язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Коидалар расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Чиқиндиларни қайта ишлаш/ Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Қоидалари (ЎзР ВМ 02.10.2018 й. 787-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 2 октябрдаги

787-сон қарорига

1-ИЛОВА



Санитария жиҳатидан тозалаш

инфратузилмаси объектларини жойлаштириш

ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар

билан боғлиқ ишларни амалга ошириш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини яратиш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш тартибини белгилайди ҳамда барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан унга риоя этилиши мажбурий ҳисобланади.


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ободонлаштириш объектлари - кўчалар, айланма кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, туннеллар, йўловчилар ўтадиган ер ости йўллари, фавворалар, ариқлар, каналлар, дарёлар, кўллар ва бошқа сув ҳавзаларининг қирғоқлари, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун фойдаланиладиган объектлар (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, хиёбонлар), ташқи ёритиш, реклама паннолари, йўл кўрсаткичлари, порталлар, пешлавҳалар, дренаж (дренажнинг вертикал, ёпиқ ва очиқ горизонтал, ёпиқ коллектори), ирригация новлари тармоқлари, ташқи ёритиш тармоқлари;


санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектлари - қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинчалик сақлаш учун, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ фойдаланиладиган объектлар (чиқинди қутилари, контейнерлар, чиқинди тўплаш шохобчалари, шу жумладан, махсус ажратилган ва жиҳозланган жойлар);


қаттиқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек, уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар);


суюқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилган турли хил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари);


йирик габаритли маиший чиқиндилар - жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган мебеллар, маиший техникалар (совуткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва шу кабилар), ташкилий техникалар (компьютерлар, принтерлар ва шу кабилар), техник ускуналар, автотранспорт воситаларини алмаштириш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва ўлчамлари бўйича 0,75 м-3 ҳажмли контейнерларга жойлаштиришнинг имкони бўлмаган қурилиш чиқиндилари.


қурилиш чиқиндилари - турар жой уйлари, маъмурий бино, кўп квартирали уй квартираларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бузиш ишларини амалга оширишда ҳосил бўладиган чиқиндилар;


хавфли маиший чиқиндилар - фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг инсонлар ҳаёти, соғлиғи ва атроф табиий муҳитга хавф солувчи, шунингдек, утилизация қилиниши лозим бўлган ва йиғиш, ташиш ҳамда зарарсизлантиришнинг махсус технологияларидан фойдаланишни талаб қилувчи товарлардан ҳосил бўладиган чиқиндилар (симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурслари, симобли термометрлар чиқиндилари, барча турдаги аккумуляция қилувчи элементлар ва шу кабилар);


иккиламчи моддий ресурслар - маиший хўжаликда ҳосил бўладиган, бевосита ёки қўшимча ишлов беришдан сўнг такрор фойдаланиш имкони мавжуд бўлган, истеъмол ва ишлаб чиқариш чиқиндилари (металл, пластмасса, шиша, қоғоз чиқиндилари ва шу кабилар);


"сигнал" усули - чиқинди ташиш техникаси билан аҳоли яшаш пунктларини айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан истеъмолчиларни хабардор қилиш орқали якка тартибдаги тураржой секторидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш.


3. Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш мазкур Қоидаларнинг иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. САНИТАРИЯ ЖИҲАТИДАН

ТОЗАЛАШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ҳудудларни (ободонлаштириш объектлари, тураржой ва ташкилотлар ҳудудини) тозалаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ишлари киради.


5. Ҳудудларни тозалаш:

ободонлаштириш объектларида - шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан;

кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда - хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан;

якка тартибдаги турар жой уйлари ва ташкилотларнинг ер участкаларида ажратилган ер участкаси доирасида - жисмоний ва юридик шахслар (ер участкалари эгалари, мулкдорлари ёки доимий фойдаланувчилари, шунингдек, ижарага олувчилар) томонидан;

автомобиль йўллари ва сунъий йўл иншоотларида ажратилган ер участкаси доирасида - ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (балансда сақловчилар) томонидан;

темир йўлларда ажратилган ер участкаси доирасида (чуқур қиялик ва кўтармалар, темир йўлни кесиб ўтиш ва айланиб ўтиш жойлари ва ҳ.к.) - ушбу объектларга хизмат кўрсатувчи темир йўл ташкилотлари томонидан;

бозорлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда - бозорлар маъмурияти томонидан;

жамоат йўловчи транспорти бекатларида жойлашган вақтинчалик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида - ушбу объект эгалари томонидан, агар ижара шартномаларида бошқалар назарда тутилмаган бўлса);

савдо дўконлари ёки бошқа савдо нуқталарига, шу жумладан, кўчма шохобчаларга туташ ҳудудларда 5 м радиусда - кичик чакана савдо ва умумий овқатланиш (озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва умумий овқатланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш палаткалари, дўкончалари), шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш (пойабзал таъмирлаш ва шу кабилар) соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилади.


6. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар (кейинги ўринларда ихтисослашган ташкилот деб аталади) томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда, шартнома асосида амалга оширилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш кўп квартирали турар жой секторида - чиқинди тўплаш шохобчаларидан, якка тартибдаги турар жой секторида эса чиқинди тўплаш шохобчаларидан ёки "сигнал" усулида амалга оширилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан бир кунда бир марта, "сигнал" усулида - уч кунда бир мартани ташкил этади.



3-БОБ. ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ТЎПЛАШ УЧУН ЧИҚИНДИ ҚУТИЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


7. Ҳудудлар, бинолар ва иншоотларнинг қаттиқ маиший чиқиндилар билан ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган махсус чиқинди қутилари ўрнатилади.


8. Чиқинди қутилари мазкур Қоидаларнинг 5-бандига мувофиқ, ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тартибда қуйидагиларда ўрнатилади:

кўп квартирали уйларнинг подъездига кириш йўлида - 1 та;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, шунингдек, савдо объектларининг биносига кириш (чиқиш) йўлида - 1-2 та;

метро, ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш (чиқиш) йўлида - 2 та;

аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, скверлар, хиёбонлар ва бошқалар) - объектнинг ҳар 800 м-2 майдонида 1 та ва йўлаклар ва йўлкалар чизиғи бўйлаб ўрнатилганда бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

бозорлар ва савдо объектларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) - объектнинг ҳар 250 м-2 майдонида 1 та ва савдо дўконлари қатори бўйлаб ўрнатилганда - бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

жамоат йўловчи транспорт бекатларида - 1-2 та;

автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида - 1-2 та;

даволаш муассасаларининг ҳовли ҳудудида - объектнинг ҳар 700 м-2 майдонида 1 та, асосий аллеяларда эса - бир биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;

чекиш учун махсус ажратилган жойларда - 1-2 та;

пляжлар ва сув акваториялари (дарёлар, кўллар, кўрфазлар ёки ҳовузлар)га туташ рекреация зоналарида - сув бўлинишидан 15 м ҳамда яшил экинлардан 3-5 м узоқликда жойлаштирган ҳолда, объектнинг ҳар 800 м-2 майдонида 1 та;

кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларда ва марказий майдонларда, йўлкаларда ҳамда магистрал кўчаларнинг пиёдалар зонаси бўйлаб, шунингдек, кўприкларда - ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда - ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда - ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан.


9. Турғун кўча чиқинди қутилари ҳаракатланадиган конструкцияга (ағдариладиган механизмга) эга бўлиши ва уларни ўрнатиш учун ажратилган жойга мустаҳкамлаб қўйиш учун асос қисмига эга бўлиши лозим.

Вақтинчалик савдо дўконлари, шу жумладан, кўчма шохобчаларга (озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва умумий овқатланиш соҳасида хизматлар кўрсатиш палаткалари, дўкончаларига) туташ ҳудудларда - 5 метр радиусгача кўтариш механизмли ёки уларни бўшатиш учун алмаштириладиган челакларга эга бўлган кўчма чиқинди қутилари ўрнатилади.


10. Чиқинди қутилари, улардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши ва хизмат кўрсатилиши (тозалаш, бўшатиш в.ҳ.) учун қулай бўлган жойга ўрнатилиши, пиёдалар, ногиронлар ва болалар аравачалари ҳамда велосипедлар ҳаракатига халақит бермаслиги, тоза ва соз ҳолатда сақланиши, шунингдек, барча санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ бўлиши лозим.

Чиқинди қутиларини бўшатиш ва тозалаш уларнинг тўлишига кўра мунтазам равишда, лекин суткада бир маротабадан кам бўлмаган ҳолда олиб борилиши лозим.

Чиқинди қутиларини ювиш ва дезинфекция қилиш бир ойда камида бир маротаба амалга оширилиши лозим ёки уларнинг тозалигини ва қулай бўшатилишини таъминлаш учун махсус чиқинди қоплари (пакетлар) қўлланилиши мумкин.


11. Чиқинди қутиларини ўрнатиш, ўз вақтида хизмат кўрсатилишини таъминлаш (тозалаш, бўшатиш, ювиш, дезинфекция қилиш ва таъмирлаш) мазкур Қоидаларнинг 5-бандига мувофиқ, ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



4-БОБ. ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ

ШОХОБЧАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


12. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, профессионал бошқарув ташкилоти ёки тегишли ҳудудда яшовчиларнинг бевосита мурожаати бўйича чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини жойлаштириш жойларини аниқлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қиладилар.

Ёпиқ турдаги чиқинди тўплаш шохобчаларини қуриш белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва келишилган намунавий ёки индивидуал лойиҳа (эскиз) асосида амалга оширилади.

Гавжумроқ жойларда ҳудудлардан фойдаланиш интенсивлигига боғлиқ равишда чиқинди тўплаш шохобчаларининг қўриқланмайдиган (модулли) иншоотлари ташкиллаштирилиши мумкин.

Фаолият юритаётган чиқинди тўплаш шохобчаларини бузиш ишлари уларнинг ўрнига янги чиқинди тўплаш шохобчалари қурилганидан сўнг амалга оширилади.


13. Чиқинди тўплаш шохобчалари турар жой биноларининг деразалари, болалар муассасалари участкаларининг чегараси, дам олиш жойларидан 20 метрдан кам бўлмаган ва 100 метрдан узоқ бўлмаган масофада жойлаштирилади.

Чиқинди тўплаш шохобчасининг ҳудуди ўтиш йўлига туташ бўлиши, лекин махсус автотранспорт воситасининг киришига халақит бермаслиги лозим. Алоҳида жойлашган майдончада (ўтиш йўлидан узоқда) махсус автотранспорт воситасининг контейнерларни бўшатиш учун қулай кириш имконияти ва бурилиш майдончаси (12 м х 12 м) кўзда тутилади.


14. Чиқинди тўплаш шохобчаларини жойлаштириш (имкон даражасида) бинолар фасадининг кўча томонидаги транспорт ва пиёда транзит коммуникациясининг кўриниш зонаси ташқарисига лойиҳалаштирилади.


15. Чиқинди тўплаш шохобчасининг майдони ва унда жойлаштириладиган контейнерлар сони санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ белгиланади.


16. Чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларидан турар жой хоналарининг деразалари ва кириш йўлларигача бўлган масофа қатъий равишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ белгиланади.


17. Чиқинди тўплаш шохобчалари ободонлашган кириш йўли, тунги ташқи ёриткичлари, салқин ичимлик сув таъминоти ва канализацияга оқим тизими, шунингдек, ёмғир сувларини оқизиш канализацияга эга бўлиши лозим.


18. Контейнерларни ўрнатиш майдончаларининг юзаси асфальтланган ёки бетон қопламали бўлиши лозим. Сув туриб қолишига ва контейнерларнинг сирпаниб кетишига йўл қўймаслик мақсадида майдонча қопламасининг қиялиги ўтиш йўли қисми тарафга 5-10 фоизни ташкил этган ҳолда ва махсус автотранспорт воситасининг киришига қулай тарзда ўрнатилади.


19. Чиқинди тўплаш шохобчалари ҳудудида қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:

чиқинди тўплаш шохобчасининг номи ёки рақами;

чиқинди тўплаш шохобчасидан фойдаланувчи ташкилотнинг номи ва алоқа боғлаш маълумотлари, шу жумладан диспетчерлик хизматининг телефон рақами;

ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг ишонч телефон рақами, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали.



5-БОБ. ЧИҚИНДИ ТЎПЛАШ ШОХОБЧАЛАРИНИ

КОНТЕЙНЕРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


20. Чиқинди тўплаш шохобчалари қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида тўплаш учун мазкур Қоидаларнинг 42-бандига мувофиқ, ажратиб турувчи ранглар ва махсус белгилар ҳамда ёзувлар билан маркаланган контейнерлар билан таъминланиши лозим.

Контейнерларни чиқинди ташиш машиналарига бўшатиш учун улар (хавфли маиший чиқиндилар учун махсус контейнерлар бундан мустасно) тўртта ғилдиракчалар билан жиҳозланган ва мустаҳкам олд деворига, шунингдек, махсус автотранспорт воситасининг манипулятори билан ишлаши учун мосламага эга бўлиши лозим.


21. Контейнерларга механик мустаҳкамлигини таъминловчи усул билан (контейнернинг инвентарь рақами ва балансда сақловчининг номи тўғрисида) маълумотлар қайд этилади.


22. Контейнерлар хизмат кўрсатиш (фойдаланиш) муддатининг тугаши, шунингдек, ҳақиқий техник ҳолатига (механик ва бошқа шикастларга) кўра янгисига ёки санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига жавоб берувчи, шикастланмаганларига (таъмирланганларига) алмаштирилиши лозим.

Контейнерлар кириш йўлаги билан тенг даражада жойлашиши лозим.



6-БОБ. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР БИЛАН

БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


23. Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва сақлаш мазкур Қоидалар, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик талабларга мувофиқ ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланишни таъминловчи усулларда ёки уларни бошқа шахсларга топшириш орқали амалга оширилади.


24. Жисмоний шахслар:

кўп квартирали уйларда - қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқинди тўплаш шохобчаларига жойлаштиришда контейнерларга ташлайдилар;

якка тартибдаги турар жой секторида - қаттиқ маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситаси "сигнал" усулида, жадвал бўйича келгунига қадар ўз ҳудудларида сақлайдилар ва махсус автотранспорт воситасига жойлаштирадилар.

Бунда, махсус чиқинди қоплари (пакетлар) ёки ғилдиракли ва зич ёпиладиган қопқоқли контейнерлардан (40-120 л) фойдаланилиши мумкин.


25. Ихтисослашган ташкилотнинг хизмат кўрсатиш ҳудудида жойлашган юридик шахслар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан шартнома тузадилар ва эгаллаб турган ер участкасида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун ғилдиракли ва зич ёпиладиган қопқоқли ҳамда махсус автотранспорт воситасининг манипулятори билан ишлаши учун мосламага эга бўлган контейнерларни ўрнатган ҳолда, қаттиқ маиший чиқиндиларни вақтинчалик тўплаш ва сақлаш жойларини ташкиллаштирадилар (агар ижара шартномаларида бошқалар назарда тутилмаган бўлса).

Агар ер участкасида (кўчмас мулкда) ўз маиший ва хўжалик фаолиятини ер участкасининг (кўчмас мулкнинг) мулкдори билан ижара шартномаси ёки бошқа келишув асосида амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ўз кучи билан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетилишини ташкиллаштирмаган тақдирда, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетилишини ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар ер участкасининг (кўчмас мулкнинг) мулкдори зиммасига юкланади.

Ҳовлиларнинг ички ҳудудидаги контейнерларни ўрнатиш майдончаси махсус автотранспорт воситасининг кириш йўлларига яқин жойлашиши лозим.


26. Жисмоний ва юридик шахслар учун қуйидагилар тақиқланади:

қаттиқ маиший чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга ва объектларга (кўчаларга, ҳовлиларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, жойлаштириш ва кўмиш учун мўлжалланмаган бошқа жойларга) ташлаш ҳамда жойлаштириш;

суюқ маиший чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга ва объектларга (уйлар ҳудудидан ташқарига, суғориш тизими коллекторларига, сув йўлларига, ариқларга, ёмғир сувларининг канализация тизимига, очиқ, горизонтал ва вертикал ёпиқ дренажларга ҳамда ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган бошқа жойларга) оқизиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни автотранспорт воситаларидан уларнинг тўхташи, тўхтаб туриши ёки ҳаракатланиши вақтида рухсат этилмаган жойларга ва объектларга ташлаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни уларни жойлаштириш объектларида (ер ўралар, идишлар ва ҳ.к.), ташкилот ҳудуди, далалар ва аҳоли яшаш пунктларида махсус техник қурилмаларсиз ёқиш;

баргларни ёқиш;

кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган жойларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш жойларини ташкиллаштириш;

йирик габаритли маиший чиқиндилар ва қурилиш чиқиндиларини чиқинди тўплаш шохобчаларига ташлаш ва жойлаштириш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни ташиш учун мўлжалланмаган (ҳужжатда назарда тутилмаган) транспорт воситаларида (йирик габаритли маиший чиқиндилар ва қурилиш чиқиндилари, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари ва бошқалар) бундан мустасно), шунингдек, маиший чиқиндиларни ташиш билан боғлиқ бўлмаган шахслар ҳамроҳлигида ташиш.



7-БОБ. ЙИРИК ГАБАРИТЛИ

МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР


27. Йирик габаритли маиший чиқиндилар 8-10 м-2дан кам бўлмаган майдонли, сунъий сув ўтказмайдиган қоплама ва ёмғир сувларини оқизиш тизимлари билан жиҳозланган, махсус ажратилган майдончаларда тўпланиши лозим.


28. Йирик габаритли маиший чиқиндиларни тўплаш учун майдончалар:

кўп квартирали тураржой секторида - қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларига бевосита яқинликда;

якка тартибдаги турар жой секторида - майдончанинг 100-200 метр радиусдаги самарали қамрови ҳисоби билан энг яқин тураржой ва (ёки) одамларнинг доимий бўлиш жойи объектларигача 20 метрдан яқин бўлмаган масофада ажратилади.

Йирик габаритли маиший чиқиндиларни тўплаш учун майдончаларнинг муқобил варианти бўлиб, мультилифт тизими билан жиҳозланган махсус автотранспорт воситалари ёрдамида ташиладиган, 3-6 м-3 ҳажмли контейнерларни (алмашадиган кузовларни) ўрнатиш ҳисобланади.


29. Йирик габаритли маиший чиқиндиларни уларнинг ҳосил бўлиш жойидан олиб чиқиб кетиш ихтисослашган ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомаси асосида, алоҳида тўлов эвазига амалга оширилиши мумкин.



8-БОБ. ҚУРИЛИШ ЧИҚИНДИЛАРИ


30. Қурилиш, монтаж, таъмирлаш, шунингдек, бино ва иншоотларни бузиш ишларини амалга оширувчи шахслар мазкур объектларда ҳосил бўлувчи қурилиш чиқиндиларининг зич тўпланишини таъминлаши лозим.

Аҳолидан ҳосил бўлувчи қурилиш чиқиндилари йирик габаритли маиший чиқиндиларни тўплаш майдончаларига йиғилади.

Объектларни қуриш, реконструкция қилиш ёки бузиш ишларини амалга оширувчи ташкилотлар улар томонидан ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жараёнлари тартибини белгилайдиган техник ва технологик ҳужжатларга (экологик нормативларга) ва давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасига эга бўлиши лозим.

Чиқиндиларни қурилиш майдончаларидан олиб чиқиб кетиш ва бунда табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш масъулияти, агар буюртмачи билан шартномада бошқа шартлар назарда тутилмаган бўлса, ишларни бажаришда пудратчи бўлган жисмоний ёки юридик шахс зиммасига юкланади.


31. Фаолияти натижасида қурилиш чиқиндилари ҳосил бўладиган ташкилотлар қурилиш чиқиндиларини максимал утилизация қилиш, сотиш ёки чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш учун комплекс чораларни амалга ошириши, шунингдек, утилизация қилинмайдиган қурилиш чиқиндиларини экологик хавфсиз кўмилишини таъминлаши лозим.


32. Қурилиш чиқиндиларини уларнинг ҳосил бўлиш жойидан олиб чиқиб кетиш, ихтисослашган ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомаси асосида, алоҳида тўлов эвазига амалга оширилиши мумкин.



9-БОБ. АВТОТРАНСПОРТ ЧИҚИНДИЛАРИ


33. Жисмоний ва юридик шахслар (автотураргоҳлар эгалари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, автотранспорт, механизмлар ва бошқа техникаларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш устахоналари) барча ҳосил бўлувчи автотранспорт чиқиндиларини тўплаш, олиб чиқиб кетиш, қайта ишлаш ва зарарсизлантирилишини таъминлаши шарт.


34. Барча турдаги транспорт, машина ва механизмларнинг чиқиндилари қисмларга бўлиниши ва тури бўйича алоҳида тўпланиши лозим, жумладан:

ишлатилиб бўлинган мойлар мазкур чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга топширилади;

аккумуляторларнинг электролитлари махсус идишларга тўкилади ва мазкур чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга зарарсизлантириш учун топширилади;

электролити тўкилган кислотали аккумулятор батареялари иккиламчи хомашё ва рангли металларни қабул қилувчи пунктларда тўпланади;

автомобиль покришкалари мазкур чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга қайта ишлаш учун топширилади;

иккиламчи моддий ресурс ҳисобланган бошқа чиқиндилар (пластмасса, металл ва ҳ.к.) қабул қилиш пунктларига топширилади.



10-БОБ. ЎСИМЛИКЛАРДАН ҲОСИЛ БЎЛАДИГАН

ЧИҚИНДИЛАРНИ ТОЗАЛАШДА, ШУНИНГДЕК,

ДАРАХТ ВА БУТАЛАРНИ КЕСИШ ҲАМДА

АГРОТЕХНИК ИШЛОВ БЕРИШДА ҲОСИЛ

БЎЛАДИГАН ЧИҚИНДИЛАР


35. Хазонлар тўкилиши даврида тўкилган баргларни ҳар куни йиғиштириш зарур.

Тўпланган барглар махсус ажратилган жойлар ёки компостёрлаш майдонларига олиб чиқилади. Тўпланган баргларни олиб чиқиб кетиш мазкур Қоидаларнинг 5-бандига мувофиқ, ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ёки шартнома асосида (алоҳида буюртма бўйича) ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Компостёрлаш жараёни филтрацияга қарши асосга, дренаж сувларини тўплаш ва оқизиш тизимига эга бўлган, махсус тайёрланган майдончада амалга оширилади. Чиқиндилар уюм қилиб жойлаштирилади.


36. Ҳудудларнинг дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) билан бир суткадан ортиқ ифлослантирилишига йўл қўйилмайди.



11-БОБ. СУЮҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР


37. Марказлашган канализация тармоқлари мавжуд бўлмаган уйларда суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун белгиланган тартибда оқова йиғилувчи, герметик резервуарли чиқинди тўкиладиган ўралар ўрнатилади.

Чиқинди тўкиладиган ўра махсус автотранспорт воситасининг (ассенизация автомобилининг) эркин ҳаракатланиши ҳисобга олинган ҳолда жойлашиши ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


38. Суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш махсус автотранспорт воситасига (ассенизация автомобилига) эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар томонидан шартнома асосида ёки алоҳида буюртма бўйича амалга оширилади.


39. Чиқинди тўкиладиган ўраларни тозалаш даврийлиги санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга оширилади.

Суюқ маиший чиқиндилар қуйиладиган станциялар, ассенизация далалари ёки суюқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш бўйича махсус объектларга олиб чиқиб кетилади.



12-БОБ. ХАВФЛИ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАР


40. Чиқинди тўплаш шохобчаларида хавфли маиший чиқиндиларни тўплаш учун махсус контейнерлар (хавфли маиший чиқиндиларни сақлаш, юклаш-тушириш ишлари ва ташишда уларнинг бутлигини таъминлайдиган тўпловчи идишлар) ўрнатилади.


41. Йиғилган хавфли чиқиндилар мазкур чиқиндиларни йиғиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга топширилади.



13-БОБ. ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

АЛОҲИДА ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ


42. Чиқинди тўплаш шохобчаларида алоҳида тўплашни ташкиллаштириш мақсадида мажбурий тарзда қуйидагилар учун тўрт турдаги контейнерлар ўрнатилади:

қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар (иккиламчи моддий ресурслар аралашмасидан иборат чиқиндилар) учун - кўк ранг;

органик қаттиқ маиший чиқиндилар (озиқ-овқат ва бошқа биологик чирийдиган чиқиндилар) учун - жигарранг;

қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар (бошқа маиший чиқиндилар) учун - кулранг;

хавфли маиший чиқиндилар учун - тўқ сариқ ранг;

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўлиқ саралаб йиғиш учун ажратиб турувчи рангли ва (ёки) махсус белгилар ҳамда ёзувлар билан маркаланган қўшимча контейнерлар (пластмасса чиқиндилари - сариқ, шиша ва шиша синиқлари - оқ, қоғоз чиқиндилари - ҳаво ранг) ўрнатилиши мумкин.

Бунда, қайта ишланадиган ва хавфли маиший чиқиндилар кейинчалик чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи юридик шахсларга шартнома асосида сотиш ва (ёки) бериш учун саралашга юборилади.


43. Алоҳида тўпланган ва сараланган қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун чиқинди ташиш машиналаридан фойдаланган ҳолда, олиб чиқиб кетишнинг бир нечта жадвалларини ташкиллаштириш орқали ёки қаттиқ маиший чиқиндиларнинг турли фракциялари учун алоҳида камералар ўрнатилган бункерли махсус автотранспорт воситаларидан фойдаланилиши мумкин.



14-БОБ. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ТАШИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


44. Маиший чиқиндиларни ташиш уларни ташилишида тушириб қолдириш, авария ҳолатини пайдо қилиш, инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказиш эҳтимолларини истисно қилувчи усуллар билан амалга оширилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш махсус автотранспорт воситаларида (чиқинди ташиш машиналари ва бошқа махсус машиналарда) амалга оширилади (йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндилари, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар бундан мустасно).

Маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситасининг кузовидан ташқарида ташилишига йўл қўйилмайди.

Маиший ва бошқа чиқиндилар ташиб кетиладиган махсус транспорт воситаларини бошқаришга махсус тайёргарлик, инструктаж ва тиббий кўрикдан ўтган ҳайдовчилар қўйилади.


45. Маиший чиқиндиларни ташиш уларни ташиш учун ҳаракат йўналиши кўрсатилган ҳолда, белгиланган тартибда тўлдирилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда амалга оширилади.



15-БОБ. ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

КЎМИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


46. Қаттиқ маиший чиқиндилар полигонлар, чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш заводлари, компостёрлаш майдонларига олиб чиқиб кетилади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


47. Қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонларга кўмиш тақиқланади.



16-БОБ. ҲУДУДЛАРНИ ЙИЛ

МАВСУМЛАРИ БЎЙИЧА ТОЗАЛАШ


48. Ҳудудларни баҳор-ёзги тозалаш ишлари ҳар йили март-август даврида амалга оширилади ва қуйидагилардан иборат бўлади:

кўча - йўллар тармоғининг қатнов қисмини, йўлкалар ва майдонларни супуриш ва ювиш (сув сепиш);

кўп квартирали уйлар атрофидаги барча ҳудудларни кунлик (якшанбадан ташқари) санитария жиҳатидан тозалаш, йўлкаларни, кириш йўллари зиналарини супуриш;

ҳудудларни қаттиқ маиший чиқиндилар билан ифлосланишдан тозалаш;

чиқинди тўплаш шохобчаларини тозалаш, чиқинди қутиларини тозалаш ва ювиш;


49. Ҳудудларни куз-қишки тозалаш ишлари сентябрдан февраль ойигача амалга оширилади ва қуйидагилардан иборат бўлади:

баргларни супуриш ва тўплаш, ариқларни тозалаш;

кўча - йўллар тармоғининг қатнов қисмини, йўлкалар ва майдонларни супуриш;

қаттиқ қопламаларга музга қарши материаллар билан ишлов бериш;

қорларни супуриш ва суриш, сирпанчиқларни бартараф этиш, кўча - йўллар тармоғининг қатнов қисми, йўлкалар, майдонларда ҳосил бўлган қорва қор-музликларни йўқ қилиш;

кўп квартирали уйлар атрофидаги барча ҳудудларни кунлик (якшанбадан ташқари) санитария жиҳатидан тозалаш, йўлкаларни, кириш йўллари зиналарини супуриш;

ҳудудларни қаттиқ маиший чиқиндилар билан ифлосланишдан тозалаш;

чиқинди тўплаш шохобчаларини тозалаш, чиқинди қутиларини тозалаш ва ювиш;


50. Уй атрофидаги ҳудудларни механизация воситасида тозалаш ишлари кундузи амалга оширилиши лозим.

Тозалаш машиналари ёрдамида тозалашнинг имкони бўлмаган жойлар, ушбу машиналар иш бошлашидан аввал қўл ёрдамида тозаланиши лозим. Йўлкалар ва уй атрофидаги ҳудудларнинг ўтиш йўлларидаги қор қўл ёрдамида тозаланганда курак билан тўлиқ олиб ташланиши лозим.



17-БОБ. МАЗКУР ҚОИДАЛАРГА РИОЯ

ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


51. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари (кейинги ўринларда мансабдор шахслар деб аталади) мазкур Қоидаларга риоя қилиниши юзасидан доимий назоратни амалга оширадилар.

52. Мазкур Қоидаларнинг 3, 4 ва 5-боблари талабларини бузиш ҳоллари аниқланганда, мансабдор шахслар қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини кўрадилар:

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишининг мониторинги ёки давлат экологик назорати натижалари бўйича, далолатнома (маълумотнома) расмийлаштирган ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларга мазкур Қоидаларнинг 3, 4 ва 5-боблари талабларининг бузилиши бўйича аниқланган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар беради;

қонун бузилишларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан бартараф этилиши юзасидан аввалги мониторинг ёки давлат экологик назорати натижаларига кўра фақатгина далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган фактлар бўйича ва муддатларда ёки жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатига кўра - белгиланган муддатдан олдин, назорат қилувчи орган буйруғига асосан бир иш куни давомида назоратни амалга оширадилар;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан мансабдор шахсларнинг мажбурий кўрсатмалари бажарилмаган ҳолларда, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўрадилар.

Мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган функциялар назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи органлар билан қўшимча келишувсиз амалга оширилиб, улар бир иш куни давомида хабардор қилинади.


53. Маиший чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга жойлаштирган шахсларни аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, мансабдор шахслар, мазкур Қоидаларнинг 5-бандига мувофиқ ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобига рухсат этилмаган ва тартибсиз чиқиндихоналарни бартараф этиш ёки ҳудудларни тозалаш, шунингдек, чиқиндихона ҳудудини қайта тиклаш бўйича мажбурий кўрсатмалар бериш (икки иш кунидан тўрт иш кунигача бўлган муддат белгилаган ҳолда) ҳуқуқига эгалар.

Мажбурий кўрсатмалар масъул шахслар томонидан белгиланган муддатларда бажарилмаган тақдирда, мансабдор шахслар "Тоза ҳудуд" ва "Махсустранс" давлат унитар корхоналарини жалб этган ҳолда, рухсат этилмаган ва тартибсиз чиқиндихоналарни бартараф этиш ёки ҳудудларни тозалаш, шунингдек, чиқиндихона ҳудудини қайта тиклаш чораларини кўриб, мажбурий кўрсатмаларни бажармаган шахсларга санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари бўйича тўловларни амалга ошириш учун ҳисоб-китобларни(тўлов муддатини белгилаган ҳолда) тақдим этадилар.

Санитария жиҳатидан тозалаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз муддатида тўламаслик ёки рад этиш (бош тортиш) ҳолларида мансабдор шахслар судларга тўловларни ундириш билан боғлиқ даъволар киритадилар.


54. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликда белгиланган тартибда, аҳоли яшаш жойларини тозалаш объектлари бўйича жорий санитария назорати ўрнатади.


55. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.



18-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


56. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Қоидаларга

ИЛОВА



Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси

объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш

СХЕМАСИ

           

Босқичлар

Жараёнлар

Ташкилий тадбирлар

1-босқич

Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини

жойлаштириш

Жисмоний ва юридик шахслар

Санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослашган ташкилотлар

1. Ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар, мажбурий тартибда ҚМЧларни тўплаш учун чиқинди қутиларини ўрнатадилар.


2. Юридик шахслар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан ихтисослашган ташкилотлар билан шартнома тузадилар ва эгаллаб турган ер участкасида контейнерларни ўрнатган ҳолда ҚМЧларни вақтинчалик тўплаш ва сақлаш жойларини ташкиллаштирадилар.


3. Санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослашган ташкилотлар:

чиқинди тўплаш шохобчалари қуришни;

чиқинди тўплаш шохобчаларини контейнерлар билан таъминлашни амалга оширадилар.

V

V

Қаттиқ маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) тўплаш учун чиқинди қутиларини жойлаштириш

Чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини ташкил этиш

2-босқич

Санитария жиҳатидан тозалаш ишларини ташкил этиш

Ҳудудларни тозалаш

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш

1. Ҳудудлар, бино ва иншоотларнинг тозалигини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳудудларида тозалаш ишларини амалга оширадилар.


2. ҚМЧларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш кўп квартирали турар жой секторида - чиқинди тўплаш шохобчаларидан, якка тартибдаги турар жой секторида эса "сигнал" усулида амалга оширилади.

3. ҚМЧларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан бир кунда бир марта, "сигнал" усулида - уч кунда бир мартани ташкил этади.


4. ҚМЧларни ташиш махсус автотранспорт воситаларида ҳамда уларни ташилишида тушириб қолдириш, авария ҳолатини пайдо қилиш, инсонлар саломатлиги ва атроф муҳитга зарар етказиш эҳтимолларини истисно қилувчи усуллар билан амалга оширилади.

V

V

Баҳор-ёзги тозалаш ишлари

ҚМЧларни қайта ишлаш корхоналари

V

V

Куз-қишки тозалаш ишлари

ҚМЧ полигонлари

3-босқич

Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларидан фойдаланиш

Чиқинди қутиларига хизмат кўрсатиш (тозалаш, бўшатиш)

Чиқинди тўплаш шохобчаларини сақлаш

1.Чиқинди қутиларини бўшатиш ва тозалаш уларнинг тўлишига кўра мунтазам равишда, лекин суткада бир маротабадан кам бўлмаган ҳолда амалга оширилади.


2. Чиқинди қутиларини ювиш ва дезинфекция қилиш бир ойда камида бир маротаба амалга оширилади.


3. Чиқинди тўплаш шохобчалари санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ бўлиши лозим.


4. Контейнерлар фойдаланиш муддатининг тугашига кўра янгисига ёки шикастланмаганларига (таъмирланганларига) алмаштирилиши лозим.

4-босқич

Назоратни амалга ошириш


Мониторинг юритиш

Таъсир чораларини кўриш

1. Давлат экология қўмитаси давлат экологик назоратни амалга оширади.


2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли яшаш жойларини тозалаш объектлари бўйича жорий санитария назорати ўрнатади.


3. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва фуқаролар чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.

          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 октябрь