Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 01.06.2001 й. 4-сон "Фуқаролик ишларини апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

01.06.2001 й.

N 4


ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ,

КАССАЦИЯ ВА НАЗОРАТ ТАРТИБИДА

КЎРИШ АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 14 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони асосида судларнинг ихтисослашуви, суд тизимининг демократик асосларини ислоҳ қилиш, суд ишларининг адолатли ва ўз вақтида кўрилишини таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Судлар тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига фуқаролик судловини юритишда апелляция институтининг киритилиши ҳамда кассация инстанцияси ваколатларининг кенгайтирилиши юқори босқич судлари томонидан суд қарорлари, шикоят ва протест важларини ҳар томонлама синчиклаб текшириш, қўшимча далил, ҳужжат ва ҳолатларга баҳо бериш имкониятларини яратиб, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди.

Айрим ҳолларда юқори инстанция судлари фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришда биринчи босқич судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ҳолда қабул қилган қарорларини тўлдириш, ўзгартириш, бекор қилиб янги қарор қабул қилиш ваколатларидан тўла фойдаланмаяптилар.

Суд қарорларининг ҳар томонлама сифатли ва адолатли бўлишини таъминлаш, ишларни апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри татбиқ қилиш, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини янада самарали ҳимоя қилиш ва амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосланиб,



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқаролик ишларини апелляция, кассация ва назорат инстанциясида кўришда судлар иш ҳолатлари ҳамда берилган шикоят ва келтирилган протест важларини ҳар томонлама, синчиклаб текширишлари, биринчи босқич судлари томонидан тўпланган далиллар ва ҳужжатлар билан чегараланмасдан қонунда белгиланган ваколатлар доирасида ишнинг қонуний ва адолатли ҳал қилинишига қаратилган барча ҳаракатларни бажаришлари шарт.


2. Ишни апелляция, кассация ёки назорат инстанциясида кўраётган судлар низо юзасидан биринчи инстанция судлари томонидан ҳал қилув қарори чиқарилаётганда, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўла аниқланганлигини, тарафларнинг барча важлари холисона ва тўла текширилганлигини, иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилганлигини, ҳал қилув қарорларидаги хулосалар ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқлигини, моддий ва процессуал қонун нормаларига қай даражада амал қилинганлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги қарорида баён этилган дастурий тушунтиришларга риоя қилинганлигини ҳар томонлама тўла текшириб, баҳо беришлари лозим.


3. Суднинг ҳал қилув қарор ва ажримларига нисбатан берилган шикоят ва келтирилган протестларнинг тегишли суд инстанцияларида кўрилиши процессуал ҳуқуқ нормаларида кўрсатилган бўлиб, суд қарорлари чиққан кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 320, 346-моддаларига мувофиқ берилган шикоят ва келтирилган протестлар апелляция инстанцияси судларида, қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган суднинг ҳал қилув қарор ва ажримлари устидан улар чиқарилган кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 348-1, 348-16-моддаларига мувофиқ бир йиллик муддат ичида берилган шикоят ва келтирилган протестлар кассация инстанцияси судларида, барча судларнинг ҳал қилув қарор, ажрим ва қарорларига нисбатан улар қонуний кучга кирган кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддасига мувофиқ уч йиллик муддат ичида берилган шикоят ва келтирилган протестлар назорат инстанцияси судларида кўрилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 20-моддасида кўрсатилганидек ҳар бир суд мажлиси тўғрисида, шунингдек суд мажлисидан ташқари ҳар қандай алоҳида ҳолларда ҳам процессуал ҳаракат тўғрисида баённома тузилади. Судларга тушунтирилсинки, ишнинг биринчи босқич суди мажлиси жараёнида бўлгани каби апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларида кўришда ҳам Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 21-22-моддаларида белгиланган тартибда суд мажлиси баённомаси юритилиши зарур.


5. Барча судларнинг ҳал қилув қарор, ажрим ва қарорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддаси талабига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар апелляция, кассация ва назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга эканликларини (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддаси) инобатга олган ҳолда тарафларнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 54-моддаси 2-қисмида белгиланган тартибда махсус изоҳ берилган алоҳида ваколатномага эга бўлган тақдирдагина ўз ташаббуслари билан тегишли инстанция судларига шикоят беришлари мумкин.


6. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 348-1 ва 348-16-моддалари талабидан келиб чиққан ҳолда қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарорлари ва ажримлари устидан суднинг ҳал қилув қарори чиққан кундан эътиборан бир йил ичида тегишли туман, вилоят ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан кассация тартибида протест ёки хусусий протест киритилади.

7. Апелляция ва кассация инстанцияси судлари шикоят ёки протестлар билан келган фуқаролик ишларини қабул қилиб олишда ишда иштирок этувчи шахсларга шикоят ёки протест нусхалари юборилганлиги, мазкур ишнинг апелляция (кассация) инстанциясида кўриш вақти ва жойи тўғрисида уларга тегишли тартибда маълум қилинганлиги ҳолатларига эътибор беришлари лозим.

Қонунга биноан (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 326, 327, 348-7, 348-8-моддалари) ишда иштирок этувчи шахсларнинг берилган шикоят ёки протестлар билан танишиши ва унга нисбатан ўз эътирозларини билдириши уларнинг ҳуқуқидир. Гарчанд, шикоят ёки протестларга нисбатан эътирозларни билдириш қонунда мажбурий қилиб белгиланмаган бўлса-да, эътирозларнинг билдирилиши ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 322, 348-3-моддаларига асосан апелляция ва кассация тартибида берилган шикоят ва келтирилган протестлар тегишли инстанция суди номига ёзилса-да, ҳал қилув қарори чиқарилган судга тақдим қилинади. Шу ўринда, судларга тушунтирилсинки, бевосита ишни кўриш лозим бўлган апелляция ёки кассация инстанциясига бу шикоятларнинг берилиши ёки протестларнинг келтирилиши уларни кўрмай қолдириш ёки қайтаришга асос бўла олмайди. Бундай тартибда келиб тушган шикоят ва протестлар ҳал қилув қарори ёки ажрим чиқарган судга тегишли тартибда расмийлаштириш учун юборилади.

Юқори инстанция судлари, прокуратура ва бошқа идораларга бир йиллик муддат давомида тарафлардан келиб тушган шикоятлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 348-3, 348-4, 348-5, 348-6, 348-7, 348-8-моддалари талабларига кўра ҳал қилув қарори чиқарган судга кассация тартибида расмийлаштириш учун юборилади.

Биринчи босқич суди берилган кассация шикояти ёки протести асосида ҳал қилув қарорининг ижросини зудлик билан тўхтатиш ҳақида ажрим чиқаради ва Фуқаролик процессуал кодексининг 325, 348-6-моддаларида белгиланган процессуал ҳаракатларни амалга ошириб, дарҳол ишни тегишли инстанция судига расмийлаштириб юбориш чораларини кўриши лозим.


9. Апелляция шикояти бериш ёки протест келтиришда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 322-323-моддалари талабларининг бузилишига йўл қўйилганлиги, шунингдек давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс томонидан шикоят бериш учун давлат божи тўланмаганлиги апелляция шикояти ёки протестларни ҳаракатсиз қолдиришга асос бўлиши таъкидлансин (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 324-моддаси).

Юқорида қайд этилган камчиликлар билан берилган кассация шикояти ёки протести Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 348-5-моддасига асосан, назорат тартибидаги шикоят эса, шу кодекснинг 350-моддасига асосан ҳаракатсиз қолдирилади. Бу ҳақда ажрим чиқарилиб, тегишли тарафларга йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун юборилади.

Судья томонидан белгиланган муддатда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаган ҳолда судьянинг асослантирилган ажрими билан шикоят ёки протест уларни берган тарафларга, қонуний вакиллар ва протест келтирган шахсларга қайтарилади.

Ҳал қилув қарори билан якунланган суд мажлиси жараёнида чиқарилган ажрим юзасидан шикоят берилган ёхуд протест келтирилган тақдирда улар ҳал қилув қарорига шикоят бериш ёки протест келтириш учун белгиланган муддат тугагандан сўнг иш билан апелляция инстанция судига юборилиши лозим.


10. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 343, 345, 347, 348, 348-14, 15, 16-моддалари талабларига мувофиқ, апелляция ва кассация инстанция судларида ишни кўришда ишда иштирок этувчи шахслардан бирортаси суд мажлисига келмаган, ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишлича хабардор қилинмаган ёки хабардор қилинган бўлса ҳам, судга келмаганлик сабаби узрли деб топилган тақдирда, суд ишни кўришни кейинга қолдиради ҳамда кейинги суд мажлиси ҳақида тарафларни хабардор қилади. Кейинги муддатда тарафларнинг ёки уларнинг вакилларининг суд мажлисига келмаганлиги узрсиз деб топилгандагина ишни кўриш мумкин.


11. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 343, 348-15-моддалари талабига мувофиқ апелляция ва кассация инстанция судлари биринчи босқич судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини ўзгаришсиз қолдиришга, ўзгартиришга, қисман ёки бутунлай бекор қилиб, низо юзасидан янги ҳал қилув қарори чиқаришга ваколатлидир.

Биринчи босқич суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 314-моддаси 2-қисмида кўрсатилган процессуал қонун нормалари бузилганлиги аниқланган ҳолда, апелляция ёки кассация инстанцияси суди суд қарорини қисман ёки бутунлай бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судига янгидан кўришга юборади.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорларини юқорида кўрсатилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги асосида қисман ёки бутунлай бекор қилиб, ишни янгидан мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ҳақида ажрим чиқараётган апелляция ёки кассация инстанцияси суди суд қарорини бекор қилишга сабаб бўлган барча асосларни ва зарур ҳолларда уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиши лозим. Аммо, суд, у ёки бу далилнинг ишончлилиги, бир далилнинг бошқасидан устунлиги тўғрисида фикр юритишга ва мавжуд бошқа далилларга ҳуқуқий баҳо беришга ҳақли эмас.


12. Апелляция ва кассация инстанция судлари биринчи босқич судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини фақат процессуал қонун нормалари бузилгандагина бекор қилиб, янгидан кўриш учун юбориши мумкинлиги тўғрисидаги қоидадан келиб чиққан ҳолда, улар, биринчи инстанция судлари текширмасдан қолдириб кетган, иш учун аҳамиятли далиллар, ҳужжатлар ва ҳолатларни аниқлаб, текшириши ҳамда шулар асосида ҳал қилув қарорини тўлдириб ўзгаришсиз қолдириши, ўзгартириши, қисман ёки бутунлай бекор қилиб янги ҳал қилув қарори чиқариш билан қонуний тўхтамга келиши шарт.

Ишни апелляция ёки кассация тартибида кўриш жараёнида тарафлардан бирида низога узвий боғлиқ қарши даъво аризаси келтириш ҳуқуқи мавжудлиги аниқланса ва бундай қарши даъво талабларини алоҳида кўриш имкони бўлмаган тақдирда, тегишли инстанция суди қарши даъво аризасини қабул қилади, у билан тарафларни таништириб, низоларни биргаликда мазмунан ҳал этади (масалан: асосий даъво уй-жойга яшаш учун киритиб қўйиш тўғрисида бўлса, шу иш бўйича жавобгарлар томонидан уй-жойда яшаш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш тўғрисидаги қарши даъво ёки аксинча). Қарши даъво аризаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 314-моддаси 2-қисми 2 ва 4-бандларида белгиланган талаблар асосида, яъни, ишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, лекин ишда қатнашмаган ва ишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир масалани ҳал қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, тегишли инстанция суди бу ҳолатларни кўрсатиб, ишни янгидан қўриш учун юбориши мумкин.


13. Апелляция ва кассация инстанция судлари шикоят ва протестларни кўриш жараёнида биринчи инстанция суди Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 97 ва 100-моддаларида кўрсатилган асослар бўла туриб, ишни мазмунан кўриб чиқиб ҳал қилув қарори чиқарганлигини аниқлаган тақдирда, ҳал қилув қарорини қисман ёки бутунлай бекор қилиб, иш юритишни тугатиши ёхуд аризани кўрмасдан қолдириши мумкин.

Тарафлар томонидан апелляция, кассация шикояти ёки протести берилганидан сўнг, ишни апелляция ёки кассация инстанцияларида кўрилгунга қадар тарафлардан бири вафот этса ва улар ўртасидаги низо бўйича ҳуқуқий ворисликка ўтилишига йўл қўйилса, тегишли инстанция суди унинг ворисларини ишга жалб қилиб, берилган шикоят, келтирилтан протестларни мазмунан кўриши, низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса, суд Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 100-моддаси 7-банди асосида иш юритишни тугатиши лозим.


14. Барча фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддасида кўрсатилган ваколатли шахсларнинг протестига асосан назорат тартибида кўрилади.

Тушунтирилсинки, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган фуқаролик ишлари, у апелляция ёки кассация тартибида мазкур судда кўрилган ёки кўрилмаганлигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддаси 4-6-қисмларида кўрсатилган шахслар томонидан келтирилган протестлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддасида кўрсатилган назорат тартибида протест келтириш ваколатига эга бўлган шахслар қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан кассация муддати ўтган ёки ўтмаганидан қатъи назар, уч йил мобайнида назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқига эга. Бундай протестлар фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларнинг Раёсатларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича назорат судлов ҳайъатида кўрилади.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, ўзлари биринчи босқичда кўриб фуқаролик ишлари бўйича чиқарган ҳал қилув қарорлари ҳамда шу қарорлар юзасидан қабул қилинган апелляция ёки кассация ажримлари устидан назорат тартибида келтирилган протестларни кўришга ҳақли эмас (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддаси 2-қисми).


16. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддасида кўрсатилганидек назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза мазмун жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 323-моддасига мувофиқ бўлиши билан бирга, унга суд ҳал қилув қарорининг нусхаси, апелляция ёки кассация ва назорат инстанцияси судлари ажрими, қарорининг нусхаси, назорат тартибида протест келтириш рад этилганлиги ҳақидаги ваколатли шахснинг жавоб хати ҳамда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинган ҳолда тегишли юқори суд ёки прокурорга берилиши мумкин. Бу талабларга риоя қилинмаган тақдирда, назорат тартибида протест келтириш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан ариза ҳаракатсиз қолдирилиши, аризачига эса, камчиликларни бартараф этиш тартиби ва муддати тушунтирилиши зарур.


17. Назорат инстанцияси суди апелляция ва кассация инстанцияси судларига берилган ваколатлар билан бирга биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини, апелляция ёки кассация босқич суди ажримларини кўриб чиқишда иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлигини ёки суд аниқланган деб ҳисоблаган ҳолатларнинг исботланмаганлигини, суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 312-314-моддаларида санаб ўтилган бошқа асосларнинг мавжудлигини аниқлаган тақдирда, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанция судларига юбориш ваколатига ҳам эгадир.


18. Судлар апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида ишларни кўришда берилган шикоят ва келтирилган протестда баён этилган барча важларга муносабат билдиришлари, назорат инстанциясига берилган шикоятларда кўрсатилган важларга батафсил асослантирилган жавоб беришлари лозим.


19. Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг Раёсатлари туманлараро фуқаролик судларида кўрилган фуқаролик ишларини назорат тартибида кўришлари учун, мазкур ишни апелляция ва кассация тартибида кўришда қатнашган судьяларни ҳисобга олмаган ҳолда, қолган Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.


20. Низо юзасидан чиқарилган суд қарорини бекор қилаётган ёки ўзгартираётган апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди ишни мазмунан кўрган судья ўз вазифаларини бажаришга бепарволик ва эътиборсизлик билан қараганлиги натижасида ғайриқонуний ва асоссиз ҳал қилув қарор ёки ажрим чиқаришига йўл қўйган, деган хулосага келса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 19-моддасига биноан ўзининг хусусий ажрими билан бунга тегишли муносабат билдириши лозим.


21. Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, Тошкент шаҳар ва вилоятлар фуқаролик ишлари бўйича судларига мунтазам равишда апелляция, кассация ва назорат инстанция судлари амалиётини умумлаштириш, қуйи судларга амалий ёрдам кўрсатиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мазкур қарорига барча судлар томонидан амал қилинишини назорат этиш мажбурияти юклатилсин.


22. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган 1976 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан СССР Олий суди Пленумининг 1973 йил 8 октябрдаги "Фуқаролик ишларини судларда кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги 6-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган 1977 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан СССР Олий судининг 1974 йил 13 декабрдаги “Фуқаролик ишларини суд назорати тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги 5-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                                    У.Қ. Мингбоев


Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                                 Х.М. Ҳасанов






















Время: 0.1881
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск