язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Сайлов тизими. Сайловлар. Референдум/ Сайлов тизими. Марказий сайлов комиссияси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.11.2018 й. ПҚ-4004-сон "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.11.2018 й.

N ПҚ-4004



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА

ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни ҳамда референдумни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

Сайлов тизими нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш тизимининг элементи, балки фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштирок этиш даражаси кўрсаткичига айланди.

Шу билан бирга, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат органларини шакллантириш жараёнини янада демократлаштириш сиёсати сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича тўпланган тажриба, замонавий халқаро сайлов стандартларини ва сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Шу билан бир қаторда, замонавий шарт-шароитларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг (кейинги ўринларда -  Марказий сайлов комиссияси) ахборот-таҳлилий, услубий ва маслаҳат ишларини ташкиллаштиришга қўйиладиган талаблар, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этишга, сайлов комиссиялари аъзоларининг профессионал маҳоратини юксалтиришга талаблар ошиб бормоқда.

Сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

биринчидан - сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартлар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш;

иккинчидан - сайлов комиссияларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида, ташкилий, ахборот-таҳлилий, услубий, маслаҳат функцияларини кучайтириш, унинг мақомини мустаҳкамлаш ҳамда оптималлаштириш;

учинчидан - сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайловларни бошқариш тизимини модернизация қилиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

тўртинчидан - сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини жорий этиш, сайловчилар ҳамда сайлов жараёни бошқа субъектларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

бешинчидан - сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятида жамоатчилик иштирокини кенг таъминлаш;

олтинчидан - сайлов комиссиялари фаолиятининг моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, муносиб шароит яратиш, сайлов комиссиялари аъзолари ва ходимлари самарали фаолият юритишлари учун ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш;

еттинчидан - сайлов қонунчилиги меъёрларини унификациялаш ва такомиллаштириш.


2. Марказий сайлов комиссияси томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда демократик тамойилларга ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда сайлов жараёнига "битта сайловчи - битта овоз" тамойилини амалга оширишни таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини жорий этиш бўйича иш олиб борилаётгани маълумот учун қабул қилинсин.


3. Марказий сайлов комиссиясининг:

а) Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини 1-иловага мувофиқ қабул қилиш;

б) сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи 7 нафар аъзоси шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котиби ишини ташкил этиш, шунингдек, 26 нафар масъул ходимдан иборат Марказий сайлов комиссияси Котибияти штат бирлигини белгилаш;

в) Марказий сайлов комиссияси таркибида Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. Ўқув марказининг вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

сайлов комиссияси аъзоларини тизимли ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги соҳасида мукаммал билимларини, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда профессионал кўникмаларини шакллантириш;

сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиёти, шунингдек, миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро принциплари ва стандартларига мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш;

сайлов тизимининг муаммоларини чуқур ўрганишни таъминлаш, ушбу соҳадаги долзарб муаммолар бўйича тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

сайлов жараёнини ташкил этиш бўйича илмий-амалий қўлланмалар тайёрлаш ва чоп этиш, сайловчиларни сайловда овоз бериш тартиби, сайлов кампанияси жараёнлари билан таништириш бўйича замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқув-услубий материалларни яратиш.


4. 2019 йил 1 январдан Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибият ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича иш ҳақи разрядлари 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларида доимий асосда ишловчи котибларга Ягона тариф сеткаси бўйича 12-чи иш ҳақи разряди тасдиқлансин.


5. Белгилансинки, 2019 йил 1 январдан бошлаб олий юридик маълумотга эга бўлган Марказий сайлов комиссиясида доимий асосда ишловчи комиссия аъзолари ва Котибият ходимларига Ўзбекистон Республикаси адлия идора ва муассасалари ходимлари учун назарда тутилган махсус унвон-мартаба даражалари берилади ҳамда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ва қўшимча ҳақ тўланади.


6. Иш берувчиларга сайловларни ва референдумни ўтказиш даврида жамоатчилик асосида ишлаб келаётган туман ва шаҳарлар сайлов комиссиялари раиси, унинг ўринбосари ёки котибларига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг тавсияларига кўра, ойлик маошига асосий иш жойи моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 фоиз миқдорида устама белгилаш тавсия этилсин.


7. Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштирилсин.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

икки ой муддатда Марказий сайлов комиссиясини мажлислар ўтказиш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан ташриф буюрувчи расмий делегациялар ва кузатувчиларни қабул қиладиган заллар, шунингдек, семинар-тренинглар ўтказишга мўлжалланган хоналардан иборат алоҳида бинога жойлаштириш бўйича таклифлар тайёрласин;

зарур ҳолларда, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоларига хизмат уйлари ажратсин.


9. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссияларга сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, қўйилган вазифаларни бажаришлари учун ахборот, ҳужжатлар, бино ва иншоотлар, зарур моддий-техника воситаларини ўз вақтида тақдим этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг молиявий мустақиллигини ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда транспорт воситалари билан таъминлаш учун зарур маблағларни ажратсин.


11. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирликлар ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг мажбурий жўнатмалари рўйхатига киритилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида" 1998 йил 9 сентябрдаги 387-сон қарорининг 2 ва 6-бандлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.


13. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                              Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 6 ноябрдаги

ПҚ-4004-сон қарорига

1-ИЛОВА



Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш

амалиётини такомиллаштириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Тадбир номи

Амалга ошириш

муддати

Масъул ижрочилар

I. САЙЛОВЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА ЎТКАЗИШНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини жамоатчилик вакиллари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги олим ва мутахассислар, хорижий экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтказиш, шунингдек, лойиҳани Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштириш.

2018 йил

15 ноябргача

Олий Мажлис палаталари (Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов), МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков),

сиёсий партиялар, ҚР МСК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ОАВ

2.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида унинг матни бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириш ҳамда Кодекс матнини такомиллаштириш.

2018 йил

1 декабргача

Қонунчилик палатаси (Н.Исмоилов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), МСК (М.Абдусаломов)

3.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини қабул қилиш.

2018 йил

ноябрь-декабрь

Олий Мажлис палаталари (Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов)

4.

Марказий сайлов комиссиясининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқлаштириш.

2019 йил

январь-февраль

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)

5.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида зарур миқдорда чоп этиш.

2019 йил 1 мартгача

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Молия вазирлиги (Ж.Кучкаров)

6.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида Марказий сайлов комиссиясининг қоидаларини, шу жумладан, сайловларни молиялаштиришнинг аниқ тартиби, сайлов комиссиялари фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа жиҳатларини очиб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш.

2019 йил 1 мартгача

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)

II. САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

7.

Сайлов комиссиялари вакилларини сайлов қонунчилигига мувофиқ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимлари билан ишлаш, шунингдек, СЯЭР тизимидан фойдаланиш тартиблари бўйича ўқитишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

2018-2019 йй.

МСК (М.Абдусаломов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

8.

Фуқароларнинг сайловларда иштирок этишлари учун имкон қадар қулай шароитлар яратиш мақсадида сайлов комиссиялари жойлаштириладиган бино ва иншоотларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантириш.

2018 йил

1 декабргача

МСК (М.Абдусаломов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

9.

Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув марказини сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш учун зарур жиҳозлар билан таъминлаш.

2019 йил 1 февралгача

МСК (М.Абдусаломов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), манфаатдор вазирлик ва идоралар

10.

Округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантиришда жамият ҳаётининг турли соҳа вакиллари, аёллар, аввалги сайловларда сайлов комиссиялари таркибида фаолият кўрсатган, ҳуқуқий ва компьютер саводхонлигига эга бўлган шахсларни жалб этиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тавсияларини қабул қилиш.

2019 йил 1 февралгача

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)

11.

Марказий сайлов комиссияси тавсиялари асосида сайлов комиссиялари аъзоларининг ягона электрон рўйхатини, шунингдек, округ ва участка сайлов комиссияси аъзолигига кадрлар захирасини шакллантириш.

2019 йил 15 февралгача

МСК (М.Абдусаломов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

12.

Сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сайловчиларга интерактив хизматлар кўрсатиш имкониятини кенгайтириш, шу жумладан, уларни СЯЭРдаги сайловчилар рўйхати билан таништириш, муддатидан олдин ва сайлов куни овоз бериш тартиби бўйича услубий ва видео материаллар тайёрлаш ва ҳоказоларни ҳисобга олган ҳолда, МСК www.elections.uz веб-сайтини модернизация қилиш.

2019 йил 1 июнгача

МСК (М.Абдусаломов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), МТРК (А.Хаджаев),

ЭОАВМА (Ф.Абдухаликов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

III. САЙЛОВ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЭЛЕКТОРАЛ

МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

13.

Жамоатчиликни сайлов қонунчилиги янгиликлари билан кенг таништириш, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг моҳияти ва аҳамияти, фуқаролар, жамоат ташкилотларининг сайлов ҳуқуқларини, оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнларини ёритиш кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга ошириш.

2019 йил

март-декабрь

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Олий Мажлис палаталари (Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов), ЎзА (А.Кучимов), МТРК (А.Хаджаев) ва бошқа ОАВ

14.

Сайлов жараёни иштирокчиларига сайлов институти муҳимлиги, жамиятда фикрлар плюрализми, кўп партиявийликни ривожлантириш, давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантириш, давлат ва жамият бошқарувида ҳар бир сайловчининг шахсан иштироки муҳимлигини тушунтиришга бағишланган ҳудудий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш.

2019 йил

март-декабрь

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов),Олий Мажлис палаталари (Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов), ДБА (Р.Қосимов), ЎзА (А.Кучимов), МТРК (А.Хаджаев) бошқа ОАВ

15.

Сайлов жараёни иштирокчиларига сайлов кампаниясининг асосий босқичларини ёритувчи, жумладан, сайловчилар ва сайлов ташкилотчилари учун СЯЭР бўйича ўқув видео материаллар сценарийсини тайёрлаш.

2019 йил 1 майгача

МСК (М.Абдусаломов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), манфаатдор вазирлик ва идоралар

16.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ёритиш масалалари ҳамда сайловолди тарғибот-ташвиқоти ва бошқа сайлов жараёнларида уларнинг иштироки бўйича семинар-тренинглар ўтказиш.

2019 йил

давомида

МСК (М.Абдусаломов),АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), манфаатдор вазирлик ва идоралар

17.

Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишнинг роли ва аҳамиятини тушунтириш, фуқароларни сайлов кампаниясининг бориши ва овоз бериш тартиб-қоидалари билан танишиш учун қўшимча имкониятлар тўғрисида хабардор қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиш.

2019 йил

давомида

МСК (М.Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), Ергеодезкадастр қўмитаси (А.Абдуллаев),МТРК (А.Хаджаев)

18.

СЯЭР ахборот тизими имкониятларини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбирларни ўтказиш.

2019 йил

давомида

МСК (М.Абдусаломов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), ДБА (Р.Қосимов)

IV. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ

19.

Сайлов кодекси лойиҳасининг муҳокамасига, шунингдек, сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш.

2018 йил

1 декабрь

МСК (М.Абдусаломов), Олий Мажлис палаталари (Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), ТИВ (А.Камилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

20.

Марказий сайлов комиссиясининг хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш.

2018-2019 йй.

МСК (М.Абдусаломов), ТИВ (А.Камилов)

21.

Ўзбекистон Республикаси вакилларини халқаро ўқув курсларда халқаро кузатувчиларни тайёрлаш ва сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича ўқитиш билан боғлиқ масалаларни ишлаб чиқиш.

2018-2019 йй.

МСК (М.Абдусаломов), ТИВ (А.Камилов)

22.

Сайлов қонунчилиги соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида халқаро ҳамжамиятга етказиш.

2018-2019 йй.

МСК (М.Абдусаломов), ТИВ (А.Камилов)

23.

Жанубий Корея билан ҳамкорликда сайлов жараёнига замонавий АКТни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ишлаб чиқиш.

2019 йил

давомида

МСК (М.Абдусаломов), ТИВ (А.Камилов), АКТ вазирлиги (Ш.Садиков)





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 6 ноябрдаги

ПҚ-4004-сон қарорига

2-ИЛОВА



Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва

Котибият ходимларининг иш ҳақи

РАЗРЯДЛАРИ

Лавозимлар номи

Иш ҳақи разрядлари

Тариф коэффициентининг миқдори

Раис

21

14,706

Раис ўринбосари

19

13,415

Комиссия котиби - Котибият бошлиғи

18

11,931

Комиссия аъзоси

18

10,226

Бўлим бошлиғи

18

10,226

Бош бухгалтер

18

12,783

Бўлим бошлиғи ўринбосари

16

9,236

Бош маслаҳатчи

16

9,236

Етакчи маслаҳатчи

15

8,750

Раис ёрдамчиси

15

8,750

Бухгалтер

15

10,938

Етакчи мутахассис

10

6,434


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 12 ноябрь, 45-сон, 873-модда