язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Аҳоли бандлиги/ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элда ишлаши. Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда ишлаши/ Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.09.2018 й. 725-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 сентябрдаги

725-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасидан ташқарида

иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш

фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 5 июлдаги ПҚ-3839-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича юридик шахсларнинг фаолиятини лицензиялаш ҳамда назорат қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


лицензия - юридик шахсларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;

ариза берувчи / лицензия даъвогари/лицензиат - Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишни режалаштираётган юридик шахс;

лицензия талаблари - Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олиш учун мазкур Низомда белгиланган талаблар;

лицензияловчи орган - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;


ишчи орган - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.


3. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схемага кўра амалга оширилади.

4. Лицензия беришда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси билан лицензия битими тузилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


5. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси деб аталади) депозит ҳисоб рақамида эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ариза берувчининг шаклланган устав жамғармаси маблағлари ҳисобидан захирага қўйиш;

"Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган фаолиятнигина амалга ошириш;

штатда камида икки нафар ходимнинг, шу жумладан, олий маълумотга эга раҳбарнинг бўлиши;

юридик шахс ходимлари томонидан уч йилда камида бир марта лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибга мувофиқ малака сертификати олиш;

мазкур фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ўзининг ёки ижарага олинган хонанинг бўлиши, тегишли моддий-техник базадан, бошқа техник воситалардан фойдаланиш.

Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисоб рақамида захирага қўйилган лицензиатнинг маблағлари ҳар чоракда қайта баҳолаш пайтда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган миллий валютага нисбатан белгиланган АҚШ доллари курси бўйича қайта баҳоланади.

Агар қайта баҳолашдан кейин захирага қўйилган маблағлар суммаси 50 минг АҚШ долларига тенг суммадан камайиб қолса, лицензиат маблағларнинг етмаётган қисмини Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисоб рақамига киритади, агар захирага қўйилган маблағлар суммаси 50 минг АҚШ долларига тенг суммадан кўпайиб қолса, Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларнинг ортиб кетган қисмини лицензиатга қайтаради.

6. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишга доир лицензия талаблари ва шартлари лицензия битимида кўрсатилади.


3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


7. Ариза берувчи лицензия олиш учун умумий фойдаланиладиган ахборот-коммуникация тармоқларидан, шу жумладан, Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, лицензияловчи органга бевосита ёки почта алоқаси орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларни (бир нусхада) электрон шаклда тақдим этади:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ариза;

раҳбар лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг ва раҳбарнинг олий маълумотини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаси;

мазкур фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилганлигини, шу жумладан, ўзининг ёки ижарага олинган хонанинг борлигини, тегишли моддий-техник базадан, бошқа техник воситалардан фойдаланилишини тасдиқловчи ҳужжатлар.

8. Ариза берувчидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.


9. Ариза берувчи ишончсиз ёки бузилган маълумотларни тақдим этгани учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН АРИЗАНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


10. Лицензияларни бериш, қайта расмийлаштириш, тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги аризалар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.


11. Лицензия олиш учун ариза у ва лицензия олиш учун тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ишчи орган томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича ишчи орган хулоса тайёрлайди. Хулоса лицензияловчи органга берилади.


12. Лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.


13. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида ишчи орган ариза берувчиларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича режалаштирилаётган фаолиятни амалга ошириш учун мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини жойнинг ўзига бориб ўрганиши мумкин.


5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ УНИ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


14. Лицензияловчи орган ишчи орган хулосасини олган кундан бошлаб беш кун мобайнида лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


15. Ишчи орган лицензия талабгорини тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун давомида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилиши шарт.

Ишчи орган лицензиатлар жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига лицензия бериш, уни тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида маълум қилади.

Лицензия бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, талабгор қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай, Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг депозит ҳисобрақамида эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни захиралаши керак.

16. Лицензия берилганлиги учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.


17. Лицензия чекланмаган муддатга берилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарори ва лицензия битими лицензия бериш учун асос ҳисобланади.


18. Лицензия намунавий бланкда расмийлаштирилади. Унинг шакли лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Лицензиялар бланклари зарур ҳимоя даражасига эга, қатъий ҳисобот берадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олинадиган серия ва рақамга эга.

Лицензияларни олиш, ҳисобга олиш ва сақлаш ишчи орган зиммасига юкланади.


19. Лицензияда қуйидагилар кўрсатилади:

лицензия берган орган номи;

лицензиат ташкилотининг номи ва юридик манзили;

лицензия бериладиган фаолият тури;

мазкур фаолият турини амалга ошириш шартлари;

лицензия мажбуриятлари бузилганлиги учун лицензиат жавобгарлиги тўғрисидаги эслатма;

лицензия рўйхатга олинган рақами ва у берилган сана.


20. Лицензия битимида қуйидагилар кўрсатилади:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

томонларнинг реквизитлари;

лицензия берилаётган фаолият тури номи;

лицензия талаблари ва лицензиатга қўйилаётган шартлар;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиатнинг лицензия битими талаблари ва шартларини бажарганлигини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун биттадан нусхада тузилади;


21. Лицензия битими лойиҳасини илова қилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги хабар лицензия бериш учун йиғим киритиладиган банк ҳисоб рақами реквизитлари кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юридик шахсга юборилади.


22. Лицензия ва лицензия битими лицензияловчи орган раҳбари томонидан имзоланади ва унинг муҳри билан тасдиқланади.


23. Лицензия йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат юридик шахс томонидан тақдим этилганда лицензия битими имзолангандан сўнг берилади.


24. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабар юборган (топширган) вақтдан бошлаб уч кун мобайнида лицензияловчи органга лицензия бериш учун давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилишга ҳақли.

25. Лицензиянинг асл нусхаси лицензиатга берилади, унинг кўчирма нусхаси белгиланган тартибда ишчи органда сақланади. Берилган лицензия тўғрисидаги ахборот лицензияловчи органнинг интернет-сайтида очиқ-ошкора тарзда чоп этилади.


26. Лицензияловчи орган:

юридик шахс томонидан тегишли тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилса;

юридик шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар бўлса;

юридик шахс лицензия битимлари ва шартларига мувофиқ келмаса, юридик шахсга лицензия беришни рад этишга ҳақли.

Бошқа асослар бўйича, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги сабаблари бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


27. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши керак ҳамда рад этиш сабабларини ва юридик шахс мазкур сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатлар тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ёзма шаклда ариза берувчига юборилади (берилади). Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга тенг бўлиши керак.


28. Юридик шахсга лицензия бериш рад этилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим юридик шахсга қайтарилмайди.


29. Юридик шахснинг барча зарур ҳужжатлар билан аризаси олинган санадан бошлаб беш иш куни ичида ҳужжатлар лицензияловчи орган томонидан такроран кўриб чиқилади. Юридик шахснинг аризаси такроран кўриб чиқилиши учун йиғим ундирилмайди.


30. Юридик шахснинг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарда аввал кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


31. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этиш учун тақдим этилган муддат тамом бўлгач, берилган лицензияни бериш тўғрисидаги юридик шахснинг аризаси янги берилган ариза ҳисобланади.


32. Ариза берувчи лицензияловчи орган қарорига қўшилмаса, лицензияни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА УНИНГ

ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


33. Юридик шахс (лицензиат) фаолияти тугатилмай қайта ташкил этилса, номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарса, юридик шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин бир ой муддатда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида лицензияловчи органга ариза бериши, унга мазкур маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилиши шарт.

Ҳужжат юридик шахс томонидан ишчи органга бевосита ёки почта алоқаси воситалари орқали тақдим этилади.


34. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарор ишчи органнинг хулосаси асосида лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги тегишли ариза олинган кундан бошлаб беш кун муддатда тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияловчи орган томонидан қабул қилинади.


35 Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензиянинг лицензиатнинг сўровига кўра лицензиянинг дубликати берилади.

Бунда лицензиат йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензиянинг бекор қилинганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши, шунингдек ишчи органга эълонни тақдим этиши шарт.


36. Лицензияни қайта расмийлаштириш ёки дубликат бериш учун Ўзбекистон Республикасида тўлов куни белгиланган энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим миқдори ишчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади.


37. Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензирияловчи орган Берилган, қайта расмийлаштирилган, тўхтатилган, тугатилган ва бекор қилинган лицензиялар реестрига (кейинги ўринларда Реестр деб юритилади) тегишли ўзгартишлар киритади.


38. Лицензияни қайта расмийлаштириш даврида, шунингдек унинг дубликатини олиш даврида лицензиат аввал берилган лицензия асосида унда кўрсатилган фаолиятни амалга оширади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


39. Лицензияловчи орган лицензия битимида ва ушбу Низомда назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилишини ишчи орган орқали назорат қилади.


40. Лицензиатлар ишчи органга лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакллар бўйича ўз фаолияти тўғрисида дастлабки ва ҳар ойлик ҳисобот тақдим этади.


41. Дастлабки ҳисобот фуқароларнинг ҳар бир гуруҳи Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юборилгандан кейин бир ҳафталик муддатда лицензиат томонидан тақдим этилади ва қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади (унга видео- ва фотоматериаллар илова қилинади):

ходимнинг у ишга қабул қилинган мамлакатдаги меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлари;

мунтазам иш ҳақи тўлашни, меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларини ва ишга қабул қилинган мамлакатнинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шарт-шароитларни таъминлашни назарда тутувчи тузилган меҳнат шартномалари.


42. Ҳар ойлик ҳисобот хорижий иш берувчи, хорижга ишга юборилган фуқаролар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва бошқа манбалар асосида лицензиат томонидан шакллантирилади ҳамда қуйидаги ахборотларга эга бўлиши керак:

хорижга ишга юборилган ходимнинг паспорт маълумотлари;

хорижга ишга юборилган ходимнинг иш жойи;

хорижга ишга юборилган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашда юзага келган муаммолар (агар мавжуд бўлса) (иш ҳақи тўлашни кечиктириш, ноқулай меҳнат ва яшаш шароитлари, иш жойи бўйича тиббий хизмат кўрсатиш ва ҳоказолар) ҳамда уларни ҳал этиш бўйича лицензиат томонидан кўрилган чора-тадбирлар.


43. Лицензиат лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини назорат қилишда лицензияловли орган ўз ваколати доирасида:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда лицензиат лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши устидан режали текширувлар ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартлари устидан текширувлар ўтказишда юзага келадиган масалаларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тушган шикоятларга доир зарур ахборотни лицензиатдан сўраш ва олиш;

текширувлар натижалари асосида ҳужжатлар (маълумотлар) тузиш, унда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилган аниқ ҳолатларни кўрсатиш;

аниқланган қонунбузарликларни лицензиат томонидан бартараф этиш тўғрисида ижро этиш учун мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, бундай қонунбузарликларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддатларни белгилаш;

қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича қарорлар қабул қилиш ва судга мурожаат қилиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия олмай фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолият олиб борилганлиги ва/ёки фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича лицензия битимида назарда тутилмаган хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги материаллар ва маълумотларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга белгиланган тартибда юбориш;

зарурат бўлса, мигрантнинг меҳнат қилиш шароитлари ва ижтимоий ҳимояси тўғрисида ахборот олиш мақсадида унинг иш ва яшаш жойини бориб кўриш ҳуқуқига эга.


44. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда учта нусхада ҳужжат тузилиб, улардан бири лицензиатга берилади, иккинчи нусха лицензияловчи органда қолади, учинчи нусха ишчи органга берилади.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ТЎХТАТИШ,

ТУГАТИШ, АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТИКЛАШ

ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


45. Лицензиянинг амал қилиши лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги аниқланган, шунингдек лицензиат томонидан аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги лицензияловчи органнинг йўл-йўриқлари бажарилмаган ҳолларда тўхтатилиши мумкин.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган ёки суд томонидан тўхтатади. Лицензияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилиши ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн иш кунидан ортиқ бўлган муддатга тўхтатилиши мумкин.

Лицензияловчи орган амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай бу ҳақда лицензиатни ёзма равишда хабардор қилиши керак.


46. Лицензияловчи орган лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатишга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун муддат белгилайди.


47. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилса, лицензияловчи орган мазкур ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида ёзма тасдиқнома олинган вақтдан бошлаб уч кун муддатда лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.


48. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахслар ишга жойлаштириш бўйича фаолият лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган даврда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

49. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилса;

лицензиат тугатилганда ёки у қайта ташкил этилганда, бунда у ўз фаолиятини тўхтатганда, бундан у қайта ташкил этилган ҳол мустасно, шунингдек қўшилганда, бунда янги юзага келган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган санада янги ташкил этилаётган юридик шахсларда айни бир лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун лицензияси бўлганда;

лицензиат томонидан лицензия битимида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартлари бир неча марта ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлган қўпол қоидабузарликлар рўйхати лицензия битимида назарда тутилади;

лицензияловчи орган ёки суд томонидан белгиланган муддатда лицензиянинг тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилмаганда;

лицензияни бериш тўғрисида лицензияловчи орган қарори ноқонунийлиги аниқланганда.

Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай бу ҳақда уни асослаб берган ҳолда лицензиатни ёзма равишда хабардор қилади.

Лицензиат томонидан лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги хабар олинган кундан бошлаб ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Лицензия тугатилса, тўланган йиғимлар қайтарилмайди.


50. Лицензия:

ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган ҳолларда;

юридик шахс лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилса;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланса, бекор қилинади.

Ушбу банднинг тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолда лицензияни бекор қилиш суд қарорига кўра, бошқа ҳолларда эса лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади.


51. Лицензияловчи орган юридик шахсни лицензияни бекор қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисида у қабул қилингандан кейин уч кун ичида ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Юридик шахс лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Лицензия бекор қилинса, тўланган йиғимлар қайтарилмайди.


52. Лицензияловчи органнинг лицензия бериш, тўхтатиш, амал қилишини тиклаш, тугатиш тўғрисидаги, шунингдек уни бекор қилиш ҳақидаги қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.


53. Лицензиянинг амал қилиши тугатилса ва бекор қилинса, лицензиатнинг Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захираланган маблағлари 3 иш куни ичида лицензиатга қайтарилади.



9-БОБ. РЕЕСТРНИ ЮРИТИШ


54. Ишчи орган лицензияловчи орган ва унинг ишчи органи расмий веб-сайтларига жойлаштириладиган реестрни юритади.


55. Реестрда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахс номи ва у жойлашган жой (почта манзили);

телефон рақами (факс);

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

лицензия берилган сана ва рақам;

лицензияларни тўхтатиш, тугатиш, амал қилишини тиклаш ва бекор қилиш асослари ва саналари;

лицензияларни қайта расмийлаштириш ва дубликатларни бериш асослари ва саналари.



10-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛОВЧИ ОРГАН

ҚАРОРЛАРИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


56. Лицензияловчи органнинг қарорлари, шунингдек лицензияловчи орган ва ишчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан шикоят қилиниши мумкин.


57. Лицензияловчи органнинг лицензияни тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги қарорлари устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензияни бекор қилиш асосли эмас деб эътироф этса, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавоб беради.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


58. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш

излаётган шахслар ишга жойлаштириш

фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддатлари




1-босқич

Лицензия талабгори

Зарур ҳужжатлар билан бирга ишчи органга ариза беради.

Лицензия даъвогарининг хоҳишига кўра

  


2-босқич

Ишчи орган

1. Лицензияни бериш ёки қайта расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш.


2. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида аризачининг белгиланган талабларга мувофиқлигини сайёр ўрганади.


3. Кўриб чиқиш якунлари бўйича хулоса тайёрлайди, у лицензияловчи органга берилади.

Ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни давомида


  


3-босқич

Лицензияловчи орган

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Хулоса олинган кундан бошлаб беш иш куни давомида



4-босқич


Лицензияловчи орган

Талабгорни лицензия битими лойиҳасини илова қилиб, лицензия бериш учун йиғим киритиладиган банк ҳисоб рақами реквизитларини кўрсатган ҳолда лицензия берилиши тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Тегишли қарор қабул қилинган кундан кейин уч кун ичида

  


5-босқич


Лицензияловчи орган

Лицензиатлар жойлашган жойдаги солиқ хизмати органларига лицензияни бериш, бекор қилиш ёки тугатиш тўғрисидаги ахборотни тақдим этади.

Тегишли қарор қабул қилинган кундан кейин уч кун ичида

6-босқич

Лицензия талабгори

Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг депозит ҳисобида 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни захиралайди.

Қабул қилинган қарор тўғрисида хабар олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмасдан


7-босқич


Талабгор

1. Ўзбекистон Республикасида тўлов куни белгиланган энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим тўлаш.


2. Йиғим тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ва ўз томонидан имзоланган лицензия битимини ишчи органга тақдим этади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида хабар олинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай

  


8-босқич


Лицензияловчи орган

Талабгорга лицензия беради.

Йиғим тўлангани ва лицензия битими имзоланганини тасдиқловчи ҳужжат ишчи органга тақдим этилгандан кейин

9-босқич

Лицензиат

Лицензия талабига мувофиқ олиб боради.

Доимий асосда

     





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган

шахслар ишга жойлаштириш фаолиятини амалга

оширишга лицензия олиш учун

АРИЗА

1. Ариза берувчи номи:


2. Жойлашган жойи (почта манзили):


3. Телефон


факс


4. е- mail:


5. web-саҳифа:


(агар бор бўлса)

6. Банк реквизитлари:

 



7. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати:

1) …,

2) …,

3) …,

4) …,

5) …


Раҳбарнинг Ф.И.О. ва имзоси




Берилган сана: 20 __ й. "___"_____________________



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 13 сентябрь