ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.08.2018 й. 24-сон "Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.08.2018 й.

N 24



ДАЛИЛЛАР МАҚБУЛЛИГИГА

ОИД ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНИ

НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилганлиги ва тергов-суд амалиётида масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шахс унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига риоя этиш зарурлигига қаратилсин.

Шу муносабат билан суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан ҳар бир жиноят ишини юритишда жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий амал қилиш шартлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади) 11-моддасида белгиланган талабларга, шу жумладан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда, оғишмай риоя этиш муҳим аҳамият касб этади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъий назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилишига олиб келади.

Мақбул бўлмаган далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан ЖПК 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.


2. Суриштирув, тергов органлари ва судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутади.

Далиллар мақбуллигининг шартлари қуйидагилар:

далил тегишли субъект томонидан, яъни далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши;

фактга оид маълумотлар фақат ЖПК 81-моддасининг иккинчи қисмида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши;

далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши;

далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши шарт.

Судларга тушунтирилсинки, далиллар мақбуллигига тааллуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал этилмаслиги далилнинг мақбул эмас деб топилишига асос бўлади.


3. ЖПК 95-1-моддасига кўра, агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд ЖПК талаблари бузилган, шу жумладан қуйидаги ҳолларда олинган бўлса мақбул эмас деб топилади:

1) жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда;

2) уларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) йўли билан;

3) гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолда;

4) жиноят иши бўйича процессуал ҳаракатнинг мазкур жиноят ишини юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бажарилиши натижасида;

5) номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;

6) жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирувдаги, дастлабки терговдаги судда далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан.


4. ЖК 235-моддаси ва 1984 йил 10 декабрдаги "Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенция"нинг 1-моддасига кўра, қийноқлар ҳамда бошқа шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо деганда, мансабдор шахс ёки бошқа расмий шахс томонидан ёхуд расмий ёки бошқа шахс далолатчилиги ёки хабардорлиги ёхуд индамасдан берган розилиги билан бошқа шахс томонидан содир этилган ҳаракат тушунилиб, унинг натижасида қасддан шахсга қуйидаги мақсадларда кучли оғриқ, жисмоний, руҳий ёки психологик азоб етказилади:

ундан ёки учинчи шахсдан ахборот ёки у содир этган ёхуд содир этилишида у гумон қилинаётган ҳаракат бўйича иқрорлик олиш;

уни ёки учинчи шахсни қўрқитиш ёки у ёки бу ҳаракатни содир этишга мажбурлаш.

Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган ҳолда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд арз қилувчининг важларини хизмат текшируви ва суд-тиббий ёки бошқа экспертиза тайинлаш йўли билан текшириши шарт.


5. Далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) деганда, исботлашни амалга ошираётган ёки исботлашда иштирок этиш учун жалб қилинаётган шахслар томонидан ғаразли ёки бошқа паст ниятларда терговга қадар текширув ёки жиноят иши материаллари бўйича ҳужжатларга ёхуд ашёларга била туриб ёлғон маълумотларни киритишда ва бошқача тарзда бузиб кўрсатишда намоён бўлган ҳаракатлар тушунилиши лозим.


6. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, жумладан қуйидаги ҳолларда бузилган ҳисобланади, агар:

процессуал ҳаракатда қонунга кўра ҳимоячи иштироки шарт бўлиб, далил суриштирув, дастлабки тергов органи ёки суд томонидан унинг иштирокисиз олинган бўлса;

гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчига унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи тушунтирилмаган ёки бу ҳуқуқдан фойдаланиш имконияти амалда таъминланмаган бўлса.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари бузилиши масаласига оид батафсил тушунтиришлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2003 йил 19 декабрдаги 17-сонли қарорида берилган.


7. Жиноят иши бўйича процессуал ҳаракат бунга ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан қуйидаги ҳолларда далил олишда намоён бўлади:

суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг ёзма топшириғисиз терговга қадар текширув ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган томонидан;

ишни белгиланган тартибда ўз юритувига қабул қилмаган ёки тергов (суриштирувчилар) гуруҳига киритилмаган терговчи (суриштирувчи) томонидан;

ЖПК 76-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши лозим бўлган шахс томонидан.


8. Далил, агар у номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган, жумладан, қонунда назарда тутилмаган манбадан, масалан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган тезкор-қидирув тадбири давомида олинган далиллар мақбул эмас деб ҳисобланади.


9. Далил у ЖПК талаблари бузилган тарзда, жумладан, қуйидаги ҳолларда олинган бўлса ҳам мақбул эмас деб топилади, агар:

а) тергов ҳаракати қонунда назарда тутилган ҳолларда прокурор ёки суднинг розилиги олинмасдан ўтказилган бўлса (кечиктириб бўлмайдиган ҳоллар бундан мустасно);

б) тергов ҳаракатида холис сифатида иш бўйича манфаатдор шахс, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки уларга жамоатчилик асосида кўмаклашувчи бошқа шахслар иштирок этган бўлса;

в) эксперт хулосаси экспертиза тайинлаш вақтида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳуқуқлари бузилган ҳолда, шунингдек, эксперт рад этилиши шарт бўлган ҳолда олинган бўлса;

г) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг яқин қариндошлари ЖПК 116-моддаси талабларига хилоф равишда ўз розилигисиз гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчига тегишли ҳолатлар юзасидан сўроқ қилинган бўлса;

д) гумон қилинувчи, айбланувчининг суриштирув ва дастлабки тергов даврида гувоҳ сифатида сўроқ қилинганда берган кўрсатувлари суд мажлисида бошқа далиллар билан тасдиқланмаган бўлса;

е) жабрланувчи, гувоҳнинг фараз, тахмин, миш-мишларга асосланган кўрсатувлари, шунингдек, жабрланувчи, гувоҳ ўзининг хабардорлиги манбасини айтиб бера олмаган ёки айтишни хоҳламаган ҳолларда;

ж) сўроқ юритилаётган тилни (алфавитни) билмайдиган ёки етарлича билмайдиган гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳнинг кўрсатувлари таржимон (мутахассис) иштирокисиз олинган бўлса;

з) вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ кўрсатувлари қонуний вакилининг (ЖПК 549-моддаси), зарур ҳолларда эса, педагог ёки психологнинг иштирокисиз олинган бўлса (ЖПК 554-моддаси);

и) гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида сўроқ қилиниши мумкин бўлмаган шахсларнинг кўрсатувлари (ЖПК 115-моддаси);

к) далилларни қайд этишнинг процессуал формаси бузилган бўлса:

тергов ҳаракатлари ва суд терговида иштирок этувчи шахсларга оид маълумотлар йўқлиги;

тергов ҳаракатлари ва суд терговида иштирок этувчи шахсларга ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тушунтирилмаганлиги;

тергов ҳаракатлари бошланган ҳамда тугалланган вақтнинг кўрсатилмаганлиги;

рақамли (электрон) ташувчи жисмлардаги маълумотлар мутахассис иштирокисиз олиб қўйилганлиги ёки кўздан кечирилганлиги;

ЖПК 90-93-моддаларида назарда тутилган бошқа, жумладан ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш тарзидаги, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш тарзидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этилиши шартлиги тўғрисидаги талаблар бажарилмаганлиги;

л) дахлсизлик ҳуқуқи бузилган ҳолда ушлаб турилган, уй қамоғи ёки қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилган ёки жиноий жавобгарликка тортилган шахсдан иқрорлик кўрсатуви олинган бўлса;

м) Ўзбекистон Республикасининг "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тўпланган бўлса;

н) тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) ЖПК 187-1-моддаси талаблари бузилган ҳолда ўтказилган бўлса.


10. Тушунтирилсинки, жиноят тўғрисидаги ариза, хабар билан бирга тақдим этилган ҳужжатлар, предметлар (нарсалар), фотосуратлар, аудио-, видеоёзувлар фақат ушбу материалларни тақдим этган шахслар иш қўзғатилгандан кейин сўроқ қилинган ва тақдим этилган ҳужжатлар, предметлар (нарсалар) ким томонидан, қачон, қаерда, қандай ҳолатларда топилганлиги ёки фотосурат, аудио-, видеоёзувлар амалга оширилганлиги аниқланган ҳолдагина мақбул далил сифатида фойдаланилиши мумкин. Тақдим этилган предметлар (нарсалар)ни мақбул далил деб топишнинг зарур шарти уларни кўздан кечириш тўғрисидаги баённома тузилганидан сўнг чиқариладиган, предметлар (нарсалар)ни ишга ашёвий далил сифатида қўшиш тўғрисидаги қарор (ажрим) ҳисобланади. Зарур ҳолларда ҳужжатлар, предметлар (нарсалар), фотосуратлар, аудио-, видеоёзувларни ишга далилий ашё сифатида ишга қўшиш масаласини ҳал этиш учун тегишли экспертиза тайинланиши мумкин.


11. ЖПК 26-моддасига мувофиқ жиноят ишини биринчи инстанцияда мазмунан кўриб чиқаётган суд далилларни бевосита текшириши: гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиши, фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши шарт.

Шундан келиб чиқиб, гувоҳ, жабрланувчининг, агар уларнинг судга келмаганлиги сабаблари аниқланмаган ёки улар судга узрсиз сабабга кўра келмаган бўлса, судда ўқиб эшиттирилган кўрсатувлари мақбул далил сифатида фойдаланилишига йўл қўйилмайди, башарти суд уларни судга келишини таъминлаш юзасидан қонунда назарда тутилган чораларни кўрмаган, манфаатдор тараф эса, уларнинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилишига эътироз билдирган бўлса (ЖПК 261, 262-моддалари). Мазкур қоида гувоҳ, жабрланувчини объектив сабабларга кўра (масалан, суд мажлисида сўроқ қилишга тўсқинлик қилувчи оғир касаллик, турар жойини аниқлаш имкони йўқлиги, мамлакат ҳудудидан четга доимий яшаш учун, узоқ ёки номуайян муддатга чиқиб кетганлиги ва ҳ.к.) судга келишини таъминлаш имконияти бўлмаган ҳолларга татбиқ этилмайди.


12. Суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар шуни назарда тутишлари лозимки, тўплаш пайтида йўл қўйилган қонун бузилиши сабабли мақбул эмас деб топилган айрим далиллардан исбот қилишда тегишли процессуал ҳаракатлар белгиланган талабларга амал қилган ҳолда ўтказилгандан сўнг фойдаланилиши мумкин (масалан, тергов ёки суд ҳаракати ўтказиш баённомаларида айрим маълумотлар ёки бандларнинг йўқлиги, башарти бу камчиликни холислар, ушбу ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларини, зарур ҳолларда эса, суриштирувчи ёки терговчини сўроқ қилиш орқали бартараф қилиш имконияти бўлса ва ҳ.к.).

Шу билан бирга, мақбул эмас деб топилган айрим далилларни, уларнинг юридик табиатига кўра, тиклашнинг имконияти йўқ (масалан, қонунга мувофиқ розилиги олиниши шарт бўлган ҳолларда жабрланувчини, гувоҳни унинг розилигини олмасдан такроран сўроқ қилиш, шахсни ёки нарсани таниб олиш учун такроран кўрсатиш ва ҳ.к.) бўлиб, бу исбот қилувчи субъектни муайян ҳолатни тасдиқловчи восита сифатида мазкур далилга таяниш ҳуқуқидан маҳрум этади.


13. Суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, иш бўйича ҳар қандай қарор қабул қилишда, шу жумладан айблов далолатномаси, айблов хулосаси ва ҳукмда мақбул эмас далилларга асосланиш мумкин эмас.

Агар қўшимча далиллар тўплаш имконияти бўлмаса, суд процессуал қонун талабларига риоя этилган ҳолда тўпланган далиллар мажмуига асосланиб иш бўйича қатъий қарор қабул қилиши керак.


14. Қонун бузилиши оқибатида олинган далил суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан мақбул эмас деб топилиши мумкин.

Далилни мақбул эмас деб топиш тўғрисидаги илтимоснома гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари томонидан ишни судга қадар юритишнинг ҳар қандай босқичида, дастлабки эшитув ва суд мажлисида арз қилиниши мумкин.

Суриштирувчи, терговчининг далилни мақбул эмас деб топиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан аризачи мазкур қарор билан таништирилган пайтдан эътиборан икки сутка ичида прокурорга шикоят берилиши мумкин (ЖПК 377-моддаси).

Далилни мақбул эмас деб топиш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилишининг рад этилиши бундай илтимосномани такроран, шу жумладан иш суд мажлисида кўрилаётганда арз қилинишига тўсқинлик қилмайди.

Судларга тушунтирилсинки, қонунда қайд этилган далиллар мақбуллиги шартларидан бирортасига риоя этмаслик мазкур далилни мақбул эмас, яъни унинг асосида процессуал қарорлар қабул қилиш учун юридик кучга эга эмас деб топишга асос бўлади (ЖПК 94, 95-моддалари).


15. Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда далилларга баҳо бериш жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслари ваколатига тегишли бўлганлиги сабабли, жиноят процессининг бошқа иштирокчилари (жамоат айбловчиси, ҳимоячи, жабрланувчи, айбланувчи ва ҳ.к.) фақат мазкур органларнинг далиллар алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги тўғрисидаги қарор (ажрим)лари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят бериш йўли билан эътироз билдиришга ҳақлидирлар.


16. Қонун бузилиши натижасида олинган далилни мақбул эмас деб топишда суриштирувчи, терговчи, прокурор ишни судга қадар юритиш босқичида (ЖПК 46-боби), биринчи инстанция суди эса, дастлабки эшитув ёки суд тергови давомида бундай қарор сабабларини кўрсатган ҳолда, уни далиллар мажмуидан чиқариш тўғрисида қарор (ажрим) чиқариши шарт. Далилнинг мақбуллигига оид масала маслаҳатхонасида (алоҳида хонада) келиб чиққан тақдирда, суд далилни мақбул эмас деб топиб, уни далиллар мажмуидан чиқариш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилади ва бу ҳақда ажрим, ҳукмнинг тавсиф қисмида кўрсатади. Апелляция, кассация инстанцияси судининг бу ҳақдаги қарори унинг ажрими (қарори) асослантириш қисмида баён этилади.

17. Судларга тушунтирилсинки, ишни мазмунан кўриш пайтида ҳар бир инстанция суди, тарафларнинг илтимосномаси билан чиқарилган далилни мақбул деб топиш тўғрисидаги масалани қайта муҳокама этиши мумкин.


18. Судлар ҳар бир жиноят иши бўйича суриштирув, тергов олиб бориш, шунингдек, суд муҳокамаси даврида жиноят-процессуал қонунининг исбот қилишнинг умумий шартларига оид талабларига риоя қилинганлигини синчиклаб текширишлари ва йўл қўйилган қонун бузилиши ҳоллари юзасидан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари, ишда иштирок этаётган бирон-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланган ҳолларда жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни прокурорга юборишлари шарт.


19. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги "Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 12-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий суд судьяси

И. Алимов

      





































Время: 0.1917
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск