язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори/ Қимматли қоғозлар/ Облигациялар (заёмлар)/ Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозларини чиқарилишларининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиши тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.12.2018 й. 1016-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 14 декабрдаги

1016-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг давлат

қимматли қоғозларини чиқарилишларининг

жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва

сўндирилиши тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда Молия вазирлиги деб аталади) томонидан чиқарилган давлат қимматли қоғозлари чиқарилишларининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиши тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат қимматли қоғозлари (кейинги ўринларда ДҚҚ деб аталади) - Молия вазирлиги томонидан ҳужжатсиз шаклда чиқариладиган ва эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси давлат ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари;


"Ўзбекистон республика валюта биржаси" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда ЎзРВБ деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда Марказий банк деб аталади) билан тузилган шартнома асосида ваколат берилган аввалдан белгиланган жойда ва белгиланган вақтда ўрнатилган тартиб асосида биржа савдоларини ташкил қилувчи юридик шахс. ЎзРВБ дилер ва инвестор функцияларини бажариши мумкин эмас;


дилер - биржа савдоларида қатнашиш ва ДҚҚ билан биржа битимларини тузиш орқали молиявий воситачи фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириш ҳуқуқини олган ЎзРВБ аъзоси ҳисобланган тижорат банки ёки бошқа юридик шахс;


инвестор - дилер билан тузилган шартнома асосида ДҚҚни сотиб олувчи юридик шахс - Ўзбекистон Республикаси резиденти;


савдо тизими - ЎзРВБнинг автоматлаштирилган электрон тизими бўлиб, ДҚҚ билан биржа битимларини тузиш бўйича электрон биржа савдоларини ўтказиш, қабул қилинган буютмаларни рўйхатга олишни таъминлаш, ДҚҚни сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқ хисобини, шунингдек, ДҚҚ билан олди-сотди шартномаси бўйича клирингни ва ҳисоб-китобларни амалга оширади;


глобал сертификат - ДҚҚлар чиқарилишининг асосий параметрларини (чиқарилиш миқдори, муомала муддати, мажбуриятларни сотиб олиш миқдорига бўлган мавжуд чекловлар, купон ставкаси ва бошқаларни) ўз ичига олган ҳужжат бўлиб, унинг шакли ва реквизитлари Марказий банк билан келишилган ҳолда Молия вазирлиги томонидан белгиланади;


биржа гувоҳномаси - ЎзРВБ томонидан белгиланган шаклда савдо тизимида дилер томонидан биржа битими тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;


трейдер - белгиланган тартибда ЎзРВБ савдо тизимига рухсат олган ва унинг номидан ЎзРВБ биржа битимларини тузишга ваколатли бўлган дилер ходими;


РЕПО шартномаси - белгиланган муддатдан кейин қайта сотиб олиш шарти билан тузилган ДҚҚнинг олди-сотди шартномаси.


депо ҳисобварағи - ДҚҚни сақлаш ва уларга бўлган ҳуқуқлар ҳисобини юритиш мақсадида бозор қатнашчилари учун ЎзРВБ да очилган ҳисобварағи;


рақобатли буюртманома - буюртманомада кўрсатилган нарх бўйича ДҚҚнинг муайян сонини сотиб олиш ёки сотиш истагини ифодаловчи дилер буюртманомаси;


рақобатсиз буюртманома - буюртманомада кўрсатилган пул маблағлари суммасига қониқтирилган рақобатли бюртманомаларнинг ўртача белгиланган нархи бўйича ДҚҚ сотиб олиш истагини ифодаловчи дилер буюртманомаси; 


чегара нархи - аукционда ДҚҚларни сотиш учун Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган энг паст нарх.


3. Молия вазирлиги, Марказий банк, дилерлар ва инвесторлар ДҚҚ бозорининг иштирокчилари ҳисобланади. Марказий банк Молия вазирлиги билан тузилган шартномага асосан ДҚҚни жойлаштириш ва сўндириш бўйича фискал агент функцияларини амалга оширади.


4. ДҚҚ Ўзбекистон Республикаси ғазначилик мажбуриятлари шаклида чиқариладиган қисқа муддатли (бир йилгача муддатга), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ғазначилик облигациялари шаклида чиқариладиган ўрта муддатли (бир йилдан беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йилдан ортиқ муддатгача) бўлиб, тижорат банклари ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ўртасида жойлаштирилади.

ДҚҚ уларнинг сўндирилишида номинал қийматини ва қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати мобайнида қатъий белгиланган фоизли даромад олиш ҳуқуқини беради.

ДҚҚ кредитларнинг гаров таъминоти ва РЕПО шартномаларида олди-сотди предмети бўлиши мумкин.


5. ДҚҚнинг номинал қиймати Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ифодаланади ва 1 000 000 (бир миллион) сўмни ташкил этади.


6. Дилер ўз номидан ва ҳисобидан, шунингдек, инвестор топшириғига асосан ва унинг маблағи эвазига битимлар тузиши мумкин. Инвесторнинг ДҚҚни сотиш ёки сотиб олиш бўйича буюртманомалари тегишли шартнома тузилган дилер томонидан тақдим этилади.


7. ДҚҚ олди-сотдиси бўйича битимлар савдо тизими орқали савдо давомида Марказий банк томонидан ЎзРВБ билан биргаликда белгиланган савдо қоидаларига асосан амалга оширилади.


8. Сотиб олувчининг савдо тизимидаги "депо" ҳисобварағига ДҚҚ ўтказилиши фақат сотиб олувчининг пул маблағлари сотувчининг шахсий ҳисобварағига ўтказилгандан кейингина амалга оширилади.

ДҚҚ бўйича ҳуқуқ сотиб олувчининг савдо тизимидаги "депо" ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви амалга оширилган вақтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади ва амалга оширилган операциялар тўғрисида "депо" ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.


9. Ҳисобот ҳужжатлари ЎзРВБда ўн йил мобайнида сақланади. Барча дилерлар бўйича тузилган битимларнинг йиғма реестри савдолардан сўнг Марказий банкка тақдим этилади.


10. Техник носозликлар ёки савдолар ўтказилишига тўсқинлик қиладиган бошқа сабаблар вужудга келган ҳолатларда савдолар тўхтатилиши мумкин. Савдолар тўхтатилгандан сўнг, бир соат мобайнида давом эттирилмаса, жорий кун савдолари ҳисоб-китоблар амалга оширилмасдан якунланади ва савдолар ташкил этилмаган ҳисобланади.



2-БОБ. ДҚҚНИ МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШ ВА

ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


11. ДҚҚни ҳар бир алоҳида муомалага чиқарилиши идентификация рақами кўрсатилган глобал сертификат билан расмийлаштирилади.

Глобал сертификат иккита асл нусхада расмийлаштирилади, бир нусхаси Молия вазирлигида, иккинчи нусхаси Марказий банкда сақланади.


12. Глобал сертификатни олгандан сўнг Марказий банк ЎзРВБга ДҚҚларни жойлаштириш учун мўлжалланган эмиссия ҳисобварағига муомалага чиқарилаётган ДҚҚнинг тўлиқ ҳажмини жойлаштириш бўйича топшириқ беради.


13. ДҚҚ алоҳида чиқарилишлар билан жойлаштиришнинг барча зарурий шартлари кўрсатилган ҳолда чиқарилади.


14. ДҚҚнинг бирламчи жойлаштирилиши Молия вазирлигининг топшириғига асосан Марказий банк томонидан ўтказиладиган аукцион шаклида амалга оширилади.

Аукционнинг ўтказилиши, чиқарилишнинг параметрлари ва шартлари тўғрисидаги ахборот Марказий банк томонидан у ўтказилгунга қадар етти кундан кечикмай эълон қилинади. 


15. Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда аукционга чиқарилаётган ДҚҚнинг битта дилер томонидан сотиб олиниши мумкин бўлган энг кўп миқдорини белгилаши мумкин.


16. Рабоқатли буютманомалар, агар уларда кўрсатилган нарх чегара нархига тенг ёки юқори бўлса, қаноатлантирилади. Бунда буюртманомалар уларнинг келиб тушиши вақтидан қатъи назар нархлар пасайиши тартибида қаноатлантирилади. Рақобатсиз буютманомалар қаноатлантирилган рақобатли буюртманомаларнинг ўртача белгиланган нархи бўйича қаноатлантирилади.


17. Савдо тизимида бир хил нархда бир нечта буюртманомалар мавжуд бўлса, биринчи навбатда тизимга вақт бўйича кеч киритилган буюртманомадан олдинроқ киритилган буюртманома биринчи навбатда қондирилади.


18. ДҚҚ жойлаштирилиши натижасида аукционда тузилган битимлар биржа гувоҳномалари билан расмийлаштирилади.


19. Марказий банк ўтказилган аукцион натижаларига асосан ДҚҚлар чиқарилишининг жойлаштирилиши натижалари тўғрисида расмий ҳисобот тайёрлайди.


20. Савдолар натижалари бўйича ахборот ЎзРВБ расмий веб-сайтида эълон қилинади.



3-БОБ. ИККИЛАМЧИ БОЗОРДА ДҚҚНИНГ

МУОМАЛАДА БЎЛИШИ ТАРТИБИ


21. Иккиламчи бозорда ДҚҚнинг муомалада бўлиши савдо тизимида ДҚҚ бўйича олди-сотди битимлар тузиш орқали амалга оширилади.


22. Олди-сотди битимлар дилернинг ДҚҚни сотиши ёки сотиб олиши бўйича рақобатли буюртманомалар асосида тузилади.


23. Трейдерлар савдо тизимига ДҚҚни сотиш (сотиб олиш) бўйича битимнинг йўналиши, ДҚҚ сони, нархи ва сотиб олувчи (сотувчи) кодини кўрсатган ҳолда рақобатли буюртманомалар киритади.

Буюртманомалар тақдим этилган вақт савдо тизими томонидан қайд этилади.


24. Дилернинг ҳар қандай буюртманомаси айни вақтга қадар қондирилмаган бўлса, дилернинг ўзи томонидан савдолардан қайтариб олинади.


25. Савдолар тугагандан сўнг савдо тизими барча қондирилмаган буюртманомаларни бекор қилади ва дилерлар барча позицияларининг якуний қийматини ҳисоблаб чиқади. Савдо тизими ҳар бир дилернинг ҳисобварағидан (ҳисобварағига) ўтказилиши керак бўлган пул маблағларининг соф сальдосини, шунингдек, ҳар бир дилернинг (инвесторнинг) савдо тизимидаги "депо" ҳисобварағидан ёки "депо" ҳисобварағига ўтказилиши керак бўлган ДҚҚнинг соф сальдосини ҳисоблаб чиқади.


26. Тузилган битимлар асосида савдо тизими электрон шаклда битимлар реестрини ҳамда ўтказилган операциялар тўғрисида "депо" ҳисобварағи бўйича ҳисоботни шакллантиради.

Битимлар реестри ҳамда ўтказилган операциялар тўғрисида "депо" ҳисобварағи бўйича ҳисобот дилерларга уларнинг талабига асосан берилиши мумкин.


27. РЕПО шартномалари Ўзбекистон Республикаси давлат қимматли қоғозлари билан РЕПО шартномаларини тузиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ савдо тизими орқали тузилади ва амалга оширилади.



4-БОБ. ДҚҚ БИЛАН БИТИМЛАР БЎЙИЧА ПУЛ

ЎТКАЗМАЛАРИНИ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


28. Савдоларда иштирок этиш учун ва савдолар натижалари бўйича клиринг ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида дилерлар учун савдо тизимида алоҳида шахсий ҳисобварақлари очилади.


29. ДҚҚ билан шартномалар бўйича инвесторларнинг савдо тизимидаги ҳисоб-китоблари фақат дилерларнинг ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.


30. ДҚҚ битимлари бўйича ҳисоб-китоблар ЎзРВБнинг Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармасининг Ҳисоб-китоб касса марказидаги (кейинги ўринларда ҲККМ деб аталади) махсус ҳисобварақлар орқали амалга оширилади.

ЎзРВБ махсус ҳисобварақлари бўйича операциялар биржа савдо қоидаларига мувофиқ ва томонларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи тегишли шартномалар асосида амалга оширилади.


31. Аукцион ёки савдолар ўтказилиши бошланишига қадар дилерлар ўзлари кўзда тутган операцияларни амалга ошириш учун зарур бўлган пул маблағлари миқдорини ЎзРВБнинг махсус ҳисобрақамларида депонентлаши зарур.

ЎзРВБ ҳисобварағига тушган пул маблағлари дилерларнинг савдо тизимдаги шахсий ҳисобварақларига ўтказилади.

ҲККМдан олинган ЎзРВБ ҳисобварағидан кўчирма пул маблағларининг дилерлар шахсий ҳисобварақларига ўтказиб берилишига асос ҳисобланади.

Марказий банк савдоларда пул маблағларини олдиндан депонентламаган ва ЎзРВБ комиссион мукофотини тўламаган ҳолда иштирок этади.


32. Савдолар мобайнида ДҚҚ бўйича тузилган битимлар натижасида пул маблағлари бўйича дилерлар ва уларнинг инвесторларининг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаш ва ҳисоблаш (клиринг) амалга оширилиб, савдо сессияси натижасига кўра ҳар бир дилернинг соф мажбуриятлари аниқланади.


33. ЎзРВБ ҳисобварағи бўйича пул маблағларнинг ечиб олиниши ва туширилиши Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ ЎзРВБ томонидан ҲККМга тақдим этиладиган тўлов топшириқномаларга асосан амалга оширилади.


34. Савдолар тугагандан сўнг савдо тизимидаги дилерларнинг шахсий ҳисобварақларидаги пул маблағлари блокировкадан чиқарилади.



5-БОБ. ДҚҚ БЎЙИЧА ДАРОМАД ТЎЛОВЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


35. Фоиз тўловлари ҳамда сотиб олиш нархи (ёки сотиш нархи) ва сўндириш нархи ўртасидаги фарқ тарзидаги ДҚҚ эгаларининг даромадларини тўлаш улар тўланишининг ҳар бир муддати тугагандан сўнг амалга оширилади.

Фоиз тўловларининг миқдори ДҚҚнинг номинал қийматига нисбатан Молия вазирлиги томонидан белгиланган ва чиқарилиш шартларига мувофиқ уларнинг бутун муомала бўлиш даврида тўланадиган (тўланиши лозим бўлган) фоиз ставкасидан келиб чиқиб, ҳисобланган фоизлар тарзида аниқланади.


36. Фоиз тўловларнинг тўланиши даврининг сўнгги иш кунида, савдолар тугаши билан ЎзРВБ Марказий банкка ДҚҚнинг ҳар бир эгаси бўйича "депо" ҳисобварақларидаги қолдиқлар ҳамда фоиз тўлов муддатининг охирги кунидаги ҳолатига кўра ҳисобланган фоизлар бўйича йиғма тўлов қайдномасини тақдим этади.


37. ДҚҚ бўйича фоиз тўловлари фоиз даромадининг тўлов муддати тугаган кундан кейинги иш куни пул маблағларни Марказий банк томонидан ЎзРВБнинг ҲККМдаги ҳисобварағига ўтказиш орқали амалга оширилади.


38. Фоиз тўловлари бўйича пул маблағлари келиб тушгандан сўнг ЎзРВБ ушбу маблағларни бир иш куни ичида дилерларнинг савдо тизимидаги шахсий ҳисобварақларига ўтказади.


39. Инвесторлар билан фоиз тўловлари бўйича ҳисоб-китоблар дилерлар томонидан инвесторлар билан тузилган шартномаларга асосан фоиз тўлов кўринишида пул маблағларини инвесторларнинг банкдаги талаб қилингунга қадар депозит ҳисобварақларига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.



6-БОБ. ДҚҚНИ СЎНДИРИЛИШ ТАРТИБИ


40. ДҚҚнинг навбатдаги чиқарилишининг сўндирилиши тўғрисидаги ахборот Марказий банк томонидан глобал сертификатда кўрсатилган сўндирилиш кунидан етти кун аввал эълон қилинади.

ДҚҚнинг чиқарилиши муддатдан олдин сўндирилган тақдирда, Марказий банк Молия вазирлигининг топшириғига биноан муддатдан олдин сўндирилиши куни ҳақидаги ахборотни эълон қилади.


41. ДҚҚларнинг сўндирилиши сўндириш кунида соат 9.00 дан 12.00 гача амалга оширилади.


42. Муомалага чиқарилган ДҚҚларнинг тўлиқ ҳажми сўндирилгандан кейин сўндирилган ДҚҚ "тўланган" бўлимидан "кейинчалик йўқ қилиш мақсадида блокировка қилинган" эмиссия депо ҳисобварағига ўтказилади.


43. Чиқарилишнинг тўлиқ ҳажми сўндирилган куннинг эртаси куни Марказий банк ЎзРВБга сўндирилган ДҚҚларини ўзининг эмиссия депо ҳисобварағидан олишга депо топшириғини беради.


44. ЎзРВБ Марказий банкнинг талаби бўйича унинг эмиссия депо ҳисобварағидан кўчирма бериши мумкин.



7-БОБ. ДҚҚ БОЗОРИДА МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ


45. Молия вазирлиги ДҚҚ эмитенти функцияларини бажариш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Ўзбекистон Республикасининг номидан ДҚҚ чиқариш;

б) молия йилида ДҚҚ чиқаришнинг чекланган миқдорлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

в) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишган ҳолда молия бозори конъюнктураси ва Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ДҚҚ ҳар бир чиқарилишининг миқдори ва муддатларини, улар бўйича тўловларнинг даврийлиги ва фоиз даромади миқдорини белгилаш;

г) Марказий банк билан биргаликда рақобатсиз буюртманомалар бўйича аукционда дилер томонидан ДҚҚ сотиб олишга йўналтириладиган пул маблағларининг мумкин бўлган энг кўп миқдорига чекловлар белгилаш;

д) чиқарилишнинг белгиланган миқдори доирасида ДҚҚ сотишнинг чекланган нархини белгилаш;

е) иккиламчи бозорда ДҚҚ сотиб олиш, шунингдек, уларни муддатидан олдин сўндириш операцияларини амалга ошириш;

ж) ДҚҚ бозорида фискаль агент сифатида тегишли операцияларни амалга ошириш учун Марказий банкка топшириқлар бериш.



8-БОБ. ДҚҚ БОЗОРИДА МАРКАЗИЙ

БАНКНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


46. Марказий банк фискаль агент ва дилер функцияларини бажариш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) ДҚҚнинг жойлаштирилиши ва муомалада бўлиши, ДҚҚга бўлган ҳуқуқларни сақлаш тартиби ва ҳисобини юритишнинг тўғрилиги, РЕПО битимлари амалга оширилишини назорат қилиш, шунингдек, ЎзРВБ савдо тизимига талабларни белгилаш;

б) дилер функцияларини бажариш бўйича тижорат банклари ва ташкилотлар билан шартномалар тузиш;

в) ДҚҚни бирламчи жойлаштириш бўйича Молия вазирлигининг топшириғига асосан аукцион ўтказиш, шунингдек, уни ўтказиш қоидаларига нисбатан талаблар ўрнатиш;

г) Молия вазирлигининг топшириғига асосан жойлаштириш жараёнида сотилмаган ДҚҚни иккиламчи бозорда қўшимча жойлаштириш, шунингдек, аввал жойлаштирилган ДҚҚни муддатидан олдин сотиб олиш бўйича операциялар ўтказиш;

д) Молия вазирлигининг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан ДҚҚ чиқарилишларини ва фоиз тўловларини сўндириш;

е) Мазкур Низом қоидалари ва ЎзРВБ биржа савдо қоидалари бузилган ҳолларда исталган дилерларнинг ДҚҚ бўйича операцияларини тўхтатиб туриш;

ж) иккиламчи бозорда операцияларни амалга ошириш.



9-БОБ. ДҚҚ БОЗОРИДА АХБОРОТЛАРНИНГ

ОШКОР ҚИЛИНИШИ


47. ДҚҚ бозоридаги операциялар тўғрисидаги Марказий банк билан келишилган ҳолда белгиланадиган ахборотлар даврий равишда ЎзРВБнинг расмий веб-сайтида чоп этилиб борилади.


48. Савдо тизимида сақланаётган, расмий маълумот таркибига кирмаган, шу жумладан, Марказий банкка тақдим этиладиган дилер ва инвесторларнинг депо ҳисобварақларидаги қолдиқлар, ДҚҚни олди-сотди бўйича муайян битимлар шартлари ва томонлари тўғрисидаги барча ахборотлар мазкур Низом мақсадлари учун махфий ҳисобланади.


49. Махфий ахборот, шунингдек, давлат ва банк сирларидан иборат маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ тақдим этилади.


50. ЎзРВБда тузилган битимлар тўғрисидаги ахборот (ДҚҚнинг номи, сони, котировкаси (нархи), битим тузилган сана тўғрисидаги маълумот бундан мустасно) учинчи шахсларга ошкор қилинмайди. Тузилган битим тўғрисидаги ахборот ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки суд органларига қонунчиликка мувофиқ тегишли қарорлар (қарор, ажрим) асосида тақдим этилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


51. Дилерлар ва ЎзРВБ ўртасида юзага келадиган низолар Марказий банк ва ЎзРВБнинг махсус тузилган комиссияси томонидан, низолар кўриб чиқилганлиги учун йиғимлар ундирилмасдан ҳал этилади.


52. Комиссиянинг қароридан норози бўлинганда ҳар қайси томон иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 17 декабрь