ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 14.09.2001 й. 22-сон "Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

14.09.2001 й.

N 22


УЙ-ЖОЙ НИЗОЛАРИ БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг қабул қилиниши фуқаролар, давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг уй-жой муносабатларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ чегаралаб берди.

Мазкур кодекс нормаларини суд амалиётида татбиқ қилиш, уй-жойларга боғлиқ низоларни тўғри ва адолатли ҳал этиш ҳамда келиб чиқаётган муаммо ва чигалликларни бартараф этиш мақсадида тушунтиришлар бериш зарурияти пайдо бўлганлигини ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига кўра, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланганлиги, уй-жой қонунчилиги нормаларига риоя қилиш фуқаролар, шунингдек, уй-жой фондини ҳисобга олиш, сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлашни таъминлаш ваколати юклатилган давлат органлари, корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун судлар бундай тоифадаги ишларни ҳал этишда масъулиятни янада оширишлари, низоларнинг қонуний кўрилишини тўлиқ таъминлашлари лозим.

2. Судлар уй-жой муносабатларидан келиб чиққан низолар бўйича даъво аризалари қабул қилиш масаласини ҳал этишда, аввало мазкур даъво талабининг судга тааллуқлилиги ҳамда даъво ваколатли шахс томонидан қўзғатилганлигини текширишлари лозим. Хусусан, судлар қуйидаги уй-жой низоларини ҳал этиш ваколатига эга:

- хусусий ва давлат уй-жой фондларига қарашли турар-жойларни ижарага берувчи ҳамда ижарага олувчилар, уларнинг оила аъзолари ўртасидаги уй-жой муносабатлари бўйича вужудга келган низолар;

- уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи билан фуқаролар ўртасидаги уй-жой муносабатларидан келиб чиқадиган низолар;

- давлат уй-жой фондининг турар-жойига берилган ҳужжатни (ордерни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;

- ижара шартномасини ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисидаги низолар;

- Уй-жой кодексининг 71-74, 79, 85-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича турар-жойдан кўчириш билан боғлиқ низолар;

- фуқаролик ҳуқуқ мажбуриятлари асосида вужудга келадиган уй-жой билан боғлиқ низолар;

- ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан вужудга келадиган низолар.

Фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, ёрдамчи хоналарни қайта қуриш ва ўзгартиришга розилик бериш масалаларини ҳал қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва ижарага берувчиларнинг ваколатига тегишли эканлигидан келиб чиқиб, бундай масалалар бўйича даъволар судга тааллуқли эмаслиги судларга тушунтирилсин. Бироқ, фуқаролар маҳаллий давлат ҳокимияти ва ижарага берувчиларнинг юқорида қайд этилган масалаларни ҳал қилиши билан боғлиқ ҳаракатларидан норози бўлганда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда тегишли шикоят билан судга мурожаат қилишлари мумкин.

3. Судлар уй-жой билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда уларни хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишли эканлиги ҳақидаги ҳуқуқий мақомини аниқлашлари лозим.


Хусусий уй-жой фондига қуйидагилар киради:


- фуқароларнинг мулки бўлган уй-жой фонди (якка тартибдаги турар-жой бинолари, хусусийлаштирилган, қурилган ҳамда сотиб олинган квартиралар ва уйлар, уй-жой ҳамда уй-жой қурилиш кооперативларига қарашли уйлардаги пай бадаллари тўлиқ миқдорда тўланган квартиралар, ҳадя, айирбошлаш шартномалари ҳамда мерос ҳуқуқи ва Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 187-моддаси асосида олинган квартиралар ва уйлар);

- хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ҳамда бошқа нодавлат юридик шахсларнинг мулки бўлган ҳамда уларнинг маблағлари ҳисобидан қурилган ёки кимошди савдосида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда (олди-сотди, ҳадя, мерос, ва ҳ.к. шартномалар) олинган квартиралар ва уйлар.


Давлат уй-жой фондига қуйидагилар киради:


- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджетга тушган солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича бошқа тушумлар ҳисобидан барпо этилган уй-жойлар фонди;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, хусусий, муниципал уй-жой фондидан олиб уларнинг балансига берилган фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартномалари асосида фойдаланилаётган аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди;

- давлат корханалари, муассаса ва ташкилотларнинг тўла хўжалик юритувида ёки оператив бошқарувида бўлган идорага қарашли бўлган уй-жой фонди.


4. Уй-жой фонди таркибига кирмайдиган бинолардан (ишлаб чиқариш бинолари, цехлар, йиғма иншоотлар, палаткалар, ўтовлар, вагон уйча ва ҳ.к.лардан) кўчиришда ёки уларни бўшатишда судлар мулк ижараси шартномаларини тартибга солувчи фуқаролик кодексининг нормаларини татбиқ этишлари лозим.



Хусусий уй-жой фондидан фойдаланиш, тасарруф этиш,

эгалик қилиш билан боғлиқ низолар


5. Турар жой мулкдори вояга етган оила аъзоларининг розилиги билан турар жойни жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тартибда ижарага беришга ҳақлидир.

Мулкдор ва унинг оила аъзолари ўртасида турар жойдан фойдаланиш масалалари юзасидан низолар (уйга киритиш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан кўчириш, шунингдек, мазкур ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган бошқа низолар) суд тартибида ҳал қилинади.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, мулкдорга нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъвони қаноатлантириш мумкин эмас.

Тушунтирилсинки, собиқ мулкдор ва унинг оила аъзолари уй-жойни олди-сотди шартномасига асосан бегоналаштирганда, шартномада кўрсатилган кундан, агар шартномада уларнинг рўйхатдан чиқиш муддати келишилмаган бўлса, шартнома тузилган кундан эътиборан турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.

6. Улушли мулкдаги уй-жойларни бўлиш мулкдорлар ўзаро келишолмагандагина суд тартибида ҳал қилинади.

Улушли ёки умумий мулкда бўлган уй-жойларни бўлишда судлар, низоли уй-жойда мавжуд бўлган хоналар ва фойдаланишда бўлган умумий майдонни ҳисобга олиб, ҳисса бўйича тенг ёки ҳиссадан унча кўп, унча кам бўлмаган ҳолда бўлишни, ёхуд айрим хоналарни қайта қуриш ҳисобидан уй-жойни бўлиш имконияти мавжудлиги тўғрисида тегишли экспертиза хулосаларини инобатга олишлари зарур. Суд бундай мулкдаги уй-жойларни бўлишда тарафларга ажратилган барча хона ҳамда қўшимча ва ёрдамчи иморатларни ўз қарорида аниқ кўрсатиши лозим.

Улушли мулк сифатида бўлган турар-жойлар мулкдорларга уларнинг улушини асл ҳолда ажратиб бериш ўрнига бошқа мулкдор томонидан компенсация тўланишига мулкдорларнинг розилиги билан йўл қўйилади. Мулкдорларнинг улуши шу турар-жойга нисбатан бошқа мулкдорнинг улушидан анча кам бўлса, улушга тенг тақсимлашнинг имкони бўлмаса, мулкдор низоли уйда яшамаётган бўлса, у бошқа уй-жой билан таъминланган бўлса, мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаган ҳолларда суд ушбу мулкдор розилик бермаган тақдирда ҳам улушли мулкнинг қолган иштирокчилари зиммасига мазкур мулкдорга компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин.

Турар-жойни умумий эгалик иштирокчилари ўртасида уларнинг ҳиссаси бўйича бўлишда алоҳида яшаш хонасидан ташқари ёрдамчи хоналарни, алоҳида кириш-чиқиш йўллари мавжудлигини ёки уларни жиҳозлаш йўли билан бўлишга имконият бўлган тақдирдагина даъво қаноатлантирилиши лозим. Бундай имконият бўлмаган тақдирда, суд даъвогарнинг илтимосига кўра, тарафларга турар-жойдан фойдаланиш тартибини белгилаб бериши ёки ушбу турар-жойни тарафлар тегишли тартибда алмаштириш ёхуд иккинчи тарафга ҳиссасига тенг бошқа турар-жой олиб бериш ҳуқуқига эга эканликларини тушунтириши лозим.


7. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 107-моддаси талабига мувофиқ турар-жойнинг мулкдори ва унинг вояга етган оила аъзолари, ижарага олувчи ва унинг вояга етган оила аъзолари, ҳамда у билан доимий яшаётган фуқаролар, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзоси ва пай жамғармасининг қисмига ҳуқуқи бўлган унинг оила аъзолари ўртасида турар-жойни алмаштириш тўғрисида келишувга эришилмаган бўлса, улардан ҳар бири эгаллаб турган жойини турли уйлар, квартиралардаги турар-жойларга мажбуран алмаштиришни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидирлар.

Турар-жойларни алмаштиришни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар бўйича ишларни кўришда алмаштирилаётган турар-жойларда яшаётган вояга етган барча шахсларнинг ишга тегишлилигича жалб қилиниб, алмаштириш тартиб қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилганлигини, турар-жойни алмаштиришга монелик қиладиган Ўзбекистон Республикаси Уй-жой Кодексининг 109-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган-бўлмаганлигини, алмаштиришни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 112-моддаси талаби асосида амалга оширилганлигини ҳар томонлама текширишлари лозим. Кўрсатилган қоидаларга риоя қилмаганлик алмаштириш шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкин.

Судларга тушунтирилсинки, турар-жойларни алмаштириш ҳақиқий эмас деб топилганда, тарафларга илгари эгаллаб келган турар-жойларига кўчиб ўтиш мажбурияти юклатилиши зарур.

Турар-жойларни алмаштиришни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб алмаштириш амалга оширилган кундан бошлаб олти ой мобанида қўйилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 114-моддаси).


8. Ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қуйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, ушбу фарқ мулкдор томонидан қайтарилиши талаб этилмайди.


Давлат уй-жой фондларидан фойдаланиш билан боғлиқ низолар


11. Фуқароларни қонунда кўзда тутилган асослар бўйича (Уй-жой кодексининг 71-73-моддалари) бошқа уй-жой берган ҳолда уй-жойдан кўчириш тўғрисида даъво аризасини қабул қилишда, судья даъво аризасида уйдан кўчирилаётган фуқароларга тақдим этилаётган уй-жойнинг аниқ манзили кўрсатилганлигини текшириши шарт. Агар даъво аризасида манзил кўрсатилмаган бўлса, бу ҳолат ФПК 195-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ даъво аризасини қайтариш ҳақида ажрим чиқариш учун асос бўлади.

12. Суд, ишни кўришда ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар томонлама тўлиқ ва холисона ўрганиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддаларида баён этилган ҳаракатларни амалга ошириши зарур, хусусан, тарафлар ёки уларнинг вакилларини суҳбатга таклиф этиши, уларнинг мазкур даъвога оид барча далил ҳамда эътирозларини ва ишни келишув битими йўли билан ҳал этиш имкониятларини ўрганиб чиқиши, зарур ҳолларда, тарафларга ишни судда кўришга тайёрлаш ва иш судда кўрилаётган жараёнда ҳам келишув битими йўли билан тугатишни таклиф қилиши лозим.


13. Судларга тушунтирилсинки, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар-жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 42-моддасига мувофиқ уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошқент шаҳар ҳокимиятлари томонидан бир киши ҳисобига ўн олти квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-араваларда ҳаракатланаётган ногиронлар учун эса йигирма уч квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланган. Эр-хотиндан ташқари турли жинсга мансуб шахслар бир хонага ёки бир хонали квартирага киритилишига йўл қўйилмаслик мақсадида давлат уй-жой фондидан уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча турар-жой берилиши мумкин.

Қўшимча уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони бир хона тарзида ёки ўн саккиз квадрат метрли умумий майдон миқдорида берилиши лозим.


14. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 43-моддаси талабига мувофиқ корхона, муассаса, ташкилотлар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган муниципал ва идоравий уй-жой фонди уйларида бўшаётган турар-жойлар, шунингдек бу идораларнинг улушли иштирок этиш тартибида топширилган маблағларига қурилган уйларда бўшаётган турар-жойлар биринчи навбатда ушбу корхона, муассаса, ташкилотларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ходимларга кўчиб кириш учун берилишига судларнинг эътибори қаратилсин.

Ушбу қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда берилган ордер ҳокимият, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилади.


15. Турар-жой бериш навбатининг бузилиши сабабли ҳужжат (ордер)ни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда, суд қуйидаги ҳолатларни: турар-жой бериш навбати ҳақиқатдан ҳам бузилганлигини; жавобгар меҳнат шартномаси тузишда кўзда тутилиши мумкин бўлган асосларда навбатидан ташқари ёки биринчи навбатда турар-жой олиш ҳуқуқига эга эканлигини; белгиланган тартибда турар-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар рўйхатида жавобгардан олдин турган фуқаролар ҳужжатда (ордерда) кўрсатилган уйга даъвогарлик қилмаганлигини (масалан, каттароқ, кенгроқ уй олиш истагини билдирганлиги) ёки ишни кўриб чиқиш даврига келиб жавобгарга турар-жой беришга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар бекор бўлганлигини (масалан, турар-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар рўйхатида жавобгардан олдин турган фуқаролар турар-жой олган бўлиб, низо келиб чиқишига сабаб бўлган, даъвогарликдан воз кечган ҳоллар) аниқлаши лозим.


16. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 50-моддаси талабига кўра ижарага олувчининг оила аъзолари ва у билан доимий яшаётган фуқаролар турар-жойдан фойдаланишда ижарага олувчи билан тенг ҳуқуққа эгадир ва бу шахслар ижарага бериш шартномаси мажбуриятлари юзасидан ижарага берувчи олдида жавобгардирлар.

Бошқа шахсларни оила аъзоси деб топиш масаласини ҳал этишда (хотини, эри, болалари, ота-оналаридан ташқари) суд уларнинг ижарачи ва унинг оила аъзолари билан муносабатларини, умумий хўжалик юритганликларини, бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатиб келганликлари ва оилавий муносабатлари мавжудлигини гувоҳлантирувчи ҳолатларни аниқлаши лозим.

18. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида (агар, турар-жой бўйича узоқ муддат сақланиши кўрсатилмаган бўлса) турар-жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади. (Шу модданинг иккинчи қисмида баён қилинган ҳолатлар бундан мустасно).

Шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи манфаатдор шахсларнинг даъвоси бўйича суд йўли билан йўқотган деб топилиши мумкин. Агар, суд, шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаслигини узрли сабаблар оқибатида юзага келган деб ҳисобласа, даъвони қаноатлантирмасдан рад этиши мумкин.


19. Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди уйларида ижарага олувчи ва унинг оила аъзоларининг талаби бўйича турар-жой ижара шартномасини (турар-жойни бўлиш) ўзгартириш мумкин. Бундай низоларни кўришда, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 9-моддаси талаби мавжуд бўлган шароитдагина ижара шартномасини ўзгартиришга йўл қўйилиши мумкин.


20. Ижарага берувчи турар-жойни ижарага бериш шартномаси шартларидан келиб чиқадиган низолар (квартира ҳақи, хоналар ва ободонлаштириш объектларига етказилган шикаст натижасида келтирилган зарарни қоплаш ва ҳ.к.) бўйича тараф сифатида иштирок этиши шарт.

Давлат уй-жой фондини бошқариш билан шуғулланувчи органлар эса, турар-жой бериш, турар-жойларни алмаштириш, турар-жойларни сақлаш (брон қилиш) каби муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича тараф сифатида қатнашиши лозим.


21. Давлат уй-жой фондидаги турар-жойнинг капитал таъмирланиши муносабати билан фуқароларга турар-жой бериб кўчириш тўғрисидаги ишларни кўришда, суд, фуқароларни кўчирмасдан таъмирлаш мумкин ёки мумкин эмаслигини капитал таъмирлаш вақтида тақдим қилинадиган турар-жой санитария, техник ёнғинга қарши талабларга жавоб беришлигини ҳамда шу аҳоли пункти чегараси доирасида жойлашганлигини, кўчирилаётган фуқароларнинг ёши, соғлиғи ва бошқа эътиборга сазовор ҳолатларни ҳамда капитал таъмирлаш муддатини эътиборга олиши лозим.

Агар ижарачилар фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйдан капитал таъмирланиши сабабли чиқарилаётган бўлсалар, суд, уй капитал таъмирлаш эҳтиёжига муҳтожлигини, мулк эгаси таъмирлаш имкониятига эга эканлигини (масалан: маблағ, қурилиш материалларининг мавжудлиги), шунингдек таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин бўлган вақтни инобатга олиб, ижарачи ва унинг оила аъзоларини маълум муддатга кўчириб чиқарилаётганлигини ҳал қилув қарорида кўрсатиши шарт.


22. Муниципал ва идоравий уй-жой фондига қарашли турар-жойни ҳамда ёрдамчи хоналарни қайта қуриш, ўзгартириш билан боғлиқ низоларни ҳал этишда бундай қурилишларни амалга ошириш учун ижарага олувчининг, унинг вояга етган оила аъзоларининг, у билан доимий яшаётган фуқароларнинг, ижарага берувчининг розилиги олинганлигини аниқлаши, агар, бундай қурилишлар ижарага берувчининг рухсатисиз ўзбошимчалик билан амалга оширилганлиги аниқланган тақдирда, ижарага олувчи ҳисобидан бу қурилишлар бузиб ташланиши лозимлиги судларга уқтирилсин.

Аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондига қарашли уйлардаги турар-жойларни ва ёрдамчи хоналарни қайта қуриш ҳамда ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Агар, бундай низо фуқароларга шахсий мулк сифатида тегишли бўлган турар-жойларда яшовчи ижарачилар ўртасида келиб чиқадиган бўлса, бу ҳолатда суд нафақат маҳаллий ҳокимият, балки уйга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган мулкдорнинг ҳам розилигини ҳисобга олиши лозим.


23. Давлат уй-жой фондига тегишли турар-жой учун коммунал хизмат ҳақларини ундириш ҳақидаги даъволар бўйича ишга фақат ижарага олувчи жавобгар сифатида жалб қилинади.

Хусусий уй-жой фондига тегишли турар-жойларга кўрсатилган хизмат харажатлари юзасидан келиб чиқадиган низолар бўйича эса, мазкур турар-жойнинг барча вояга етган мулкдорлари ишга жавобгар сифатида жалб қилиниши, башарти, бу турдаги даъволар қаноатлантирилган тақдирда, тўлов улардан солидар тартибда ундирилиши мумкинлиги масаласига судларнинг эътибори қаратилсин.


24. Ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ижарачи яшаётган уйи (квартираси) бузилиши оқибатида уйдан кўчирилаётганда, суд, ер участкасини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қуйиш ҳақидаги тегишли ҳокимликнинг қарори мавжудлигини текшириши лозим. Бундай қарорнинг мавжуд эмаслиги даъвони рад этиш учун асос бўлади.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, давлат уй-жой фондига тегишли турар жой давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ажратилиши муносабати билан бузилган тақдирда, шу уй-жойлардан кўчирилаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 71-моддасининг тўртинчи-олтинчи қисмларида назарда тутилган талабларга жавоб берадиган бошқа обод турар жой берилади.

25. Суд хизмат турар-жойларидан кўчириб чиқариш тўғрисидаги ишларни кўришда, аввало, низоли турар-жой хизмат турар-жойи мақомига эга эканлигини аниқлаши лозим. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб киришига мўлжалланган турар-жой бўлиб, кўчирилиши лозим булган фуқаро хизмат вазифасини бажариши сабабли олганлиги ва уй-жой берилаётган вақтда эгаллаб турган лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган хизмат турар-жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар рўйхатида кўрсатилган хизматчилар тоифасига тегишли бўлганлигини эътиборга олиб даъвони ҳал этиш лозим бўлади.

Муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондига қарашли бўлган турар-жойга хизмат турар-жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар рўйхатига кирмайдиган шахс берилган ҳужжат (ордер) асосида жойлаштирилган бўлса, мазкур ҳужжат (ордер) ҳақиқий эмас деб топилади ва жавобгар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 47-моддаси талабига мувофиқ турар-жойдан кўчирилади.


26. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 80-моддаси талабига мувофиқ хизмат турар-жойларида истиқомат қилувчи айрим тоифадаги фуқаролар бошқа турар-жой ажратилмасдан кўчирилиши мумкин бўлмаганлигидан келиб чиқиб, суд, бундай фуқаролар мазкур моддада кўзда тутилган имтиёзларга эга эканлигини аниқлаши зарур. Бундай имтиёзга эга бўлган фуқаролар хизмат турар-жойларидан фақат бошқа санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, шу аҳоли пункти чегараси доирасида бўлган турар-жой берилиши билан кўчирилиши мумкин.


27. Суд ётоқхоналардан кўчириш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда жавобгар эгаллаб турган хона ётоқхона мақомига эга эканлигини текшириши зарур.

Суд, хизмат лавозими билан боғлиқ равишда берилган ётоқхонадан чиқаришда даъвогар ва жавобгар ўртасида қандай меҳнат шартномаси тузилганлиги ва у қандай асосларга кўра бекор қилинганлигини аниқлаши зарур. Бунда, судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 85-моддасига мувофиқ ишни тугатган мавсумий-вақтинчалик ишчилар, муддатли меҳнат шартномаси бўйича ишловчилар, шунингдек узрсиз сабабларга кўра ўз ихтиёри билан ёки меҳнат интизомини бузганлиги сабабли ёки жиноят содир этганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор бўлиб ишдан бўшаганлар ҳамда ўқув юртида ўқишни тугатганлар, ўқув юрти талабаси сафидан чиқарилганлар бошқа турар-жой берилмасдан кўчирилиши лозим.

Бошқа асослар бўйича меҳнат муносабатларини тўхтатган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 80-моддасида қайд этилган шахслар, фақат, Уй-жой кодексининг 9-моддаси талабларига жавоб берадиган бошқа уй ажратилган ҳолда ётоқхонадан кўчирилишлари мумкин.

Агарда ётоқхонадан жой ажратиш мумкин бўлмаган фуқарога ётоқхона берилган бўлса, бундай шахсга нисбатан кўчириб чиқариш тўғрисида даъво тақдим қилинганда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 46-моддасига мувофиқ ётоқхонадан жой эгаллаш тўғрисидаги ҳужжат (ордер)ни ҳақиқий эмас деб топиш масаласи ҳал этилиши лозим. Бунда судлар Уй-жой кодексининг 47-моддасида кўзда тутилган қоидалар қўлланилишини эътиборга олишлари зарур.


28. Судлар уй-жой муносабатларидан келиб чиққан низоларни ҳал қилишда давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан қонун бузилишига йўл қўйилган ҳолатларни аниқлаганда уларга нисбатан ФПК 275-моддасига биноан хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли муносабат билдиришлари лозим.

29. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1984 йил 30 октябрдаги "Ўзбекистон ССР Уй-жой кодексини судлар томонидан қўллаш амалиёти ҳақида"ги 11-сонли ҳамда шу қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 1986 йил 25 апрел, 1988 йил 27 декабрдаги қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                                    У.Қ.Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                                Х.М.Ҳасанов














































Время: 0.1942
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск