язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Умумий концептуал саволлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.01.2019 й. ПФ-5635-сон "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

17.01.2019 й.

N ПФ-5635



2017-2021 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

БЕШТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР

СТРАТЕГИЯСИНИ "ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ИЖТИМОИЙ

РИВОЖЛАНИШ ЙИЛИ"ДА АМАЛГА ОШИРИШГА

ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинган 2018 йилда мамлакатимизда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва давлат бошқарувига замонавий илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Қабул қилинган 2018 йилги Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард АҚШ долларига тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилди.

"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига мувофиқ, 400 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" ва "Yoshlar - kelajagimiz" дастурлари доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалар амалга оширилди.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда бу аҳолининг реал даромадларини 2017 йилдагига нисбатан 12 фоиз ошириш имконини берди.

Янги ўқув йўналишларини очиш ва қабул квоталарини ошириш ҳисобига олий таълим олиш имкониятлари салмоқли даражада кенгайтирилди.

Солиқ маъмуриятчилигининг моҳиятан янги тартиби жорий этилгани сабабли солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 триллион сўм маблағ қолдирилди. Бу 2017 йилдаги кўрсаткичларга нисбатан 6 баробар, 2016 йилдагига нисбатан 32 баробар кўпдир.

Бундан ташқари, иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий жозибадорликни яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш ва бизнес учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.

Хусусан, ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 12 фоизгача пасайтирилиши ҳамда юридик шахсларнинг айланмаси (тушуми)дан давлат мақсадли жамғармаларига ундириладиган мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши корхоналар ихтиёрида қўшимча маблағлар қолиши учун шарт-шароит яратди.

2018 йилда 18 та давлатлараро ташрифлар амалга оширилди ва 50 миллиард АҚШ долларига тенг инвестициявий келишувларга эришилди. Бугунги кунда юртимизда чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:


1. Умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамда қуйидагиларга қаратилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури (кейинги ўринларда - Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида - парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш, давлат бошқарувида замонавий менежмент услубларини кенг қўллаш, давлат хизматларини ривожлантириш, давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини ошириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида - суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш, аҳоли тинчлиги, хавфсизлигини ва қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш;

иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш соҳасида - макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, соғлом рақобат учун зарур шароитларни яратиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини жиддий равишда камайтириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, "хуфиёна" иқтисодиётга қарши курашиш ва унинг улушини кескин қисқартириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришни давом эттириш;

ижтимоий ривожланиш соҳасида - аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб тураржой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, туризмни ривожлантириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида - мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада ошириш.


2. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар, айниқса, хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини ошириш соҳасидаги тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахслари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари 2-иловага мувофиқ мамлакат ҳудудларига бириктирилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан ҳар чоракда Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботлар эшитилади, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритилади, Давлат дастуридаги тадбирлар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун зарур чоралар кўрилади.


3. Ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан биргаликда инвестиция лойиҳалари амалга оширилишининг боришини муҳокама қилиш, инвесторлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этишни таъминлаш мақсадида инвесторлар билан шахсан учрашувларни, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ўтказиш амалиёти жорий этилсин.


4. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан таъминлашни амалга ошириш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Эксперт кенгаши ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги икки ой муддатда қуйидагиларни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Эксперт кенгаши таркиби, бунда унинг таркибига муваффақиятга эришган тадбиркорлар, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, жумладан, хорижий давлатлар фуқаролари ва хориждаги ватандошларни киритиш назарда тутилсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Эксперт кенгаши тўғрисидаги низом.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, биринчи навбатда, инвестиция жалб этиш учун устувор йўналишларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболдаги инвестиция сиёсати стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) ишлаб чиқилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар - устувор ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва сиёсий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган аниқ тадбирлар бўйича таклифларни киритсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар - устувор ҳамкорлар билан ҳамкорлигини янада фаоллаштириш бўйича таклиф этиладиган тадбирлар ва йўналишлар Давлат дастури ва Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури билан ўзаро узвий боғлиқ бўлиши лозим.


7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

а) эълон қилинган капитали 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма). Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш;

хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;

инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республикамизнинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав капиталига эга, акциядорлик жамияти шаклидаги, давлат улуши 100 фоиз бўлган Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг бошқарув компанияси (кейинги ўринларда - бошқарув компанияси).


8. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғарманинг ягона таъсисчиси ҳисобланади ҳамда унинг капиталини Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида инвесторлар томонидан қарор қабул қилинишига қараб шакллантиради;

инвестиция лойиҳалари бошқарув компанияси томонидан инвестиция учун устувор соҳалар, иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва самарадорлик ҳисобга олинган ҳолда мустақил равишда танлаб олинади;

бир лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг энг кўп миқдори ушбу лойиҳага киритилиши режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим, қолган қисми инвесторларнинг ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Жамғарма ва бошқарув компанияси фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин:

Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни биргаликда молиялаштириш тамойиллари асосида жалб қилиш бўйича самарали ва шаффоф тижорат майдонини яратган ҳолда Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида ҳамкорлик қилиш тартибини белгилаш;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, инвестиция сиёсатининг тамойиллари, шунингдек, уни амалга ошириш механизмларини белгилаган ҳолда Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида инвестиция активларини ишончли бошқариш тўғрисида шартномалар тузиш тартиби.


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (З.Ш. Низомиддинов) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар инвестиция лойиҳаларини, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида амалга оширишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.


11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган "инвестиция визаси" жорий этилади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки "инвестиция визаси"га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;

хорижий инвесторлар, улар томонидан хорижий давлатлар фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктида, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлганда қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз, визанинг амал қилиш муддатига (виза мавжуд бўлмаганда эса 1 йил муддатга) амалга оширилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) билан биргаликда Ўзбекистон - Амирликлар инвестиция компаниясини (кейинги ўринларда - инвестиция компанияси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш.А. Вафоевга Ўзбекистон - Амирликлар инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаш ваколати берилсин.


13. Белгилансинки, инвестиция компанияси:

Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) компаниясининг 75 фоиз миқдордаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25 фоиз миқдордаги улушлари ҳисобига 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав фондига ва 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги эълон қилинган капиталига эга бўлиб, масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, бунда қўшимча иштирокчиларни ўрнатилган тартибда жалб этиш мумкин бўлади;

фаолият кўрсатаётган ва янги ташкил қилинаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталларида улушлар сотиб олиш, қарзлар бериш, қимматли қоғозларни муомалага чиқариш, хўжалик юритувчи субъектлар устав капиталидаги улушларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга реализация қилиш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа шаклларда инвестиция фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга;

Бирлашган Араб Амирликларининг инвестициявий, молия институтлари ва компаниялари билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш вазифаларини бажаради, улар билан инвестициявий муносабатларни мувофиқлаштиради, шунингдек, қўшма инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва рўёбга чиқаришга кўмаклашади.


14. Белгилаб қўйилсинки:

устав фонди (капитали)нинг камида 30 фоизи инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан шакллантирилган янги ташкил этилган корхоналарга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади.


15. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бошқарув ходимларининг вакант лавозимларини қисқартириш ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат Халқаро рейтинглар билан ишлаш ва "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш шуъбаси;

вазирлик ва идораларда - белгиланган штатлар сони доирасида халқаро рейтинглар бўйича фаолиятни амалга ошириш ва "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалар ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирлик ва идоралар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


16. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига, энг аввало, хорижий ишбилармонлик доиралари, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари ўртасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Давлат дастурининг бориши, бизнес учун яратилган қулай шароитлар тўғрисида кенг маълумот бериш ва тарғиб қилишни ташкил этиш учун масъул бўлган PR-марказ функцияси юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (З.Ш. Низомиддинов) икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги, жумладан, PR-марказ функциясини бажариш доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини ишлаб чиқсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда етакчи халқаро молиявий ва консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда, 2019 йил 1 июлга қадар устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг акциялар (улушлар) пакетларини сотиш назарда тутилаётган стратегик аҳамиятга эга бўлмаган хўжалик жамиятлари ягона рўйхати шакллантирилиши ва юритилишини таъминласин.


18. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда 2019 йил 10 июлга қадар халқаро ишбилармонлик доираларида истиқболли инвестиция лойиҳалари, шу жумладан, устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг акциялар (улушлар) пакетларини сотиш назарда тутилаётган хўжалик жамиятлари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг тақдимотларини ("Road Show") ўтказиш графигини тасдиқласин ва йил давомида амалга оширсин.


19. Белгилансинки, 2019 йил 1 мартдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга, улар пенсия ёшига тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаса, ижтимоий нафақа тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу бандда белгиланган ижтимоий нафақа миқдорини ва уни тўлаш тартибини назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин.


20. Банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, касбий малакалар бериш ва тасдиқлашнинг умуммиллий тизимини жорий этиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йилдаги устувор вазифаси ҳисоблансин.

Белгилансинки, фуқаролар, айниқса, ёшлар томонидан ўз малакасини ошириш учун таъсирчан рағбатлантирувчи омиллар яратиш, шу жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасига кирувчи касб-ҳунар коллежлари негизида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида банд бўлмаган аҳоли ва ишсиз фуқаролар учун ўқитиш марказларини ташкил этиш ҳисобига замонавий ўқув ва ишлаб чиқариш технологияларига таянган касбга ўқитишни йўлга қўйиш ва касбий малакани баҳолашни назарда тутувчи касбий малакалар умуммиллий тизимини жорий этишга асосий эътибор қаратилиши лозим.


21. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мамлакатда касбий таълим беришнинг замонавий тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида бир ой муддатда ишчи касблар нуфузини юксалтириш ва касбий таълимни ривожлантириш бўйича халқаро ҳаракатга қўшилишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласин.


22. Белгилансинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби киритилади.


23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2019 йил 1 мартга қадар:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари томонидан талабаларни қабул қилиш квоталарини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг истиқболдаги эҳтиёжларини, шунингдек, муассасаларнинг кадрларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгилаш тартибини тасдиқласин ва ушбу тартиб 2019/2020 йилдан татбиқ этилишини назарда тутсин;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда хорижий дипломларнинг эквивалентлигини тасдиқлашдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва уларни тан олиш жараёнини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритсин.


24. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин:

Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни либераллаштириш;

Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини дифференциация қилиш, ушбу тоифадаги ишларнинг ваколатли давлат органлари томонидан тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш.


25. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, "Тараққиёт стратегияси" маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва кенг жамоатчиликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати - нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;

б) режалаштирилган ислоҳотларни, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиришни "Юксалиш" умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси этиб белгилаш, шу жумладан, қуйидагилар орқали бирлаштириш:

халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;

жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш;

режалаштирилган, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш;

в) Умуммиллий ҳаракат раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан, ҳудудий бўлинмалар раҳбарларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари орасидан сайлаш, улар бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин.


26. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва "Тараққиёт стратегияси" маркази билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда ўз веб-сайтларида жойлаштириш;

мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминласин.


27. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан яқин ҳамкорликда:

ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг тушунтирилишини;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминласин.


28. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


29. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 17 январдаги

ПФ-5635-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси

мансабдор шахслари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари

ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик

ваколатхоналарини мамлакат ҳудудларига

БИРИКТИРИШ

      

Т/р

Мамлакат ҳудуди


Ўзбекистон Республикаси

Президенти Администрацияси,

Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва

идораларнинг мансабдор шахслари


Бириктирилган дипломатик

ваколатхоналар


1.

Андижон вилояти

Ж.А. Қўчқоров - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири


1. Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги Элчихонаси


2.

Бухоро вилояти

Г.К. Саидова - Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари


1. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги Элчихонаси


3.

Жиззах вилояти

Д.Р. Ли - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори


1. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Франция Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикасидаги Элчихонаси


4.

Қашқадарё вилояти

Б.М. Мавлонов - Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари


1. Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги Элчихонаси


5.

Навоий вилояти

М.Б. Азимов - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси


1. Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Элчихонаси


6.

Наманган вилояти

А.А. Абдухакимов - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари


1. Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Элчихонаси


7.

Самарқанд вилояти

С.Р. Холмуродов - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари


1. Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигидаги Элчихонаси


4. Ўзбекистон Республикасининг Греция Республикасидаги бош консуллиги


8.

Сурхондарё вилояти

М.М. Икрамов - Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси


1. Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Австрия Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон Ислом Республикасидаги Элчихонаси


4. Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги Элчихонаси


9.

Сирдарё вилояти

Р.К. Давлетов - Ўзбекистон Республикаси адлия вазири


1. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Италия Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Элчихонаси


10.

Фарғона вилояти

Э.М. Ганиев - Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари


1. Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Латвия Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Уммон Султонлигидаги Элчихонаси


11.

Хоразм вилояти

А.Ж. Раматов - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари


1. Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони Қироллигидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Элчихонаси


12.

Тошкент вилояти

О.Б. Муродов - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори


1. Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги Элчихонаси


4. Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Элчихонаси


13.

Қорақалпоғистон Республикаси

Н.С. Отажонов - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, А.И. Икрамов - Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси


1. Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Қувайт Давлатидаги Элчихонаси


14.

Тошкент шаҳри

А.Н. Арипов - Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири,

Ж.А. Ходжаев - Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири


1. Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги Элчихонаси


2. Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги Элчихонаси


3. Ўзбекистон Республикасининг Сингапурдаги Элчихонаси


  





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 17 январдаги

ПФ-5635-сон Фармонига

3-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги

ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини

яхшилаш учун масъул давлат органлари

РЎЙХАТИ

Т/р

Тоифалар номланиши

Таркибий индикаторлар

номланиши

Масъул давлат органлари

1.

Иқтисодий эркинлик индекси

(Index of Economic Freedom)

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

1.1

Ҳуқуқ устуворлиги

Мулкчилик ҳуқуқи

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Интеллектуал мулк агентлиги (Т. Абдусатторов)

Суд фаолияти самарадорлиги

Олий суд (К. Камилов)

Давлатнинг яхлитлиги

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Олий суд (К. Камилов), Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

1.2

Давлат аралашуви даражаси

Солиқ юки

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

Давлат харажатлари

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

Фискал саломатлик

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Марказий банк (М. Нурмуратов)

1.3

Тартибга солиш самарадорлиги

Бизнес эркинлиги

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

Меҳнат бозори эркинлиги

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов)

Монетар эркинлик

Марказий банк (М. Нурмуратов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

1.4

Бозорларнинг очиқлиги

Савдо эркинлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Б. Абидов), ДБҚ (М. Азимов)

Инвестициялар эркинлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Н.Холмуродов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов)

Молиявий эркинлик

Марказий банк (М. Нурмуратов), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Н.Холмуродов)

2.

Глобал рақобатбардошлик индекси 4.0 (Global Competitiveness Index 4.0)

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

2.1

Институтлар сифати

Уюшган жиноятчиликнинг тадбиркорликка бўлган зарари

Бизнес-омбудсман (Д. Касимов)

Қотиллик даражаси

Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

Терроризм даражаси

Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов)

Хуқуқ-тартибот органларига бўлган ишонч

Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов), Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

Ижтимоий капитал

Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги (Р. Маматов)

Бюджет шаффофлиги

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

Судлар мустақиллиги

Олий суд (К. Камилов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Мураккаб қонун-қоидаларда қонунчилик базасининг самарадорлиги

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Матбуот эркинлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Д. Саиджонов)

Ҳукумат қарорларининг юки

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Низоларни ҳал қилишда қонунчилик базасининг самарадорлиги

Электрон иштирок

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков)

Коррупция даражаси

Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

Мулкчилик ҳуқуқи

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш

Интеллектуал мулк агентлиги (Т. Абдусатторов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Ер ресурсларни бошқариш сифати

"Давергеодезкадастр" давлат қўмитаси (А. Абдуллаев)

Аудит ва бухгалтерия стандартларига риоя қилиниши

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш

Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги (А. Назиров)

Акциядорлар бошқаруви

Ҳукуматнинг барқарор сиёсатни таъминлаши

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

Ҳукуматнинг ўзгаришларга бўлган муносабати

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

Ҳуқуқий тизимнинг рақамли бизнес моделларга мослашиши

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Ҳукуматнинг узоқ муддатли стратегияси

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

Энергия самарадорлигини тартибга солиш

Энергетика вазирлиги (А. Султанов)

Қайта тикланадиган энергияни тартибга солиш

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги шартномалар

Ташқи ишлар вазирлиги (А. Камилов) Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Ш.Абдуразаков)

2.2

Инфратузилма

Автомобиль йўли тармоғининг сифати

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

Автомобиль йўли инфратузилмасининг сифати

Темир йўлнинг зичлиги

Темир йўл хизматларининг самарадорлиги

Аэропортлар халқаро интеграцияси

Ҳаво транспорт хизматларининг самарадорлиги

Сув транспорти халқаро интеграцияси

Электр энергияси таъминоти

Энергетика вазирлиги (А. Султанов)

Электр энергияси сифати

Истеъмолга яроқсиз ичимлик сувидан ҳимоя қилинганлик даражаси

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (М. Салиев)

Сув таъминотининг ишончлилиги

2.3

АКТдан фойдаланиш

Уяли мобил алоқа абонентлари

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков)

Кенг тармоқли мобил алоқа абонентлари

Кенг тармоқли Интернет абонентлари

Оптик толали Интернет абонентлари

Интернет фойдаланувчилар

2.4

Макроиқтисодий барқарорлик

Инфляция

Марказий банк (М. Нурмуратов)

Қарз динамикаси

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Марказий банк (М. Нурмуратов)

2.5

Соғлиқни сақлаш

Соғлом умр кўришнинг давомийлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

2.6

Таълим

Таълимнинг ўртача давомийлиги

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов)

Ходимлар малакасини ошириш кўлами

Касбий тайёргарлик сифати

Битирувчилар қобилияти

Фаол аҳоли орасида рақамли кўникмалар

Ахборот технологиялари вазирлиги (Ш. Садиков), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов)

Малакали ходимларни топиш осонлиги

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов)

Кутилаётган таълим давомийлиги

Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов)

Ўқитишда танқидий фикрлаш

Бошланғич таълимда ўқитувчиларнинг ўқувчилар сонига нисбати

Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов)

2.7

Товар бозори

Солиқ ва субсидияларнинг рақобатга таъсири

Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Шарипов)

Корхоналарнинг бозордаги ҳукмронлик кўлами

Хизматлар соҳасидаги рақобат

Нотариф тўсиқларнинг кенг тарқалганлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Б. Абидов)

Савдо тарифлари

Тарифларнинг мураккаблиги

Чегара назорати самарадорлиги

Давлат божхона қўмитаси (М. Азимов)

2.8

Меҳнат бозори

Ходимларни ишдан бўшатиш харажатлари

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов)

Ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш амалиётлари

Ходим ва иш берувчи ўртасидаги муносабатлардаги ҳамкорлик

Иш ҳақини белгилашнинг эркинлиги

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов), Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

Фаол меҳнат сиёсати

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов)

Меҳнат (ишчилар) ҳуқуқи

Чет эл мамлакатларидан ходимларни ишга олиш қулайлиги

Ички меҳнат миграцияси

Профессионал бошқарувга бўлган ишонч

Меҳнат ҳақи ва унумдорлиги

Аёлларнинг меҳнат кучидаги иштироки

Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги (Р. Маматов)

Меҳнат солиғи ставкаси

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов)

2.9

Молиявий тизим

Хусусий секторга маҳаллий кредитлар

Марказий банк (М. Нурмуратов)

Кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиялаштириш

Венчур капиталининг мавжудлиги

Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги (А. Назиров)

Бозор капиталлашуви

Суғурта тўловлари

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

Банкларнинг барқарорлиги

Марказий банк (М. Нурмуратов)

Муаммоли кредитлар

Кредит гэп

Банкларнинг капитал етарлилиги коэффициенти

2.10

Бозор ҳажми

Ялпи ички маҳсулот ҳажми

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

Товар ва хизматлар импорти ҳажми

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Б. Абидов)

2.11

Бизнес динамикаси

Бизнес бошлаш харажати

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

Бизнес бошлаш учун зарур вақт

Тўлов қобилиятсизлигини тиклаш даражаси

Давлат активларини бошқариш агентлиги (С. Бекенов)

Тўлов лаёқатсизлигининг қонуний асослари

Тадбиркорлик хавф-хатарига муносабат

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)

Ваколатни топширишга тайёрлик

Инновацион компанияларнинг ўсиши

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахманов)

Юқори хавф-хатарли ғоялардан фойдаланадиган компаниялар

2.12

Инновацион қобилият

Ишчи кучининг хилма-хиллиги

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов)

Кластер ривожланиш ҳолати

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

Халқаро ҳамкорликдаги ихтиролар

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахманов)

Кўп томонли ҳамкорлик

Илмий нашрлар

Фанлар академияси (Б. Юлдашев)

Патент аризалари

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахманов)

Тадқиқот ва ишланмаларга сарфланадиган харажатлар

Илмий-тадқиқот институтларининг машҳурлик индекси

Фанлар академияси (Б. Юлдашев)

Харидорнинг талабчанлиги

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)

Савдо белгисига аризалар

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахманов)

3.

Бизнес юритиш индекси

(Ease of Doing Business Index)

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

3.1

Корхоналарни рўйхатдан ўтказиш

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

3.2

Қурилиш учун рухсатномалар олиш

Қурилиш вазирлиги (Б. Закиров)

3.3

Электр таъминоти тизимига уланиш

Энергетика вазирлиги (А. Султанов)

3.4

Мулкни рўйхатдан ўтказиш

"Давергеодезкадастр" давлат қўмитаси (А. Абдуллаев) Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

3.5

Кредит олиш

Марказий банк (М. Нурмуратов)

3.6

Миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (А. Назиров)

3.7

Солиқлар тўлови

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев)

3.8

Халқаро савдо

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Б. Абидов), Давлат божхона қўмитаси (М. Азимов)

3.9

Контрактлар ижросини таъминлаш

Олий суд (К. Камилов), Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (Б. Қудратхўжаев)

3.10

Тўловга қобилиятсизликни ҳал қилиш

Давлат активларини бошқариш агентлиги (С. Бекенов)

3.11

Давлат харидлари

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

3.12

Меҳнат бозорини тартибга солиш

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов)

4

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш тизими

(OECD Country risk classification)

Молия вазирлиги (Т. Ишметов)

5

Ҳуқуқ устуворлиги индекси

(Rule of Law)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

5.1

Ҳукумат ваколатларининг чекланганлиги

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (Ж.Ширинов), Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Б.Матмуродов) Адлия вазирлиги

(Р. Давлетов)

5.2

Коррупциянинг йўқлиги

Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

5.3

Тартиб ва хавфсизлик

Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов)

5.4

Асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш

Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

5.5

Ҳокимият институтларининг шаффофлиги

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси (И.Абдуллаев), Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Б.Матмуродов)

5.6

Қонунларга риоя этиш

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (Ж. Ширинов), Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Б. Матмуродов), Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

5.7

Фуқаролик одил судлови

Олий суд (К. Камилов)

5.8

Жиноий одил судлов

Олий суд (К. Камилов)

6.

Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index)

Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

7.

Инсон камолоти индекси

(Human Development Index)

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

7.1

Кутилаётган умр кўриш индекси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов)

7.2

Таълим индекси

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов) Халқ таълими вазирлиги (Ш. Шерматов)

7.3

Даромад индекси

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

8.

Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси (Democracy Index)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

8.1

Сайлов жараёни ва плюрализм

Марказий сайлов комиссияси (М. Абдусаломов) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси (Ш.Бафаев)

8.2

Ҳукумат фаолияти

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси (И.Абдуллаев), Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Б.Матмуродов) Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

8.3

Сиёсий иштирок

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси (Ш.Бафаев), Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси (Ф.Эшматова), Марказий сайлов комиссияси (М. Абдусаломов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

8.4

Сиёсий маданият

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси (Ш.Бафаев), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

8.5

Фуқаролар эркинлиги

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (Ж.Ширинов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Д. Саиджонов), Олий суд (К. Камилов) Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

9.

Матбуот эркинлиги индекси (Press Freedom Index)

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Д. Саиджонов)

10.

Логистика самарадорлиги индекси (Logistics Performance Index)

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

10.1

Божхона

Давлат божхона қўмитаси (М. Азимов)

10.2

Инфратузилма

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

10.3

Халқаро жўнатмалар

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

10.4

Логистика хизматларининг сифати

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

10.5

Юкларни кузатиб бориш имконияти

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

10.6

Юкларни ўз вақтида етказиб бериш имконияти

Транспорт вазирлиги (Э. Ганиев)

11.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтинги (E-Government Development Survey)

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков)

12.

Статистик салоҳият индекси (Statistical Capacity Index)

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

13.

Рақобатбардош саноат унумдорлиги индекси (Competitive Industrial Performance Index)

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Н. Холмуродов)

14.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тартибга солиш чекловлари индекси

(FDI Regulatory Restrictiveness Index)

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Н. Холмуродов)

15.

Глобал инновациялар индекси (Global Innovation Index)

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдурахманов)

16.

Барқарор тараққиёт мақсадлари кўрсаткичлари (Sustainable Development Goals)

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И. Норқулов)

17.

Бошқарув сифати индикаторлари (Worldwide Governance Indicators)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

17.1

Сиёсий барқарорлик ва зўравонлик / терроризмнинг мавжуд эмасли (Political Stability and Absence of Violence / Terrorism Index)

Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов),

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

17.2

Ҳукумат самарадорлиги (Government Effectiveness Index)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

17.3

Тартибга солиш сифати

(Regulatory Quality Index)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

17.4

Аҳолини фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик (Voice and Accountability Index)

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Д. Саиджонов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

17.5

Ҳуқуқ устуворлиги

(Rule of Law)

Адлия вазирлиги (Р. Давлетов)

17.6

Коррупцияни тийиб туриш

(Control of Corruption)

Бош прокуратура (Н. Йўлдошев)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 январь


"Халқ сўзи", 2019 йил 18 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 21 январь, 3-сон, 41-модда