язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Фуқаролик. Мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.02.2019 й. ПФ-5655-сон "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

05.02.2019 й.

N ПФ-5655



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

2022 ЙИЛДА АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА

ОЛИШНИ ЎТКАЗИШ КОНЦЕПЦИЯСИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги "2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар" резолюциясига таяниб, аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини қўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилсин.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси 3-иловага мувофиқ таркибда;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин, уларнинг намунавий таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, материалларни қайта ишлашни ташкил этиш ва якуний натижаларни эълон қилиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда, жалб этишни ташкил этиш;

ташкилотларни, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъий назар, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда ташкил этиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳудудий бўлинмаларини ва бу жараёнга жалб қилинган бошқа ташкилотларни моддий-техник таъминланганлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс ишлар бажарилишини назорат қилиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ҳамда иштирок этганларни рағбатлантириш.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари;

илғор хорижий амалиётда қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаш;

аҳолини рўйхатга олиш якунларини амалга ошириш бўйича ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар.


6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.


7. Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тегишли комиссиялар раҳбарлари мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 5 февралдаги

ПФ-5655-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини

рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Бажариш

муддатлари

Масъул ижрочилар

I. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА

ТАШКИЛИЙ-ҲУҚУҚИЙ ТАДБИРЛАР

1.

Ўзбекистон Республикасининг, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари;

илғор хориж амалиётида қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаган ҳолда, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний натижаларини амалга ошириш бўйича ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар.

2019 йил

1 июлга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров), ИИВ (П. Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), вазирлик ва идоралар

2.

Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

2022 йил

1 майга қадар

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси), Давлат статистика қўмитаси

(Б. Бегалов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев), ИИВ (Д. Назармуҳамедов), Адлия вазирлиги (М. Истамов), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров), вазирлик ва идоралар

3.

Аҳолини рўйхатга олиш дастурларини, рўйхатга олиш варақалари бланкларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш услубиятини ишлаб чиқиш.

2022 йил

1 майга қадар

Республика комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров),

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев),

вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар

4.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг (кейинги ўринларда - Давлат статистика қўмитаси) штатдан ташқари ходимлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган вақтинчалик ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

2022 йил

1 майга қадар

Республика комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш. Кудбиев), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров)

II. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ

5.

Давлат статистика қўмитаси мутахассислари учун аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш юзасидан хорижий мамлакатларга, шу жумладан ушбу масалалар юзасидан тажрибага эга бўлган МДҲ давлатларига хизмат сафарларини ташкил этиш.

2022 йил

1 мартга қадар

Республика Комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), ТИВ (А. Камилов), БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Тошкентдаги ваколатхонаси, халқаро ташкилотлар

6.

Маъмурий-ҳудудий бирликлар рўйхати ва чегараларини аниқлаштириш, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари номлари, кўчалар номлари, хонадон ва уйлар рақамлари кўрсатилган кўрсаткичларнинг мавжудлигини таъминлаш.

2021 йил

1 декабрга қадар

Ергеодезкадастр давлат қўмитаси (А. Абдуллаев), туман ва шаҳар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

7.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун иштирокчиларни картографик материаллар (схематик режа ва харита) билан таъминлаш.

2022 йил

1 апрелга қадар

Ергеодезкадастр давлат қўмитаси (А. Абдуллаев)

8.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва материалларни қайта ишлаш, хусусан:

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ҳудудларни танлаш;

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ходимларни жалб қилиш;

ходимларни ўқитиш;

ходимларни рўйхатга олиш ҳужжатлари билан таъминлаш;

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш;

дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш материалларини қайта ишлаш ва таҳлил қилиш.

2022 йил

1 апрелга қадар

Республика комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

9.

Регистраторларни давлат статистикаси органлари ва уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари орасидан жалб қилиш, бино ва уйлар рўйхатини тузиш тартибини ўқитиш, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш, регистраторлар хавфсизлигини таъминлаш.

2021 йил

1 декабрга қадар

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатишвазирлиги (М. Солиев), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), ИИВ (Д. Назармуҳамедов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

10.

Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар даражасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаларини тузиш:

туманлар кесимида рўйхатга олиш (ҳар бир аҳоли пунктини рўйхатга олиш, инструкторлик ва ҳисоб участка ҳудудларига бўлиш);

ҳар бир вақтинчалик ходимлар тоифалари бўйича талабни ҳисоб-китоб қилиш;

вақтинчалик ходимларни танлаш ва ўқитиш жадвалини ишлаб чиқиш;

рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларини жойлаштириш учун етарли миқдордаги биноларни аниқлаш.

2022 йил

1 апрелга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

11.

Қуйидагиларни:

аҳоли тўғрисидаги маълумотларни йиғиш билан шуғулланувчи шахсларни ўқитиш;

вақтинчалик жалб этилган ходимлар билан ишлаш;

аҳолини рўйхатга олиш материалларини қайта ишлаш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ажратилган моддий-техника воситаларини сақлаш;

рўйхатга олиш ва бошқа ҳужжатларни сақлаш учун бинолар билан таъминлаш.

2023 йил

1 майга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

12.

Туманлар (шаҳарлар) рўйхатга олиш бўлимлари, рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларини транспорт воситалари билан таъминлаш.

2023 йил

1 майга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

13.

Давлат статистика қўмитаси сўровига асосан туманлар (шаҳарлар) рўйхатга олиш бўлимлари, рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларини белгиланган тартибда алоқа воситалари билан таъминлаш.

2023 йил

1 майга қадар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

14.

Рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш.

2022 йил

1 июнга қадар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К. Алламжонов), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

15.

Рўйхатга олиш ҳужжатларини туманлар (шаҳарлар) рўйхатга олиш бўлимлари, рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларига етказиб бериш.

2023 йил

1 майга қадар

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ (А. Шукуров),

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК (У. Хусанов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

16.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари бўйича:

Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимларини;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий статистика бошқармалари ходимларини;

туман (шаҳар)лар статистика бўлимлари ходимларини ўқитиш.

2022 йил

1 июнга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

17.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вақтинчалик жалб этилган ходимларнинг сони ва шахсий таркибини танлаш ва таркибини тасдиқлаш.

2022 йил

1 июнга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

18.

Аҳолини рўйхатга олишга жалб этиладиган ходимларни ўқитишни ташкиллаштириш.

2022 йил

1 июнга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

19.

Аҳолини рўйхатга олиш бўйича ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш, хусусан республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, босма нашрларда) реклама компанияларини ўтказиш, ташқи ижтимоий рекламаларни жойлаштириш, кўргазмали ташвиқот воситаларини, аҳолини рўйхатга олишнинг логотипи ва шиорини, аҳолини рўйхатга олишнинг бошқа қисмларини тайёрлаш.

2023 йил

1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кучимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев),

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К. Алламжонов)

20.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиявий таъминлаш, жумладан харажатлар сметасини тайёрлаш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган маҳсулотларни сотиб олишни амалга ошириш.

2024 йил

1 июнга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев), вазирлик ва идоралар

21.

Қуйидагиларга имкон берувчи "Аҳолини рўйхатга олиш" ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш:

рўйхатга олиш варақаларидаги маълумотларни киритиш, тўплаш ва сақлаш;

маълумотларни қайта ишлаш, алмашиш жараёнларини ва ушбу жараённи услубий қўллаб-қувватлашни мониторинг қилиш;

манзиллар, маълумотномалар ва таснифлагичлар реестрида мавжуд маълумотларни актуал ҳолатда сақлаш;

регистраторлар иши учун картографик материалларни шакллантириш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ташкилий режа тузишни автоматлаштириш;

аҳолини рўйхатга олишнинг шахсий маълумотларини автоматик қайта ишлаш;

шахсий маълумотларни рухсатсиз кириш, ўғирлаш, бузиш ёки йўқотишлардан ҳимоя қилишни таъминлаш;

маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш шарти билан қўшимча сўровларни шакллантириш учун шахсий бўлмаган маълумотлар базасига айрим тадқиқотчиларнинг белгиланган тартибда кириши;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқариш.

2023 йил

1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков)

22.

Рўйхатга олувчилар томонидан аҳоли ўртасида сўров ўтказиш ва жавобларни рўйхатга олиш варақаларида қайд этиш.

2022 йил

1 августга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), ИИВ (П. Бобожонов), Мудофаа вазирлиги (А. Азизов), ДХХ (И. Абдуллаев), ФВВ (Т. Худайбергенов), Миллий гвардия (Б. Ташматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шадманов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

23.

Рўйхатга олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш.

2022 йил

1 августга қадар

ИИВ (П. Бобожонов)

III. АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ЯКУНЛАРИНИ ЧИҚАРИШ

24.

Туманлар ва шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, бутун республика бўйича аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотларини тайёрлаш.

2023 йил

1 февралга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

25.

Маълумотларни автоматлаштирилган қайта ишлаш учун тайёрлаш, аҳолини рўйхатга олиш бирламчи маълумотларини кодлаш, киритиш, назорат қилиш ва таҳрирлаш, аҳолини рўйхатга олиш маълумотлар базасини шакллантириш.

2023 йил

1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

26.

Аҳолини рўйхатга олишнинг республика ва ҳудудлар даражасида якуний натижаларини олиш.

2024 йил

1 сентябрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

27.

Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш.

2024 йил

1 ноябрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

Изоҳ. Республика комиссиясининг қарорига кўра тадбирларни амалга ошириш муддатлари кўриб чиқилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 5 февралдаги

ПФ-5655-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини

рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш

бўйича республика комиссияси

ТАРКИБИ

    

А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Республика комиссияси раиси

А.Ж. Раматов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

Б.А. Бегалов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси, Комиссия раисининг ўринбосари

Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири

Т.К. Нарбаева

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси

И.Б. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси

Б.Х. Ташматов

-

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони

А.А. Азизов

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири

П.Р. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири

Т.А. Худайбергенов

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи

Б.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири

А.Ҳ. Камилов

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

Р.К. Давлетов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

Ш.М. Садиков

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

А.К. Шадманов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

Ш.М. Кудбиев

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

Б.С. Сайфуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

И.У. Маджидов

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

Ш.Х. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

М.Б. Азимов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

А.А. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

М.Х. Салиев

-

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

С.Х. Бекенов

-

Ўзбекистон Республикаси инвестицияларва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

Ш.С. Жавлонов

-

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси

Б.И. Хакимов

-

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси бош директори вазифасини бажарувчи

Н.С. Тураходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори

У.Б. Аъламов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги бош директори

А.К. Кучимов

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори

А.Ж. Хаджаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи

Д.Г. Ташмухаммедова

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази директори

Д.Қ. Ахмедов

-

ТДИУ ҳузуридаги "Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш муаммолари ва илмий асослари" илмий-тадқиқот маркази директори

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 5 февралдаги

ПФ-5655-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини

рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш

бўйича ҳудудий комиссияларнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

    

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Комиссия раиси

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, Комиссия раисининг ўринбосари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари, Комиссия раисининг ўринбосари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар маданият бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат хавфсизлик хизмати бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар "Маҳалла" хайрия жамоат фонди раислари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви бошлиғи, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивлари бошлиқлари

лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар телерадиокомпаниялари бошлиқлари

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 февраль


"Халқ сўзи", 2019 йил 6 февраль

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 февраль, 6-сон, 99-модда