язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Бухгалтерия ҳисоби/ Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1996 й. 279-I-сон "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1996 й.

N 279-I



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-модда. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ҳамда ҳисобот тузиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонунда баён этилганидан кўра бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.



2-модда. Бухгалтерия ҳисобининг мақсади ва вазифалари


Бухгалтерия ҳисобининг мақсади фойдаланувчиларни ўз вақтида тўлиқ ҳамда аниқ молиявий ва бошқа бухгалтерия ахбороти билан таъминлашдир.

Бухгалтерия ҳисобининг вазифалари:

бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида активларнинг ҳолати ва ҳаракати, мулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг ҳолати тўғрисидаги тўлиқ ҳамда аниқ маълумотларни шакллантириш;

самарали бошқариш мақсадида бухгалтерия ҳисоби маълумотларини умумлаштириш;

молиявий, солиққа доир ва бошқа ҳисоботларни тузишдан иборатдир.



3-модда. Бухгалтерия ҳисоби субъектлари


Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисоби субъектларидир.

Юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритади ва бухгалтерия (молия) ҳисоботини тақдим этади.


4-модда. Бухгалтерия ҳисоби объектлари


Асосий ва жорий активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, захиралар, даромадлар ва харажатлар, фойда, зарарлар ҳамда уларнинг ҳаракати билан боғлиқ хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобининг объектларидир. Бухгалтерия ҳисобининг объектлари жамлама ҳисобварақларда акс эттирилади. Аналитик ҳисобни юритиш тартиби бухгалтерия ҳисоби субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади.



5-модда. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш


Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш, бухгалтерия ҳисоби стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига юкланади.

Бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидалари бухгалтерия ҳисоби стандартлари билан, шу жумладан, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисобини юритиш стандарти билан белгиланади.

Бюджет ташкилотларининг бухгалтерия ҳисобини ва молиявий ҳисоботини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган бюджет ҳисоби стандартлари асосида амалга оширилади.

Банкларнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш Марказий банк томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


6-модда. Бухгалтерия ҳисобининг асосий қоидалари


Бухгалтерия ҳисобининг асосий қоидалари қуйидагилардир:

- бухгалтерия ҳисобини икки ёқлама ёзув усулида юритиш;

- узлуксизлик;

- хўжалик операциялари, активлар ва пассивларнинг пулда баҳоланиши;

- аниқлик;

- ҳисоблаш;

- олдиндан кўра билиш (эҳтиёткорлик);

- мазмуннинг шаклдан устунлиги;

- кўрсаткичларнинг қиёсланувчанлиги;

- молиявий ҳисоботнинг бетарафлиги;

- ҳисобот даври даромадлари ва харажатларининг мувофиқлиги;

- активлар ва мажбуриятларнинг ҳақиқий баҳоланиши.


7-модда. Бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш


Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни корхона, муассаса ва ташкилот раҳбари амалга оширади.

Раҳбар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- бош бухгалтер раҳбарлигида бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш ёки шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;

- бухгалтерия ҳисоби юритишни шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмасига ёки таркибига бухгалтерия субъекти ҳам кирадиган хўжалик бирлашмасининг марказлаштирилган ҳисобга олиш бўлимига юклаш;

- бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.

Раҳбар қуйидагиларни таъминлаши шарт:

- ички ҳисоб ва ҳисобот тизими ишлаб чиқилишини;

- хўжалик операцияларини назорат қилиш тартибини;

- бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва аниқ юритилишини;

- ҳисоб-китоб ҳужжатларининг сақланишини;

- ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисобот тайёрланишини;

- солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатлар тайёрланишини;

- ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини.



8-модда. Имзо ҳуқуқи


Пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, корхона, муассаса ва ташкилотнинг кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек бухгалтерия ҳисоботлари ва баланслари раҳбар томонидан ёки у белгилайдиган шахслар томонидан имзоланади.

Раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларининг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга - раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига - бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг имзоси бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий ҳисобланмайди.



9-модда. Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари


Хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби учун операциялар амалга оширилганлигини қайд этувчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва уларни ўтказишга доир фармойишлар асос бўлади. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо ва сервис соҳасида олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўланганида тўлов терминалларининг чеклари ҳам бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари хўжалик операциялари амалга оширилаётган вақтда ёки операциялар амалга ошириб бўлинганидан кейин тузилади.

Ҳисобот даврига тегишли бўлган хўжалик операциялари, агар улар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар олинмаган бўлса, тегишли бошланғич ҳужжат расмийлаштирилиб, бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари қуйидагилардир:

корхонанинг (муассасанинг) номи;

ҳужжатнинг номи ва рақами, у тузилган сана ва жой;

хўжалик операциясининг номи, мазмуни ва миқдор ўлчови (натура ҳолида ва пулда ифодаланган ҳолида);

масъул шахсларнинг шахсий имзолари.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларини тузган ҳамда имзолаган шахслар уларнинг ўз вақтида тўғри ва аниқ тузилиши, шунингдек бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун уларнинг белгиланган муддатларда топширилишига жавобгардирлар.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларига хўжалик операцияси қатнашчилари томонидан тасдиқланмаган тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди. Банк ва касса-пул ҳужжатларида тузатишлар ва ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди.


10-модда. Бухгалтерия ҳисоби регистрлари


Бухгалтерия ҳисоби регистрлари икки ёқлама ёзув қоидаларига мувофиқ юритиладиган журналлар, қайдномалар, дафтарлар, тасдиқланган бланкалар (шакллар)дир.

Регистрлар техника воситаларидан фойдаланишда олинган машинограмма кўринишидаги ёзувлар йўли билан, шунингдек магнит тасмалари, дисклар, дискетлар ва бошқа машиналарда бажарилиши мумкин. Регистрларни шакллантириш тартиби бухгалтерия ҳисоби стандартлари билан белгиланади.

Бухгалтерия ҳисоби регистрларига тасдиқланмаган тузатишларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.



11-модда. Активлар ва мажбуриятларни

инвентаризация қилиш


Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи маълумотларининг тўғрилиги ҳамда аниқлиги активлар ва мажбуриятларни мажбурий суратда инвентаризация қилиш орқали тасдиқланади. Инвентаризация объектлари, уни ўтказиш тартиби ва муддатлари инвентаризация бўйича бухгалтерия ҳисоби стандартига мувофиқ белгиланади.


12-модда. Активлар ва мажбуриятларни баҳолаш


Оборот активларни баҳолаш қуйидаги икки баҳонинг энг пасти бўйича - баланс тузилаётган санадаги ҳақиқий таннархи бўйича (сотиб олиш нархи ёки ишлаб чиқариш таннархи) ёки бозор баҳоси бўйича (соф сотиш қиймати) амалга оширилади.

Асосий маблағлар ва номоддий активлар уларнинг тўлиқ бошланғич қиймати бўйича ҳисобга олинади.

Асосий маблағлар ва номоддий активлар қийматини ҳисобдан чиқариш уларнинг қиймати тўлиқ тўлангунга ёки объект сафдан чиқиб кетгунга қадар бўлган эскиришини (амортизацияни) ҳисоблаш йўли билан амалга оширилади. Амортизация ажратмалари объект фойдаланишга топширилганидан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади. Ернинг қиймати амортизация қилинмайди.

Молиявий қўйилмалар бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ ҳисобга олинади.

Мажбуриятлар тарафларнинг келишувига биноан пул билан акс эттирилади.

Суд қарори бўйича юзага келган мажбуриятлар тегишли суммада акс эттирилади.

Потенциал мажбуриятлар дастлабки ҳақиқий баҳоси бўйича акс эттирилади.

Бухгалтерия ҳисоби миллий валюта - сўмда юритилади.

Бюджет ташкилотларининг активлари ва мажбуриятларини баҳолаш бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ амалга оширилади.


13-модда. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш


Даромадлар ва харажатлар, тўланган вақти ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, қайси даврга тааллуқли бўлса, ўша ҳисобот даврида акс эттирилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича даромадлар ва харажатлар улар келиб тушган ёки тўланган даврда бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ акс эттирилади.

14-модда. Хусусий капитални ҳисобга олиш


Хусусий капитал - устав капитали, қўшилган ва захира капиталидан, ҳамда тақсимланмаган фойдадан таркиб топади.

Устав капитали - таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларнинг (пул ифодасида) йиғиндисидир. Устав капиталига ҳисса шаклида қўшиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар келишувига ёки юридик шахс ижроия органининг қарорига кўра баҳоланади ва ҳисобга олинади.

Қўшилган капитал акцияларни номинал қийматидан баланд нархларда дастлабки сотишдан олинадиган эмиссия даромадини акс эттиради.

Захира капитали мол-мулкни қайта баҳолаш чоғида ҳосил бўладиган инфляция захираларини, шунингдек текинга олинган мол-мулк қийматини акс эттиради.

Тақсимланмаган фойда фойданинг жамғарилаётганини ифодалайди ва мулкдорларнинг қарорига биноан устав капиталига қўшилиши мумкин.


15-модда. Гаровни ҳисобга олиш


Ўзининг ёки ўзгаларнинг мажбуриятларини таъминлаш учун гаровга берилган мол-мулк қиймати, шу жумладан, пул маблағлари корхона томонидан бошқа активлардан алоҳида ҳисобга олинади.

Гаровга олинган мол-мулк қиймати, гаров сифатида қабул қилиб олинган пул маблағлари ва валюта бойликлари қиймати алоҳида балансдан ташқари ҳисобварақларда акс эттирилади.



16-модда. Молиявий ҳисобот


Молиявий ҳисобот бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузилади.

Молиявий ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

- бухгалтерия баланси;

- молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

- пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот;

- хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот;

- изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳисоботи соддалаштирилган шаклда тузилади.

Бюджет ташкилотларининг молиявий ҳисоботи бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади ва тақдим этилади.

Молиявий ҳисоботнинг таркиби ва мазмуни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.


17-модда. Умумлаштирилган молиявий ҳисобот


Шуъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналари бўлган корхоналар умумлаштирилган молиявий ҳисобот тузади.

Шуъба корхоналарга қўшилган ҳиссалар бош корхонанинг молиявий ҳисоботида унинг молиявий қўйилмалари сифатида акс эттирилади.

Юридик шахслар ўз филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмаларини мустақил балансга ажратишлари мумкин бўлиб, уларнинг баланслари ва бошқа ҳисобот шаклларини ўзларининг умумлаштирилган ҳисоботига киритишлари шарт.

Умумлаштирилган ҳисоботга бош корхона, унинг шуъба корхоналари, филиаллари ва ваколатхоналарининг молиявий ҳисоботлари илова қилинади.

Умумлаштирилган ҳисобот бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ тузилади.

Ушбу модданинг талаблари вазирликлар, идоралар ва бюджет ташкилотларининг жамлама молиявий ҳисоботига нисбатан татбиқ этилмайди.



18-модда. Молиявий ҳисоботнинг ҳисобот даври


1 январдан 31 декабрга қадар бўлган календарь йил молиявий ҳисоботнинг ҳисобот даври ҳисобланади.

Янгидан ташкил этилган юридик шахслар учун юридик шахс ҳуқуқи қўлга киритилган санадан бошлаб ўша йилнинг 31 декабрига қадар бўлган давр, юридик шахс ҳисобланмайдиганлар учун эса, улар давлат органларида рўйхатга олинган санадан бошлаб биринчи ҳисобот йили деб ҳисобланади.

Агар юридик шахс (бюджет ташкилотларидан ташқари) 1 октябрдан кейин рўйхатга олинган бўлса, биринчи ҳисобот йили кейинги йилнинг 31 декабрида тугайди.

Рўйхатдан ўтишга ёки юридик шахс ҳуқуқини қўлга киритишга қадар амалга оширилган хўжалик операциялари тўғрисидаги маълумотлар биринчи ҳисобот йили молиявий ҳисоботига киритилади.



19-модда. Молиявий ҳисоботни тақдим этиш


Молиявий ҳисобот қуйидагиларга тақдим этилади:

- солиқ органларига;

- таъсис ҳужжатларига мувофиқ мулкдорларга;

- давлат статистика органларига;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа органларга.

Молия ҳисоботи ҳисобот йили бошдан қўшилиб борувчи жамлама тартибида йилнинг ҳар чорагида тақдим этилади.

Молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бухгалтерия ҳисобининг айрим субъектлари учун молиявий ҳисоботни тақдим этишнинг бошқа муддатларини белгилаши мумкин.


20-модда. Молиявий ҳисоботни эълон қилиш


Хўжалик юритувчи субъектларнинг йиллик молиявий ҳисоботи манфаатдор банклар, биржалар, инвесторлар, кредиторлар ва бошқа шахслар учун ошкора ҳисобланади.

Акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта ташкилотлари, банклар ва бошқа молия ташкилотлари ҳар йилги молиявий ҳисоботни акциядорларнинг ёки бухгалтерия ҳисоби субъектининг бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин ижобий аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилиши шарт.


21-модда. Тугатиш вақтида молиявий ҳисобот


Хўжалик юритувчи субъект тугатилган вақтда якуний молиявий ҳисобот тузилади.

Тугатиш бўйича операцияларни ҳисобга олиш, тугатиш баланси ва ҳисоботни тузиш, активлар қийматини аниқлаш юзасидан жавобгарлик тугатиш комиссияси зиммасига юкланади.

Умидсиз қарзлар ва зарарлар тугатиш балансига киритилмайди.

Мажбуриятлар уларни узиш вақтига қадар ҳисобланган фоизлари билан тугатиш балансида акс эттирилади.



22-модда. Бухгалтерия ахборотининг махфийлиги


Бухгалтерия ҳисобини юритишда махфийликка риоя қилинади. Бухгалтерия ҳисоби регистрларининг мазмуни билан танишишга маъмурият рухсати билан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Бухгалтерия ҳисоби регистрлари билан танишишга рухсат этилган шахслар уларнинг махфийлигини сақлашлари шарт. Махфийликни бузганлик қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.


23-модда. Бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш


Бухгалтерия ҳужжатлари ва регистрлар, микрофильмлар ёки компьютер ҳисоби молиявий маълумотлари камида уч йил, молиявий ҳисобот эса қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида сақланади.

Бухгалтерия ҳужжатларини олиб қўйиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


24-модда. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1996 йил, 9-сон, 142-модда