ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 07.12.2018 й. ПФ-5590-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 7 декабрдаги

ПФ-5590-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг

соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШНИНГ БУГУНГИ

ҲОЛАТИ


Юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Мамлакатимизда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги, сифати ва қулайлигини ошириш таъминланди, БМТ Мингйиллик ривожланиш мақсадларининг асосий параметрларига эришилди.

Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш соҳасида мамлакатимиз эришган ютуқларга халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳо берилди. Масалан, аҳолининг умр кўриши 4,6 ёшга - 1995 йилдаги 69,1 ёшдан 2017 йилда 73,7 ёшга ошди.

Оналар ўлими кўрсаткичи 3,1 бараварга камайиб, 100 минг нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан 21 та ҳолатни ташкил этди, чақалоқлар ўлими эса 3,1 бараварга камайиб, 1000 нафар тирик туғилган чақалоққа нисбатан 11,5 та ҳолатни ташкил этди. Болаларда энг кўп учрайдиган касалликларга қарши эмлаш ва профилактика тадбирлари билан қамраб олиш даражаси 96 - 98 фоизда қатъий сақланиб турибди.

Юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича комплекс профилактика, эпидемияга қарши ва санитария-гигиена тадбирларининг жорий этилиши ўта хавфли юқумли касалликлар (ўлат, вабо), полиомиелит, дифтерия, чақалоқлар қоқшоли, маҳаллий келиб чиққан безгак, қизамиқ ва қизилча юзага келишидан тўлиқ ҳимоя қилиш имконини берди. Полиомиелитнинг ёввойи штамми (2002 йил), қизамиқ ва қизилча (2017 йил), безгак (2018 йил) йўқ қилинганлиги тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификатлари олинди.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлашни ташкил этишда фуқаролар соғлиғини сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид вазифаларни самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилаётган айрим муаммоли масалалар ва салбий ҳолатлар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, тармоқни комплекс ҳуқуқий тартибга солишнинг мавжуд эмаслиги, ўлим ва ногиронликни келтириб чиқариш эҳтимоли катта бўлган касалликларнинг олдини олиш ва улардан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонуности ва идоравий ҳужжатларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги соғлиқни сақлаш тизими барқарорлигини таъминлаш имконини бермаяпти. Трансплантология, кўмакчи репродуктив технологиялар, телетиббиёт каби талаб юқори бўлган йўналишларнинг тартибга солинмаганлиги миллий соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт илм-фани ва амалиётининг замонавий ютуқларидан ортда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунга қадар мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш учун шарт-шароитлар яратилмаган. Натижада ҳанузгача соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш асосан бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Республикада тиббиёт хизматларининг клиник тавсиялари (баённомалари) ва стандартлари билан узвий боғлиқ клиник-харажат гуруҳлари (DRG тизими) ишлаб чиқилмаган.

Соғлиқни сақлаш бирламчи бўғинининг профилактика, патронаж ва ўз вақтида даволаш-ташхис қўйиш ишлари, шу жумладан амбулаторияда даволашни охиригача етказиш самарадорлиги қониқарсизлигича қолмоқда. Бунинг натижасида аҳоли соғлиғини сақлаш тизимида қиммат турадиган стационар ёрдам асосий ўринни эгалламоқда.

Аҳолига, айниқса болалар ва фертиль ёшидаги аёлларга патронаж хизмати даражаси паст эканлиги (72-77%) қайд этилмоқда, умумий амалиёт шифокорларининг билим ва кўникмалари даражаси оналар ва болаларга тиббий ёрдамни тўлиқ ҳажмда таъминлаш имконини бермаяпти.

Соғлиқни сақлашнинг жадал ривожланаётган хусусий секторини давлат тиббиёт ташкилотлари билан ҳамкорликка фаол жалб қилишга ғов бўлаётган тўсиқлар қўшимча молия ресурсларидан соғлиқни сақлаш учун самарали фойдаланиш имконини бермаяпти.

Тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари экстенсив тарзда ривожланмоқда, у ерда тиббиёт фанлари докторларининг 70 фоизи ишласада, уларнинг салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти. ихтисослашган марказларнинг инновацион салоҳияти пастлиги шароитида тиббиёт амалиётининг таълим бериш жараёни ва илм-фан билан суст интеграциялашганлиги тиббиётнинг илғор ютуқларини даволаш-ташхис жараёнига жорий этиш қониқарсиз даражада эканидан дарак бермоқда.

Шу билан бирга, тиббиёт кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизимларини татбиқ этишдаги сусткашлик ва бунинг оқибатида шифокорлар ҳамда ўрта тиббиёт ходимлари касбий билимлари даражасининг етарли эмаслиги кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тиббиёт ходимларини ижтимоий-моддий ҳимоя қилиш даражаси пастлиги, улар ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатининг ўз зиммасига юкланаётган жавобгарлик даражасига мос келмаслиги малакали кадрларнинг тизимдан чиқиб кетиши ва коррупция ҳолатлари юзага келиши учун шароит яратмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимига ахборот-коммуникация технологияларининг етарлича жорий этилмаганлиги, тиббиёт ҳужжатларининг жуда катта ҳажми қоғоз шаклида юритилиши қабул қилинаётган қарорлар ижросини тезкор кузатиб бориш ва самарали ижросини таъминлаш имконини бермаяпти, шунингдек, ортиқча бюрократизм ва катта харажатларга сабаб бўлмоқда.

Юқорида санаб ўтилган камчиликлар соғлиқни сақлашнинг сифатига бўлган аҳолининг тобора ортиб бораётган талабларини қондириш, жойларда тўпланиб қолган муаммоларга тезкорлик билан муносабат билдириш ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида ижобий ўзгаришларга эришиш имконини бермаяпти.

Шу муносабат билан қуйидаги мақсадлар, вазифалар ва асосий йўналишларни назарда тутувчи 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини муваффақиятли амалга ошириш орқали соғлиқни сақлашнинг концептуал янги моделини шакллантириш зарурати пайдо бўлди.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШ МАҚСАДЛАРИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) соғлиқни сақлаш соҳасидаги фаолиятни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек, Саломатлик-2020 ва Барқарор тараққиёт мақсадлари-2030 минтақавий сиёсати доирасида аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги халқаро шартномаларга мувофиқ ишлаб чиқилди.

Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда катта муваффақиятларга эришган илғор мамлакатлар тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олган.


Концепция мақсадлари:


1. Касалликларнинг ва кўпчилик ҳолларда бевақт ўлим ва ногиронликка олиб келадиган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни даволаш натижаларини яхшилаш орқали кутилаётган умр кўриш даврини ошириш.


2. Тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни, аҳолини молиявий жиҳатдан ҳимоя қилишни ва ресурсларни адолатли тақсимлашни таъминлаш учун соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш.


3. Концепция вазифаларини бажариш ва республика аҳолисига кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун соғлиқни сақлашнинг бошқарув органлари салоҳиятини кучайтириш, уларнинг раҳбарлари роли ва жавобгарлигини ошириш.


Концепция вазифалари:


1. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро стандартлари ва тавсияларини имплементация қилган ҳолда тармоқни комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш.


2. Фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида идоралараро самарали ҳамкорлик ва алоқалар механизмларини ривожлантириш, шу жумладан саломатликнинг ижтимоий ва иқтисодий детерминантларига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни ҳал қилиш, соғлом ва хавфсиз атроф-муҳитни ривожлантириш, сув таъминоти ва санитарияни, соғлом овқатланиш, шу жумладан чақалоқлар ва болаларнинг соғлом овқатланишини яхшилаш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш.


3. Жамият соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, шу жумладан санитария-эпидемиология хизматини ривожлантириш, юқумли ва юқумли бўлмаган сурункали касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, Халқаро тиббий-санитария қоидаларини жорий этиш ва бажариш.


4. Соғлиқни сақлашнинг бирламчи ва иккиламчи даражадаги, тез тиббий ёрдам тиббиёт муассасаларининг самарали интеграциясини таъминлаш учун соғлиқни сақлашнинг туман бўғинини ислоҳ қилиш, она ва бола соғлиғини сақлашни мустаҳкамлаш, ихтисослашган ва паллиатив тиббий ёрдамни такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш.


5. Соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, бепул тиббий ёрдамнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини қонунчилик йўли билан мустаҳкамлаб қўйиш ҳамда мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш.


6. Хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклик ва тиббиёт туризмини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш.


7. Соғлиқни сақлаш тизими, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқарув органлари ташкилий тузилмасини функционал вазифалар ва жавобгарлик соҳаларини аниқ белгилаган ҳолда такомиллаштириш.


8. Тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини аккредитация қилиш, шунингдек, шифокорлик ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш.


9. Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, янги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳамда тиббий техникани рўйхатга олиш тартиб-таомилларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, нарх белгилаш механизмларини такомиллаштириш, дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техникани ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳамда турларини кенгайтириш, уларни маркировкалаш ва трекинг тизимларини жорий этиш.


10. Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишнинг, тиббиёт илм-фанини ривожлантиришнинг самарали тизимини, шу жумладан илмий ва тиббиёт таълим муассасаларини халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш (аккредитация қилиш), замонавий таълим дастурлари, усуллари ва технологияларини жорий этиш асосида шакллантириш.


11. "Электрон соғлиқни сақлаш" тизимларини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мажмуини яратиш.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


1. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонун

ҳужжатларини такомиллаштириш


1. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини бирхиллаштириш ва тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонунлар қабул қилиш орқали норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.


2. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини бир-бирига мувофиқлигига эришиш ва қўллаш учун қулайликлар яратиш мақсадида ягона ҳужжатда кодификациялаш, Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодексини қабул қилиш.


3. Бепул тиббий ёрдамнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйиш.


4. Мажбурий тиббий суғурта соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.


5. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги, шу жумладан оналар ва болаларни эмлаш, диспансеризация қилиш ва уларга кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатиш тартибини белгиловчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, Кўкрак сути ўрнини босувчи озуқа маркетинги тўғрисидаги халқаро кодекс нормаларини имплементация қилиш ҳамда Чақалоқларни ва кичик ёшдаги болаларни овқатлантириш тўғрисидаги миллий дастурни қабул қилиш.


6. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар маркетингини тартибга солишнинг, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жисмоний тарбия билан шуғулланишга ва спорт тадбирларига жалб қилишга рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш.


7. Тиббиёт ходимлари ўз касбий мажбуриятларига риоя этишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан Тиббиёт ходимларининг ахлоқ кодексини қабул қилиш ва уларнинг касбий жавобгарлигини суғурта қилиш.


2. Соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва

бошқариш тизимини такомиллаштириш


1. Инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан кенг фойдаланишга асосланган давлат бошқарувининг замонавий шаклларини жорий этиш орқали Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий органлар тузилмасини такомиллаштириш.


2. Тиббий ёрдамнинг зарур босқичма-босқичлиги ва изчиллигини таъминлаш учун бир-бирини тўлдирувчи ва кучайтирувчи ҳар хил даражадаги ва тор ихтисосликдаги тиббиёт ташкилотларини бошқарувнинг ягона тизимига интеграция қилишни назарда тутувчи "кластер" ёндашуви асосида ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш.


3. Тиббий ёрдам кўрсатиш даражалари, ҳажми ва турлари бўйича тиббиёт ташкилотлари тоифалари классификаторини, шунингдек, уларни қуриш, моддий-техник ва аҳоли жон бошига ҳисоблаб чиққан ҳолда, аҳоли зичлигини ва транспорт инфратузилмаси ривожланганлигини ҳисобга олиб, кадрлар билан таъминлаш нормативларини ишлаб чиқиш.


4. Тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари ҳамда фаолияти гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар айланмаси билан боғлиқ ташкилотларни аккредитация қилишнинг, шунингдек, шифокорлик ва фармацевтика фаолиятини лицензиялашнинг механизмларини илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этиш.


5. Халқаро стандартлар асосида менежмент ва тиббиёт хизматлари сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини, шунингдек, аҳолининг соғлиқни сақлаш сифатидан қониққанлигини баҳолаш механизмларини жорий этиш.


6. Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг улар малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш, шу жумладан қўлланилаётган тармоқ тариф сеткаси ўрнига тиббиёт ходими фаолияти натижаларига қараб клиник-харажат гуруҳлари ва жон бошига молиялаштиришнинг тегишли мезонларига кўра тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари ва ўзгарувчан (мукофотлаш) ставкасини жорий этиш.


7. Бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасалари, айниқса қишлоқ жойлардаги муассасаларнинг тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш.


8. Давлат санитария-эпидемиология назорати тизимини такомиллаштириш, уларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини, фуқаролар соғлиғи хавфсизлиги таъминланишини назорат қилишдаги роли ва жавобгарлигини ошириш, касаллик қўзғатувчи омилларга лабораторияда ва экспресс ташхис қўйишнинг янги технологияларини жорий этиш.


9. Тиббиёт ташкилотларининг асбоб-ускуналар, сарфлаш материаллари ва эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжини аниқлашнинг ягона механизмлари ва стандартларини жорий этиш, уларни ҳисобга олишнинг ахборот тизимини яратиш.


10. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тиббиёт ускуналарига техник хизмат кўрсатадиган ва уларни метрологик текширадиган ҳудудий хизматларни ташкил этиш.



3. Соғлиқни сақлашни молиялаштириш

тизимини такомиллаштириш


1. Қуйидагиларни назарда тутадиган клиник-харажат гуруҳлари бўйича "ҳар бир даволанган ҳолат" учун тиббий хизматларга ҳақ тўлаш тизимини ва жон бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини босқичма-босқич жорий этиш:

ҳудудларнинг хусусиятлари, муассасалар тури, аҳоли зичлиги ва бошқа омилларни ҳисобга олувчи тоифаланган тузатиш коэффициентларига эга молиялаштиришнинг ягона жон бошига тўғри келадиган нормативини жорий этиш ҳисобига бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг ҳудудий бюджет таъминланганлигини тенглаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

респубика, вилоят ва туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам хизматларига клиник-харажат гуруҳлари бўйича "ҳар бир даволанган ҳолат" учун ҳақ тўлашнинг замонавий усулларига ўтиш;

давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам дастурлари бўйича тиббий хизматлар кўрсатиш учун тиббий хизматларнинг давлат ва хусусий етказиб берувчилари билан контрактлар тузиш тизимига ўтиш.


2. Асосланган стратегик қарорлар қабул қилиш, шунингдек, мажбурий тиббий суғурта дастурлари жорий этилишини қўллаб-қувватлаш учун соғлиқни сақлашга сарфланадиган харажатларни ҳисобга олиш ва далилий базани ташкил этиш мақсадида соғлиқни сақлаш ҳисобварақлари миллий тизимини яратиш.


3. Мажбурий тиббий суғурта дастурлари бўйича молиявий маблағларни жамловчи ва тақсимловчи Мажбурий тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш.


4. Республиканинг барча ҳудудларида тиббий хизматларнинг кафолатланган ҳажмларини ҳисоблаб чиқиш ва клиник-харажат гуруҳларини шакллантириш асосида беморларнинг мақсадли контингентлари ва тиббий ёрдамнинг мақсадли турлари учун мажбурий тиббий суғуртага оид махсус дастурларни жорий этиш.


5. Фуқароларни тиббий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ўз соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор бўлишга ундайдиган дастурларни жорий этиш.


6. Республика фуқароларини мажбурий тиббий суғурта билан тўлиқ қамраб олишни босқичма-босқич таъминлаш.



4. Тиббий ёрдам сифати ва қулайлигини ошириш,

соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, юқумли

ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини

олиш ҳамда уларга қарши курашиш


1. Йирик кўп тармоқли даволаш муассасаларини, шу жумладан тор ихтисосликдаги махсус тиббиёт ташкилотларини (уларнинг филиалларини) бирлаштириш ҳисобига ташкил этиш орқали жойларда юқори сифатли тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш.


2. Асосий ва энг кўп учрайдиган касалликлар ва ҳолатлар бўйича исботловчи тиббиётга асосланган ҳамда халқаро стандартларга уйғунлаштирилган миллий клиник стандартларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


3. Хизматлар кўрсатиш технологияси, зарур кадр ресурслари, дори воситалари ва сарфлаш материаллари тавсифлашни назарда тутадиган соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббий хизматларнинг ягона реестрини яратиш.


4. Тиббий ёрдам кўрсатиш босқичларининг мақбул кетма-кетлиги ва изчиллигини таъминлайдиган беморларга йўналиш берувчи схемаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш.


5. Олий тиббий таълим муассасаларининг клиникаларини янада ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш, шу жумладан "таълим - амалиёт - фан" алоқаси ягоналиги принципи асосида уларни 4-даражагача модернизация қилиш.


6. Соғлиқни сақлаш амалиётига халқаро стандартларга мувофиқ кичик инвазив юқори технологик жарроҳлик аралашувларини (радиожарроҳлик, микрожарроҳлик, роботлаштирилган жарроҳлик, шунтлаш ва бошқалар) жорий этиш, қисқа муддатли бир кунлик амбулатория жарроҳлик ёрдамини ("бир кунлик жарроҳлик"ни) ривожлантириш.


7. Тиббиёт ташкилотларида индивидуал электрон қурилмалар ёрдамида қайд этилган хавф остидаги гуруҳга кирувчи амбулатория беморларининг соғлиғи кўрсаткичлари ўзгаришига шошилинч чоралар кўриш тизимини яратиш.


8. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматини янада ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш (қийин йўлларда юра оладиган автомобиллар, реанимобиллар ва авиация техникаси билан жиҳозлаш), шошилинч ва фавқулодда ҳолатда ҳаракатланувчи бошқа хизматлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш.


9. Регенератив, шу жумладан биотиббий ҳужайра, аддитив ва бошқа янги технологияларга асосланган тиббиётни ривожлантириш.


10. Предиктив тиббиётни ривожлантириш (наслий мойилликнинг олдини олиш), соғлиқ ҳолатига молекуляр-генетик ташхис қўйиш, скрининг ва мониторинг қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш.


11. Юқумли бўлмаган касалликлар ривожланиш омилларини, шу жумладан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида хавф остидаги гуруҳга кирадиган беморлар орасида диспансеризация ва скрининг-тадқиқотларни, патронаж ва диспансеризациянинг самарали моделларини жорий этиш, реабилитация тиббиётини ривожлантириш, "уйда стационар" хизматини кенгайтириш орқали эрта аниқлаш.


12. Катта ва кекса ёшдаги фуқароларга узоқ муддатли тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий моделини яратиш, уйда ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа қатор чора-тадбирларни назарда тутувчи геронтологик ёрдам сифати ва қулайлигини ошириш.


13. Жамият соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни кенг тарғиб қилиш, фуқароларда ўз саломатлиги ва атрофдагилар соғлиғи учун жавобгарлик ҳиссини шакллантириш, шунингдек уларнинг маданияти ва тиббий саводхонлигини ошириш.


14. Микробга қарши чидамлилик тарқалишининг олдини олиш, шу жумладан микробга қарши терапиянинг оқилона схема ва регламентларига қатъий риоя қилиш, антибактериал терапия тайинлашда микробиология диагностикаси усулларини ривожлантириш ва кенгайтириш, антибактериал препаратларнинг янги турларини ишлаб чиқиш.



5. Оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш

тизимини такомиллаштириш


1. Репродуктив ёшдаги аёлларга ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини, шу жумладан қуйидагиларни ташкил этиш орқали кенгайтириш ва ошириш:

марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникаларида репродуктив саломатлик ва хавфсиз оналик, пренатал диагностика кабинетлари (оналар скрининги), шунингдек, болалар бўлимлари;

болалар стационар муассасаларида тез тиббий ёрдам педиатрия бригадалари ва шошилинч постларни кенгайтириш ҳисобига болаларга кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар қабул бўлимлари, болалар реанимацияси ва интенсив терапия бўлимлари қабулхоналари.


2. Ирсий, генетик, бирламчи иммунитет танқислиги (орфан), туғма ва орттирилган касалликларга чалинган болаларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва реабилитация қилиш тизимини, шу жумладан туғма, сурункали касалликларга чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш орқали такомиллаштириш.


3. Ирсий касалликларга мойил бўлган, хавф остидаги гуруҳга кирадиган болаларга эрта ёрдам бериш дастурларини амалга ошириш.


4. Болалар ўлими ва ногиронлигини камайтиришга қаратилган миллий лойиҳаларни, шу жумладан ўсмирларнинг жисмоний ва руҳий-ижтимоий осойишталигига кўмаклашувчи "Болаликда учрайдиган касалликларни интеграциялашган ҳолда юритиш", "Болаларнинг жароҳат олиши ва болалар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш", "Чақалоқлар саломатлиги", "Ўсмирлар саломатлиги", "Жисмоний тарбия ва спорт", "Соғлом мактаб муҳитини шакллантириш" дастурларини амалга ошириш.


5. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қўлланиладиган мактаб ёшидаги болаларни ўрганишнинг замонавий усуллари ва дастурларидан кенг фойдаланиш, "Мактаб ёшидаги болалар соғлиғига нисбатан хулқини текшириш" (HBSC) Европа ҳамкорлик тармоғига ҳамда Болалар семиришини эпидемиологик назорат қилиш Европа тармоғига (COSI) Ўзбекистоннинг қўшилиши.


6. Оналар ва болаларга ихтисослаштирилган юқори технологик, шу жумладан микрожарроҳлик ва кичик инвазив тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш.


7. "Она ва бола" йирик кўп тармоқли тиббиёт марказларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида босқичма-босқич, шу жумладан самараси паст ва тор ихтисосдаги давлат тиббиёт ташкилотларини бирлаштириш орқали ташкил этиш.



6. Хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий

шериклик ва тиббиёт туризмини ривожлантириш


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи хусусий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш:

ҳудудлар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун амбулатория ва стационар тиббий хизматларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаш;

аҳолининг эҳтиёжи катта бўлган тиббиётнинг айрим йўналишлари ривожига инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг татбиқ этиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ролини кучайтириш, шунингдек, уларнинг негизида хусусий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари юзасидан ахборот билан таъминлаш учун ягона диспетчер хизмати (Call-маркази) ташкил этиш.


2. Соғлиқни сақлаш соҳасига қуйидаги шаклларда давлат-хусусий шерикликни жорий этиш:

хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш учун доимий фойдаланишга берилган ер участкаларини бепул асосда ижарага бериш;

мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан хусусий тиббиёт ташкилотлари объектлари қуриш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш;

кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини ижарага бериш;

бино қуриш ёки реконструкция қилиш, концессия асосида жиҳозлаш учун ер участкаси ажратиш;

бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан ишламаётган давлат тиббиёт ташкилотлари биноларини "ноль" харид қиймати бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилиш;

давлат тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгилаб бериладиган бошқа шаклларда.


3. Мамлакатимиз тиббиёт ташкилотларининг туристик салоҳиятини тубдан оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасида кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш стратегиясини ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш.


4. Йирик давлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматларни ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда илгари суриш учун масъул бўлган маркетинг ва тиббиёт туризмини ривожлантириш, чет эл фуқароларини, шунингдек, уларга ҳамроҳ бўлган шахсларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича махсус таркибий тузилмалар яратиш.


5. Кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш, маданий-маърифий тадбирлар билан комплекс боғлиқ ҳолда чет эл фуқароларига тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш, чет эл инвестициялари, шунингдек, тиббиёт ташкилотларининг туристик инфратузилмасини ривожлантиришга халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар кредитлари ва грантларини жалб қилиш.


6. Етакчи илмий-амалий тиббиёт марказларининг салоҳиятини ва улар кўрсатадиган хизматларни, шу жумладан эстетика жарроҳлиги, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, урология имкониятларини оммавий ахборот воситаларида PR-компаниялар, конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш орқали кенг тарғиб қилиш.



7. Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш


1. Қуйидагиларни имконини берувчи Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини маркировкалаш ҳамда улар ҳаракатланишининг мониторингини олиб бориш ахборот тизимини жорий этиш:

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳар бир қадоғининг ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган вақтдан бошлаб истеъмолчига етиб борган вақтгача ҳаракатланишини кузатиш;

сифатсиз ва контрафакт дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларининг бутун республика бўйлаб профилактикаси ва муомаладан дарҳол олиб қўйилиши;

ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини белгилаш устидан мониторинг олиб бориш;

барча даражаларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари захиралари ва резервларини тезкор режалаштириш ва бошқариш;

истеъмолчилар томонидан мобиль илова ёрдамида харид қилинадиган (олинадиган) дори воситалари ва тиббиёт буюмлари қонунийлигини текшириш.


2. Қиммат турадиган дори терапиясини талаб қиладиган беморлар регистрларини шакллантириш.


3. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланган иммунобиологик препаратларни жадал рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини жорий этиш.


4. Дори воситаларини, тиббиёт буюмларини ва тиббий техникани рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, уларни халқаро талабларга уйғунлаштириш.


5. Ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибаси асосида дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника учун референт нарх белгилашни босқичма-босқич жорий этиш.


6. Фармацевтика ташкилотларини сифат менежменти тизимларини ва тегишли ишлаб чиқариш амалиётини (GMP ва бошқалар) жорий этишга рағбатлантириш.


7. Амбулатория ва стационар даволашда фуқароларни таъминлаш учун бюджет маблағлари ҳисобидан қопланадиган дори воситалари рўйхатини шакллантириш услубиётини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.


8. Республика ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этган ҳолда уларни етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўсимлик хом ашёси асосида дори воситалари ишлаб чиқарувчи мамлакатимиз корхоналарини кенг қўллаб-қувватлаш.


9. Ихтисослашган фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ҳудудида тайёр дори воситалари ва субстанциялар ишлаб чиқарувчи янги фармацевтика корхоналари ташкил этишга доир йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.



8. Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек,

тиббиёт илм-фанини ривожлантиришнинг

самарали тизимини шакллантириш


1. Ўқитишнинг кредит-модул тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг амалий жиҳатларини ошириш орқали олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш.


2. Клиник ихтисосликни эгаллаш мураккаблигидан келиб чиқиб, магистратура ва клиник ординатурада (резидентурада) юқори малакали кадрлар тайёрлаш муддатларини халқаро стандартларга мувофиқ 1 йилдан 5 йилгача этиб оптималлаштириш.


3. Хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан кенг ҳамкорлик қилиш, шу жумладан уларнинг филиаллари ва факультетларини очиш, шунингдек, иккита диплом бериш тизимини жорий этиш.


4. Таълим дастурларини амалга оширишда тармоқ ҳамкорлиги ва очиқ курслардан фойдаланиш орқали хорижий университетлар ресурсларидан фойдаланиш ҳисобига таълим имкониятларини кенгайтириш, шунингдек тиббий таълимнинг электрон миллий платформаларини ишлаб чиқиш ва электрон таълим муҳитини шакллантириш.


5. Илғор илмий ишланмалар ва технологияларни соғлиқни сақлаш амалиётига интеграция қилишда тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари ва ўқув базаларининг ролини кучайтириш.


6. Юқори малакали кадрлар тайёрлашда, уларни даволаш-ташхис қўйиш жараёнида иштирок этганлиги учун моддий рағбатлантириш йўли билан янги илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этишда тиббиёт олий таълим муассасалари ва илмий муассасалар профессор-ўқитувчилари ролини ошириш.


7. Қуйидагиларни жорий этиш орқали таълим узлуксизлигини таъминловчи тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш:

ўқитишнинг балл (жамғариб бориш) тизими;

муаммога йўналтирилган модул ўқув дастурлари;

масофавий ўқитиш дастурлари;

узлуксиз тиббий таълимни ташкил этишда кўмаклашиш учун интерактив портал.


8. Тиббиёт илмий ва таълим муассасаларини халқаро стандартлар, шу жумладан GCP (Good clinical practice) стандарти бўйича сертификатлаштириш (аккредитация қилиш) асосида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, тиббиёт илм-фанини ривожлантириш тизими самарадорлигини ошириш.


9. Тиббиёт таълим муассасаларида ўқитиш тўлдирилган ва виртуал реаллик шароитида, тиббий тренажёр ва манекенларда олиб бориладиган симуляцион марказларни ташкил этиш.


10. Тиббиёт илмий ва таълим муассасаларининг базавий ҳамда дастурий-мақсадли молиялаштирилишини, инновацион ишланмалар ва технологиялар трансферини амалга ошириш учун тиббиёт ва илмий жамоаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашни таъминлаш, уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш.


11. Олий тиббиёт ўқув муассасалари тиббий-профилактик йўналиши кафедраларининг таълим дастурлари тан олинган халқаро ташкилотлар, шу жумладан Европа минтақасида жамоат соғлиғини сақлаш мактаби уюшмаси (ASPHER - The Association of Schools of Public Health in the European Region) томонидан аккредитация қилинишини таъминлаш.



9. Ахборот-коммуникация технологиялари ва

"электрон соғлиқни сақлаш"ни кенг жорий этиш


1. Қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи "Электрон соғлиқни сақлаш" тизимини жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мажмуини ташкил этиш:


а) аҳоли учун:

тиббиёт ташкилотлари ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар тўғрисида ахборот олиш;

шифокорлар малакаси, иш стажи, қабул вақти ҳақида ахборот олиш, шунингдек, "электрон навбат", шу жумладан масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имкониятини ташкил этиш;

кўрсатиладиган хизматлар сифатини, шу жумладан тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш;

мобиль иловалар орқали тизимдан фойдаланиш;


б) тиббиёт ташкилотлари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари:

муассасани ривожланишнинг инновацион ижтимоий йўналтирилган типига айлантириш;

соғлиқни сақлаш соҳасида стандартлаштириш тизимини амалга ошириш;

электрон ҳужжат билан ишлашни жорий этиш орқали иш жараёнини оптималлаштириш (тиббиёт карталари ва касалликлар тарихларини тўлдириш, "электрон рецептлар" бериш);

тиббиёт ходимлари, дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника, сарфлаш материаллари ҳисобини ва мониторингини юритиш;

давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам дастурлари бўйича молиявий операциялар амалга ошириш ва мониторингини юритиш, тиббиёт ташкилотларининг бўлажак харажатларини баҳолаш, шунингдек эҳтимоли бўлган хатарларни таҳлил қилиш;

тиббий статистика, ҳисоб ва ҳисобот юритиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш миллий ҳисобварақлари тизимини қўллаб-қувватлаш;

бошқа тиббиёт ташкилотлари ахборот тизимлари билан интеграциялаш ва ахборот алмашиш;


2. Тиббиёт ташкилотлари иш кўрсаткичлари ва тармоқнинг ривожланиш ҳолатини мониторинг қилишнинг асосий механизми сифатида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш.


3. Тиббиёт ташкилотлари ўртасида ахборот алмашиш ҳамда масофавий тиббий ва таълим хизматларини (маслаҳатлашувлар, консилиумлар, операциялар, мастер-класслар ва ҳоказолар) ўтказиш учун телетиббиётни ривожлантириш.



IV. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга ошириш натижасида қуйидагилар кутилмоқда:

барқарор тараққиёт соҳасида миллий мақсадлар ва вазифаларга эришиш;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар стандартлари ва тавсияларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, Халқаро тиббий-санитария қоидаларини амалга ошириш;

соғлиқни сақлаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш, малакали, ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш;

давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмларини қонунчилик йўли билан белгилаб қўйиш;

республика фуқароларини мажбурий тиббий суғурта дастурлари билан босқичма-босқич қамраб олиш;

соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ошириш, тиббий хизматлар кўрсатишда бюджетдан ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш;

республика ҳудудларини тиббиёт ва фармацевтика кадрлари билан тўлиқ ҳамда тенг ҳажмда таъминлашга эришиш;

жамият соғлиқни сақлаш тизими ва фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари бўйича идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш;

умр кўришни 75 ёшгача ошириш;

оналар ўлими кўрсаткичини 15 фоизга камайтириш;

чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини 30 фоизга камайтириш;

аҳоли орасида юрак-томир, онкология касалликлари, қандли диабет ва сурункали нафас йўллари касалликларидан бевақт ўлишни 15 фоизга камайтириш;

аҳолининг сил, ОИВ, гепатит ва бошқа юқумли касалликларга чалиниш даражасини камайтириш.

Натижаларга эришиш даражаси ва уларнинг самарадорлиги Концепцияда назарда тутилган, индикаторлари иловада келтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши устидан мунтазам мониторинг олиб бориш асосида баҳоланади.






Концепцияга

ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни

сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясини

амалга ошириш самарадорлигини аниқлаш

ИНДИКАТОРЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар

2018 йил

2025 йил

I. КУТИЛАЁТГАН УМР КЎРИШ ДАВОМИЙЛИГИНИ ОШИРИШ

1.

Туғилишдан кутилаётган умр кўриш давомийлиги (иккала жинсда) (йилларда)

73,7

(2017 й.)

75,0

2.

Эркакларда туғилишдан кутилаётган умр кўриш давомийлиги (йилларда)

71,3

(2017 й.)

72,1

3.

Аёлларда туғилишдан кутилаётган умр кўриш давомийлиги (йилларда)

76,1

(2017 й.)

77,8

II. СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ

ҚИЛИШ ВА БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Жамоат секторини бошқариш, ишбилармонлик маъмуриятчилиги, соғлиқни сақлаш иқтисодиёти, давлат сиёсати, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари олий маълумотли ходимларининг улуши (%)

0

20,0

2.

Халқаро стандартларга мувофиқ аниқланадиган мавжуд халқаро саломатлик кўрсаткичлари фоизи

<50

75,0

3.

Халқаро стандартларга мувофиқ ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни ўлим сабаби билан бирга электрон шаклда қайд этиш фоизи

<50

75,0

4.

Стационарларда ва кутилмаган ҳолатларда юқумли касалликка чалиниш ҳолатларини минимумга тушириш мақсадида 10 тадан кам бўлмаган "беморлар учун хавфсизлик пакетлари" татбиқ этилган шифохоналар фоизи

0

50,0

5.

Тиббиёт ходимларининг ўз фаолиятидан қониқиш фоизи

Маълумот мавжуд эмас

50,0

6.

Натижалари беморларнинг касаллик гуруҳига ёки ҳолатига қараб назорат қилиш ва уларни сифатини яхшилаш имконини берадиган клиник ахборот тизимларига эга бўлган амбулатория муассасалари фоизи

0

50,0

7.

Менежмент бўйича тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтган соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларидаги маъмурий-бошқарув ходимлари (%)

70,0

100

8.

Болалик ёшидан касалликларни интеграциявий олиб боришни таъминлайдиган етказиб берувчи/бирламчи тиббий-санитария ёрдами поликлиникалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг болалар бўлимлари улуши (%)

Мавжуд эмас

100

9.

МЛУ-ТБ даволаш муваффақияти кўрсаткичи (%)

57,0

65,0

10.

Тез тиббий ёрдамга жавоб бериш вақти, шаҳарларда чақириққа жавоб бериш < 10 минутдан кам бўлган фоизи

Маълумот мавжуд эмас

50,0

11.

Тез тиббий ёрдамга жавоб бериш вақти, қишлоқ жойларда чақириққа жавоб бериш < 30 минутдан кам бўлган фоизи

Маълумот мавжуд эмас

50,0

12.

Шошилинч вазиятларда операциядан кейинги ўлим ҳолати, фоизда

0,2

0,1

13.

Барча тиббиёт муассасаларида аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда диагностика ва даволашнинг юқори технологияларини жорий этиш (%)

20,6

50,0

III. СОҒЛИҚНИ САҚЛАШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Умумий давлат харажатларига нисбатан соғлиқни сақлаш бўйича давлат харажатлари фоизда

15,4

15,4

2.

ЯИМга нисбатан соғлиқни сақлашга давлат харажатлари фоизда

2,9

5,0

3.

Умумий соғлиқни сақлаш харажатларида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш учун харажатлар улуши (%)

9,6

12,0

4.

Ҳудудлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (амбулатор-поликлиника бўғини) аҳоли жонбошига молиялаштириш (%)

0

100

5.

Даволанганлик ҳолати бўйича стационар муассасаларни молиялаштириш (%)

4,5

100

6.

Мажбурий тиббий суғурта дастури бўйича республика фуқароларини қамраб олиш (%)

0

90,0

7.

Мажбурий тиббий суғурта дастури бўйича тиббий ёрдам кўрсатишда хусусий тиббиёт ташкилотларининг иштироки (%)

0

30,0

8.

Аҳолининг тўғридан-тўғри тўловлари даражасини камайтириш (%)

45,3

30,0

IV. ТИББИЙ ЁРДАМ СИФАТИНИ ВА ИМКОНИЯТИНИ

ОШИРИШ, СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ,

ЮҚУМЛИ ВА ЮҚУМЛИ БЎЛМАГАН КАСАЛЛИКЛАРНИ

ПРОФИЛАКТИКАСИ ВА УЛАР БИЛАН КУРАШИШ

1.

Ичак инфекциялари билан касалланиш (100 минг аҳолига)

137,7

(2017 й.)

80,0

2.

Ўткир вирусли гепатит А билан касалланиш (100 минг аҳолига)

98,1

(2017 й.)

60,0

3.

Анемия билан касалланиш (100 минг аҳолига)

5439

4587,8

4.

Йод етишмаслиги билан боғлиқ касалланиш (100 минг аҳолига)

184,3

156,6

5.

Бўйи ўсиши кечикиши мавжуд беш ёшгача бўлган болалар улуши (%)

8,7  (2017 й.)

7

6.

Вазн оғирлиги етишмаслиги мавжуд беш ёшгача бўлган болалар улуши (%)

2,6 (2017 й.)

2,0

7.

Ортиқча вазн мавжуд беш ёшгача бўлган болалар улуши (%)

4,6 (2017 й.)

< 4

8.

Наркологик касалликлар билан касалланиш (100 минг аҳолига)

23,6

20,3

9.

Йўл-транспортда жароҳатланиш натижасида ўлим ҳолатлари (100 минг аҳолига)

7,6

(2017 й.)

7,0

10.

НХД бўйича 3 ёки ундан ортиқ хавф омиллари мавжуд (ҳар куни чекувчилар, мева ва сабзавотларни 5 фоиздан кам истеъмол қилиш, жисмоний фаолликнинг етарли эмаслиги, БМИ > 25, юқори қон босими) 45-64 ёшдаги аҳолининг улуши (%)

44,6

(2016 й.)

40,0

11.

ОИВ инфекциясининг янгидан юқиши 100 минг аҳолига, жами, жинси, ёши бўйича

12,4

(2017 й.)

10,0

12.

100 минг аҳолига сил касаллиги билан касалланиш

44,7

(2017 й.)

37,0

13.

100 минг кишига В гепатити билан касалланиш

0,8

(2017 й.)

0,2

14.

Давлат томонидан тўланадиган, иммунизация миллий дастуридаги вакциналар улуши (%)

95,0

(2017 й.)

100

15.

9-12 ёшдаги ўсмир қизларни ҲПВга қарши вакцина билан қамраб олиниши (%)

0

100

16.

30 - 69 ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир касаллиги туфайли ўлим кўрсаткичи (%)

40,9

34,5

17.

30-69 ёшдаги аҳоли орасида саратон касаллиги туфайли ўлим кўрсаткичи (%)

72,5

67,6

18.

30-69 ёшдаги аҳоли орасида қандли диабет туфайли ўлим кўрсаткичи (%)

73,2

58,5

19.

30-69 ёшдаги аҳоли орасида сурункали респиратор касалликлар туфайли ўлим кўрсаткичи (%)

45,4

20,2

20.

Юрак-қон томир касалликлари мавжуд 40-64 ёшдаги аҳоли > 30% улуши (%)

20,0

(2014 й.)

12,0

21.

бугунги кунда даволанмаётган юқори қон босимига эга (Мап > 140 ва / ёки ДБП > 90) аҳолининг улуши (%)

22,0

(2014 й.)

15,0

V. ОНАЛАР ВА БОЛАЛАРГА ТИББИЙ ЁРДАМ

КЎРСАТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Репродуктив ёшдаги (15-49 ёш) аёлларни замонавий контрацепция воситалари билан қамраб олиш (%)

47,4

(2017 й.)

55,0

2.

Ўсмир қизлар (15-19 ёш) орасида туғиш кўрсаткичи, ушбу ёш гуруҳидаги 1000 нафар аёлга

19,2

(2017 й.)

7,0

3.

100 минг нафар тирик туғилганларга нисбатан оналар ўлими коэффиценти

21,0

(2017 й.)

15

4.

1000 нафар тирик туғилганларга нисбатан неонатал ўлим коэффиценти

7,8

(2017 й.)

5,0

5.

1000 нафар тирик туғилганларга нисбатан чақалоқлар ўлими коэффиценти

11,5

(2017 й.)

7,5

6.

1000 нафар тирик туғилганларга нисбатан 5 ёшгача болалар ўлими коэффиценти

15,4

(2017 й.)

9,8

7.

Миллий дастурларга киритилган барча вакциналар иммунизацияси билан қамраб олинган болалар улуши (%)

>99,0

(2017 й.)

100

VI. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИГИ ВА

ТИББИЙ ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

1.

Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларининг сони (%)

0

35,0

2.

Давлатнинг кафолатланган аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича дастурини амалга оширишда хусусий тиббиёт ташкилотларининг улуши (%)

0

20,0

3.

Тиббий туризмдан олинадиган йиллик даромад ($ ХҚ)

Маълумот мавжуд эмас

0,6 млн

4.

Республика клиникаларида тиббий хизмат олган хорижий беморлар сони

>15000

100000

VII. ФАРМАЦЕВТИКА ТАРМОҒИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

1.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини истеъмол қилиш улуши (%)

24,0

35,0

2.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг "Яхши ишлаб чиқариш амалиёти" стандартига мувофиқ сертификатланган маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчилар улуши (%)

6,0

40,0

3.

Маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари экспорти улуши (%)

-

10,0

VIII. АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА

"ЭЛЕКТРОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ"НИ КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШ

1.

Тиббиёт, тиббий-ижтимоий ва фармацевтика ташкилотларини компьютер ва офис ускуналари билан таъминлаш

20,0

100

2.

Локал тармоқ, Интернет тармоғининг мавжудлиги

15,0

100

3.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг компьютер саводхонлиги

38,0

100

4.

Электрон ҳужжат айланишини амалга оширувчи тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари сони (%)

10,0

100

5.

Беморларни рўйхатга олишнинг электрон тизими тўлиқ жорий этилган давлат тиббиёт муассасаларининг фоизи

10,0

100

IХ. ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА КАДРЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ,

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ, ШУНИНГДЕК

ТИББИЁТ ФАНИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

1.

Халқаро стандартларга мувофиқ аккредитланган таълим дастурларининг фоизи

0

50,0

2.

Халқаро стандартлар инобатга олинган ҳолда ислоҳ қилинган Олий тиббий таълимнинг дипломолди дастурлари фоизи

50,0

90,0

3.

Халқаро стандартлар инобатга олинган ҳолда ислоҳ қилинган ихтисослаштирилган тиббий таълимнинг дипломдан кейинги дастурлари фоизи

50,0

90,0

4.

Тиббиёт ҳамширалари учун халқаро стандартларга мувофиқ янгиланган (ислоҳ қилинган) ўқув тиббиёт таълим муассасалари фоизи

50,0

90,0

5.

Фармацевтлар учун халқаро стандартларга мувофиқ янгиланган (ислоҳ қилинган) тиббиёт дастурлари фоизи

40,0

80,0

6.

Медицина ва фармацевтика фани ютуқларини амалий соғлиқни сақлашга жорий этиш фоизи

45,0

70,0

7.

Илмий-тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш (қўшма грантлар сони)

4,0

15,0

8.

Тиббиёт ташкилотлари ходимларининг илмий салоҳияти фоизи

35,0

50

9.

Медицина ва фармацевтика соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боришда иштирок этувчи клиника ва лабораторияларга эга Олий тиббиёт таълим муассасалари

72,0

100

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 10 декабрь, 49-сон, 933-модда























































Время: 0.1992
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск