язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ветеринария. Зоотехника тадбирлари. Ҳайвонлар карантини/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.07.2018 й. 564-сон "Ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.07.2018 й.

N 564



ВЕТЕРИНАРИЯ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 1 июндаги ПҚ-3026-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизда ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2018-2023 йилларда ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. 2018-2023 йилларда ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини (кейинги ўринларда Чора-тадбирлар дастури деб аталади) амалга ошириш доирасида қуйидагилар вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ветеринария тадбирларини ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини оширишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-синов ишларини амалга ошириш, уларнинг натижаларини ишлаб чиқариш жараёнларига изчил жорий этиш;

мамлакатимизда ветеринария дори воситалари ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва жадал ривожлантириш жараёнларини фаоллаштириш, импортни изчил камайтириш мақсадида бозорда барқарор талабга эга бўлган рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш асосида кўпайтириш ва уларнинг турларини кенгайтириш;

талаб юқори бўлган турдаги ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг илғор технологияларини ўзлаштирган ҳолда, сифат менежментининг замонавий услубларини кенг жорий этиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш;

ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар илмий-техник ходимларининг профессионал билим даражасини, хусусан, юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш орқали такомиллаштириш, шунингдек, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Ветеринария илмий-тадқиқот институти, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларнинг 2021-2023 йилларда республикада ҳайвонлар зарарли касалликларига қарши ветеринария дори воситаларини 2-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича ишлаб чиқаришни ташкил этишга доир таклифларига розилик берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги Ветеринария илмий-тадқиқот институти ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти билан биргаликда ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга мамлакатимиз ва хорижий илм-фаннинг илғор ишланмаларини жорий этиш асосида ветеринария препаратлари, синтетик дезинфекция ва дезинсекция воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларида зарур услубий ва илмий-маслаҳат ёрдамини олишда ҳар томонлама ташкилий-амалий ёрдам кўрсатсинлар.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва кейинчалик товарларни ички ҳамда ташқи бозорларга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашсин;

босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда эксперт доиралар вакиллари - иқтисодчилар ва юристларни иштирокида ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ва преференциялар тўғрисида кенг кўламли ахборот ҳамда тушунтириш ишларини ташкил этсин;

ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан фаолият кўрсатмаётган корхоналарни ва давлат мулки бўлган мол-мулкни инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда нол харид қиймати бўйича олишида кўмаклашсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2019 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар объектларини қуриш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг раиси вазифасини бажарувчи Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов



*) 1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 июль