язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 04.10.2018 й. 797-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 4 октябрдаги

797-сон қарорига

2-ИЛОВА



Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш

бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур маъмурий регламент (кейинги ўринларда Регламент деб аталади) жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда ариза берувчилар деб аталади) Давлат хизматлари марказлари орқали манзил-маълумот ахборотларини (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги, рўйхатдан чиққанлиги, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги, шунингдеқ, маълумот мавжуд эмаслиги ҳақида маълумот) тақдим этиш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда давлат хизмати деб аталади) кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар Ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Манзил-маълумот бюролари (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан кўрсатилади.


3. Ариза берувчилар фақат ўзларига тегишли манзил-маълумот ахборотларини олишлари мумкин. Бошқа шахсларга тегишли манзил-маълумот ахборотлари берилмайди.


4. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро богланиш ёрдамида амалга оширилади.


5. Давлат хизмати кўрсатиш мазкур Регламентнинг 1-иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


6. Ариза берувчилар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.


7. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил равишда ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.


8. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг, ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

10. Давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йигим ундирилади.

Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлати хизмати кўрсатилгани учун йигим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.


11. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

11,25 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ҳисоб рақамига;

28,125 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

Хизмат кўрсатишдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига тушган маблағлар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ва ходимларни рағбатлантиришда фойдаланилади.

12. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


13. Ариза берувчилар давлат хизматларидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йигим суммаси қайтарилмайди.


14. Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқада ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

15. Ваколатли орган сўровнома тушган вақтдан бошлаб 1 иш кунида ()К-код (матрик штрихли код) қўйилган манзил-маълумот ахборотни расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.


16. Давлат хизматлари маркази, манзил-маълумот ахборот келиб тушгандан сўнг 10 дақиқада уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда ариза берувчининг сўровига кўра, унга манзил-маълумот ахборотини электрон шаклда ёки қоғоз шаклда муҳрини босиб бериш йўли билан тақдим этиши мумкин.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.


19. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатги-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят килишлари мумкин.


20. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Манзил-маълумот ахборотларини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш.

Хоҳишига кўра

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази


2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Сўровномани ваколатли органга юбориш.

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада


2. Автоматик тарзда

3-босқич

Ваколатли орган

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган манзил-маълумот ахборотларини расмийлаштириш ҳамда уни электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон равишда юбориш.

1 иш кунида

4-босқич

Давлат хизматлари

маркази

1. Манзил-маълумот ахборотлари келиб тушгандан сўнг уни ариза берувчининг электрон манзилига юбориш ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилиш.

2. Ўзи келиб мурожаат қилганда манзил-маълумот ахборотини унга ўзининг муҳрини босиб, ариза берувчига бериш.

1. 10 дақиқада

2. Ариза берувчининг сўровига асосан





Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА


(сана)

(рақам)


Манзил-маълумот ахборотларини олиш учун

СЎРОВНОМА

      

Ариза берувчи тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси:


2. Исми:


3. Отасининг исми:


4. Туғилган санаси:


5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) (мавжуд бўлганда):


6. Яшаш манзили:


7. Телефон рақами:


8. Электрон манзили:


9. Манзил-маълумотлар бюросининг номи:



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 октябрь