язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш/ Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.08.2018 й. 657-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 14 августдаги

657-сон қарорига

4-ИЛОВА



Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ КОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг мақсади, асосий вазифалари, функциялари, режими, уни бошқаришни ҳудудини муҳофаза қилиш, тартибини белгилайди.


2. Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (кейинги ўринларда қўриқхона деб аталади) ўзига хос экологик тизимлар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини асраш ҳамда ўрганиш учун мўлжалланган табиий объектлар ва комплексларни муҳофаза қилишнинг қатъий режимига эга бўлган, умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ҳисобланади.


3. Қўриқхона Ўзбекистон Республикасининг табиий ҳудудида табиий шароитлари бўйича минтақага мос келадиган ҳамда ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига жавоб берадиган шароитлар мавжуд бўлган участкаларда ташкил этилади.

Қўриқхона маълумотларни тўплаб қайта ишлайдиган, тезкор ва таҳлилий ахборот тақдим этадиган доимий фаолият кўрсатувчи давлат тизимини ташкил этади ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича асосланган қарорлар қабул қилиш учун база ҳисобланади.


4. Қўриқхона ери муҳофаза этиладиган табиат ерларига киради.Ер участкалари ва бошқа табиий объектлар қўриқхонага доимий фойдаланиш учун тақдим этилади.

Қўриқхона ҳудудига тегишли ер, сув, ер ости бойликлари, ўсимликва ҳайвонот дунёси, бошқа табиий объектлар ва комплекслар хўжалик ёки бошқа мақсадларда фойдаланишдан олиб қўйилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, қўриқхона ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.


6. Қўриқхона ҳудуди ер тузиш схемаларини ишлаб чиқиш, ҳудудни режалаштириш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа режа ва дастурларни ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.


7. Қўриқхона ўз фаолиятини "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида", "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ушбу Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширади.


8. Қўриқхона Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.


9. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


махсус ва колатли давлат органи - тасарруфида қўриқхона бўлган ва уни бошқарадиган давлат органи;


маълумотларни камерал қайта ишлаш - биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторинги тўғрисидаги маълумотларни дастлабки қайта ишлаш;


табиий жараёнларнинг давлат эталони - маълум табиий ҳудудга хос бўлган эталон экотизим;


табиий ҳудуд - табиий-иқлим шароитлари ўхшаш (бир хил бўлган) ҳудуд;


эталон экотизимлар - юридик ва жисмоний шахслар фаолияти натижасида ўзгаришлар рўй бермаган экотизим.


10. Қўриқхона юридик шахс ҳисобланади ва давлат табиатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот муассасаси шаклида ташкил этилади.

Қўриқхона Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, банкларда ўз ҳисоб рақами, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамига эга.


11. Қўриқхона ўз рамзий белгилари - байроғи, вимпели, эмблемаси ва бошқа рамзларга эга бўлишга ҳақли. Бошқа ташкилотлар қўриқхона ҳудудида жойлашган табиий ва тарихий-маданий комплекслар, объектлар тасвири, уларнинг номлари ва рамзлари акс этган босма, эсдалик ва бошқа маҳсулотларни фақат қўриқхона билан тузилган шартномага асосан ишлаб чиқаради.


12. Қўриқхонанинг давлат тилидаги номи: "Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси", рус тилида - "Чаткальский Государственный биосферный заповедник", инглиз тилида - "Chatqal biosphere state reserve".

Почта манзили: Тошкент вилояти, Паркент тумани, Соҳил кўчаси, 1-уй. электрон почта манзили: biosfera@inbox.uz.


13. Қўриқхона маъмурий-хўжалик, илмий ва қўриқлаш (инспекция) бўлимларидан иборат.



2-БОБ. ҚЎРИҚХОНАНИНГ МАҚСАДИ,

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


14. Қўриқхонанинг мақсади ўзига хос экологик тизимларни ўз ҳудудидаги табиий жараёнлар, ўсимликлар, ҳайвонларнинг генетик фонди, бошқа табиий объектлар ва комплексларнинг давлат эталони сифатида табиий жараёнларнинг табиий кечишига аралашмасдан дахлсиз ҳолатда асраб-авайлашдан иборат.


15. Қуйидагилар қўриқхонанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

асосий зонада муҳофаза остига олинган бутун табиий комплексни табиий ҳолатда сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимида (экологик тармоқда) биологик ва ландшафт хилма-хиллигини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлашда иштирок этиш;

ўз ҳудудида барча табиий объектлар ва комплекслар, табиий жараёнлар ва ҳодисаларни табиий шароитда ўрганиш;

қўриқхонанинг эталон экотизимларидаги биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг кечиши мониторингини олиб бориш.


16. Қўриқхона ўз зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни бажаради:


а) муҳофаза этиладиган табиий хҳудудлар тизимида (экологик тармоқда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги биологик ва ландшафт хилма-хиллигини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаб туриш соҳасида:

қўриқхонадаги табиий объектлар ва комплексларни муҳофаза этиш режимини таъминлайди;

давлат дастурлари, концепциялар лойиҳаларини, ишлаб чиқариш кучлари иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жойлаштириш ва ривожлантириш схемалари, шунингдек, қўриқхона ва унинг қўриқланма ҳудудидаги табиий комплексларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган барча турдаги қурилиш ишлари учун ер участкаларини танлаш билан боғлиқ материалларни давлат экспертизасидан ўтказишда иштирок этади;

экологик-маърифий фаолиятни амалга оширади;


б) ўз ҳудудида барча табиий объектлар ва комплекслар, табиий жараёнлар ва ҳодисаларни табиий шароитда ўрганиш соҳасида:

илмий материални тўплайди, қайта ишлайди, таҳлил қилади ва умумлаштиради;

илмий-тадқиқот ишларини, жумладан, мутахассисларни шартнома асосида жалб этган ҳолда амалга оширади;

қўриқхона биохилма-хиллиги тўғрисида маълумотлар базасини яратади;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасида илмий кадрлар ва мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашади;


в) қўриқхонанинг эталон экотизимларидаги биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторингини олиб бориш соҳасида:

мониторинг маълумотларини камерал қайта ишлайди;

мазкур табиий ҳудудда жойлашган муҳофаза этиладиган бошқа табиий ҳудудлар мониторинги ҳақида маълумотларни олади, қайта ишлайди ва умумлаштиради;

ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига марказлаштирилган ҳолда қайта ишлаш ва умумлаштириш учун тақдим этади;

мониторинг маълумотлари асосида табиий жараёнлар ҳолати, ҳодисалар ва прогнозлар тўғрисида табиий ҳудуд миқёсида маърузалар тайёрлайди.



3-БОБ. ҚЎРИҚХОНАНИ БОШҚАРИШ


17. Қўриқхонани бошқариш Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Респубикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

қўриқхона директорини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

қўриқхона фаолиятини таъминлаш учун мулкни тақсимлаб беради, жумладан, пул маблағлари ажратади;

даромадлар ва харажатлар сметаси ва қўриқхона маблағларини сарфлаш ҳисоботини тасдиқлайди;

қўриқхона штатлар жадвалини тасдиқлайди;

қўриқхона фаолияти ва ҳудуддаги режимга риоя этилишини назорат қилади;

қўриқхона ҳудудида илмий инфратузилма ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши ва биохилма-хиллик мониторинги инфратузилмасини яратади;

қўриқхона рамзларини тасдиқлайди;

қўриқхонани бошқариш режасини тасдиқлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


18. Қўриқхона директори ва ўринбосарлари қўриқхона фаолиятининг ташкил этилиши учун масъулдирлар.


19. Қўриқхона директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда, директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қўриқхона директорининг илм-фан, таълим ва рекреация масалалари бўйича ўринбосари лавозимига кўра, илм-фан бўлими бошлиғи ҳисобланади.

Қўриқхона директорининг режим бўйича ўринбосари ўз лавозимига кўра, табиатни қўриқлаш бўйича инспекция бўлими бошлиғи ҳисобланади.

Бош ҳисобчи Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


20. Қўриқхона директори қўриқхонадаги мавжуд барча табиий объектлар ва комплекслар, мол-мулк ҳимоя қилиниши, ҳисоботнинг ўз вақтида тақдим этилиши, ушбу ҳудуддаги молиявий, шартнома ва меҳнат интизомига риоя этилиши учун масъулдир.


21. Қўриқхона директори:

қўриқхона фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

қўриқхона маблағлари ва мол-мулкини қонунчиликда белгиланган тартибда тасарруф этади;

қўриқхона мол-мулки, ускуналари, моддий ва бошқа бойликлари сақланишини ташкил этади;

қўриқхона ходимларини ишга қабул қилади ва лавозимдан озод этади;

қўриқлаш ходимлари гуруҳларининг бошлиқларини лавозимга (участка бошлиқларини) тайинлайди ва озод қилади;

шартномалар тузади;

банк муассасаларида қўриқхона номидан молиявий операцияларни амалга оширади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда қўриқхона манфаатларини ишонч қоғозисиз ифода этади;

қонунчилик ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


22. Қўриқхона директорининг илм-фан, таълим ва рекреация масалалари бўйича ўринбосари:

илмий-тадқиқот фаолияти амалга оширилишини, биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши, экологик таълим мониторингини юритилишини ҳамда қайд этилган йўналишлар белгиланган талабларга риоя этилишини ташкил этади;

илмий фондлар шакллантирилиши, сақланиши ва улардан фойдаланишни таъминлайди.


23. Қўриқхона директорининг режим бўйича ўринбосари:

қўриқхона ҳудуди ва унинг муҳофазасини ҳамда қўриқлаш ходимлари ишини ташкил этади;

қуроллар, ўқ-дорилар, формали кийим-кечаклар, алоқа воситалари, махсус анжомлар сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда қўлланилишини таъминлайди;

қўриқхона режимини бузган айбдорларни жавобгарликка тортади ҳамда қўриқхона қўриқлаш ходимларининг маъмурий жавобгарлик чораларини тўғри қўллашини назорат қилади;

қўриқхона режимини бузган айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида материалларни, қўриқхонанинг муҳофаза этиладиган табиий объекти ва комплексига етказилган зарарни қоплаш тўғрисида даъво аризаларини тегишли органларга белгиланган тартибда тақдим этади.


24. Қўриқхона тўғрисидаги асосий маълумотлар унинг паспортида баён этилади. Қўриқхона паспортидаги маълумотлар рўйхати ва уни юритиш тартиби қонунчилик томонидан белгиланади.


25. Қўриқхона бошқариш режаси ва йиллик иш режалари асосида фаолият юритади. Қўриқхона бошқариш режаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартиб асосида ишлаб чиқилади ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.


26. Қўриқхона биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторингини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд давлат кадастрини юритиш учун зарур маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига белгиланган тартибда беғараз асосда тақдим этади.



4-БОБ. ҚЎРИҚХОНАДА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ

ФАОЛИЯТИ ҲАМДА БИОХИЛМА-ХИЛЛИК

ВА ТАБИИЙ ЖАРАЁНЛАРНИНГ КЕЧИШИ

МОНИТОРИНГИНИ ЮРИТИШ


27. Қўриқхонанинг илмий-тадқиқот фаолияти табиий объектлар ва комплекслар, эталон экотизимлардаги табиий жараёнлар бўйича кўп йиллик тадқиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади. Илмий-тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг кечиши мониторинги қўриқхона илмий ходимлари, шунингдек, шартнома асосида жалб қилинадиган илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари ва бошқа мутахассислар, жумладан хорижий мутахассислар томонидан амалга оширилади.


28. Қўриқхона Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг биохилма-хиллик ҳамда табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторингини юритиш услубларига мувофиқ:

биохилма-хиллик ҳамда табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторингини юритиш учун инфратузилма ташкил этади;

биохилма-хиллик ҳамда табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторинги бўйича олинган маълумотларни қайта ишлайди;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига табиий ҳудуд даражасидаги табиий жараёнлар ва ҳодисалар ҳолати тўғрисидаги маърузаларни ҳамда қўриқхоналар фаолиятининг асосий натижаси ҳисобланган прогнозларни тақдим этади.

Қўриқхона эталон экотизимидаги табиий биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторинги маълумотлари қўриқхона ҳудудидаги ўсимлик ва ҳайвонот олами давлат кадастри учун асос ҳисобланади. Кадастр маълумотларини ушбу маълумотлар билан таққослаш биохилма-хиллик ҳолати ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот олами объектлари сонининг кўпайгани ёки камайганининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади.


29. Қўриқхона эталон экотизимларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг мониторингини юритилишини таъминлаш мақсадида қўриқхона маъмурияти учун ажратилган ер участкасида илмий фондлар сақланадиган бинодан ҳамда қўриқхона ҳудудида мавжуд - дала базалари, кордонлар, илмий инфратузилмава мониторинг инфратузилмасидан фойдаланади.

Қўриқхонанинг илмий фондлари муддатсиз сақланади. Қўриқхонада фондларни сақлаш, жумладан, биологик коллекциялар фумигацияси учун зарур шароитлар таъминланади.

Қўриқхона ва унинг қўриқланма зонаси ҳудудида олиб бориладиган барча илмий-тадқиқотларнинг дастлабки материаллари (ёки уларнинг нусхалари) ҳамда мазкур тадқиқотлар натижалари, ушбу тадқиқотларни ўтказган субъект тоифасидан қатъий назар, қўриқхона илмий фондига тақдим этилиши шарт.

Қўриқхона ушбу материаллардан қонунчиликка мувофиқ интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этган ҳолда беғараз асосда фойдаланади.


30. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Илмий-техник кенгаши қўриқхонада илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши мониторингини юритиш учун услубий раҳбарлик қилади.


31. Қўриқхонада илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш ҳамда илмий-тадқиқот дастурларини шакллантириш мақсадида Илмий кенгаш тузилади. Қўриқхонанинг Илмий кенгаши тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.


32. Қўриқхона ўз илмий ишларини чоп этади, илмий анжуман ва йиғилишлар ўтказади.


33. Қўриқхона олий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан шартнома асосида табиатни муҳофаза қилиш соҳасида кадрларни тайёрлашга кўмаклашади.



5-БОБ. ҚЎРИҚХОНАНИНГ

ҲУДУДИ ВА РЕЖИМИ


34. Қўриқхонага мазкур ҳудуд учун эталон бўлган яхлит экотизимларни (ландшафтларнинг йирик қисмини) қамраб олган, табиий комплекси ва экологик боғлиқлиги бузилмаган ҳамда унинг сақланиши ва табиий жараёнларнинг мустақил кечишини таъминлайдиган аниқ табиий чегарага эга ҳудуд ажратилади.


35. Қўриқхона экологик коридорлар ва участкалардан иборат бўлиб, умумий майдони 24 706 гектардан ташкил топган.


36. Қўриқхона ҳудуди биохилма-хиллик ҳамда табиий жараёнларнинг табиий кечиши тўғрисидаги маълумотларни илмий инфратузилма ва биохилма-хиллик ҳамда табиий жараёнлар табиий кечишининг мониторинги инфратузилмаси ёрдамида олиш учун мўлжалланган.


37. Қўриқхона макон-ҳудудий тузилишига кўра қуйидагиларга бўлинади:

қўриқлашни бошқариш ва илмий-тадқиқот фаолиятини янада яхшилаш учун рельефи, кириш йўллари, қўриқхона чегараси бўйлаб аҳоли яшаш пунктларининг жойлашганлиги ҳамда уларнинг майдонларидан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган - участкаларга;

ландшафт элементлари бўйича - кварталларга, кварталлар эса ўсимлик элементлари бўйича илмий тадқиқотлар ҳисоботини юритиш ва мониторинг олиб бориш учун алоҳида бўлакларга ажралади.

Участкалар, кварталлар ва алоҳида бўлакларнинг сони, шунингдек, майдони бошқариш режасида белгиланади.

Барча чегаралар, илмий инфратузилма ва мониторинг инфратузилма элементлари, кварталлар ва алоҳида бўлаклар жойларда белгилар билан кўрсатилади.


38. Қўриқланма зона қўриқхона билан чегарадош ерларда ташкил қилинади. Қўриқланма зоналарда қўриқхона табиий объект ва комплексларга зиён етказиши мумкин бўлган хўжалик ва бошқа фаолият чекланади ёки тақиқланади. Қўриқланма зонани ташкил этиш қонунчилик томонидан белгиланади.


39. Қўриқхона ҳудудида ҳар қандай хўжалик, рекреацион ва бошқа фаолият турлари тақиқланади, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг табиий кечиши ва мониторингини юритиш бундан мустасно.

Қўриқхона ҳудудида фақат унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бино ва иншоотларни қуриш ва улардан фойдаланишга рухсат берилади.

Қўриқхонанинг бошқариш режаси ҳамда йиллик иш режасига мувофиқ қўриқхонада ёнғинга қарши тадбирлар ўтказилишига йўл қўйилади.

Қўриқхонанинг қўриқланма зонасида қуйидагилар тақиқланади:

ўсимликлар ва ҳайвонларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш;

ўсимликлар ва ландшафт қопламини ўзгартириш;

гидрологик режимни ўзгартириш;

табиий объектлар, комплекслар ва жараёнларга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатлар.


40. Қўриқхона ходими бўлмаган фуқароларнинг қўриқхона ҳудудида бўлиши тақиқланади, ушбу Низомнинг 41-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


41. Қўриқхонанинг ходимлари бўлмаган фуқароларнинг қўриқхона ҳудудига фақат Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ёки қўриқхона маъмурияти томонидан бериладиган ўрнатилган шаклдаги рухсатномалар бўйича кириши мумкин ва ҳудудда бўлиш китобида рўйхатга олинади:

илмий тадқиқотларни амалга ошириш, биохилма-хиллик ва табиий жараёнларнинг кечиши мониторингини юритиш мақсадида турли ташкилотларнинг илмий ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўриқхоналар фаолияти давлат назоратини амалга оширадиган ходимлари;

ўз хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан давлат назоратини амалга оширадиган бошқа органлар вакиллари.


42. Қўриқхонадаги ҳар қандай табиий ресурсларнинг олиб қўйилишига фақат илмий тадқиқотлар ўтказиш мақсадидагина йўл қўйилади. Илмий материални тўплаш ҳажми илмий тадқиқотларни ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.


43. Ҳаво кемаларининг қўриқхона ҳудуди устидан фақат қўриқхона маъмурияти ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасиининг келишувига кўра, 2000 метрдан пастда учиб ўтиши мумкин.


44. Қўриқхона табиий ресурсларидан фойдаланишга фақат қўриқхонага юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадидагина йўл қўйилади.


45. Қўриқхонанинг  ва қўриқхона ходимларининг эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришга қўриқхонанинг қўриқланма зонасида ер участкалари ажратилади.



6-БОБ. ҚЎРИҚХОНАНИ ҚЎРИҚЛАШ


46. Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари қўриқхонани қўриқлайди ҳамда унинг ҳудудида ва қўриқланма зонасидаги режимга риоя этилишини назорат қилади.


47. Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қўриқхона ҳудудида бўлиш ҳуқуқини берадиган рухсатномаларни текшириш;

қўриқхона ва унинг қўриқланма зонаси ҳудудида транспорт воситаларини текшириш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузиш, маъмурий қўлга олиш, буюмлар, ҳужжатларни ва табиатдан ноқонуний фойдаланиш натижасида олинган маҳсулотларни олиб қўйиш, қўриқхона ва унинг қўриқланма зонаси ҳудудида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда эса маъмурий жазога тортиш чораларини қўллаш;

айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида материалларни тегишли органларга юбориш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг қўриқхонанинг қўриқланма зонаси ҳудудида ўрнатилган режимга риоя этишига оид фаолиятини текшириш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


48. Қўриқхона қўриқлаш ходимларига хизмат вазифаларини бажариш вақтида белгиланган тартибда жисмоний куч ишлатишга, идоравий ўқотар қурол ва махсус воситаларни (қўлкишанлар, резина таёқлар, кўздан ёш оқизувчи газ, транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш мосламаларини) олиб юриш ва уларни қўллаш, шунингдек, хизмат итларидан фойдаланишга рухсат берилади.

Ўқотар қуролни бериш, олиб юриш, сақлаш ва қўллаш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.


49. Қўриқхона директори ва директорнинг режим бўйича ўринбосари катта давлат инспекторларига, қўриқлаш ходимлари эса - экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторларига тенглаштирилади.

Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторларининг барча ҳуқуқ ва имтиёзларидан фойдаланади.

Қўриқхона қўриқлаш ходимларининг ҳуқуқлари қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари бўлмаган бошқа ходимларига ҳам берилади. Мазкур ҳуқуқлар ходимларнинг розилиги билан уларнинг ёзма аризаси асосида берилади ва директор буйруғи билан расмийлаштирилади.


50. Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари бир хил намунадаги формали кийим-бош ва фарқлаш белгилари билан қўриқхона маъмурияти томонидан ўрнатилган тартибда таъминланади.

Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, жумладан, қўриқхона ҳудудига жиноятчи гуруҳларнинг кириб келиши ва ўрнашиб олишининг олдини олиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистан Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказади.


51. Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари тасдиқланган дастурларга мувофиқ жанговор хизмат, ижтимоий-ҳуқуқий, аҳлоқий-психологик ва жисмоний тайёргарлик курсларида ўқитилади.

Курслар дастури ва ўқитиш тартиби Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


52. Қўриқхонанинг қўриқлаш ходимлари Тошкент вилояти маҳаллий бюджети, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг жамғармалари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий суғурталанади.



7-БОБ. ҚЎРИҚХОНАНИНГ

ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


53. Қўриқхонанинг давлат назорати қуйидагича амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси - режимга риоя этилиши, илмий фаолият ва мониторинг олиб борилишини назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи - қонунчиликка мувофиқ молиявий-хўжалик фаолиятни назорат қилади.


54. Қўриқхона режимини бузишда айбдор юридик ва жисмоний шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Айбдорлардан қўриқхонага етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорда ундирилади.



8-БОБ. ҚЎРИҚХОНА МУЛКИ ВА

УНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


55. Қўриқхона мулки оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган бино, иншоотлар, ускуналар, техникалар, пул маблағлари ва бошқа товар-моддий бойликлардан иборат.


56. Қуйидагилар қўриқхонани молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Тошкент вилоят маҳаллий бюджет маблағлари;

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

илмий-тадқиқот, табиатни муҳофаза қилиш, реклама-ноширлик ва маърифий фаолиятдан олинган даромадлар;

қўриқхонага етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга қаратилган тушумлар;

белгиланган тартибда ундирилган жарима тушумлари;

мусодара этилган овчилик қуроллари ва балиқчилик асбобларини реализация қилишдан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


57. Қўриқхона маблағларни Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ мустақил тасарруф этади.


58. Қўриқхонада қонунчиликка мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва хисоботи юритилади.



9-БОБ. ҚЎРИҚХОНА ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРНШ


59. Қўриқхона ходимларига кўп йил ишлагани учун қўшимча ҳақ, шунингдек, туман ва юқори тоғ коэффицентлари белгиланади. Қўриқхона ходимлари лавозим мажбуриятларини бажариш муносабати билан қўриқхона ҳудудида бўлган вақти учун ходим учун белгиланган ойлик маоши миқдорида дала таъминоти шаклидаги компенсация оладилар.


60. Қўриқхона ходимларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 173-моддасига мувофиқ, қўриқхона вазифаларини баржаришда ходим ўзига тегишли мол-мулкдан фойдаланганлиги учун амортизация ва эксплуатация харажатлари тўланади. Тўлов миқдори ва тартиби жамоа шартномаси ёки қўриқхона директори ва ходимлари ўртасида тузилган келишувга биноан белгиланади.


61. Қўриқхона ходимларига меҳнат қонунчилигида назарда тутилган истисноларга мувофиқ қариндошлари билан биргаликда ишлашига рухсат этилади.

Қўриқхона ходимларини лавозим мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган вазифаларга жалб этиш тақиқланади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


62. Қўриқхона қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.

Қўриқхонани енгилроқ режимли тоифадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудга ўтказиш мақсадида уни қайта ташкил этишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 август