язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Коидалар расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги/ Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар/ Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги Қоидалари (АВ томонидан 16.07.2018 й. 3039-сон билан рўйхатга олинган Фавқулодда вазиятлар вазирининг 07.06.2018 й. 342-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 16 июлда 3039-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Фавқулодда вазиятлар вазирининг

2018 йил 7 июндаги

342-сон буйруғига

ИЛОВА



Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 744-сон "Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, шунингдек кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш соҳасида давлат назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ гидротехника иншоотларининг (бундан буён матнда ГТИ деб юритилади) хавфсизлигини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ГТИ - тўғонлар (плотиналар), гидроэлектр станциялар бинолари, сув ташлаш, сув бўшатиш, сув ўтказиш ва сув чиқариш иншоотлари, туннеллар, каналлар, насос станциялари, сув омборлари қирғоқларини, дарёлар ва каналлар ўзанларининг қирғоқлари ва тубини тошқин ҳамда емирилишлардан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган иншоотлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг суюқ чиқиндилар сақланадиган жойларини ўраб турувчи иншоотлар (кўтармалар);


фойдаланувчи ташкилот - тасарруфида (балансида) ГТИ бўлган корхона, муассаса ва ташкилот;


фавқулодда вазият - муайян ҳудуддаги аварияга олиб келиши мумкин бўлган, шунингдек ГТИнинг аварияси натижасида вужудга келган бўлиб, одамлар қурбон бўлишига, одамлар соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етказилишига, жиддий моддий талафотларга ва одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган вазият;


ГТИ хавфсизлиги - ГТИнинг одамлар ҳаёти, соғлиғи ва қонуний манфаатларини атроф табиий муҳит ва хўжалик объектларини муҳофаза қилишни таъминлаш имконини берувчи ҳолати;


ГТИ хавфсизлиги мезонлари - ГТИ ҳолатининг ва ундан фойдаланиш шартларининг ГТИ аварияси хавфнинг йўл қўйиладиган даражасига мувофиқ миқдор ва сифат кўрсаткичларининг чекланган қийматлари.


2. Баъзи алоҳида ГТИлар учун фойдаланувчи ташкилот томонидан мазкур Қоидаларга зид бўлмаган хавфсизлик қоидалари ишлаб чиқилиши мумкин.


3. ГТИларда хавфсизлик декларацияси ва ГТИларнинг кадастрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 16 ноябрдаги 499-сон "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.


4. ГТИлар ҳудуди чегарасида фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган объектларни қуриш тақиқланади.


6. ГТИларда сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи минтақалари белгиланиши ва санитария муҳофазаси зоналари ташкил этилиши керак.


7. ГТИларда доимий хизмат қиладиган навбатчи ходимларни қиш мавсумида иситиш ва ёғингарчиликлардан ҳимоя қилиш учун, махсус турар жойлар ажратилиши лозим.

Махсус турар жойларнинг бинолари электрлаштирилган, тезкор алоқа воситалари, фойдаланиш учун столлар, ўтириш учун стул ва скамейкалар, ичимлик суви учун идиш, ташқи кийим учун илгаклар билан жиҳозланган бўлиши керак.


8. Совуқ даврларда хона ичидаги ҳаво ҳарорати 20 С дан паст бўлмаслиги керак. Бинонинг ёритилиши ушбу Қоидаларнинг 1-иловасидаги жадвалда келтирилган кўрсаткичларга мос келиши керак.


9. Ҳар бир бинода биринчи тиббий ёрдамчи воситалар бўлиши керак.


10. Жабрланганлар ёки иш жойида тўсатдан касал бўлиб қолганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин улар яқин жойлашган тиббий муассасага олиб борилиши керак.


11. ГТИларда бино ва иншоотларни ёнғиндан ҳимоя қилиш мавжуд ёнғин хавфсизлиги қоидалари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, тармоқ стандартлари талабларига жавоб бериши керак.


12. Ҳар бир бинода ёнғинни назорат қилиш органлари билан келишилган ҳолда, фойдаланувчи ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланган ёнғин хавфсизлиги чоралари шунингдек, ёнғинни ўчиришнинг бирламчи усули мавжуд бўлиши керак.


13. Фойдаланувчи ташкилот ГТИларини қўриқланишини ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиши керак.


14. Ўта муҳим тоифали объектларни қўриқланиши Республика идоралараро комиссияси томонидан белгиланган ихтисослаштирилган хавфсизлик фойдаланувчи ташкилотлари томонидан амалга оширилади.


15. ГТИлар комплекси таркибига кирувчи иншоотлардан фойдаланиш фойдаланувчи ташкилот томонидан тасдиқланган йўриқнома талабларига, технологик ускуналар эса ишлаб чиқарувчининг йўриқномасига мувофиқ амалга оширилиши керак.


16. ГТИлардан фойдаланиш йўриқномаси камида 1 йилда 1 марта қайта кўриб чиқилиши лозим.

ГТИлардан фойдаланиш йўриқномасига ўзгартиришлар киритилганда барча ходимларга етказилиши ва таништирилиши зарур ҳамда бу ҳақда тегишли журналга қайд этилиши шарт.


17. Ходимлар учун хавф туғдириши мумкин бўлган ГТИлардан фойдаланиш, фойдаланувчи ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган йўриқнома асосида амалга оширилади. Хавф туғдирувчи ГТИлар рўйхати фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.


18. Аварияларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган материаллар, ускуналар, инструментлар, инвентарь, автоматлаштириш, алоқа, энергия таъминоти ва ёнғин хавфсизлиги воситалари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1064-сон қарори билан тасдиқланган Гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича авария моддий-техника захираларини яратиш тартиби тўғрисидаги низом асосида жойлаштирилади.

19. ГТИларида транспорт воситалари ва механизмларни эркин ҳаракатланишига тўсқинлик бўлмаслиги керак. Кириш йўллари яхши ва соз ҳолда сақланиши лозим. Кириш йўли чизмаси, одамлар ва транспорт ҳаракати учун олдиндан белгиланиши ва ушбу ҳудуддаги ишлар учун жалб этилган барча транспорт воситалари ҳайдовчиларига етказилиши керак.


20. ГТИлар ҳудудига бегона транспорт воситаларининг кириши тақиқланади.


21. ГТИлардан хавфсиз фойдаланиш учун масъул бўлган техник раҳбар, гидротехника соҳасида олий маълумотли мутахассислар орасидан тайинланади.

ГТИлардан фойдаланиш бўйича бўлинмалар мутахассислари тегишли участкаларда иш олиб бориши ва ускуналар билан ишлаш ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун олий ёки ўрта-махсус маълумотга, иш тажрибасига эга бўлишлари ва ўқув курсларини ўтаган бўлишлари керак.


22. Ҳар бир ходим ГТИни техник ҳолатига таъсир кўрсатадиган ёки техник жиҳозларнинг нотўғри ишлаши ёки назорат ўлчов асбоблари (бундан буён матнда НЎА деб юритилади) кўрсаткичлари бузилишлари, фуқаролар ҳаёти ва атроф-муҳитга таъсири, хавф туғдириши мумкинлигини аниқлаган ҳолда тезкорлик билан бевосита бошлиғига ёки юқори турувчи раҳбарга етказиши ва ўзининг мансаб йўриқномасига мувофиқ аниқланган носозликларни бартараф этиш чораларини кўриши зарур.


23. Мутахассис ва ишчилар гидромеханик ускуналар, юк кўтариш кранлари ва бошқа кўтариш иншоотлари, босимли ускуналар, электр қурилмаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ва бошқа ихтисослаштирилган ишларини бажариш учун махсус тайёргарликдан ўтишлари лозим ва тегишли низом талабларига мувофиқ ишлашга йўл қўйилади.


24. Фойдаланувчи ташкилотда барча техник воситалар ва ускуналарнинг рўйхати техник раҳбар томонидан тасдиқланган бўлиши керак, уларни таъмирлаш ишлари рухсатнома-наряди бериш асосида амалга оширилиши лозим.


25. ГТИларни, тармоқ ва асбоб-ускуналарни капитал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари ҳар йили техник раҳбар томонидан тасдиқланадиган режалаштирилган таъмирлаш графиги орқали амалга оширилади.


26. ГТИлардан фойдаланиш барча зарур қурилиш машиналари, механизмлари, транспорт воситалари, кузатув мосламалари ва материаллари ёрдамида амалга оширилиши керак.

ГТИлардан фойдаланиш уларнинг хавфсизлиги ҳолатини ва ишончли ишлашини, шунингдек технологик асбоб-ускуналарни узлуксиз ишлашива тежамкорлигини таъминлаш зарур.


27. Авария-тиклаш ишлари авария содир бўлганида имкон қадар тез амалга оширилади, одамлар ҳаётига ва катта моддий зиённи келиб чиқишига таҳдид соладиган носозликлар зудлик билан бартараф этилади.


28. ГТИлардан фойдаланувчи ташкилот мазкур Қоидаларнинг 2-иловасидаги схемада фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар режаси (бундан буён матнда ФВҲР деб юритилади)ни тузишини ва тасдиқлашини таъминлаши шарт.


29. ФВҲР ГТИлардан фойдаланиш ташкилотининг техник раҳбари томонидан тайёрланади ва тасдиқланади. ГТИларида ўзгаришлар юзага келиши билан уч кун муддат ичида ФВҲРга зарурий ўзгартиришлар киритилиб, манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ва имзо қўйдирилган ҳолда тегишли мансабдор шахсларга етказилиши лозим.


30. Фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолларда ва уларни бартараф этиш жараёнида шахсан иштирок этиши ва ҳаракат қилиш тартиби бўйича мутахассисларни ўқитишни фойдаланувчи ташкилотнинг техник раҳбари амалга оширади, ишчиларни эса тегишли бўлинма бошлиғи ўқитади.

Ишчи ва мутахассисларни ўқитиш ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш ва уларнинг шахсий карточкасига тегишли белги қўйиш ва имзолатиш йўли билан ҳар йили амалга оширилади. Билим даражаси ҳар йили текшириб борилади.


31. ФВҲРга мувофиқ аттестациядан ўтмаган ходимларни ишга олинишига йўл қўйилмайди.


32. ГТИларда ходимлар учун кўринарли жойда ФВҲР, диспетчерлар хонасида эса фавқулодда вазиятларда хабардор қилиш тартиби ўрнатилиши керак.


33. Ишчи ходимлар томонидан ФВҲРни амалга ошириш бўйича ўқув машғулотлари ГТИлардан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан ҳар йили тасдиқланган жадвалга мувофиқ белгиланган муддатда амалга оширилади.



2-БОБ. ГТИДАН ФОЙДАЛАНИШДА

ЗАРУР БЎЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


34. Ҳар бир тузилма (бўлинма, участка)да мутахассислар орасидан техник ҳужжатларни қабул қилиш ва сақлаш учун масъул бўлган ходим тайинланиши лозим, ҳужжатларни сақлаш учун хона (шкафлар) ажратилиши, сақланган ва берилган ҳужжатларнинг ҳисобини олиб бориш бўйича журнал юритилиши лозим.


35. Лойиҳа, ижроия қурилиш ҳужжатлари ва иншоотларнинг аввалги йиллар ҳолатини назорат қилиш материалларини сақлаш жойи ва тартиби фойдаланувчи ташкилот раҳбарининг буйруғи билан белгиланади. Ҳужжатлар махсус ҳисобга олиш журналида қайд этилиб, унда ушбу ҳужжатларни доимий сақлаш жойи ва уларнинг архив рақамлари кўрсатиб олиб борилиши лозим.


36. Техник ҳужжатларни қабул қилиш ва сақлаш бўйича масъул ходим ўзгарганида барча мавжуд ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилиши керак. ГТИлардан фойдаланиш учун зарур бўлган техник ҳужжатларни қабул қилиш ва топшириш комиссия томонидан амалга оширилади ва фойдаланувчи ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган далолатнома билан расмийлаштирилади.


37. ГТИ ва асбоб-ускуналар нормал даражада ишлашини таъминлаш учун қуйидаги асосий ҳужжатлар бўлиши лозим:

ГТИларни қурилиши учун ер танлаш ва ажратиш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ёки Ҳукумат қарори;

тасдиқланган лойиҳа ёки ишчи лойиҳага барча ўзгартиш ва қўшимчалар, лойиҳа экспертизаси материаллари билан;

ГТИлар ва бошқа объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш учун ишчи ҳужжатлар;

фойдаланишга топширилган объектлар ва ГТИларнинг ижро этувчи қурилиш ҳужжатлари;

сув ҳисоблагич воситалари, пьезометрлар, шелемерлар, маркалар, ва реперларни ўрнатиш учун қабул қилинган ижро далолатномалари;

лойиҳалар, ишчи ҳужжатлар ва бошқа мақсадлар учун олиб борилган муҳандислик тадқиқотлари ҳисоботлари;

илмий-тадқиқот ишлари тўғрисидаги ҳисоботлар;

ГТИни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат ва ишчи қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси;

ўрнатилган ускуналардан фойдаланиш учун паспорт ва завод йўриқномалари;

лойиҳа таркибида ишлаб чиқилган ГТИдан фойдаланиш қоидалари;

қурилиш даврида ГТИ хавфсизлиги бўйича мониторинг натижалари;

давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси;

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

объектнинг хавфсизлик декларацияси;

ГТИнинг кадастри, техник паспортлари, иншоотлар билан содир бўлган барча ўзгаришлар ва қўшимчалар, шунингдек ГТИларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш тўғрисидаги маълумотлар;

ГТИ хавфсизлиги мониторингини юритиш тартиби тўғрисида йўриқнома;

ГТИ объектларидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар;

мутахассисларнинг амалдаги лавозим йўриқномалари;

меҳнат-муҳофазаси бўйича йўриқнома;

асбоб-ускуналар, бинолар ва ГТИлардан фойдаланиш бўйича йўриқнома;

саноат санитария ва ёнғинга қарши хавфсизлик йўриқномалари;

фойдаланиш ходимларининг билимини текшириш, йўриқномада ўтказиш ва ўқитиш бўйича материаллар;

фавқулодда вазиятларда хабар бериш тартиби;

фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар режаси;

ГТИларнинг хавфсизлик мезонлари (назоратдаги кўрсаткичлар);

ГТИлар объектларининг вазият режаси;

ГТИлар фаолиятининг йиллик графиги (сув омборлари учун иш режими, сувдан фойдаланиш режалари ва бошқалар);

тўғонлар, дамбалар ўқи, коллектор, каналлар трассаси бўйлаб кўндаланг кесимининг лойиҳадаги ва амалдаги белгилари;

ўзанларни ювилиши ва лойқалиги, қирғоқларни қайта ишлаш ва сув ости чўкиндилари бўйича охирги кузатув натижалари;

ГТИлар ва уларнинг алоҳида элементлари учун натура кузатиш графиклари ва журналлари;

таъмирлаш-тиклаш ишлари, режали-огоҳлантириш графиги;

фойдаланиш ходимлари томонидан бажарилган ёпиқ ишлар далолатномалари;

ГТИларининг ҳолати тўғрисидаги йиллик ҳисоботлари;

ёнғин ўчириш тезкор режаси;

ГТИларидан фойдаланиш ёки қуриш ҳуқуқини берувчи лицензия (фаолият турини лицензия талаб қилинганда);

ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан бажарилган ГТИларнинг техник ҳолатини баҳолаш бўйича хулосалар;

ГТИ ва асбоб-ускуналарининг ишдан чиқиши ва бўлиб ўтган авариялар тўғрисидаги далолатномалар, уларнинг сабабларини текшириш материаллари;

ГТИларнинг хавфсизлиги декларациялари бўйича давлат экспертизаси хулосалари;

ГТИларни қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ фойдаланувчи ташкилотларнинг буйруқ ва фармойишлари;

лойиҳа ва ижро қурилиш ҳужжатлари, шунингдек муаллифлик ва геотехник назорат ҳужжатлари, ГТИларининг инструментал кузатиш материаллари фойдаланувчи ташкилот архивида ГТИларни консервациялаш ёки тугатилишига қадар сақланиши керак.



3-БОБ. ГТИЛАРНИНГ УМУМИЙ

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


38. ГТИларнинг конструкцияси, ўлчами ва жойлашиш ўрни лойиҳага мувофиқ бўлиши керак.


39. ГТИлардан фойдаланишда техник фойдаланиш қоидаларига мувофиқ қатъий амал қилиш ва бажариш шарт.


40. ГТИларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш учун қуйидагилар талаб этилади:

ГТИнинг фойдаланиш қоидаларига мувофиқ ГТИнинг юқори ва қуйи сув сатҳидаги белгиларини мунтазам мониторинги олиб борилиши;

лойиҳа томонидан белгилаб қўйилган ГТИларда сув сатҳи белгисини сақлаб қолиниши, ГТИнинг юқори сатҳида лойқа босишига, қуйи сатҳида ювилишига, коллекторлар ва каналлар ўзанларини лойқа босишига йўл қўймаслик, тўсиқсиз нормал сув ўтказиш;

ўз вақтида, сув ўтказиш иншоотларининг оралиқларини чиқиндилардан тозалаш, уларга бегона сузиб ўтувчи жисмлар тушиши олдини олиш;

сув объектларида ўзан тозалаш ишлари амалга оширилиши натижасида ГТИлар ҳамда бошқа муҳандислик иншоотлари хавфсизлигига таҳдид аниқланганда, уни бартараф этиш мақсадида, зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёки унинг ҳудудий органларини хабардор қилиш;

натура кузатувларининг мунтазам равишда юритилишини таъминлаш ва уларнинг натижаларини ўз вақтида таҳлил қилиш, зарур ҳолларда лойиҳа ва илмий ташкилот мутахассисларини жалб қилиш;

лойиҳада кўзда тутилган сув таъминоти тармоғи узунлиги бўйлаб ва ГТИ орқали маиший ва тошқин сувлар сарфларини камайтиришга қаратилган ГТИнинг сув ўтказиш қобилиятини таъминлаш;


41. Каналлар ва коллекторлар трассасига техник хизмат кўрсатиш учун ГТИлар ҳудуди қулай бўлиши керак.


42. ГТИлардан фойдаланиш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилар вақтинча махсус жойларда сақланиши зарур, улар белгиланган тартибда йўқ қилинади ёки чиқиндихоналарга олиб кетилади.


43. ГТИлар ҳолатининг мунтазам равишда назорати амалга оширилишива белгиланган кўрсатгичларга риоя қилиниши лозим.


44. Тўсувчи дамбаларда, тўғонларда, каналларда, дренажларда, туннелларда пикет бўйича иншоотнинг узунлигида, ер ости ёки сув остидаги махфий алоқа ва коммуникациялар билан кесишадиган жойларда (кабеллар, сув қувурлари ва бошқалар) тегишли белгилар бўлиши лозим.


45. Тозаланмаган оқова ва бошқа сувларни сув манбаларига ташлаш, шунингдек лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилмаган ГТИнинг жойлашган ҳудудида сақлаш тақиқланади.


46. ГТИлар ҳудудларига кирадиган жойларда бегона шахслар киришини тақиқловчи белгилар бўлиши керак. ГТИ акваториясида жойлашган яқин ҳудудларда чўмилиш тақиқланади.


47. Канал ва тўғон дамбаларидан фойдаланишида дамба қияликларининг қуйи ва юқори қисмларида карьерлар ташкил этиш ва котлованлардан тупроқ, қум-шағал қазиб олинишига рухсат этилмайди. Ушбу ҳудудлардаги тупроқни ишлатиш фақат зарурий асосланган ҳолда амалга оширилади.


48. Сувни ростловчи затвор ва механизмлар ҳамда электротехник жиҳозлари доимо ишчи ҳолатда бўлиши керак.


49. Капитал таъмир ва монтаж ишларидан сўнг гидромеханик ускуналардан фойдаланишни бошлашдан олдин далолатнома тузиш орқали мустаҳкамлик ва зичлиги синовидан ўтказилиши керак.

Лойиҳада синов тартиб-қоидаси белгиланмаган ҳолларда, синовларни шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ олиб борилиши керак.


50. Тоннелларнинг шамоллатиш қурилмалари ва тўғоннинг сув чиқариш галереялари ишчи ҳолатда бўлиши керак.


51. Гидромеханик ускуналар бузилган ҳолларда, таъмирлашни олиб бориш учун сув ўтказиш оралиқлар (тешиклар)ида шандорали тирқиш (паза) ёки авария-таъмир затворлари бўлиши керак.


52. ГТИни фойдаланиш жараёнида шандораларни ўрнатиш ишлари хавфсиз бажарилишини таъминлайдиган ёки бошқа қулай жойларда амалга оширилади.


53. Хизмат кўпригига кириш эшиклари қулфланган ёки девор эшиклари билан қопланган бўлиши керак. Бегона шахсларнинг кўприклардан рухсатсиз кириш имконияти чекланиши керак.


54. Таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун йилнинг ҳар қандай вақтида шандора ва таъмирлаш материалларини етказиб бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши керак.

Ускуналар ва таъмирлаш материалларини сақлаш жойлари, улардан фойдаланиш ва таъминлаш учун масъул шахслар йўриқнома билан белгиланади.


55. Юқори сув сатҳидан камида 0,5 м баландликдаги ҳар бир сув чиқариш тешикларини ёпиш учун ГТИда авария захира шандоралари белгиланган миқдорида сақланиши керак.


56. Ишлаб чиқаришда лойиҳадан четлаб ўтилган яроқсиз шандоралар ГТИларда ўрнатилишига йўл қўйилмайди.


57. ГТИларни текшириш ва таъмирлаш техника хавфсизлик қоидалари талабларига мувофиқ рухсат этиладиган наряд бўйича амалга оширилади.


58. Сув чиқариш иншоотларини тозалаш ишлари масъул раҳбар иштирокида амалга оширилиши керак.


59. Нуқсон ва бузилган жойларни аниқлаш учун, ГТИлар йилига икки марта (баҳор ва кузда) умумий техник текширувдан ўтказилиши лозим. Режали текширувлардан ташқари, ГТИларни фавқулодда ҳодисалар ёки авариялардан сўнг навбатдан ташқари текширувлари ўтказилиши лозим. Аниқланган камчиликлар ва бузилишлар бартараф этилиши лозим. Текширувлар натижаларига кўра махсус далолатномалар расмийлаштирилади.


60. Тошқин мавсуми бошланишидан бир ой олдин фойдаланувчи ташкилотда тошқинга қарши комиссия ташкил этилади ва сув тошқинларини хавфсиз қабул қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилади. Режа гидрометеорология хизмати томонидан тақдим этилган сел оқибатлари маълумотлари асосида ишлаб чиқилади. Режада юқори сув оқими, дастлабки сарф-харажатлар, сув тошқинини бетолофат ўтказиб юбориш чоралари кўзда тутилган бўлиши керак.

Тошқинга қарши комиссия фойдаланувчи ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган ҳужжат асосида сув тошқинларини қабул қилиш ва ўтказиб юбориш учун объектларнинг тайёргарлиги тўғрисида далолатнома тузади.


61. Барча мутахассислар ва фойдаланиш ишчи-ходимлари чора-тадбирлар режасида қайд этилган сув тошқинларини қабул қилиш ва ўтказиб юбориш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ишларни амалга оширишга ўргатилиши ва ўқитилиши керак.


62. Сув тошқинлари даврида сув сатҳини ва тошқин сувларини сув ўтказиш иншоотлари орқали ўтишини ва дамбалар техник ҳолатини куну-тун назорати ўрнатилади. Бундан ташқари, ушбу давр учун муҳандислик ва техник ходимларнинг навбатчилиги ташкил этилади.


63. Чуқурликларни қайиқда туриб ўлчаш, техник воситалари (эхолот) ёрдамида, таркиби икки кишидан кам бўлмаган, қутқарув жилетини кийган гуруҳ аъзолари билан ўтказилади. Чуқурликларни қўлда ўлчашда массаси 10 кг гача бўлган лотдан фойдаланган ҳолда амалга оширишга рухсат берилади.

Чуқурликларни лот билан ўлчашда қуйидагилар: қайиқ четига (бортига) ёки ўриндиғига тик туриб ва бортдан пастга эгилиб ўлчаш, лот боғланадиган арқонни қўлга ўраш тақиқланади.


64. ГТИларда мавжуд бўлган сузиш воситалари соз ҳолатда бўлиши. Сузиш воситаларида юк кўтариш қобилияти кўрсатилиши ва борт ичида қутқарув воситалари (қутқариш чамбараклари ёки пуфаклар, канопли арқон) ва сувни чиқариб ташлаш воситалари бўлиши керак.



4-БОБ. МАХСУС УСКУНАЛАР БИЛАН

ЖИҲОЗЛАНГАН ГТИЛАР УЧУН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


65. Ҳар бир насос станциясининг двигатель конструкцияларида кўрсатилган подшипникларни ва электрдвигателлар статор симларининг ҳарорати ва босим кўрсаткичини назорат қилиш учун манометр, ваакумметр (қўйилишга эга эмас насослар учун), термометрлар ёки термосигналлар бўлиши керак.

Агрегатлар (асосий ва ёрдамчи), затворлар ва қопқоқлар қурилмалари бўялган, рақамланган бўлиши ва қувурлар йўналишидаги стрелкалар сув айланиш оқимининг ҳамда штурваллар айланиш йўналишини, шунингдек қуйи ва юқори сатҳида назорат қилиш учун сув ўлчаш ускуналари ва қурилмалари ҳамда тўқмоқлар ёки бошқа назорат органлари (қопқоқлар, затворлар ва ҳоказо) кўрсатилиши керак.


66. Насос агрегатларини ишга тушириш ва тўхтатиш ҳамда ўтиш жараёнлари билан насос станцияларига туташган иншоотларнинг ишлаш технологияси ҳисобга олинган ҳолда, лойиҳа йўриқномаси ва улардан фойдаланиш кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


67. Машина ва қурилмаларнинг барча ҳаракатлантирувчи қисмлари муҳофазаланган бўлиши керак. Олиб ташланган ва яроқсиз механизмларнинг ишлаши ҳамда ишчи механизмлари бўйича ҳар қандай операциялар ишлаб чиқишда тақиқланади.

Қурилмаларнинг ишлаши пайтида ҳимоя воситаларини олиб ташлаш, таъмирлаш ва қўлда ҳаракатланадиган қисмларни тўхтатиш тақиқланади.


68. Автоматик режим тизимида ишламайдиган, хизмат кўрсатиш ходимлари назорати остида, уларга хизмат кўрсатишга рухсатга эга бўлмаган насос станцияларини назоратсиз қолдириш тақиқланади.


69. Автоматик тизимда ишлайдиган насосларни текширишнинг даврийлиги фойдаланиш йўриқномаси билан белгиланади.


70. Насос станциясида олдиндан белгиланган иш режими, мавжуд камчилик ва авариялар ҳамда барча шовқинлар ҳақида станция катта навбатчиси бошлиқни ёки диспетчерни хабардор қилиши керак.


71. Насос агрегатларини ишлатганда, фойдаланиш йўриқномаси талабларига риоя қилиниши керак.


72. Насос станцияларининг электр узатиш линияларини таъмирлашда ажратиш ва ишга тушириш қурилмаларида "Қўшманг, одамлар ишлаяпти"деб номланган огоҳлантирувчи плакатлар осилган бўлиши керак.


73. Насос станцияларига хизмат кўрсатиш махсус ўқитилган шахслар томонидан амалга оширилади ва улар станция ускуналари ишлашини текшириши махсус журналларда қайд этилади.


74. Сузувчи насос станциясининг (земснаряд) сувга тушиши фойдаланувчи ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ амалга оширилиши керак.


75. Ўрнатиш майдончасида сузувчи насос станцияси (земснаряд) маҳкам бириктириб қўйилган бўлиши керак ва уни ишлатилишини таъминлаш учун бўлинма билан икки томонлама симли ёки радио алоқаси бўлиши керак.


76. Сузувчи насос станцияси понтонлари (земснаряд) оқим пайдо бўлганда авария товуши ва ёруғлик сигналига эга бўлиши керак.

Понтон креномер (оғиш, қийшайишни ўлчайдиган асбоб) билан жиҳозланган бўлиши керак.

Понтон оғиши насос агрегатларининг паспортларида кўрсатилган оғиш миқдоридан ошиб кетмаслиги керак (земснаряд). Оқимнинг ва оғишнинг кучайишини тезда йўқ қилиш керак бўлади.


77. Хизматчи ходимлар қутқарув кийим (жилет)лари билан таъминланиши керак ва насос станциясида (земснаряд) иккитадан кам бўлмаган қутқарув кийимлари бўлиши лозим.


78. Сузувчи насос станциялари понтонлари (земснаряд) камида уч йилда бир марта текширилиши керак ва зарур бўлганда уларни таъмирлаш ва бўяш ишлари бажарилиши керак.


79. Насос станциясида материаллар, диаметрлари, узунлиги, қувурлар жойлашган чуқурлиги, тармоқ объектларининг жойлашган жойи (пикет), қурилма, ростловчи ва ҳимоя арматуралари, трассалар айланиш бурчаклари, бошқа ер ости тармоқлари билан кесишувлар ҳамда барча ижро этувчи қурилиш ҳужжатлари кўрсатилиши керак бўлган режа-схема бўлиши керак.


80. Насос станцияларининг қувур линияларини ва гидроэлектрстанцияларни ер ости қистирмалар (прокладка)ини ишлатиш жараёнида қуйидаги ҳолларда кузатиш:

қувурларнинг чўкиши ва ўзгариши (деформация) ҳамда таянч қурилмаларининг ҳолати;

қобиқнинг ҳолати (изоляция ёки коррозияга қарши қоплама);

чоклар, бўғинлар, гардишли (фланцли) уланишларни зичлиги;

узатгичлар, қувурлар арматуралари, вакуумли сўриш клапанлари ва бошқаларни ҳолати ва ишлаши.


81. Ер ости сув ўтказгич қувурларидаги бузилишларни аниқлаш учун:

сув ўтказгич қувури ва унга яқин жойда тупроқ чўкиши;

қувур трассасига бевосита яқин бўлган одатда қуруқ кювет (ариқча) ва зовурларда сув пайдо бўлиши;

тармоқнинг қўшни участкаларида ўрнатилган манометрлардаги босим фарқи устидан тизимли кузатувлар ўтказилиши керак.


82. ГТИлар сув қувурларининг ҳолатини кузатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, фойдаланиш йўриқномаларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.


83. Лойқа сувларни ҳайдовчи (пульповод)лар трассаси бўйлаб узатгичлар ҳамда қўзғалмас таянчлар ҳолатини кузатиб бориш, зарурат бўлса, уларни таъмирлаш лозим бўлади.


84. Ҳар чоракда, камида бир марта қувур линиялари арматуралари, зарбаларга қарши воситалар ва тескари клапанлар кўрикдан ўтказилиши керак. Кўрик натижалари масъул шахслар рўйхати билан махсус журналда акс эттирилиши керак.


85. Деворининг қалинлиги емирилишга учраган қувур линиялари қисмлари алмаштирилиши лозим. Деворларнинг емирилиш қалинлиги ГТИнинг хавфсизлик мезонлари билан тартибга солинади.


86. Қурилма арматуралари ва зарбаларга қарши воситалардан фойдаланиш лойиҳага ва маҳаллий фойдаланиш йўриқномасига мувофиқ амалга оширилиши керак.


87. Қувурлар ва арматураларни босим остида таъмирлаш билан боғлиқ ишларни бажариш тақиқланади.


88. Металл ва темир-бетон сув ўтказгичларини сув оқимларидан коррозияга қарши назорат қилиш лойиҳада кўрсатилган усул ва муддатларда амалга оширилиши керак.

Агарда электрокоррозия аниқланса, лойиҳа ва ихтисослаштирилган ташкилот билан биргаликда қувурларни ҳимоя қилиш ва ҳимоя тадбирларини қисқа муддатда бажариш учун техник ечимларни олиш керак бўлади.


89. Барча аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ГТИнинг текширишлар журналида қайд этилиши керак.


90. Насос станцияси ва унинг бошқа иншоотларини, шунингдек гидроэлектрстанциянинг гидротехник қисмини ишлатиш учун масъул шахслар станция бошлиғи томонидан тайинланади.


91. Фойдаланишдан аввал, гидроэлектрстанциялар ва насос станцияларининг босимли сув қувурлари ва қурилмалари капитал таъмирдан ўтказилганидан сўнг, амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига мувофиқ синовдан ўтказилиши керак.



5-БОБ. ГТИНИНГ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ,

АЛОҚА, СИГНАЛИЗАЦИЯ ВА ЁРИТИШ

ТИЗИМЛАРИГА ТАЛАБЛАР


92. Сув тошқинларини ва сув ресурсларининг сезиларли миқдорини тартибга солишда жалб қилинган йирик ГТИлар (тўғонлар, гидроузеллар) стационаридан ташқари дизель электр энергиясидан иборат автоном (авария) электр таъминотига эга бўлиши керак.


93. ГТИлар техник алоқа воситалари ва сигнал тизимлари билан жиҳозланган бўлиши керак, улар сувни тақсимлаш жараёнлари бошқарувини, назоратини ва уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.


94. ГТИлардаги алоқа ва сигнал тизимларининг ҳолати барча шароитларда фавқулодда вазиятлар тўғрисида тезкор хабар ва огоҳлантириш имкониятини таъминлаши керак.


95. Куну-тун хизматни талаб қилувчи ГТИларнинг барча сувни ростловчи иншоотларида стационар электр ёритгичлари бўлиши керак.


96. Ёруғлик тармоқларида 220 В дан ошмайдиган чизиқли кучланиш билан хавфсиз ҳолатда қўйилган нейтрал электр тизими ишлаши керак. Баъзи ҳолларда 380 В кучланишли ДКСТ лампалари қўлланилганда рухсат этилади. Ер остида ишлов бериш, туннеллар, галерея ва намлиги юқори бўлган бошқа жойларда 36 вольтдан кўп бўлмаслиги керак. Стационар ёритиш мосламалари учун ер ости нейтрал билан 6/0,4 кВ трансформаторларни ишлатишга рухсат берилади.

Кечаси ишлайдиган навбатчи ходим электр энергияси узилган вазиятда батареяли ёритгичлар билан таъминланган бўлиши керак.


97. Галерея ва тонелларда жойлашган қувур йўллари ва сув чиқариш лоткаларининг фавқулодда ёритгичлари доимий ишчи ҳолатида бўлиши керак.


98. Ишчи ва маъмурий-маиший биноларнинг ёритилиши мавжуд шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб бериши керак.

Ҳудудлар, йўллар, қоронғи кечаси очиқ жойлардан ишга ўтиш жойларининг ёритилиши мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ ёруғлик жиҳатидан жорий стандартлар талабларига жавоб бериши керак.



6-БОБ. НАЗОРАТНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ

ТАЛАБЛАРИ


99. ГТИлардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун хавфсизлик мезонлари ишлаб чиқилиши лозим.

Ҳар бир ГТИлар ҳолатини диагностик кўрсаткичлари аниқланган натура кузатиш натижалари бўйича мезон қийматлари билан таққослаш асосида амалга оширилиши керак.


100. ГТИларда натура кузатиш ишлари қурилиш бошидан бошлаб амалга оширилиши керак.


101. Мукаммаллиги I, II ва III класс бўлган ГТИлар ҳолатини натурада кузатиш, уларга ўрнатилган НЎА ва назорат ўлчов ускуналари ёрдамида асбобли (инструментал) назоратни ўз ичига олиши керак.

Мукаммаллиги IV класс бўлган тўғон ва дамбаларнинг пойдевори тегишли асосга эга бўлса лойиҳада асбобли (инструментал) кузатувини ўтказмасликка рухсат этилади.

IV классдаги тўғон ва дамбалар учун 10 м дан ортиқ баландликда фильтрация режимини назорат қилиш мажбурийдир.


102. Мукаммаллиги I, II ва III класс бўлган ГТИларида натура кузатиш ишларини (мониторинги) амалга ошириш учун кузатувлар гуруҳи (мониторинг хизмати) ташкил этилиши керак, ушбу гуруҳ аниқланган камчиликлар ҳақида дарҳол тўғридан-тўғри ўзининг раҳбарига хабар беришга мажбурдир ва уларни бартараф этиш чораларини кўрмаган тақдирда, фойдаланувчи ташкилот раҳбарини хабардор қилиши керак.

Гуруҳнинг таркиби ва сони, кузатувларнинг таркиби, ҳажми ва даврийлигига боғлиқ бўлиб, фойдаланувчи ташкилоти томонидан белгиланади.


103. фойдаланувчи ташкилотнинг ихтисослаштирилган махсус хизматлари (геодезия ва гидрогеология ва бошқалар) томонидан ўлчов қийматларини лойиҳалаштиришда кўрсатилган параметрлари билан ҳамда ГТИнинг хавфсиз ишлаш мезонлари билан солиштирилиши ва маълумотларни ГТИлар бўлинмасига дарҳол ўтказилиши керак бўлган асбобли (инструментал) кузатишларни амалга оширишга рухсат берилади.

Кузатиш ишлари натижаларига кўра, фойдаланувчи ташкилотнинг техник раҳбари томонидан лойиҳада аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Мукаммаллиги IV класс бўлган ГТИларни назорат қилиш махсус тайёргарликдан ўтган мутахассисларга топширилиши мумкин.


104. Лойиҳа томонидан кўзда тутилган кузатишлар билан бир қаторда, барча объектлар йилига камида уч марта комиссия текширувидан ўтказилиши керак:

сув тошқинлари ўтишдан олдин ГТИларнинг сув тошқинларини хавфсиз ўтказишга тайёрлигини текшириш;

вегетация давридан олдин ГТИлар ҳолатини ва унинг тайёрлигини текшириш;

қиш шароитида ва навбатдаги вегетация даврида нормал ишлатилиши учун куз мавсумида ГТИлар ҳолати ва тайёргарлигини текшириш;

шиддатлиги 5 балл ва ундан юқори бўлган ҳар бир сейсмик ер силкинишидан сўнг, унинг мустаҳкамлиги ва барқарорлиги таҳлили билан.


105. ГТИларнинг сув остидаги қисмларини текшириш таркиби, даврийлиги ва тартиби лойиҳа томонидан аниқланади ва фойдаланиш йўриқномасида белгиланади. ГТИлар сув ости қисмларини текширишнинг даврийлиги 5 йилдан ошмаслиги керак.


106. Мавжуд ГТИларни реконструкция қилишда муаллифлик назорати амалга оширилиши зарур ва унинг вакили ушбу ГТИни қабул қилишда иштирок этиши керак.



7-БОБ. ГТИЛАР ТЕХНИК ҲОЛАТИНИНГ

НАТУРА КУЗАТУВИ (МОНИТОРИНГИ)


107. Мукаммаллиги I, II, III класс бўлган ГТИларида уларнинг хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича, таркибида иншоотлар ва улар асосларининг иши ва ҳолати устидан натура кузатувларини олиб бориш учун, қурилиш жараёнида бўлгани каби, фойдаланиш даврида ҳам назорат-кузатув асбоблари ўрнатилишини кўзда тутувчи лойиҳа ҳужжати ишлаб чиқилган бўлиши керак.


108. ГТИлардан фойдаланиш шароитларини яхшилаш ва конструктив ечимларни асослаш, ҳисоблаш натижалари ва услубларини аниқлаш ҳамда маълумот олиш мақсадида, тегишли асосларга мувофиқ ГТИларда махсус натура кузатувлари ўтказилиши керак.


109. ГТИлар ҳолатини натурада кузатиб бориш лойиҳада кўзда тутилган дастур ва даврийлик асосида ўтказилади. Натура кузатувлари параметрлари ГТИ ҳолатининг хавфсизлик мезонларига мувофиқлигини назорат қилади.


110. Натура кузатувлари визуал ва асбоб (инструментал) услубларида ўтказилади. Натура кузатувлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

кузатилган параметрлар қийматларини уларнинг рухсат этилган қийматларига мослигини назорат қилиш;

барча қурилиш тизимларининг ҳолатини назорат қилиш;

сув мувозанати (баланси)ни назорат қилиш, сув омборини тўлдириш ва ишлатилишга риоя этилиши;

вертикал ва горизонтал силжишларни назорат қилиш, бетон конструкциялар, ускуналарнинг пойдевори ва сув сақловчи иншоотлар, тупроқ тўғонлар ва дамбалар деформацияси;

йирик тўғонлар пойдеворларининг бетон элементлари ва арматура кучланишини назорат қилиш;

фильтрация режимини назорат қилиш (депрессия эгри чизиғи ҳолати, босим градиенти, тўғонлар ва дамбалар танасидаги фильтрация босими, қурилиш чоклари, бетонли тўғоннинг зичлагич элементлари);

дренаж сувлари сифатини назорат қилиш (ҳажми, лойқалиги, кимёвий таркиби, ҳарорати);

гидроэлектрстанциялар ва насос станцияларининг гидроэнергетика ускуналари техник ҳолатини назорат қилиш.


111. ГТИни кўздан кечиришда ва кўрик вақтида аниқланган умумий камчиликлар тўғрисидаги маълумотлар визуал кузатувлар журналига киритилади. Фойдаланиш жараёнида ГТИнинг техник ҳолатига таъсир қилувчи жиддий бузилишлар содир бўлса, барча қисмларининг бузилиш санаси, хусусияти ГТИлар режаси журналига киритилади. Аниқланган нуқсонлар жойи огоҳлантириш белгиси билан белгиланади.

ГТИларнинг техник ҳолати учун масъул бўлган шахс ҳар ҳафта визуал кузатувлар журналини текшириши ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳамда уларнинг бажарилиши ҳақида ёзувлар қайд қилинади.


112. Масофаси 3 км дан ортиқ бўлган иншоотларни доимий кўздан кечириш юклатилган фойдаланиш ходимлари транспорт воситалари билан таъминланишлари лозим.


113. Визуал кузатувлар жараёнида хавфли хусусиятга эга бўлмаган деформациялар, (ўтиришлар, чўкишлар, ёриқ(дарз)лар, кўтарма танаси ёки асосининг айрим участкаларида бўртмалар) аниқланганда, деформациялар мавжуд бўлган участкаларда асбоб ёрдамидаги кузатувлар ташкиллаштирилади, улар аниқланган деформация барқарорлашгунига ёки тўлиқ сўнишига қадар ўтказилиши лозим. Хавфли деформациялар аниқланганда, зудлик билан уларни бартараф этиш чоралари кўрилиши керак.


114. Геодезик усуллари бўйича натура кузатиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўрнатилган НЎА (белгилар) бўйича режалаштирилган ва баландлик ҳолатининг геодезик ўлчовларини;

ГТИ ва улар асосларининг чўкиши ва силжишини даврий ўлчовлари, шунингдек ажралиб чиққан қатламларнинг ўлчамларини;

сув омборининг тўплаш қобилиятини аниқлаш мақсадида косасини батиометрик съёмка қилишни.


115. Кузатув асбоблари ёрдамида тўғон дамбаларининг айрим қисмларида, ГТИ ва унинг асосларида хавфсизликка таъсир қилувчи деформация ва аномал ҳолатларнинг ортиб бориши ёки вақт ўтиши билан сўнмайдиган жараёнлар мавжудлиги аниқланганда, лойиҳалаш ёки ихтисослаштирилган фойдаланувчи ташкилот вакилларига тезкорлик билан хабар қилинади. Улар келиб чиққан ҳолатнинг сабабини аниқлаб, ГТИларнинг авариясиз ишлашини таъминловчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши лозим.


116. НЎА (белгилар) тўғон ва дамбалари бўйича режали ва баландликдаги геодезик ўлчовларга мос ёзувлар, геодезик (маркшейдер) тармоққа нисбатан камида уч йилда бир марта амалга оширилиши керак, акс ҳолда рухсат этилган меъёрлардан юқори деформациялар аниқланган ҳолда кузатув частоталарини кўпайтириш мумкин. ГТИдан фойдаланиш жараёнида жиҳоз шикастланганда ёки бузилганда ушбу ускунанинг режалаштирилган ва баландлиги кузатувлари тикланиши биланоқ дарҳол амалга оширилиши керак.


117. Таянч реперини сув ўлчаш нол рейкасига нисбатан ҳар йили текшириш керак.


118. Ўт-ўланлар орасидаги реперлар рухсат этилган катталиги бошланғич циклидан ошса, таянч репери давлат геодезия тармоғидан ўтказилиши шарт.


119. ГТИ ва уларнинг асосларини чўкиш ва силжиш ўзгаришлари лойиҳа талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


120. ГТИ ғовакларидаги босим ва фильтрация режими учун кузатувлар лойиҳада кўзда тутилган тартибда аниқланади:

сув сақлаш иншооти асоси ва танасида сувнинг сатҳи ҳамда улар қирғоқларининг туташув ҳолати;

қирғоқлари билан туташ иншооти асосидаги пьезометрик босим;

дренаж коллекторлари ва дренаж иншоотлари охиридаги фильтрация сарфи қийматлари;

фильтрация сувларининг кимёвий таркиби ва лойқалиги;

дамбаларга туташ қирғоқларда ва қияликларда фильтрация сувларини чиқиш жойи, суффозия мавжудлиги;

сув сақловчи иншоот ҳудудида сизот сувларининг кимёвий таркиби ва сатҳи;

тупроқли тўғонларнинг фильтрацияга қарши элементларида, замин(асос)лари ва танасида ҳосил бўладиган ғоваклардаги босим миқдори.


121. Сув остида қолиши мумкин бўлган ҳудудни баҳолаш учун кузатув қудуқлари тармоғидаги сув сатҳини назорат қилиш.

122. Натура кузатувлари натижалари белгиланган шаклдаги махсус журналларда қайд этилади.


123. Пьезометрлар ёпиқ қопқоқлар орқали ифлосланишдан ҳимояланиши керак. Пьезометрларнинг бир қисми, сирт, чуқурликдаги маркалар ва ер усти юзасидан чиқадиган ишчи реперлари зарарланишдан ҳимояланган бўлиши керак. Ҳимоя қопқоқлари конструкциялари лойиҳа билан аниқланади.


124. Пьезометрлар вақти-вақти билан сезувчанлик учун текширилиши лозим, қониқарсиз натижалар бўлган тақдирда, улар алмаштирилиши лозим.


125. НЎА металл қисмлари коррозиядан ишончли ҳимояланган бўлиши керак. Ер юзасига чиқиб турган қудуқлар қопқоқларини ва ҳимоя каллаклари ювилмайдиган бўёқ билан қопланиши ҳамда НЎА рақамланган бўлиши керак.


126. ГТИларида ўрнатилган НЎАларни сақлаш учун жавобгарлик объектнинг қурилиш пайтида - шаҳарсозлик фаолияти соҳасида буюртмачига ва объектлар қурилиши бўйича пудратчи ташкилотга, фойдаланиш даврида эса, ГТИни тугатишгача фойдаланувчи ташкилотга юклатилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


127. Мазкур Қоидаларни бузганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


128. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси ва "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти билан келишилган.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Кечаси очиқ жойларда ҳудудларни, йўлларни,

йўлакларни ва иш жойларини ёритишга

қўйиладиган талаблар

   

Объектлар

Ёритиш

лк

Меъёрий ёритиш

текислиги

Эслатма

Ички хўжалик ва биноларга кириш йўли

0,5

Йўлнинг ёритиш қисми


Автомобиллар ва автоуловлар учун тураргоҳ, ҳудудлар, йўллар ва ГТИларга

ўтиш йўлаклари

1,0

Ёритиш тизимининг нурланиш даражаси


Нарвонлар, юриш учун кўприклар, йўлаклар

2,0

Бир хил


Қурилмалар, тузилмалар материалларни юклаш ва тушириш жойлари

5,0

Қия

Юкларни қабул қилиш ва етказиб бериш жойи

Ишчилар учун маиший бинолар

10,0

Умумий


Тўҳғоннинг ўркачи бўйлаб ва бортларни ёпиш қисмларидаги юқори ва қуйи қияликлари

0,5

Қияликдаги чуқурлик ва текисликлар


Гидроузеллар, юқори ва қуйи бьефлари, гидромеханик ускуналари

1,0

Тик

Ходимларни ўтиш даражаси

Гидрометрик рейкаларва постлар

1,0

Тик

Ходимларни ўтиш даражаси

Тоннеллар ва хизмат галереяси

1,0

Умумий

Ходимларни ўтиш даражаси

Землесос земснаряди кўприги

2,0

Қия

Кўприк даражаси

     





Қоидаларга

2-ИЛОВА



ГТИларда фавқулодда вазиятни баҳолаш

СХЕМАСИ

1-ҳаракат

(ташқи хабар)

2-ҳаракат

(хавф тўғрисида огоҳлантириш)

3-ҳаракат

(эвакуация қилиш)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 23 июль, 29-сон, 609-модда