ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Чет эл олий ўқув юртлари / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.09.2018 й. ПҚ-3952-сон "Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.09.2018 й.

N ПҚ-3952



ЛАТВИЯНИНГ АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИ

МЕНЕЖМЕНТИ ОЛИЙ МАКТАБИНИНГ

ФАРҒОНА ШАҲРИДАГИ ФИЛИАЛИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Республика туризм тармоғи учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:


1. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳрида Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг филиалини (кейинги ўринларда - Филиал деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

республиканинг туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;

мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълимва илм ҳамжамиятига мажбурий интеграция ҳисобига ривожлантириш;

кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологияларни ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.


3. Белгилансинки:

Филиал алоҳида мулк ва мустақил балансига эга бўлган юридик шахс мақомидаги нотижорат ташкилот шаклида ташкил этилиб, тасарруфидаги пул маблағлари ва мулклари бўйича ўзининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар ҳисобланади;

Филиал Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг (кейинги ўринларда - Олий мактаб) алоҳида таркибий бўлинмаси ҳамда кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, таълимнинг келишилган асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, жумладан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Филиалда ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда Олий мактаб томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича кўпроқ инглиз тилида кундузги шаклда амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларининг аттестацияси Олий мактаб томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Олий мактабнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;

Филиал фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикасининг қонунчилиги асосида амалга оширилади.


4. Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиалида мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлашнинг асосий йўналиш (мутахассислик)лари 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.


5. Олий мактаб:

ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этишга;

мутахассисларнинг малакасини оширишга ва Филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлашга;

Филиалнинг кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан шакллантириш ва тўлдиришга кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.


6. 2018/2020 ўқув йилида Филиални Фарғона давлат университети биносига вақтинча жойлаштириш белгилансин.

Фарғона вилоят ҳокимлиги икки ҳафта муддатда Филиалга таълим жараёнини ташкил этиш стандартлари ва нормаларига жавоб берадиган бино, шунингдек, Филиал талабалари ва ўқитувчилари яшаши учун ётоқхонани беғараз фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги:

Филиал таъсис ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ҳамда ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида ёрдам кўрсатсин;

Ўзбекистон олий таълим ва илмий муассасаларининг юқори малакали ўқитувчилари ва мутахассисларини кейинчалик Филиалга ишга жалб қилиш учун саралаш танловидан ўтказсин ҳамда стажировкасини ташкил этсин.


8. Латвия Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиали Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) шахсий таркиби 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.


9. Белгилансинки:

а) Филиалнинг қабул параметрлари Олий мактаб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Филиал Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади;

б) Филиалнинг фаолиятини молиялаштириш:

Олий мактабнинг ўз маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадалларидан Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари;

халқаро молия институтлари грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

в) Филиални ташкил қилиш, унинг моддий-техник ва ўқув базасини шакллантириш бўйича ташкилий тадбирларни, шу жумладан таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, бино ва иншоотларни зарур мебель, анжомлар, замонавий ўқув ҳамда лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, компьютер ва бошқа оргтехника, кутубхона фонди билан таъминлаш, шунингдек, Филиалдаги маҳаллий педагог кадрларнинг стажировкаси ва малакасини ошириш харажатларини молиялаштириш Олий мактаб маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) Олий мактабдан Филиалга жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатларини тўлаш:

7 кунгача бўлган қисқа муддатли хизмат сафарлари бўйича  Латвиянинг қонун ҳужжатлари билан олий таълим муассасалари ходимлари учун белгиланган нормаларга мувофиқ;

узоқ муддатли хизмат сафарлари бўйича  ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


10. Филиалга ўқитувчилик ва илмий ишлар учун таклиф қилинадиган хорижий педагог кадрларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича тўлашга рухсат этилсин.


11. Олий мактабга Филиалнинг бино ва иншоотларини таъмирлаш ва реконструкция қилинишини, шунингдек, Филиал талабалари ва ўқитувчилари яшаши учун ётоқхона тайёрланишини 2020/2021 ўқув йили бошланишига қадар таъминлаш тавсия этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Филиал буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий педагог кадрлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Филиал буюртманомаларига биноан жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирилмасдан, кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


14. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Филиал буюртманомаларига биноан Филиални ташкил қилишда ва унинг фаолиятида иштирок этадиган малакали хорижий педагогик кадрларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилиши (муддати узайтирилиши), шунингдек, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

15. Филиални жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган замонавий ўқув жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиёт, анжомлар ва моддий-техника ресурслари, шунингдек, автотранспорт воситалари 2019 йил 1 июнга қадар муддатда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


16. Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 26 сентябрдаги

ПҚ-3952-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Латвиянинг Ахборот тизимлари

менежменти Олий мактабининг Фарғона

шаҳридаги филиалида кадрлар тайёрлашнинг

асосий йўналишлари (мутахассисликлари)


Бакалавриат йўналишлари:


1. Туризм (фаолият йўналишлари бўйича).


2. Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш.


3. Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш.


4. Хизматлар соҳаси (фаолият турлари ва йўналишлари бўйича).


5. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш (тармоқлар бўйича).


6. Информатика ва ахборот технологиялари (тармоқлар ва соҳалар бўйича).



Магистратура мутахассисликлари:


1. Тадбиркорлик фаолиятини бошқариш.


2. Ахборот тизимлари.



Изоҳ. Кадрлар тайёрлаш йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхати ташкилотларнинг мутахассисларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда филиал Васийлик кенгашининг қарори билан тўлдирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 26 сентябрдаги

ПҚ-3952-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти

Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги

филиалининг Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

  

1.

Ш.М. Ганиев

-

Фарғона вилояти ҳокими, кенгаш раиси

   

2.

Б.Н. Умаров

-

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, кенгаш раиси ўринбосари

   

3.

O.K. Абдурахманов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари

   

4.

Б.З. Асадов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

   

5.

Р. Дьякон

-

Латвия Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби президенти (келишув бўйича)

   

6.

лавозим бўйича

-

Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиали директори

  

7.

О. Верденхова

-

Латвия Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг халқаро алоқалар бўйича проректори (келишув бўйича)

  

8.

А. Станкевичс

-

Латвия Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг маъмурий ишлари бўйича проректори (келишув бўйича)

   

9.

Р.Х. Максудов

-

Фарғона давлат университети ректори

  

    

Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганида, унинг таркибига, ушбу лавозимларга янги тайинланган шахслар ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 октябрь, 39-сон, 776-модда













































Время: 0.1891
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск