язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.08.2018 й. ПФ-5495-сон "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

01.08.2018 й.

N ПФ-5495



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИНИ ТУБДАН

ЯХШИЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Таъкидлаш лозимки, мамлакатда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш учун энг қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва соддалаштириш, товарлар (ишлар ва хизматлар)дан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Солиқ юкини камайтириш ва инвесторлар учун солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга қаратилган солиқ сиёсати ва божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш ислоҳотлари жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, инвесторлар билан ишлашда, айниқса, жойларда, инвесторларнинг ташаббуслари барча даражадаги ҳокимликлар томонидан лозим даражада қўллаб-қувватланмаслиги, бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти аниқ мувофиқлаштирилмаганлиги билан боғлиқ бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳали ҳам мавжудлиги қулай инвестиция муҳитини шакллантириш бўйича давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига тўсқинлик қилмоқда.

Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш мақсадида:


1. 2018 йил 1 августдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади, агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача тарзда фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас деб топилган ёки бекор қилинган бўлса;

давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади, унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар бундан мустасно.


1-1. Белгилансинки:

давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим;

тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низолар иқтисодий суд ёки ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

2. Белгилансинки, 2018 йил 1 сентябрдан:

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади;

ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қабул қилинади;

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади, ушбу ер участкаларини бошқача тарзда ва бошқа шахсларга ажратиш тақиқланади;

ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.


3. Белгилаб қўйилсинки, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.


4. 2018 йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг қуйидаги янги механизмлари жорий этилсин:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали узоқ муддатли ижарага бериш.

5. Қуйидагиларга:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ва тартибда 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвестицияси улуши бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда чет эл инвесторлари билан инвестиция шартномаларини тузиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига умумий майдони 2000 квадрат метрдан ортиқ, лекин 5000 квадрат метрдан кўп бўлмаган, давлат мулки объектларини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги "Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3067-сон қарорининг 1 ва 2-иловаларида кўрсатилган объектлар бундан мустасно) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдорини 30 фоиздан 15 фоизгача камайтириш;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг иштирокчиси сифатида хорижий юридик шахс қатнашиши шартлиги тўғрисидаги талабни бекор қилиш;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдорини 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтириш;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдорини уч бараварга камайтириш;

акциядорлик жамиятлари устав фондининг энг кам миқдорини 400 миллион сўм миқдорида белгилаш;

мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт контрактларини "Ўзагроэкспорт" АЖ томонидан эълон қилинган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контрактини тузмасдан, "Ўзагроэкспорт" АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича инвойс асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини бекор қилиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.


6-1. Белгилаб қўйилсинки:

мазкур Фармоннинг 6-бандида белгиланган шартларга мувофиқ бўлган ҳамда хўжалик фаолиятидан тушадиган жами маблағнинг 60 фоиздан кўпроғи устав фаолиятида уларнинг ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулот ва (ёки) кўрсатаётган сервис хизмати улушига тўғри келадиган хорижий, шўъба ва қўшма корхоналар чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар жумласига киради;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг устав фондларини таъсис ҳужжатларида кўзда тутилган миқдорларда шакллантиришнинг охирги муддати ҳукуматнинг айрим қарорларида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, корхона давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак;

устав фондининг миқдори камида 200 млн сўм бўлган ҳамда устав фондидаги чет эл инвестициялари улуши 15 фоизни ташкил этувчи корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида янги барпо этиладиган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деб ҳисобланади;

мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган имтиёз белгиланган тартибда рўйхатга олинган, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида жойлашган ва ўз фаолиятини амалга ошираётган чет эл инвестициялари иштирокида янги ташкил этилган корхоналаргагина тааллуқлидир.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов:

ваколатли органлардан ҳар бирининг ҳуқуқларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг чет эл инвестицияларини жалб этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган фаолиятини таъминласин;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиларнинг ушбу соҳадаги асосий вазифаларнинг бажарилишини баҳолаган ҳолда давлат инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши тўғрисидаги ойлик ҳисоботларини эшитишларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини қўллаган ҳолда ўтказсин;

хорижий инвесторларни мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида халқаро конференциялар, семинарлар, йирик инвестиция форумларини ташкил этиш орқали чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтирсин.


8. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига - инвестиция муҳитини ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорларнинг самарали амалга оширилиши, хорижий инвесторларга зарур кўмак кўрсатилиши, инвестиция буюртманомалари сифатли ва тезкор кўриб чиқилиши, инвестиция буюртманомалари бўйича келишиш тартиб-таомиллари ўтказилиши, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва инвестиция фаолияти соҳасидаги муаммоли масалаларнинг ҳал қилиниши;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига - хорижий инвесторларга барча зарур кўмак кўрсатилиши, инвесторлар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни ўрнатиш орқали инвестиция буюртманомаларининг тезкор кўриб чиқилиши, инвесторларнинг тизимли равишда шахсан қабул қилиниши, тегишли инфратузилманинг таъминланиши, ер участкалари ажратилиши, рухсат берувчи ҳужжатлар берилиши, инвестиция буюртманомалари бўйича келишиш тартиб-таомилларининг ўз вақтида амалга оширилиши, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тизимли мониторинг қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари зиммасига - фаолият юритмаётган ёки қурилиши тугалланмаган объектлар, самарасиз фойдаланилаётган ишлаб чиқариш бинолари ҳамда ер майдонларининг уларда тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун пухта хатловдан ўтказилиши;

"Ўзбекэнерго" АЖ раиси, "Ўзтрансгаз" АЖ раиси, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига - инвесторларнинг ишлаб чиқариш объектлари қурилиши ва уларнинг ташқи инфратузилмага уланиши, инвесторларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ электр энергияси, табиий газ, сув билан узлуксиз ҳамда ташқи канализация тармоқлари билан таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси зиммасига - инвесторларга республика ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда маслаҳат кўмагининг кўрсатилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


9. Инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 8500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш ва унинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш ҳуқуқи берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакат иқтисодиётининг устувор соҳаларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига "Фахрий фуқаро" мақомини бериш тартибини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

10. Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда инвестиция киритиш учун энг қулай шароитлар яратишга қаратилган, инвестиция фаолияти соҳасидаги унификация қилинган қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, бўйсунувидан қатъи назар, барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан инвесторларнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин ҳамда қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда:

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвестиция фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ёки уни мураккаблаштираётган норма ва қоидаларни аниқлаш нуқтаи назаридан тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бартараф этиш чораларини кўрсин.


14. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 1 августдаги

ПФ-5495-сон Фармонига

ИЛОВА



Мамлакатнинг инвестициявий

жозибадорлигини ошириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар


Амалга ошириш

шакли


Бажариш

муддатлари


Масъул ижрочилар


1.

Инвестиция фаолиятини тартибга солувчи унификациялашган қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

31 декабргача


Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), ЛБМА (Содиқов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), ТСВ (Хўжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов), ТИВ (Камилов), Давлат рақобат қўмитаси (Ғуломов), МБ (Нурмуротов)


2.

Акциядорлик жамияти устав жамғармасининг минимал миқдорини 400 млн.сўмгача камайтириш.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

15 сентябргача


Давлат рақобат қўмитаси (Ғуломов), ЛБМА (Содиқов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов)


3.

Чет эллик жисмоний шахсларга хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (қатнашчиси) сифатида бевосита ҳаракат қилиш ҳуқуқини бериш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси


2018 йил

30 сентябргача


Адлия вазирлиги (Давлетов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), ЛБМА (Содиқов)


4.

Хорижий инвестициялар улушининг минимал миқдорини 15 фоизгача пасайтириш.


5.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш ва уларнинг фаолият юритиш тартибини такомиллаштириш, шу жумладан аккредитация муддатини 5 йилгача узайтириш ва аккредитация учун тўлов ҳақини уч баравар камайтириш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2018 йил

30 сентябргача


Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), Молия вазирлиги (Ҳайдаров), ТСВ (Хўжаев), ССП (Икромов)


6.

Республика ҳудудларининг брендини яратиш ҳамда реклама (роликлар)ни етакчи телеканалларда жойлаштириш, фестиваллар ва анжуманларда, ижтимоий тармоқларда намойиш этиш, оригинал шиорларни ишлаб чиқиш йўли билан уларни тарғиб этишга қаратилган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

30 сентябргача


Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (Умаров), ЛБМА (Содиқов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), ТИВ (Камилов), ТСВ (Хўжаев), ССП (Икромов)


7.

Ҳамкор мамлакатларнинг бизнес ҳамжамиятлари иштирокида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини ёритишга, шу жумладан инвесторларни қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилишга қаратилган жаҳон миқёсидаги анжуманларни ташкил этиш ва ўтказиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар

2018 йил

30 октябргача


ЛБМА (Содиқов), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), ТИВ (Камилов), ТСВ (Хўжаев), ССП (Икромов)


8.

Ҳудудлар бўйича алоҳида- алоҳида маҳсулот экспортининг прогноз кўрсаткичларини ҳисобга олиш ва унинг статистикасини юритиш тартибини бекор қилиш.

Маҳсулоти экспорт қилинаётган ҳудудлар:

экспорт операцияларининг барча қатнашчиларини, шу жумладан маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва кўмаклашувчи органларни;

жисмоний шахслар томонидан олиб чиқиб кетилаётган маҳсулот ҳажмларини;

прогноз кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот билан боғлиқ экспорт операцияларига салбий таъсир қилувчи омилларни бартараф этишни ҳисобга олган ҳолда экспорт статистикасини юритиш тартибини тасдиқлаш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2018 йил

1 сентябргача

Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), ТСВ (Хўжаев), ДБҚ (Азимов)


9.

Интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқнинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш кафолатларини кучайтириш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2018 йил

10 ноябргача


Адлия вазирлиги (Давлетов), Интеллектуал мулк агентлиги (Файзуллаев), Бош прокуратура (Саидкаримов)


10.

Концессия муносабатларини ривожлантириш, шу жумладан концессиявий битим муддатини ошириш.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

1 декабргача


Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), ЛБМА (Содиқов), Давлат рақобат қўмитаси (Ғуломов), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), Молия вазирлиги (Ҳайдаров)


11.

Хорижий инвесторлар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш ва хорижий ишчи кучини жалб этиш соҳасида рухсатномалар тартиб-таомилларидан ўтишни соддалаштириш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари

2018 йил

30 сентябргача


Адлия вазирлиги (Давлетов), Меҳнат вазирлиги (Қудбиев), ИИВ (Бобожонов), ДХХ (Игамов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев)


12.

Хусусий секторда қуйидагиларни назарда тутувчи меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш:

муддатли меҳнат шартномалари тузиш асосларини кенгайтириш;

ишга қабул қилишнинг янги шаклларини (бир марталик, соатбай), шунингдек, меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш тартибини жорий этиш;

иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини, жумладан огоҳлантириш муддатини қисқартирган ҳолда тугатиш имкониятини кенгайтириш.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

15 ноябргача


Меҳнат вазирлиги (Кудбиев), Адлия вазирлиги (Давлетов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), Молия вазирлиги (Ҳайдаров)


13.

Солиқ кредити институтини жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ишлаб чиқиш.


Таҳлилий ахборот

2018 йил

30 сентябргача


ДСҚ (Мусаев), Молия вазирлиги (Ҳайдаров), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), ЛБМА (Содиқов), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов)


14.

Инвестиция шартномаларини тузиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, бунда, шу жумладан, инвестиция шартномаларини тузиш ҳуқуқини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига топшириш, тартиб-таомилларни оптималлаштириш назарда тутилсин.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2018 йил

20 октябргача


Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), ЛБМА (Содиқов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов)


15.

Қонунчиликнинг барқарорлиги ва прогноз қилинишини таъминлашга, шунингдек, ҳуқуқий бошқаришнинг ҳаддан ортиқ юкини бартараф этишга қаратилган қонун ижодкорлиги фаолиятининг замонавий усулларини жорий этиш.


Чора-тадбирлар комплекси


2018 йил

30 ноябргача


Адлия вазирлиги (Давлетов), Бош прокуратура (Саидкаримов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев)


16.

Инвестиция киритиш шарт-шароитларини ёмонлаштирувчи омил сифатида эътироф этиладиган ҳолатлар рўйхатини кенгайтириш, ушбу ҳолатларни қонун даражасида назарда тутиб, кафолатни қўллаш бўйича хулоса тақдим этадиган ваколатли органни белгилаш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси


2018 йил

1 декабргача


Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Холмуродов), ЛБМА (Содиқов), Адлия вазирлиги (Давлетов), Бош прокуратура (Саидкаримов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев)


17.

Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини молиявий ҳисоботининг халқаро стандартлари билан уйғунлаштириш чораларини кўриш.


Чора-тадбирлар комплекси


2018 йил

1 ноябргача


Молия вазирлиги (Қўчқоров), ДСҚ (Мусаев), ЛБМА (Содиқов)


18.

Ер участкаларини ижарага бериш тартибини ишлаб чиқиш ва киритиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2018 йил

1 ноябргача


"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев), Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), Адлия вазирлиги (Давлетов)


19.

Қишлоқ хўжалиги аҳамиятига эга бўлмаган ер участкаларига (биринчи босқичда  биноларни ер участкалари билан бирга сотишда ва кўчмас мулк қурилишида) хусусий мулк ҳуқуқини босқичма-босқич жорий этиб, уларни фуқаролик айланмасига татбиқ этишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари


2018 йил

1 ноябргача


Адлия вазирлиги (Давлетов), "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (Абдуллаев)


20.

Валюта маблағлари тушишини кечиктиришга йўл қўйганлиги учун тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима санкциялари қўлланилишини бекор қилиш (давлат иштирокидаги корхоналар бундан мустасно).


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

30 ноябргача


ДСҚ (Мусаев), Молия вазирлиги (Ҳайдаров), Ҳисоб палатаси (Икромов), Бош прокуратура (Саидкаримов)


21.

"Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Қонун лойиҳаси

2018 йил

30 августгача


Вазирлар Маҳкамаси (Холмуродов), ССП (Икромов), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев), Олий суд (Деҳқонов)


22.

Лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, бунда қуйидагиларни назарда тутиш:

тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тўғрисидаги қонунчиликни унификациялаш, жумладан лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларига нисбатан "Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги Қонун нормаларини қўллаш;

янги тизим доирасида паст тоифадаги хавф-хатарга мос келадиган алоҳида фаолият турлари ва ҳаракатларини амалга ошириш учун хабардор қилиш тартибини жорий этган ҳолда хавф-хатарлар тоифалари асосида лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимининг янги таснифини тасдиқлаш;

лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимининг инвестиция муҳитига таъсирини баҳолаш методикасини тадбиркорлик субъектлари сарф-харажатларини баҳолашнинг стандарт модели асосида ишлаб чиқиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари


2018 йил

1 декабргача


ЛБМА (Содиқов), Адлия вазирлиги (Давлетов), ССП (Икромов)


23.

Биринчи навбатда қурилиш ва молия соҳаларида, шу жумладан 2018-2019 йилларда 5 тадан кам бўлмаган объектларда акцияларни аҳолига бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий жойлаштиришни ўтказиш орқали хусусийлаштириш жараёнларини ҳамда акциядорлик компанияларига хусусий капитални жалб этишни жадаллаштириш;

ўрнатиладиган тартибга мувофиқ савдо ташкилотчилари давлат мулки объектларининг нархини қадамба-қадам пасайтириб бориш механизмини сотувчи билан келишмасдан мустақил равишда қўллайдилар.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2018 йил

20 сентябргача


Давлат рақобат қўмитаси (Ғуломов), Молия вазирлиги (Ҳайдаров), Иқтисодиёт вазирлиги (Ходжаев)


24.

Таълим соҳасига, шу жумладан чет элларнинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш ва масофавий ўқитиш механизмларини татбиқ этиш;

етакчи хорижий олий ўқув юртларини лицензиялашни бекор қилиб, улар томонидан берилган дипломларни қўшимча тартиб-таомилларсиз, шу жумладан аккредитация қилмасдан эътироф этиш орқали инвестицияларни жалб этишга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2018 йил

10 ноябргача


ОЎМТВ (Маджидов), ЛБМА (Содиқов), Адлия вазирлиги (Давлетов)


        

Изоҳ: Ушбу Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишда ишлаб чиқилаётган ҳужжат шакли ўзгартирилиши ёки ишлаб чиқилаётган ҳужжат бошқа бандларда кўзда тутилган ўзга ҳужжатлар билан бирлаштирилиши мумкин. Икки ва ундан кўпроқ ҳужжатлар бирлаштирилганда тегишли бандларни бажариш учун белгиланган энг кеч кўрсатилган муддат уларни ишлаб чиқиш муддати ҳисобланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 2 август


"Халқ сўзи", 2018 йил 2 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 6 август, 31-сон, 640-модда