язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларига бўлғуси ҳосилни гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 16.04.2004 й. 1337-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 01.03.2004 й. 563-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2004 йил 16 апрелда 1337-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2004 йил 1 мартдаги

563-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Тижорат банклари томонидан фермер

хўжаликларига бўлғуси ҳосилни гаровга

олган ҳолда кредит бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 октябрдаги ПФ-3342-сон "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида"ги, 2012 йил 22 октябрдаги ПФ-4478-сон "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тижорат банклари томонидан фермер хўжаликларига бўлғуси ҳосилни гаровга олган ҳолда кредит (кейинги ўринларда - кредит) бериш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом асосида кредитлар давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларига қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

Давлат эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб бермайдиган фермер хўжаликларини кредитлаш Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2546, 2013 йил 27 декабрь) асосида амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олган фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун "Ўздонмаҳсулот" тайёрлов корхоналари билан тузилган контрактация шартномаси суммасининг 30 фоизигача миқдорида, ушбу кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олмаган фермер хўжаликларига контрактация шартномаси суммасининг 80 фоизигача миқдорида кредит берилиши мумкин.

Жамғарма кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олган пахта хом ашёси етиштирадиган фермер хўжаликларига ушбу кредит контрактация шартномаси суммасининг 20 фоизгача миқдорида, ушбу кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли кредит олмаган фермер хўжаликларига бериладиган кредит миқдори контрактация шартномаси суммасининг 70 фоизигача миқдорда берилади.


3. Кредитлар мазкур Низомда белгиланган шартлар асосида кредитни қайтаришга қодир бўлган қарз олувчиларга шартнома асосида 1,5 йилгача (18 ой) бўлган муддатга, қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз мижознинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи жойлашган манзил бўйича берилади.


4. Кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкалари миқдори қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга кўра кредит шартномаси асосида белгиланади.

Тижорат банклари ушбу кредитлар бўйича имтиёзли фоиз ставкалари белгилаш борасида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгалар.

5. Кредитлар қарз олувчиларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:

қишлоқ хўжалиги техникаси, эҳтиёт қисмлар ва ускуналарни харид қилиш;

ёнилғи-мойлаш материалларини харид қилиш;

минерал ўғит, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари, ветеринария дори-дармонлари сотиб олишга

МТП, муқобил МТП, ширкат хўжаликлари, СИУ (сув истеъмолчилари уюшмалари), бошқа хўжалик субъектлари хизматларидан фойдаланганлик учун тўловлар;

ғалла ҳосилини ўриш ва пахта хом ашёси йиғим-терими харажатлари учун тўловлар;

бевосита ғалла ва пахта хом ашёси ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлар учун.



II. КРЕДИТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


6. Кредит олиш учун фермер хўжалиги унинг асосий депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

кредит олиш учун ариза;

тайёрлов ташкилотлари билан тузилган контрактация шартномалари нусхалари;

пул оқими таҳлили мажбурий тарзда кўрсатилган бизнес-режа;

қарз олувчининг тегишли давлат солиқ инспекциясига тақдим қилган охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-шакл), шунингдек 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл);

кредитни қайтариш таъминоти.


7. Олинадиган кредитнинг қайтариш таъминоти сифатида қарз олувчи банкка ўзига узоқ муддатга ижарага берилган ердан жорий йилда олинадиган бўлғуси ҳосилни таъминот сифатида тақдим этади.

Бунда банк ва фермер хўжалиги ўртасида бўлажак ҳосилни гарови шартномаси имзоланади. Шартномада гаровга қўйилган ҳосилни "Ўздонмаҳсулот" ва "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти таркибидаги тайёрлов корхоналарига ва бошқа хўжалик субъектларига сотишдан тушган барча пул маблағлари биринчи навбатда ушбу кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашга йўналтирилиши тўғрисидаги шартлар белгилаб қўйилади.

Шунингдек, гаров шартномасига фермер хўжалиги томонидан бўлғуси ҳосилни кредит берган банк-бенефициар фойдасига ихтиёрий суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полисини илова этиши шарт.


8. Кредит сўраб, мазкур Низомнинг 6 ва 7-бандларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда, берилган аризанинг банкка келиб тушган кундан бошлаб, ушбу ариза бўйича банк томонидан кредит бериш ёки рад қилиш ҳақида хулоса бериш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.

9. Кредит шартномаси тузилганидан сўнг кредит бўлими бошлиғи (ходими), бериладиган кредитнинг миқдори, муддати ва фоиз ставкасини кўрсатган ҳолда, ссуда ҳисобварағини очиш тўғрисида бухгалтерияга фармойиш беради.



III. КРЕДИТЛАРНИ БЕРИШ, ҲИСОБИНИ

ЮРИТИШ ВА КРЕДИТНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


10. Банк ва фермер хўжалиги ўртасида кредит шартномаси имзоланиб, у амалга киритилганидан кейин, банк фермер хўжалиги учун алоҳида ссуда ҳисобварағини очади ва ундан қарз олувчининг тўлов топшириқномалари асосида фақат нақд пулсиз шаклда тўловларни амалга ошириш йўли билан берилади.

Бунда, ушбу Низомнинг 5-бандида келтирилган экинларни етиштириш харажатларининг ҳар бир турини молиялаштириш учун бериладиган кредитларнинг энг кўп миқдорини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йилги ҳосил учун тасдиқланган агротехкарталардан келиб чиққан ҳолда белгилаш тавсия этилади.

11. Берилган кредитлар 13301 - "Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган ғаллани етиштириш учун берилган қисқа муддатли кредитлар" ва 14301 - "Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта хом ашёсини етиштириш учун берилган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварақларида ҳисобга олинади.

12. Алоҳида ссуда ҳисобварақлари бўйича берилган кредитлар кредит бўлимининг фармойишига биноан муддатли мажбуриятлар билан расмийлаштирилади, улар тўлиқ сўндирилгунга қадар кредитлаш муддатларига боғлиқ ҳолда 91901 - "Қарздорларнинг қисқа муддатли кредитлар бўйича мажбуриятлари", 91905 - "Қарздорларнинг узоқ муддатли кредитлар ва лизинглар бўйича мажбуриятлари" деб номланган ҳисобварақларида ҳисобга олинади.

13. Тижорат банклари томонидан кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторинг амалга оширилади ва у қарз олувчи томонидан унинг лойиҳаси ва кредит шартномаси шартларининг амалга оширилишига ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган бўлиши лозим. Банклар томонидан мониторинг амалга оширилиш тартиби, берилган кредитлар бошқа мақсадларда ишлатилган қарздорга нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чоралари кредит шартномасида белгилаб қўйилган бўлиши керак.


14. Мониторинг жараёнида фермер хўжалиги томонидан етиштирилаётган экинлар ҳолати ва уларни парваришлаш бўйича зарур агротехника ишларининг ўтказилиши ва кредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланиш бўйича жойларга бориб ўрганишлар ўтказиб турилади. Экинлар (тўлиқ ёки қисман) мавжуд бўлмаган ёки улар аҳволининг қониқарсизлиги, жумладан, агротехника тадбирларининг муддатида амалга оширилмаслиги, экин майдонини бегона ўтлар босиб кетгани, суғорилмаганлик натижасида экинларни нобуд бўлиш хавфи вужудга келгани ва шунга ўхшаш ҳолатлар сабабли етарли ҳосил тўпланмаслиги хавфи вужудга келса, банк кредитлашни тўхтатади ҳамда берилган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин ундириб олади. Ушбу ҳолатлар кредит шартномасида келишиб олинган бўлиши лозим.


15. Кредитдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади, уларни ундириш ойда бир марта, кредит шартномасида келишилган санада амалга оширилади. Олинган кредит бўйича ҳисобланган фоизларнинг қолдиғи ва асосий қарз тўлови қарз олувчининг махсус 23210, 23220-сонли ҳисобварақларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлов корхоналарига сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда амалга оширилади. Бунда ҳисобланган фоизлар кредит бўйича қарздан олдин ундириб олинади.

Фермер хўжаликлари кредит бўйича асосий қарз ва ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эгалар.


16. Қарздорнинг 23210, 23220-сонли махсус ҳисобварағидаги маблағлар олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни тўлаш учун етарли бўлмаган тақдирда, фоизлар ва кредит қолдиғини ундириш қарздорнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида мавжуд маблағлар ҳисобидан қонунчиликда белгиланган навбат тартибида амалга оширилади.

Бунда ҳисобланган фоизлар ва кредит қолдиғи муддати ўтган ссудалар ҳисобварағи орқали ундириб олишга тақдим этилади, у бўйича муддатли мажбуриятномалар эса 2-картотекага жойлаштирилади


17. Қарздорнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида ҳисобланган фоизлар ва кредит қолдиғини ундириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда қарздорлик Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 2342, 2012 йил 15 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 11-сон, 127-модда) белгиланган тартибда ундирилади. Кредитларни қайтаришда биринчи навбатда фоизлар ундирилади.

18. Агар қарздор томонидан етиштирилган ҳосилни сотишдан тушган маблағлар ва унинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағларидаги маблағлари банк кредитини ва ҳисобланган фоизлар бўйича тўловларни амалга оширишга етарли бўлмаган тақдирда, банк бўлғуси ҳосилни суғуртаси тўловидан олинган маблағларни кредитни ва ҳисобланган фоизлар тўловини амалга оширишга йўналтиради.

Ҳосилни сотишдан ҳамда суғурта тўловларидан тушган маблағлар ҳисобланган фоизлар ва кредитни қайтаришга етмаган тақдирда банк томонидан кредит ва ҳисобланган фоиз қолдиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 4 декабридаги 422-сонли қарори билан тасдиқланган "Банкларнинг кредитлари бўйича қарздорлик ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда ундирувни қарздорларнинг ликвидли мол-мулкига қаратиш тартиби"да белгиланган тартибда ундириб олинади.


19. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватла қўмитаси, Ер ресурслари давлат қўмитаси ҳамда Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси билан келишилди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 15-сон, 182-модда.