язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Шаҳарсозлик ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.08.2018 й. ПҚ-3895-сон "Республика ҳудудларида "Business city" замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.08.2018 й.

N ПҚ-3895



РЕСПУБЛИКА ҲУДУДЛАРИДА "BUSINESS

CITY" ЗАМОНАВИЙ ИШБИЛАРМОНЛИК

МАРКАЗЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Туман ва шаҳар марказларининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, уларнинг хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, асосий туристик йўналишларда замонавий объектлар қуриш, шунингдек, республика аҳолиси ва меҳмонлари учун кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг Қорақалпоғистон Республикаси туманлари ва шаҳарларида, республика вилоятлари ва Тошкент шаҳрида "Business city" шаклида замонавий ишбилармонлик марказларини (кейинги ўринларда "Business city" марказлари деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

туманлар ва шаҳарларда "Business city" марказларини ташкил этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан уларнинг концепциялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилганидан кейин қабул қилинади;

буюртмачи функцияларини бажариш, "Business city" марказлари ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклида "Business city" марказлари ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси (кейинги ўринларда дирекция деб юритилади) ташкил этилади;

"Business city" марказларини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқишни ташкил этиш етакчи маҳаллий ва хорижий лойиҳа ташкилотлари жалб этилган ҳолда дирекция томонидан амалга оширилади;

"Business city" марказлари ҳудудида объектларни қуриш инвесторларнинг маблағлари, шу жумладан ҳомийлик хайриялари, кредитлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

лойиҳалар ташаббускорларига "Business city" марказлари ҳудудида объектлар қуриш учун ер участкалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган "Business city" марказлари ҳудудида лойиҳалар ташаббускорларини танлаб олиш ва жойлаштириш бўйича танлов комиссиялари томонидан ўтказиладиган энг яхши инвестиция таклифларининг танлови якунлари бўйича, шу жумладан тегишли лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган инвестицияларнинг ҳажмидан келиб чиқиб берилади;

дирекцияга лойиҳалаштириш шартларини, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, товарлар (ишлар, хизматлар) харидларини амалга ошириш усулларини мустақил танлаш, шунингдек, энг яхши таклифларни танлаш натижалари бўйича танлов асосида ишларни бажарувчиларни, лойиҳа ташкилотларини белгилаш ҳуқуқи берилади.


3. Қуйидагилар дирекцияларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қурилишга потенциал инвесторларни, шу жумладан хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Интернет тармоғида идоравий мансуб "Business city" марказини қуриш ва унинг фаолияти бўйича тақдимот тадбирларини ва кенг реклама кампаниясини олиб бориш ишларини ташкил этиш;

лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, инвестицияларнинг энг кам суммаларини белгилаган ҳолда идоравий мансуб "Business city" маркази лотларига кўра инвесторларни танлаш бўйича танловлар ўтказиш, "Business city" марказларига инвестиция қўйиш тўғрисида инвесторлар билан битимлар тузиш, шунингдек, қурилиш учун инвесторга ер участкаси бериш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига илтимосномалар киритиш;

идоравий мансуб "Business city" маркази ҳудудида инвесторлар томонидан реализация қилинадиган лойиҳалар амалга оширилишининг бориши устидан доимий мониторинг юритиш;

идоравий мансуб "Business city" маркази ҳудудида объектлар қурилишини лойиҳалаштиришда лойиҳа ташкилотлари томонидан энергияни тежайдиган замонавий технологиялар жорий этилиши ҳамда юқори технологик материаллар ва буюмлардан самарали фойдаланилишининг таъминланишини назорат қилиш;

қабул қилинган мажбуриятлар инвесторлар томонидан лозим даражада бажарилишини назорат қилиш, қабул қилинган мажбуриятлар инвесторлар томонидан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда идоравий мансуб "Business city" маркази ҳудудида инвестиция қўйиш тўғрисидаги битимларни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

идоравий мансуб "Business city" маркази ҳудудида, жумладан бошқарувчи компанияларни тузиш ва тадбиркорлик субъектларини жалб этиш йўли билан умумий фойдаланиладиган жойлар, муҳандислик коммуникацияларидан фойдаланишни ва уларга хизмат кўрсатишни ташкил қилиш;

инвесторлар, ишларни бажарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар, бинолар, иншоотлар ва турар жойларнинг мулкдорлари ва улардан фойдаланувчилар томонидан қурилиш-монтаж ишларини бажаришда ва объектлардан фойдаланишда белгиланган ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан техник назоратни амалга ошириш.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А. Арипов):

"Business city" марказлари фаолиятининг самарали ташкил этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;

инвесторлар томонидан қурилиш ишлари амалга оширилишида ва ваколатли ташкилотлар томонидан муҳандислик коммуникацияларининг ташқи тармоқларига улашда "Business city" марказлари ҳудудларини тайёрлаш учун масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминласин;

2019 йил 1 январга қадар муддатда тегишли туманлар ва шаҳарларда "Business city" марказларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинишини таъминласин;

2019 йил 1 февралга қадар муддатда Инвесторларнинг энг яхши инвестиция таклифларини танлаш, уларга ер участкалари бериш ва уларни "Business city" марказлари ҳудудида жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни, шунингдек, "Business city" марказлари ҳудудида инвесторларни танлаш ва жойлаштириш бўйича танлов комиссияларининг намунавий таркибини тасдиқласин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

тегишли туманлар ва шаҳарларда "Business city" марказларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилинишига қараб дирекциялар ташкил қилинишини ва уларнинг тўлиқ фаолият кўрсатишини;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар билан биргаликда туманлар ва шаҳарларда "Business city" марказларини ташкил этиш учун ер участкаларининг чегаралари белгиланишини;

алоқадор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этиладиган "Business city" марказлари ҳудудида амалда яшаётган оилалар рўйхатини аниқлаган ҳолда бузиладиган уй-жойлар, нотурар жой бинолари ва иншоотларнинг 2019 йил 1 январь ҳолатига хатловдан ўтказилишини;

ер участкалари олиб қўйилиши, уй-жойлар, нотурар жой бино ва иншоотлар бузилиши, ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникацияларига уланган ҳолда "Business city" марказлари ҳудудида объектлар қурилиши билан боғлиқ ташкилий ва техник масалаларнинг ҳал этилишини;

"Business city" марказлари ҳудудида инвесторлар томонидан лойиҳалар амалга оширилишининг бориши тизимли асосда назорат қилинишини таъминласин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

"Business city" марказларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тегишли туманлар ва шаҳарларнинг маҳаллий бюджети маблағлари, инвесторлар ва ҳомийлар маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

ер участкалари ва бошқа мол-мулк олиб қўйилиши, уй-жойлар, нотурар жой бино ва иншоотлар бузилиши сабабли мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш, ҳудудлар тозаланиши, ер ишлари бажарилиши, муҳандислик ва транспорт коммуникацияларининг майдон ички тармоқлари қурилиши, умумий фойдаланиладиган ҳудудлар ободонлаштирилиши, реклама кампаниялари ва тақдимот тадбирлари ўтказилиши, шунингдек, маҳаллий, хорижий консалтинг ва архитектура компаниялари хизматлари учун харажатлар инвесторларга бериладиган ер участкалари ўлчамларига қараб мутаносиб улушларда инвесторлардан тушадиган маблағлар, ҳомийлар маблағлари, кредитлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


7. "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбектелеком" АК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари "Business city" марказларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ муҳандислик коммуникациялари уловчи тармоқларининг ўз маблағлари ҳисобидан қурилишини уларнинг узлуксиз фаолият кўрсатишини ҳисобга олган ҳолда таъминласин.

9. "Business city" марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:

2021 йил 1 январга қадар муддатда:

а) инвесторлар - мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан;

бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилотлари - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан;

ташкилотлар-норезидентлар - ҳам доимий муассаса, ҳам Ўзбекистон Республикасида тўлов манбаси орқали олинадиган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;

дирекциялар, инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари - Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан;

б) дирекциялар "Business city" марказлари фаолият кўрсатишининг бутун даврида солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинсин.


10. Белгилансинки, ушбу қарор 8 ва 9-бандларининг амал қилиши "Tashkent city" халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши лойиҳасининг тегишли қатнашчиларига, шу жумладан унинг дирекциясига татбиқ этилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги дирекцияларнинг буюртманомаларига биноан "Business city" марказлари ва "Tashkent city" халқаро ишбилармонлик марказини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги дирекцияларнинг буюртманомаларига биноан "Business city" марказлари ва "Tashkent city" халқаро ишбилармонлик марказини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга давлат божи тўламасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва кўп марталик визаларнинг узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги дирекцияларнинг буюртманомаларига биноан "Business city" марказлари ва "Tashkent city" халқаро ишбилармонлик марказини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда қатнашувчи юқори малакали хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасига жалб этилишига рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 6 август, 31-сон, 644-модда