язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.08.2018 й. 668-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 16 августдаги

668-сон қарорига

ИЛОВА



Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий

инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш,

янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил

этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари

ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг иш

самарадорлигини баҳолаш бўйича танлов

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг (кейинги ўринларда раҳбарлар деб аталади) иш самарадорлигини баҳолаш бўйича танловни (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов раҳбарлар рейтингини аниқлаш ва инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш, шунингдек, ушбу низомга иловага мувофиқ схема бўйича тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ишбилармонлик муҳитини яхшилашда уларнинг манфаатдорлигини рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.


3. Танлов ҳар йили ўтказилади. Календарь йили танловни ўтказиш учун ҳисобот даври ҳисобланади.


4. Танлов:

"Инвестицияларни жалб қилганлик, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантирганлик учун";

"Янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этганлик учун";

"Инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштирганлик, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаганлик учун" номинацияларида ўтказилади.


5. Танловда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ҳамда туманлар ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар бўйича қўмитасининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар инвестициялар бўйича бошқа бошқармаларининг раҳбарлари;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари дирекциясининг директорлари иштирок этиш ҳуқуқига эга.


6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) танловни ташкил этиш бўйича масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА

ЭКСПЕРТ КОМИССИЯСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Қўмита ҳар йили 10 мартгача етти аъзодан иборат таркибда танловни ўтказиш бўйича эксперт комиссиясини (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ташкил этади.

Комиссия таркибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тегишли комплексининг раҳбари тасдиқлайди.


8. Комиссия таркибига, одатда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари киритилади.


9. Комиссия унинг мажлисларида Комиссия аъзоларининг камида ярми иштирок этганда қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Комиссия қарорлари мажлисда иштирок этадиган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлган ҳолатларда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


10. Комиссия қарори протокол билан расмийлаштирилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш департаменти комиссиянинг ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


12. Комиссиянинг иш тартиби Комиссия тасдиқлайдиган регламент билан белгиланади.



3-БОБ. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 20 мартгача Қўмитага ҳар бир номинацияда биттадан даъвогар танловда иштирок этиши учун қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган тақдимномалар киритади:

инвестицияларни фаол жалб қилиш ва ўзлаштириш соҳасидаги фаолият кўрсаткичлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг вилоятлар бошқармалари тасдиқлайдиган ахборот;

номенантнинг инвестиция муҳитини яхшилашга доир ташаббуслари;

ҳисобот даври ва ўтган йилнинг шу даври учун хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш тўғрисидаги ахборот.


14. Ишчи орган йигирма кунлик муддатда танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатларни комплекслилик ва ишончлилик бўйича ўрганади ва унинг натижаларини Комиссияга юборади.


15. Даъвогарлар тақдим этган ҳужжатларни Комиссия 25 апрелгача бўлган муддатда фаолиятнинг ҳар бир кўрсаткичи бўйича тўпланган баллар миқдорини Комиссия томонидан белгиланадиган мезонларга мувофиқ жамлаш орқали кўриб чиқади.


16. Комиссия ҳар бир номинацияда тўпланган баллар сони бўйича биринчи ўринларни эгаллаган ғолибларни (кейинги ўринларда танлов ғолиблари деб аталади) аниқлайди.


17. Танлов якунлари Комиссия протоколи билан тасдиқланади.


18. Танлов ғолибларига ҳар йили 1 майдан кечиктирмасдан сертификатлар ва пул мукофотлари топширилади.

Пул мукофоти миқдори Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира фонди маблағлари ёки маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳар бир номинацияда энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорини ташкил этади.


19. Танловда иштирок этган барча даъвогарларга Қўмитанинг миннатдорлик мактуби топширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Танловда иштирок этиш учун берилган материаллар қайтариб берилмайди.






Низомга

ИЛОВА



Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар

билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар

ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун

давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг

иш самарадорлигини баҳолаш бўйича танлов ўтказиш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар


Масъуллар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

  



1-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Қўмитага ҳар бир номинацияда биттадан даъвогар танловда иштирок этиши учун зарур ахборот илова қилинган тақдимномаларни киритиш

ҳар йили 20 мартга қадар

2-босқич

Ишчи орган

(Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш департаменти)

Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатларни комплекслик ва ишончлилик бўйича ўрганиш

йигирма кун муддатда

  

3-босқич

Танловни ўтказиш бўйича эксперт комиссияси


Даъвогарларнинг тақдим этилган ҳужжатларини кўриб чиқиш ва ҳар бир номинацияда ғолибларни аниқлаш

25 апрелгача


4-босқич

Танловни ўтказиш бўйича эксперт комиссияси

Ғолибларга сертификатлар ва пул мукофотларини топшири

1 майгача

   


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 20 август, 33-сон, 680-модда