язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Ноябрь, 2018 й./ Меҳнат қонунчилиги асослари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.11.2018 й. ПҚ-4008-сон "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.11.2018 й.

N ПҚ-4008



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДА ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРНИНГ

МАЛАКАЛИ МУТАХАССИСЛАРИ ТОМОНИДАН

МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШИ

УЧУН ҚУЛАЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хориждаги, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (кейинги ўринларда - чет эл фуқаролари деб юритилади) республикадаги меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида мамлакатдан чиқиш ва унга киришни ташкил этиш тизими ва механизмларини тартибга солиш, шунингдек, меҳнат органларининг фаолиятини ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, хорижий мигрантларнинг кириб келишига танловга оид ёндашувга асосланган дифференциялаштирилган иммиграция сиёсатига қаратилган зарур чоралар кўрилмади. Ўз ўрнида, мутахассисларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, малакали хорижий менежерларни жалб қилишдаги тўсиқларнинг бартараф этилиши ялпи ички маҳсулотни хорижий инвестициялар кириб келиши ҳисобига ошганига қараганда янада кўпроқ ошишига олиб келади.

Шунга кўра, ўтказилган тадқиқот натижалари мамлакатга малакали меҳнат ресурсларининг кириб келишига тўсқинлик қилувчи бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан:

биринчидан, чет эллик кадрларни малака тоифалари бўйича ҳуқуқий чегаралашнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, ҳар бир малака ўзига хослигининг тартибга солинмаганлиги тор доирадаги чет эллик мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни юқори самарадорликда амалга ошириш имкониятини бермаяпти;

иккинчидан, чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишларига рухсат беришнинг икки босқичли тартиб-таомилларининг мавжудлиги ҳозирги замон талабларига жавоб бермайдиган жиддий бюрократик тўсиқ бўлиб қолмоқда;

учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг мамлакатга хорижий ишчи кучини жалб қилиш соҳасида комплекс жиҳатдан тартибга солинган вазифаларининг мавжуд эмаслиги ушбу соҳани ривожлантиришга ҳар томонлама ва самарали кўмаклашишга имкон бермаяпти;

тўртинчидан, малакали чет эл фуқароларини рағбатлантириш бўйича самарали механизмларнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, талаб юқори бўлган мутахассисларга нисбатан афзаллик режимини қўллаш амалиётининг йўлга қўйилмаганлиги уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишга бўлган қизиқишининг ошишига ёрдам бермаяпти.

Малакали чет эллик мутахассислар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни мутлақо янги поғонага кўтариш ҳамда рақобатбардош меҳнат ресурсларини жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

малакали чет эллик мутахассисларни жалб қилиш соҳасида яқин халқаро ҳамкорликни ташкил қилиш;

малакали чет эллик мутахассисларга уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришларига ҳар томонлама кўмаклашиш;

малакали чет эллик мутахассисларнинг электрон маълумотлар базасини юритиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга оширишининг мунтазам таҳлили ва мониторингини ўтказиб бориш;

меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммоларни ўрганиш, ушбу соҳани такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш йўли билан бўшлиқ ва камчиликларни аниқлаш.


2. Белгилансинки, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни (кейинги ўринларда - тасдиқнома деб юритилади) олиш (бериш) бўйича ягона тартиб-таомилни сақлаган ҳолда юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга нисбатан хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномаларни олиш (узайтириш) зарурияти ҳақидаги талаб бекор қилинади;

юқори малакали чет эллик мутахассисларга тасдиқномаларни расмийлаштириш ва бериш (узайтириш) учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдорида, малакали чет эллик мутахассисларга - энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилади;

юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга берилган тасдиқномаларнинг амал қилиш муддати ариза берувчининг истагига кўра улар берилган кундан бошлаб чексиз миқдорда, бироқ ҳар бир ҳолатда 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатгача узайтириш имконияти билан 3 йилгача бўлган муддатни ташкил қилади.


3. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

а) юқори малакали мутахассислар деб қуйидаги чет эл фуқаролари тан олинади:

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллайдиган олий таълим муассасаларини битирган;

эътироф этилган мутахассислик ёки дипломдаги мутахассислик бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш шартлари йилига 60 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи (мукофот) олишни назарда тутувчи;

б) малакали мутахассислар деб қуйидаги чет эл фуқаролари тан олинади:

олий маълумотга эга бўлган;

эътироф этилган мутахассислик ёки дипломдаги мутахассислик бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлган;

Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятига жалб қилиш шартлари йилига 30 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи (мукофот) олишни назарда тутувчи;

в) юқори малакали ва малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўриндошлик асосида ишлаш учун тасдиқнома олмасдан ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқига эгадирлар;

г) юқори малакали ва малакали мутахассисларга кўп маротабали меҳнат визаси меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси амал қиладиган, бироқ 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

д) юқори малакали ва малакали мутахассисларга берилган меҳнат визаларининг амал қилиш муддатини узайтириш уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш заруриятисиз меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси амал қиладиган, бироқ ҳар бир ҳолатда 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

е) юқори малакали мутахассисларга ва уларнинг оила аъзоларига хоҳишига кўра меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси амал қиладиган муддатга яшаш гувоҳномаси расмийлаштирилади;

ж) иш берувчи билан шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда юқори малакали ва малакали мутахассислар 30 иш куни ичида бошқа иш берувчини қидириш ҳуқуқига эгадирлар, бу муддат давомида уларга берилган тасдиқномалар, визалар ва яшаш гувоҳномалари ўз кучини сақлаб қолади.


4. Ички ишлар органлари, меҳнат органлари, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасалари ва дипломатик ваколатхоналари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари ушбу қарорнинг 2-3-бандларида назарда тутилган талабларга сўзсиз риоя қилишлари ҳақида, шунингдек, визалар бериш (узайтириш), яшаш гувоҳномаларини расмийлаштириш, чет эл фуқароларини доимий (вақтинчалик) рўйхатга олиш муддатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.


5. Белгилансинки:

а) 2018 йил 1 декабрдан бошлаб инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг 8 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритган чет эл фуқаролари ҳеч қандай рухсат берувчи тартиб-таомилларни ўтмаган ҳолда мазкур ташкилотнинг исталган лавозимида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга;

б) 2019 йил 1 январдан бошлаб юқори малакали мутахассислардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Ходимнинг айбли ҳаракатлари натижасида меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, мазкур кичик бандга мувофиқ қўлланилган солиқ имтиёзига асосан тўланмаган солиқ суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ходимдан ундирилади.

Мазкур кичик банднинг талаблари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида чет эл фуқароларига бошқа янада қулайроқ тартиб белгиланган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.


6. Белгилансинки, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган олий таълим муассасалари битирувчиларининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ойлик муддатда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

чет эл фуқаролари, юқори малакали ва малакали мутахассислар тушунчаси ва ҳуқуқий мақомини белгилашни;

чет эл фуқаролари томонидан маъмурий ва фуқаролик-ҳуқуқий тартиб-таомиллардан ўтишнинг ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг шаффоф ва очиқ тартибини;

чет эл фуқароларининг давлат хизматларидан кенг фойдаланиш имкониятини;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратишни.


8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда бир неча халқаро тилларда (инглиз, немис, араб, хитой, рус ва бошқалар) ишлайдиган Ўзбекистон Республикасига кириш ва ундан чиқиш тартиб-таомиллари, виза, яшаш гувоҳномаси олиш, рўйхатга туриш, прописка қилиниш тартиби, солиқ солиш механизмлари ва меҳнат муносабатлари хусусиятлари, чет эл фуқаролари учун имтиёз ва преференциялар бўйича батафсил ахборотни назарда тутувчи ҳамда иш ва уй-жой излаш бўйича тавсияларни ўз ичига олувчи махсус ахборот порталини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси махсус портални доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот билан таъминлашни ташкил этсин.

Чора-тадбирларни молиялаштириш манбаи этиб қуйидагилар белгилансин:

махсус портални яратиш бўйича - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

махсус портални доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш ва ахборот билан таъминлаш бўйича - Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари.


9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, электрон оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идораларнинг маслаҳати кўмагида чет эллик шахсларни ишга жойлаштиришни самарали ташкил қилиш соҳасида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш, шунингдек, ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва моҳиятини тушунтириш ишларини ташкил қилиш тавсия этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ойлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги янгиланган Низомни тасдиқлаш бўйича қарор лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни киритсин.


11. Вазирлик ва идоралар бир ойлик муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 8 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 12 ноябрь, 45-сон, 877-модда