Умная подшивка
2018 й. / Норма маслаҳатчи 49 /Биз яшайдиган уй
БИЗ ЯШАЙДИГАН УЙ*
Гаражларни олиб ташлашга... миллий гвардия?
"Нигерия хати" кафолат бера оладими?
Қувурларни қандай "кийинтириш" мумкин?
ГАРАЖЛАРНИ ОЛИБ ТАШЛАШГА...
МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ?
Пойтахтимизда яна гаражларни "йўқотишга" киришилди. Турар жой даҳаларида шаҳар ҳокимиятининг қарорига кўра автотўхташ жойлари ва гаражларни бузишда давом этмоқдалар. Бу ишлар бузиш зарурлигини лозим даражада тушунтирмасдан, қонунчиликда белгиланган тартиб-таомилга амал қилмасдан, ҳуқуқий жиҳатдан асосламасдан қилинаяпти. Фуқароларга янги, замонавий ва ҳатто кўп қаватли автотураргоҳлардан жой ажратилишини ваъда қилмоқдалар. Бироқ ҳозирча буни амалга ошира олмаяптилар. Шаҳар ҳокимлиги муаммони тезкор ҳал эта олмаяпти. Янги тўхташ жойлари етарли эмас, нархи ҳам қиммат. Масалан, оддийгина соябонли тўхташ жойини олиш учун 1,5 млн сўм миқдорида депозит киритиш, бунинг устига ҳар ой 90 минг сўм тўлаш керак. Кўп қаватли тўхташ жойлари фуқароларнинг ҳамёнига тўғри келармикин?
Тошкентда турар жой даҳалари қурилиши учун ер участкалари олиб қўйилиб, қурувчиларга берила бошлаган охирги пайтда бу ҳолат оммавий тус олди. Бу ишлар кўп ҳолларда қонунбузарлик билан қилинаяпти. Бугун пойтахтимиз қиёфаси ўзгариб бормоқда. 20 йил аввал қурилган эски гаражлар унга ярашмаслиги аён. Шубҳасиз, уларни алмаштириш, замонавий тўхташ жойлари, паркингларни қуриш керак. Гараж эгалари бунга қўшиладилар. Бироқ бузиш жараёни ҳуқуқ доирасидан чиқмай, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилишини талаб қилмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда гаражларни демонтаж қилишдаги ўзбошимчалик, хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш далиллари кўплаб келтирилмоқда. Уларнинг эгалари йўқлигида автобокслар қулфлари, дарвозалари, эшикларини бузиб, ичидагини кўчага чиқариб ташламоқдалар. Бузилган иморатлар уюм қилиб қўйилмоқда. Буларнинг бари очиқчасига, бировнинг мулкига шикаст етказганлик учун жавоб бермасликка ишонган ҳолда қилинмоқда. Саноқли ҳолларда фуқароларга етказилган моддий зарар учун компенсация тўланмоқда. Натижада турар жой даҳаларида машиналарни тўғри келган жойга қўйиб кетмоқдалар.
Шаҳар ҳокимининг 1.06.2017 йилдаги 690-сон қарори асосида яна гаражларни бузишга киришдилар. Унда 2017-2021 йилларда пойтахтда автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар назарда тутилган. Унда пойтахтдаги кенг миқёсли шаҳарсозлик ишлари шаҳарсозлик қоидалари ва санитария нормаларига жавоб бермайдиган эски гаражларни демонтаж қилиш ҳисобига замонавий кўп қаватли автотўхташ жойлари қурилишини талаб қилиши қайд этилган. Бунинг учун автотўхташ жойларини босқичма-босқич демонтаж қилиш (!), уларнинг ўрнида замонавий кўп қаватли ва бепул очиқ тўхташ жойларини қуриш, вазиятни мониторинг қилувчи ишчи гуруҳларни тузиш, бундай ишларни амалга ошириш зарурати ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳақида кўрсатмалар берилган. Ҳокимиятлар ходимларининг ўзи қарорни қонунбузарликлар билан ижро этмоқдалар. Яъни ўзимиз ёздикми - ўзимиз бузамиз қабилида иш тутмоқдалар.
...