язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.10.2018 й. 823-сон "Давлат солиқ хизмати соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.10.2018 й.

N 823



ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ СОҲАСИДА

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ

АЙРИМ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТЛАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш, уларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Жисмоний шахс - солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали мурожаат қиладилар.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишган ҳолда ўн кун муддатда тасдиқланишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ҳудудий бўлинмаларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига ва ЯИДХПга уланишини;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда Давлат хизматлари марказларининг ходимлари иштирокида ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва амалда қўлланилиши натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларни кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан улар фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматлари кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларнинг талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 130-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1997 й., 3-сон, 10-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида низомга 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ҳафта муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


8. Белгилаб қўйилсинки, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Қ. Давлетов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                    А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 13 октябрдаги

823-сон қарорига

3-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 130-сон

қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида

солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини

бериш ва қўллаш тизими тўғрисида низомга

киритилаётган ўзгартиришлар


1. 5-бандининг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5. Идентификация рақами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилади".


2. 18-банддаги "яшаш жойи бўйича давлат солиқ инспекциясида" сўзлари "Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. 19-банддан "унинг томонидан яшаш жойи бўйича давлат солиқ инспекциясида тўлдирилган рўйхатдан ўтказиш солиқ шакли асосида Давлат солиқ қўмитасида" сўзлари чиқариб ташлансин.


4. 23-банддаги "солиқ органларига" сўзлари "Давлат хизматлари марказларига" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 октябрь