язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Декабрь, 2018 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.12.2018 й. 979-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 3 декабрдаги

979-сон қарорига

2-ИЛОВА



Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб

чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги

муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча бир

марталик мукофот тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ илмий ва илмий-техник фаолият натижалари (кейинги ўринларда ИТФН деб аталади) ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги (кейинги ўринларда муассаса деб аталади) муаллифлар ва илмий жамоага қўшимча бир марталик мукофот (кейинги ўринларда бир марталик мукофотлар деб аталади) тўлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тижоратлаштириш - илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, технологик иш ҳамда инновацион ишланмалар натижаларини иқтисодий (фуқаролик) айланмасига киритиш;


комиссия - муассаса раҳбари буйруғи билан ИТФН ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган муассасалардаги муаллифлар ва илмий жамоага бир марталик мукофот тайинлаш учун тузилади;


интеллектуал мулк объектлари - илм-фан, адабиёт, саънат, ижро, фонограмма, эфир ёки кабел эшиттириши, ихтиро, фойдали модел, саноат намуналари, селекция ютуқлари, электрон ҳисоблаш дастурлари, маълумотлар базаси, эълон қилинмаган маълумотлар, шунингдек, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау), товар белгилари, фирма номланишлари, маҳсулотнинг келиб чиқиш жойлари номлари ва интеллектуал фаолиятнинг қонунда кўзда тутилган бошқа натижалари;


муаллиф - ижодий иш орқали ИТФН яратган жисмоний шахс;


илмий жамоа - муайян бир илмий масалалар (саволлар)га ечим топиш устида биргаликда ишлаётган, шунингдек, ИТФНни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этаётган мутахассислар (тадқиқотчилар) жамоаси.


3. ИТФН дан фойдаланиш деганда ишлаб чиқариш жараёнида, унга хизмат кўрсатиш ва бошқариш, шунингдек, ИТФН дан фойдаланиш ҳуқуқини шартнома асосида ўтказишда назарда тутилган натижалардан фойдаланиш тушунилади.


4. ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага қўшимча бир марталик мукофот тўлаш уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисобрақамига тушаётган маблағлар ҳисобига ва доирасида амалга оширилади.



2-БОБ. БИР МАРТАЛИК МУКОФОТНИ ТЎЛАШ ВА

МИҚДОРИНИ БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


5. ИТФНни ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага қўшимча бир марталик мукофот тўлаш тартиби ушбу Низом иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


6. Бир марталик мукофот тайинлаш учун ҳар бир ҳисобот йили тугагандан кейин уч ой ичида муассаса раҳбари буйруғи билан ушбу муассасанинг жавобгар шахсларидан иборат, таркиби беш кишидан кам бўлмаган комиссия тузилади. Унинг таркибига комиссия раиси, аъзолари ва котиби киради.


7. Муассаса раҳбари буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида комиссия бир марталик мукофотни муаллифлар (ҳамуаллифлар) ҳамда мукофот тўланадиган шахслар таркиби ўртасида тақсимлаш бўйича қарор қабул қилади.

Комиссия қарорлари раис томонидан тасдиқланадиган баённома шаклида расмийлаштирилади.


8. Комиссия қарори комиссия аъзоларининг умумий сонидан оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Агар овозлар сони тенг бўлса, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


9. Бир марталик мукофотни тўлаш қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

Интеллектуал мулк объектлари муаллифларига - муассаса томонидан тегишли патент олинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида муассасанинг бюджетдан ташқари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида;

ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага - уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига тушаётган маблағларнинг солиқлар, йиғимлар (божлар) ва бошқа тўловлар тўлангандан кейин муассаса тасарруфида қолган қолдиқ сумманинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.

ИТФНнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги муаллифлар ва илмий жамоага бир марталик мукофот тўлови ИТФН ишлатилган ҳар бир ҳисобот йили якуни бўйича уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисоб рақамига маблағлар тушганидан кейин уч ой мобайнида тўланади.

Агар ИТФН бир қанча муаллифларнинг биргаликдаги ижодий иши маҳсули бўлса, бир марталик мукофот тенг қисмларда муаллифларга тўланади, агар улар ўртасида шартнома орқали бошқача тақсимлаш кўзда тутилмаган бўлса.


10. Бир марталик мукофот муассаса ишчиларига ҳам, шартнома асосида ишлаётган ходимларига ҳам тўланади.


11. Бир марталик мукофотни муаллифлар (ҳаммуаллифлар) ҳамда мукофотланадиган шахслар таркиби ўртасида тақсимлаш комиссия қарорига асосан, муассаса раҳбари буйруғи асосида белгиланади.


12. Қуйидагилар ИТФНдан фойдаланганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади:

Маҳсулот ишлаб чиқаришда, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларда ИТФН дан фойдаланганлик тўғрисида, ИТФН бўйича маълумотлардан ташкил топган техник ҳужжатлар асосида тузилган далолатнома;

ИТФН дан фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун шартнома.


13. ИТФН далолатномада кўрсатилган сана ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун шартнома тузилган санадан фойдаланилаётган ҳисобланади.


14. Бир марталик мукофотни тайинлаш ва тўлаш бўйича қарор комиссиянинг ижобий ҳулосаси олингандан кейин уч иш куни давомида муассаса раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.


15. Муассасалар ушбу Низомга асосан, ушбу Низом мувофиқ, шунингдек, ўзининг қўшимча тақсимланмаган фойдаси ҳисобига тўланадиган мукофотлаш тартиби ва миқдорлари шартларини кўзда тутувчи муассаса раҳбари томонидан тасдиқланадиган ўзининг мустақил низомларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга.

Бунда, ушбу Низомда кўзда тутилмаган янги талаб ва қоидаларни белгилаш тақиқланади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Муассаса раҳбарига ва комиссияга бир марталик мукофотни ўз вақтида ва асосли тайинлаш юзасидан жавобгарлик юкланади.


17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Илмий ва илмий-техник фаолият натижалари ишлаб

чиқилиши ҳамда тижоратлаштирилишида иштирок этаётган

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги

муаллифлар ва илмий жамоаларга қўшимча

бир марталик мукофот тўлаш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Кўриб чиқиш

муддатлари








1-босқич


Муассаса


Бир марталик мукофотларни бериш учун муассаса раҳбарининг буйруғи билан комиссия тузилади.


Ҳар бир ҳисобот йилининг якуни бўйича, маблағлар келиб тушгач 3 ой мобайнида













2-босқич


Комиссия


Бир марталик мукофотларни муаллифлар (ҳаммуаллифлар) ва мукофот тўланадиган шахслар таркиби бўйича тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Комиссия қарори баённома шаклида расмийлаштирилади ва унинг раиси томонидан тасдиқланади.


Муассаса раҳбарининг буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида













3-босқич


Муассаса раҳбари


Комиссиянинг ижобий хулосаси асосида бир марталик мукофотларни тайинлаш ва бериш тўғрисида қарор қабул қилади.


3 иш куни мобайнида














4-босқич


Муассаса


Қуйидаги ҳажмларда бир марталик мукофотлар берилишини таъминлайди:

интеллектуал мулк объектлари муаллифларига - муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида, улар томонидан патант олинган санадан бошлаб бир ой мобайнида;

илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган муаллифлар ҳамда илмий жамоага - уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисобига келиб тушган маблағларнинг солиқлар, йиғимлар (божлар) ва бошқа тўловлар тўлангандан сўнг муассаса ихтиёрида қолган маблағлар ҳисобидан тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.


Муассаса раҳбарининг буйруғи қабул қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида







Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 декабрь