ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар проилактикаси /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.12.2018 й. ПҚ-4075-сон "Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.12.2018 й.

N ПҚ-4075



ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ  БЎЙИЧА  ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўтган давр мобайнида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида тизимли ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилди, шунингдек, мазкур фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий база "Халқ манфаатларига хизмат қилиш" олижаноб ғояси асосида тубдан қайта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва ушбу йўналишда ўзаро мақсадли ҳамкорликни ташкил этишда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмалари иштирокининг самараси пастлигида, ҳуқуқбузарликларнинг, биринчи навбатда, ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш, содир этилганларини фош этишда фуқаролик позициясининг сустлигида намоён бўлаётган қатор камчиликлар мавжуд.

Мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида ўрнатилган механизмларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоатчилик тузилмаларининг куч ва воситаларини мувофиқлаштирган ҳолда сафарбар қилиш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасида уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ҳар куни:

тегишли ҳудуднинг сутка давомидаги криминоген вазияти билан шахсан танишади ва бунда ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларга алоҳида эътибор қаратади;

тегишли ҳудудда содир этилган, биринчи навбатда ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг сабаблари ва шароитларини ўрганиб, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни келтириб чиқарган омилларни аниқлаштиради ҳамда масъул ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигига нисбатан чоралар кўради;

ҳуқуққа хилоф ҳолатлар бўйича ўз вақтида таъсир чораларини кўриш ва уларнинг салбий оқибатларига барҳам бериш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи органлар ва муассасаларни жалб қилиш ҳамда уларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш борасида таъсирчан чора-тадбирларни кўриб, мазкур йўналишда шахсий назорат ўрнатади;

б) ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг мажлисларида ҳисобот даври якунига кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлаш натижаларининг таҳлили асосида қуйидагилар танқидий муҳокама қилинади:

тегишли ҳудудда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноий ҳолатлар;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича манзилли таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясига киритишни белгиланган ҳолда ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи органлар ва муассасалар томонидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳволи.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

"Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари лавозимларини тугатиб, уларга иш ҳақи тўлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмларини сақлаб қолган ҳолда, бўшаётган штат бирликлари ҳисобидан профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари (бундан буён - профилактика инспекторларининг ёрдамчилари) лавозимларини жорий этиш ҳамда уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ички ишлар органларига амалий ёрдам кўрсатиш учун шахсий жавобгарликни юклаш;

бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражаси пасайган, уларни олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирлари ўз вақтида кўрилган ҳолларда бир вақтнинг ўзида фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, профилактика (катта) инспекторлари ва уларнинг ёрдамчиларига меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг (пул таъминотининг) 100 фоизигача бўлган миқдорда (ўрнатилган ва тўланаётган қўшимча ҳақ ва устамалардан қатъи назар) ва бошқа пул мукофотлари билан тақдирлаш тартибини жорий этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

профилактика инспекторлари ёрдамчилари лавозимлари, қоида тариқасида, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга ёшлар орасидан жамланади;

профилактика инспекторларининг ёрдамчилари профилактика (катта) инспекторларининг тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсиясига асосан ички ишлар органларининг олий таълим муассасаларига, шу жумладан касбий тайёргарлик факультетига квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади;

профилактика инспекторларининг ёрдамчиларини ички ишлар органларининг олий таълим муассасаларига қабул қилиш дастлабки ва касбий танлов натижаларига асосан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ҳар йили белгиланадиган квоталарга мувофиқ амалга оширилади.


4. Ҳар бир маҳаллада "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги Тошкент шаҳрининг ижобий тажрибаси республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилсин.


5. Профилактика (катта) инспекторларига "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳлари фаолиятини кунлик назорат қилиш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тегишлича ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари (бундан буён - жамғармалар) ташкил этилсин.

Белгилансинки:

а) жамғармаларни шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан тегишлилигига кўра уларга тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича ундирилган (қайси орган томонидан ундирилишидан қатъи назар) маъмурий жарималар маблағлари;

жамғармаларнинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозит ҳисобларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармаси ҳудудий ички ишлар органлари жамғармаларига тушадиган маъмурий жарималар маблағларининг 10 фоизи ҳисобидан шакллантирилади;

в) жамғармаларнинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тегишлича уларнинг ўринбосарлари - жамоат хавфсизлиги хизмати (ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати, бошқармаси) бошлиқлари таклифлари асосида қабул қилинадиган қарорларига мувофиқ фақат қуйидагилар учун сарфланади:

ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш;

жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда амалий ёрдам кўрсатган фуқароларни бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш ёки қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

барча даражадаги ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбар ходимлари ҳамда профилактика (катта) инспекторларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фақат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти филиалларида (аудиторияларида) узлуксиз асосда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари (бундан буён - идоравий академик лицейлар) директорларига тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари ваколатлари берилади;

идоравий академик лицейларда ўз хизматчиларининг штат бирликлари ҳисобидан ходимларнинг малакасини ошириш бўйича директор ўринбосари шаҳодатланган лавозимлари жорий этилади ва уларнинг зиммасига вазирлик Малака ошириш институти филиаллари (аудиториялари) фаолиятини самарали ташкил этиш вазифаси юклатилади;

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари идоравий академик лицейларга раҳбарлик қиладилар ҳамда уларнинг негизида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг самарали ташкил этилишига шахсан жавобгар ҳисобланадилар;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар прокурорларига идоравий академик лицейлар негизида ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни сифатли ташкил этишда амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилади;

профилактика (катта) инспекторлари лавозимлари, қоида тариқасида, юриспруденция соҳасида билим ва касбий малакага эга шахслар орасидан жамланади;

профилактика (катта) инспекторлари учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида сиртқи таълим олишга қабул қилинадиган ходимлар (ҳарбий хизматчилар) умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади.

8. 2019 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат органлари, ташкилотлар ва жамоатчилик тузилмаларининг фаолияти ташкил этилиши ва мувофиқлаштирилишини таъминлаш учун қуйидагиларга бириктирилади:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига - Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонига - Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига - Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари.


9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Миллий гвардияси 2020 йил 1 январга қадар Бош прокуратуранинг Академияси ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети тегишлича Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Олмазор туманларида жиноятларнинг содир этилиш сабабларини аниқлаш бўйича ўрганишлар ўтказиш ва диагностика қилишга жалб қилинишини таъминласин ҳамда фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагиларни белгиласин:

жиноятчилик аҳволи ўзгарилишини криминологик прогнозлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига услубий кўмаклашиш;

жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича илмий асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.


10. Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси зиммасига республика ҳудудларига бириктирилган давлат органлари раҳбарларининг иш натижаларини тизимли мониторинг қилиш ва холисона баҳолаш ҳамда улар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб бориш вазифаси юклатилсин.


11. Республиканинг барча ҳудудларида қуйидаги амалиёт босқичма-босқич жорий этилсин:

прокуратура органлари томонидан ички ишлар органлари билан биргаликда тегишли ҳудудда жиноятчиликни ўрганиш, унинг сабаб ва шароитларини аниқлаш ҳамда аҳволининг ўзгаришини криминологик прогнозлаш мақсадида маҳаллалар кесимида жиноятлар акс эттирилган туман (шаҳар)ларнинг электрон геоинформацион хариталари тузилиши ва тизимли юритилиши;

ҳар бир давлат органи ва ташкилоти фаолиятининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда, хавфларни ҳамда жиноятларнинг содир этиш сабаблари ва шароитларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз стратегияларини ишлаб чиқиши.


12. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда ўн кун муддатда нодавлат ташкилотларга жисмоний ва юридик шахсларга тегишли объектларда хавфсизликни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш ва қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш тўғрисида таклифлар киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда туман (шаҳар) ҳокимларига оммавий тадбирлар давомида ва жамоат жойларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар органлари ходимларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жалб қилиш тўғрисида шартномалар тузиш ваколатини бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин;

Молия вазирлиги, Бош прокуратура ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда қўшма қарор билан фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, профилактика (катта) инспекторлари ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмасининг алоҳида намуна кўрсатган аъзоларини моддий рағбатлантириш мезонлари ва тартибини мазкур қарор талабларига мувофиқ белгиласин;

Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда республиканинг ҳар бир ҳудудида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда республиканинг ҳар бир ҳудудида, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида шахсий таркибнинг кундалик касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини самарали ташкил этиш имконини берувчи ички ишлар органларининг спорт базаларини шакллантириш бўйича таклифлар киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси 2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртма ва талаблари асосида ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ходимлари, кейинги навбатда патруль-пост хизмати учун мобиль видеокамералар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш электрон тизими планшетлари харид қилинишини таъминласин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 24 декабрдаги

ПҚ-4075-сон қарорига

ИЛОВА



2019 йилда Ўзбекистон Республикасида

жамоат хавфсизлигини таъминлаш

самарадорлигини ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

N

Тадбир номи

Амалга ошириш шакли

Амалга ошириш муддати

Масъул ижрочилар

I. ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Қуйидагиларни назарда тутувчи жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат органлари, ташкилотлар ва жамоат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш тартибини белгилаш:

- жамоат хавфсизлигини таъминлашни мувофиқлаштириш учун республика ҳудудларига бириктирилган раҳбарларнинг фаолияти натижаларини тизимли мониторинг қилиш ва баҳолаш механизми;

- ҳар ой халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг мажлисларида тегишли ҳудудда содир этилган оғир ва ўта оғир жиноий ҳолатларни танқидий муҳокама қилиш бўйича чоралар кўриш.

Республика комиссияси қарори

2019 йил

январь

Республика комиссияси (Йўлдошев),

Бош прокуратура (Муродов),

Миллий гвардия (Ташматов),

ИИВ

(Бобожонов)

2.

Республиканинг ҳар бир маҳалласида "Фидокор ёшлар" жамоатчилик патруль гуруҳларини ташкил этиш чораларини кўриш ва унда қуйидаги тартибни белгилаш:

- ҳарбий хизматга чақирилувчилар, олий ҳарбий билим юртлари ва ички ишлар органларига номзодлар орасидан шакллантириш;

- гуруҳларга туман мудофаа ишлари бўйича бўлимлари ёки ички ишлар органлари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида қабул қилиш;

- гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этишни туман ички ишлар органлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ва профилактика инспекторлари зиммасига юклаш;

- гуруҳ аъзоларини кечки ва тунги вақтларда белгиланган патруллик йўналишларига умумий ҳисобда 100 соатдан кам бўлмаган муддатга жалб қилиб, буни хизматга (ўқишга) ҳужжатларни якуний қабул қилишнинг асоси сифатида белгилаш.

қўшма қарор

2019 йил

январь

ИИВ

(Хатамов),

Мудофаа вазирлиги

(Икрамов),

Ёшлар иттифоқи (Куранбаев),

"Маҳалла" жамғармаси (Жавлонов)


3.

Қуйидагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишни янада такомиллаштириш бўйича чораларни кўриш:

- нодавлат ташкилотларга жисмоний ва юридик шахсларга тегишли объектларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўриқлаш фаолиятига ва хизматлар кўрсатишга рухсат бериш;

- қўриқланадиган объектларда жамоат тартибини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш заруратини инобатга олган ҳолда, нодавлат ташкилотларнинг қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишини лицензиялаш шартлари ва талабларини ўрнатиш;

- нодавлат ташкилотларнинг қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиш тартибини белгилаш;

- нодавлат қўриқлаш ташкилотларини ходимлар билан тўлдириш, уларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси

2019 йил

январь

ИИВ (Назармухамедов),

Бош прокуратура

(Таджиев),

ДХХ,

Молия вазирлиги

(Кучкаров)

4.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртма ва талаблари асосида ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ходимлари учун мобиль видеокамералар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг электрон тизими планшетларини харид қилиш чораларини кўриш.

ташкилий тадбирлар

2019 йил

январь-март

Мудофаа саноати давлат қўмитаси

(Ибадуллаев),

ИИВ

(Эргашев)

5.

Жамоатчилик фаоллигини ошириш, фуқароларнинг жиноятларни фош этишда ҳамда уни содир этган шахсларнинг қидирувида ички ишлар органларига кўмаклашишга жалб қилиш ва бунда фаол иштирок этган фуқароларни рағбатлантириш тартиби ва механизмларини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, шунингдек, такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифларни тайёрлаш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2019 йил

февраль

ИИВ (Назармухамедов),

Бош прокуратура

(Таджиев),

ДХХ,

ДБҚ (Арипов),

Молия вазирлиги

(Кучкаров)

6.

Алкоголдан ўткир мастлик ҳолатида бўлиб, ўзининг ҳаракатлари билан ҳуқуқ-тартиботга хавф туғдирувчи шахсларни вақтинча изоляциялаш ва реабилитация қилиш учун қўшимча шароитлар яратиб, ҳар бир туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш муассасаларида алоҳида хоналар ажратиш, уларни зарур анжомлар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2019 йил

май

ССВ

(Шадманов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

II. ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ БАРВАҚТ ПРОФИЛАКТИКАСИ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

7.

Фуқаролар йиғинларининг раислари ва фаолларини, профилактика (катта) инспекторлари ва уларнинг ёрдамчиларини, шунингдек, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаларининг алоҳида ўрнак кўрсатган аъзоларини моддий рағбатлантириш тартибини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда:

- бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражасининг пасайиши, уларнинг ўз вақтида олдини олиш ва чек қўйишда ижобий натижаларга эришганлиги учун ҳар ойлик устама ҳақи тўлаш мезонларини;

- Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБларининг жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш фондлари маблағларини шакллантириш ва мақсадли фойдаланиш механизмларини белгилаш;

- бириктирилган ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлашда юқори натижаларга эришган фуқаролар йиғинлари фаолиятини мунтазам ёритиб бориш.

қўшма қарор

2019 йил

январь

ИИВ

(Эргашев, Исмаилов),

Бош прокуратура

(Таджиев), Молия вазирлиги

(Хайдаров),

"Маҳалла"

жамғармаси

(Жавлонов)

8.

Туман (шаҳар) ҳокимларига қуйидаги ваколатларни бериш бўйича чоралар кўриш:

- жамоат жойлари ва оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш даврида ички ишлар органлари ходимларини жалб қилиш бўйича маҳаллий бюджет ҳисобидан шартномалар тузиш;

- йирик бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа шу каби объектларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат тартибини сақлаш соҳасида ички ишлар органларининг хизматларидан шартнома асосида фойдаланиш бўйича фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

январь

ИИВ

(Бобожонов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

9.

"Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаларини профилактика инспекторларига кўмаклашувчи профессионал фаолият сифатида шакллантириш мақсадида:

- "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозимини тугатиш ҳисобига жорий этиладиган профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш;

- профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш механизми ҳамда уларнинг вазифа ва ваколатларини белгилаш;

- профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларини тайинлаш ва ички ишлар органлари хизматига ҳамда олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишда белгиланадиган имтиёзларнинг мезонларини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш ва белгилаш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

февраль

ИИВ (Хатамов, Исмаилов),

"Маҳалла" жамғармаси

(Жавлонов), Бош прокуратура

(Таджиев)

10.

Тегишли ҳудудда жиноятчиликни ўрганиш, унинг сабаб ва шароитларини аниқлаш ҳамда аҳволининг ўзгаришини криминологик прогнозлаш механизмларини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда такомиллаштириш:

- прокуратура органларининг ички ишлар органлари билан ҳамкорликда туман (шаҳар)ларнинг маҳаллалар кесимида жиноятчилик ҳолати акс эттирилган электрон геоинформацион хариталарини босқичма-босқич тузиш ва тизимли равишда юритиш;

- ҳар бир давлат органи ва ташкилоти томонидан фаолиятининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда, хавфларни ҳамда жиноятларни содир этиш сабаб ва шароитларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўз стратегиясини (комплаенс-контроль) ишлаб чиқиш.

қўшма қарор

2019 йил

февраль

Бош прокуратура

(Таджиев, Коленко),

ИИВ (Назармухамедов, Норгитов)

11.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси Илмий-амалий тадқиқотлар марказининг иш натижаларини танқидий жиҳатдан ўрганиш асосида, ҳудудий ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятини ташкил этишда Марказнинг услубий ролини инобатга олган ҳолда:

- республикадаги ҳар бир туман (шаҳар)нинг криминологик прогнозини тузиш мақсадида марказ мутахассисларининг жойларга чиқиш амалиётини;

- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ҳамда Жиноятларнинг содир этилиш сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш маркази ўртасида ҳамкорлик механизмини ошириш.

2019 йил учун ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси

2019 йил

январь

ИИВ

(Матлюбов),

Бош прокуратура (Коленко)

12.

Республиканинг барча ўқув муассасаларида тушунтириш-профилактик тадбирларни ўтказиш билан бир қаторда, вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этишнинг оқибатлари акс эттирилган қисқа метражли ҳужжатли фильмлар ва роликлар (шу жумладан тарбия колонияларида олинган лавҳалар) тайёрлаш ҳамда намойиш этиш.

2019 йил учун ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси

2019 йил

январь

ИИВ

(Адилов, Исмаилов),

Миллий гвардия (Шакиров),

ХТВ (Шерматов),

ОТВ (Мажидов),"Маҳалла" жамғармаси (Жавлонов)

13.

Ижтимоий-маиший тусдаги жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шароитларини батафсил ўрганиш бўйича ҳамкорликдаги манзилли чораларни кўриб:

- аҳоли барча қатламларининг ижтимоий-маиший муаммоларини барвақт аниқлаш ва ҳал этишни инобатга олган ҳолда уларнинг олдини олиш бўйича асослантирилган таклифлар ва услубий тавсияларни;

- шахслар, биринчи навбатда вояга етмаганлар (уюшмаган ёшлар), ишсизлар ва ичкиликка ружу қўйганлар, шунингдек, нотинч оилалар билан якка тартибда ишлашнинг босқичли режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

2019 йил учун ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси

2019 йил

февраль

Хотин-қизлар қўмитаси (Нарбаева),

Ёшлар иттифоқи

(Куранбаев),

"Маҳалла" (Жавлонов),

"Нуроний" (Жалилов),

"Оила"

(Ташмухамедова) жамғармалари

III. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИНГ КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ ВА

ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ТАЪМИНОТИНИ ОШИРИШ

14.

Ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбар ходимлари ва уларнинг ўринбосарларининг кундалик хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда малакасини ошириш тизимини назарда тутган ҳолда:

- барча даражадаги ҳудудий ички ишлар органларининг барча тоифадаги раҳбар ходимлари ҳамда профилактика (катта) инспекторларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фақат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти филиалларида (аудиторияларида) узлуксиз асосда бўлиши тартибини;

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари директорларига тегишлигича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБлари бошлиқларининг ўринбосарлари ваколатларини беришни;

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг штат бирликлари ҳисобидан уларда ходимлар малакасини ошириш бўйича директор ўринбосари шаҳодатланган лавозимларини жорий этишни;

- жойларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини самарали ташкиллаштиришда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБлари бошлиқларининг масъулиятини кучайтиришни;

- Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар прокурорларининг ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни сифатли ташкил этишда амалий ва услубий ёрдам кўрсатишдаги ролини оширишни такомиллаштириш.

ички ишлар вазирининг буйруғи

2019 йил

январь

ИИВ

(Хатамов),

Бош прокуратура (Таджиев)

15.

Қуйидагиларни инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш:

- терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ҳалок бўлган ёки жароҳат олиб ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларини республикадаги олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиш тартибини жорий этиш;

- республикадаги олий ўқув юртларига киришда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятда юқори натижаларга эришган ходимларнинг фарзандларига имтиёзлар (қабул квоталари) бериш;

- ички ишлар органларининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат бурчини бажаришга тўсқинлик қилганлиги учун жавобгарликни кучайтириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2019 йил

январь

ИИВ

(Хатамов),

ОТВ

(Маджидов),

Молия вазирлиги (Хайдаров)

16.

Қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ички ишлар органлари фаолиятини маънавий-психологик таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш:

- Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимида маънавий-психологик таъминот бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил қилиш;

- ички ишлар органлари тизимида шартнома асосида мутахассис-психологларни жалб этиш ва аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган психологик хизматлар марказларини ташкил қилиш;

- хизматнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари ходимлари орасида суицидал ҳолатлар ва тушкун кайфиятнинг олдини олишга қаратилган якка тартибдаги маънавий-психологик тадбирларнинг замонавий усулларини татбиқ этиш;

- ходимларнинг психологик портрети ҳисобини мажбурий юритиш тартибини жорий этган ҳолда, ички ишлар органларининг қабул ва аттестация комиссиялари фаолиятида мутахассис-психологларнинг ролини ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2019 йил

февраль

ИИВ

(Хатамов),

ССВ

(Шадманов),

Молия вазирлиги (Хайдаров)

17.

Жойлардаги ички ишлар органлари ходимларининг кунлик касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлик тизимини инобатга олган ҳолда:

- ҳудудий ички ишлар органлари ходимларининг кунлик тайёргарлигини ташкиллаштириш механизми ва тартибини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш;

- республиканинг ҳар бир ҳудудида, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида шахсий таркибнинг кунлик жанговар ва жисмоний тайёргарлигини самарали ташкил этиш имконини берувчи ички ишлар органларининг спорт базаларини шакллантиришни такомиллаштириш чораларини кўриш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

апрель

ИИВ

(Хатамов, Эргашев),

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Набиев),

Молия вазирлиги(Хайдаров),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

18.

Республика ИИВ ҳарбий қисмлари ва ички ишлар органларининг шахсий таркиби ҳамда олий таълим муассасаларининг курсантларини аутсорсинг шартларида овқатланишини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

июнь

ИИВ

(Эргашев),

Молия вазирлиги(Хайдаров),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

19.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасига жалб қилинган ички ишлар органларининг эркин ёлланган ишчи ва хизматчиларининг иш фаолиятини амалга оширишни назарда тутган ҳолда:

- Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг касбийлаштирилган қисмларидаги алоҳида лавозимлар учун умумий ўрнатилган пенсия ёшини қисқартириш;

- иш фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг ишчи ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар кўриш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2019 йил

сентябрь

ИИВ

(Хатамов),

Молия вазирлиги(Хайдаров),

20.

Республикада жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритишга йўналтирилган қуйидагиларни қамраб олувчи кампанияларни уюштириш:

- мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнини ёритувчи босма ахборотлар, Интернет тармоғида мақолалар ҳамда теле- ва радиокўрсатувлар циклини тайёрлаш ва ташкил этиш;

- жамоат тартибини таъминлашда жорий этилган механизмларни оммалаштиришни таъминлаш.

Чора-тадбирлар дастури

2019 йил

январь

УзА

(Кўчимов),

МТРК

(Хаджаев),

ИИВ

(Хатамов),

Миллий гвардия (Шакиров), "Маҳалла" жамғармаси

(Жавлонов)

    

Изоҳ:


1. Ҳуқуқий муносабатлар предмети ва тартибга солиш соҳасидан келиб чиққан ҳолда, чора-тадбирларни амалга ошириш шакли ўзгариши, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар эса бирлаштирилиши мумкин.


2. Икки ва ундан ортиқ бандлар бирлаштирилганда, мазкур бандлар ижроси учун кўрсатиб ўтилган энг охирги муддат белгиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 25 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 31 декабрь, 52-сон, 993-модда



























































Время: 0.1429
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск