язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти/ Олий таълим/ Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоғи олий ўқув юртлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2004 й. 150-сон "Тошкент ирригация ва мелиорация институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.03.2004 й.

N 150


ТОШКЕНТ ИРРИГАЦИЯ ВА МЕЛИОРАЦИЯ

ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Олий ўқув юртлари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга доир замонавий талабларга мувофиқ қишлоқ ва сув хўжалиги учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни мақбуллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қишлоқ ва сув хўжалиги учун юқори ва малакали кадрлар тайёрлашни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича иловага мувофиқ таркибда махсус комиссия тузилсин.


2. Махсус комиссия ўз ишларида қуйидаги муаммоларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқсин:

биринчидан, республикада тармоқлар ва ишлаб чиқаришлар комплекси сифатида қишлоқ хўжалигида ерларнинг, энг аввало, суғориладиган ерларнинг унумдорлигини сақлашдан тортиб маҳсулотларни етиштириш ва дастлабки қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган ўзаро боғлиқлик ва яхлитлик йўқотилган, бу борада уларни жаҳон ютуқлари даражасида қишлоқ хўжалиги экинларини ўстиришнинг замонавий технологиялари ва усулларига йўналтириш айниқса муҳимдир;

иккинчидан, Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон бозорида меҳнат тақсимотининг тўла ҳуқуқли субъектларидан бири бўлиб қолаётганлиги туфайли қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқларини ихтисослаштириш масаласи ҳал этилиши зарур бўлган ғоят муҳим муаммолардан биридир. Энг аввало, етиштирилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини таъминлаш ҳамда республиканинг жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда муносиб ўрин эгаллаши зарурияти устувор вазифа ҳисобланади. Бунда Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан жойлашиши, унинг табиий-иқтисодий хусусиятлари, ерлар унумдорлигининг ҳолати ғоят муҳимдир. Сув ресурслари билан таъминлаш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бизнинг шароитларимиз учун энг муҳим ва ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади;

учинчидан, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, биринчи навбатда, ерлар унумдорлигини таъминлаш, селекция, уруғчилик, илғор технология ва агротехникани жорий этган ҳолда экинларни ўстириш билан боғлиқ масалалар билан қишлоқ хўжалиги йўналишидаги бир нечта олий ўқув юртлари, шу жумладан Тошкент давлат аграр университети ва унинг Қорақалпоғистон Республикасидаги филиали, Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтлари шуғулланмоқда. Вазифалар комплексини, шу жумладан қишлоқ хўжалигини механизациялаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этиш билан мамлакатнинг ихтисослашган қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари шуғулланиши лозимлиги қонуний ҳолдир;

тўртинчидан, маҳсулотларнинг 95 фоиздан кўпроғи суғориладиган ерлардан олинадиган Ўзбекистон шароитлари учун ҳамда экология ва ерларнинг ҳолати ёмонлашиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда илмий изланишларни ва амалий тадқиқотларни чуқурлаштириш ва шу асосда, биринчи навбатда, ирригация ва ерларни мелиорациялаш каби ихтисослашган ҳаётий муҳим йўналишлар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлашни ташкил этиш катта аҳамият касб этади, бунда қишлоқ хўжалигининг келажаги кўп жиҳатдан ушбу муаммоларнинг ҳал этилишига боғлиқлиги назарда тутилиши керак. Уларга қуйидагилар киради:

а) сув ресурсларининг тақчиллиги тобора ортиб бораётган, давлатлараро сув оқимларини бошқаришда муаммолар мавжуд бўлган шароитларда сув хўжалиги асосий фондларининг замонавийлаштирилиши;

б) ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув оқимларини тўплаш ва тартибга солиш, ерларнинг шўрланиши ва ботқоқланишини бартараф этиш, гидротехника иншоотларининг ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш, сувни тақсимлаш, унинг сарфланишини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этилиши;

в) сув ресурслари чекланган шароитда фермер хўжаликлари сонининг жадал ўсиши сувдан оқилона ва тежамли фойдаланишни талаб қилиши;

г) республикада фойдаланиш учун илмий ва инновацион ёндашувни ҳамда уларни замонавийлаштириш учун юқори малакали кадрларни талаб қиладиган кўплаб гидротехника иншоотлари, сув омборлари, суғориш ва дренаж муҳандислик тизимларига эга бўлган мураккаб ва қудратли ирригация тизимларининг фаолият кўрсатиши;

д) ерларнинг қониқарсиз мелиоратив ҳолатининг, коллекторлар, мавжуд ёпиқ ва вертикал дренаж тармоқлари техник ҳолатининг суғориладиган ерлар унумдорлигига салбий таъсирининг олдини олиш зарурияти.


3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти негизида Тошкент ирригация ва мелиорация институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Махсус комиссия 2004 йил 1 июнгача бўлган муддатда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини Тошкент ирригация ва мелиорация институтига айлантириш чора-тадбирлари комплексини амалга оширсин. Мазкур ишни амалга оширишда:

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг мутахассислар тайёрлашда тутган ўрни ва ролига, уларнинг қишлоқ хўжалиги етакчи тармоқлари - мелиорация ва сув хўжалигидаги фаолиятига холисона баҳо берилсин;

институтдаги таълим йўналишлари ва кадрлар тайёрлашнинг ихтисослашуви ўрганилсин, уларнинг ирригация ва мелиорация соҳасидаги замонавий талабларга ва долзарб вазифаларга нечоғлик мувофиқлиги таҳлил қилинсин;

ушбу қарорнинг 2-бандида баён қилинган асосий йўналишлари ва вазифаларига жавоб берадиган институтнинг факультетлар йўналиши ва ўқув базасининг мазмунини, кафедраларнинг ихтисослашувини белгилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилсин;

институтнинг илмий изланишлари ва амалий тадқиқотларини қуйидаги устувор йўналишларга - сув ресурслари сифатини яхшилаш, улардан фойдаланишни мақбуллаштириш ва уларни тежашга, тупроқ унумдорлигини ошириш учун ерларни суғоришнинг илғор методларини ишлаб чиқишга ва кенг қўлланишга, гидротехника иншоотларининг ишончлилигини ва фойдаланиш учун хавфсизлигини таъминлашга қаратиш чора-тадбирлари амалга оширилсин.


4. Махсус комиссия, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

Тошкент давлат аграр университети, Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтлари тузилмасини ва ўқув-моддий ҳамда методик базаси йўналишини, шунингдек уларга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидан тегишли мутахассисликлар олиб берилишиини ҳисобга олган ҳолда тайёрланадиган кадрлар мутахассисликлари ихтисослашувини қайта кўриб чиқсинлар;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда, тегишли ихтисосдаги мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, 2004/2005 ўқув йили ва кейинги ўқув йиллари учун Тошкент ирригация ва мелиорация институтига қабул қилиш квоталари бўйича белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;

Тошкент ирригация ва мелиорация институти билан биргаликда 2004/2005 ўқув йили бошлангунгача республика таълим стандартларига мувофиқ Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                       И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 30 мартдаги

150-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ ва сув хўжалиги учун юқори малакали кадрлар

тайёрлашни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар

ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия

ТАРКИБИ

Азимов Р. С.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Махсус комиссия раиси


Юсупов М.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (келишув бўйича)


Бегалиев С.

-

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири


Ғуломов С. С.

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазири


Алихонов Б.

-

Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи


Абдураҳмонов М. С.

-

Молия вазирининг ўринбосари


Алимуҳамедов Б. Б.

-

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари


Қўзиев Р. Қ.

-

Ер ресурслари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари

Худойбердиев Т. С.

-

Тошкент ирригация и мелиорация институтининг ректори


Бўриев Х. Ч.

-

Тошкент давлат аграр университетининг ректори


Маҳмудов Э. Ж.

-

Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти директори


Икромов Р.К.

-

САНИИРИ илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг директори


Абдуллаев У.В.

-

"Ўзгипромелиосувхўжалик" институтининг директори


Ҳусанов Р. Ҳ.

-

Бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институтининг директори



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 13-сон, 152-модда.