to Uzstatequarantine or to any inspectors and representatives



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 февраль