язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.08.2018 й. 668-сон "Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.08.2018 й.

N 668



ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ,

ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ, ЯНГИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШЛАР

ВА ИШ ЎРИНЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ БОРАСИДАГИ

ФАОЛИЯТ УЧУН ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ҲАМДА

ТАШКИЛОТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурини ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларини (кейинги ўринларда раҳбарлар деб аталади) моддий рағбатлантиришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун раҳбарларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича ҳар йили танлов (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда танлов ғолиблари рейтинги ҳар йили 1 майгача оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини ва уларга тегишли сертификатлар ҳамда пул мукофотлари топширилишини таъминласин.


4. Белгилансинки:

а) танлов қуйидаги номинацияларда ўтказилади:

"Инвестицияларни жалб қилганлик, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантирганлик учун";

"Янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этганлик учун";

"Инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштирганлик, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаганлик учун";

б) танлов ғолибларига Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира фонди маблағлари ёки маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳар бир номинацияда энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йилнинг 1 августигача бўлган муддатда ҳар бир номинацияда танлов ғолиблари сертификатларининг эскизларини белгиланган тартибда тайёрласин ва тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига оммавий ахборот воситаларида танлов иштирокчилари, ғолиблари ва уни ўтказиш шартлари тўғрисидаги ахборот материалларини жойлаштириш тавсия этилсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                    А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 20 август, 33-сон, 680-модда