язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш/ Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.02.2019 й. 75-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 1 февралдаги

75-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Давлат саноат хавфсизлиги қўмитаси деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифаларини белгилайди.


2. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳасида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилиши ва назорат қилиниши учун масъул бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг тузилмасига кирадиган ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланадилар, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга бўлади.


6. Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасининг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, қисқартирилган номи - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственный комитет промышленной безопасности Республики Узбекистан; қисқартирилган номи - Госкомпромбез;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "The State committee on industrial safety of the Republic of Uzbekistan"; қисқартирилган номи - The State committee on industrial safety (SCIS).


7. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси жойлашган жой (почта манзили): 100011, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, М-14, 27-уй.



2-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИНИНГ ТУЗИЛМАСИ


8. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалар (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади);

Олмалиқ кон-техника инспекцияси;

Ангрен кон-техника инспекцияси;

Қизилқум кон-техника инспекцияси;

Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми;

"Саноат хавфсизлиги" ДУК;

"Контехназоратўқув" ДУК;

"Саноат назорати лабораторияси" ДУК.


9. Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб хўжалик ҳисобидаги ташкилотлари саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқаруви ва тартибга солишнинг ягона тизимни ташкил этади.

Ҳудудий бошқармалар маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига бўйсунади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларига уларнинг ваколатига кирмайдиган ишларни бажаришни юклаш тақиқланади.



3-БОБ. ДАВЛАТ САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ

ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


§ 1. Давлат саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг

вазифалари ва функциялари


10. Қуйидагилар Давлат саноат хавфсизлиги қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича ишни мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш борасида республикада ёқилғи-энергетика комплекси ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича стратегик режалар ва дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида лицензиялаш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

саноат хавфсизлигини экспертизадан ва аккредитациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ объектлар хавфсизлигини экспертиза қилишни ташкил этиш;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш ҳамда истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;

техника ва технологияларнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги соҳаларида фаолиятни амалга оширувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш.


11. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича ишни мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш соҳасида:

хавфли ишлаб чиқариш объектларида, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда қўлланиладиган ишлаб чиқаришлар (технологиялар), объектлар ва техник қурилмалар рўйхатини белгилайди ва тасдиқлайди;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги экспертизаси тизимини ривожлантиришни, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида объектлар хавфсизлиги экспертизасини ўтказишни, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни лицензиялаш тизимини ташкил этади;

хавфли ишлаб чиқариш объектларида ва истироҳат боғлари аттракционларида қўлланиладиган техник қурилмаларни сертификатлашни ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг давлат ҳисоби ва назоратини, уларнинг миллий реестри юритилишини таъминлайди;

Радиация аварияларида прогнозлаштириш, барвақт аниқлаш ва муносабат билдириш ягона давлат тизими мавжуд бўлишини таъминлашда иштирок этади;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари давлат реестрида хавфли ишлаб чиқариш объектлари ҳисобини, шунингдек, рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар реестрини юритади;

юқори техник хавфли зоналарнинг давлат кадастри юритилишини мувофиқлаштиради;

авария ҳолатининг ва ишлаб чиқариш жароҳатининг олдини олиш мақсадида саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талабларига, ер қаъридан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя қилиш зарурлиги тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб боради;

саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш тўғрисидаги маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади;

хавфли ишлаб чиқариш объектларида аварияларнинг сабабларини техник жиҳатдан суриштиради ва хавфли ишлаб чиқариш объектларида аварияларнинг сабабларини техник суриштириш бўйича комиссиянинг фаолиятини ташкил этади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг назорат остидаги объектларида авариялар, ишлаб чиқариш жароҳати, портловчи моддалар йўқолиши ҳолларининг сабабларини белгиланган тартибда суриштиради;


б) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш соҳасида:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, геология-қидирув ва кон ишларини олиб боришнинг хавфсизлиги ва углеводород хом ашёли ер қаърини муҳофаза қилиш соҳасида, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширади;

ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари давлат комиссиясининг захираларни тасдиқлашда қабул қилинган саноат хавфсизлиги бўйича қарорлари ва хулосалари бажарилишини назорат қилади;

хавфли ишлаб чиқариш объектларида, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларида фойдаланиладиган буғ ва сув иситиш қозонлари, босим остида ишлайдиган идишлар, буғ ва иссиқ сув учун сув қувурларини ҳамда ерости иншоотларини рўйхатдан ўтказади;

Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисмини оператив бошқаради ва методик раҳбарлик қилади, шунингдек, фонтанга қарши, газ-қутқарув ва авария-диспетчерлик хизматлари корхоналари, бўлинмаларининг бўлиши мумкин бўлган аварияларни локализация қилиш ва оқибатларини тугатишга тайёрлигини назорат қилади;

назорат остидаги корхоналар ва объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиялари таркибида иштирок этиш учун ўз вакилларини тайинлайди, ушбу объектларда фойдаланишга қабул қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилади;

хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланишга ташкилотларнинг тайёрлигини, шунингдек, назорат остидаги объектларда авариялар ва ишлаб чиқариш жароҳатининг олдини олиш тадбирлари ишлаб чиқилиши ва ўтказилишини назорат қилади;

истироҳат боғлари аттракционларини фойдаланишга тайёрлаш ва уларни қабул қилиш устидан белгиланган тартибда назорат қилади;

саноат хавфсизлиги декларациялари ишлаб чиқилиши ва тақдим этилишининг тўғрилиги мониторингини олиб боради;

ишлаб турган ва қурилаётган хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини декларациялашни назорат қилади;


в) саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш борасида республикада ёқилғи-энергетика комплекси ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича стратегик режа ва дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш соҳасида:

вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ёқилғи-энергетика комплексини ва саноатнинг базавий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича стратегик режалар ва дастурларга таклифларни ишлаб чиқади;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ёқилғи-энергетика комплексини ва саноатнинг базавий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш ишлари олиб борилишини назорат қилади;

радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш юзасидан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида давлат мақсадли дастурлари ишлаб чиқилиши, кўриб чиқилиши ва амалга оширилишида иштирок этади;


г) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида лицензиялаш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати органлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

ўз ваколатлари доирасида фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга оширади;

лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган ишларнинг айрим турларига белгиланган тартибда рухсатномалар беради ва уларни бекор қилади;

фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишда ишларни бехатар олиб бориш бўйича техник ечимлар юзасидан геология-қидирув ишлари, кон қазувчи ва қайта ишловчи корхоналарнинг техник лойиҳалари, кон ишлари режаларини келишади;

шахталарни (конларни) бир тоифадан бошқасига ўтказишни тасдиқлайди ва келишади;

нефть-газ қудуқларини фойдаланишга бериш далолатномаларини, уларни тугатиш ва консервация қилиш далолатномаларини келишади;

ишларнинг алоҳида масъул технологик босқичларини, технологик регламентларни юритиш бўйича иш режаларини келишади;

назорат остидаги объектларда саноат хавфсизлиги юзасидан хорижий технологиялар ва ускуналарни қўллаш мумкинлиги тўғрисида эксперт хулосани кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфли юклар ва портловчи моддалар транзитида хулосалар беради ва назоратни амалга оширади;


д) саноат хавфсизлигини экспертизадан ва аккредитациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ объектлар хавфсизлигини экспертиза қилишни ташкил этиш соҳасида:

саноат хавфсизлиги соҳасида эксперт ташкилотларини белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказади ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради;

саноат хавфсизлиги соҳасида берилган эксперт хулосаларининг ягона ҳисобини юритади;

атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият турлари хавфсизлиги экспертизасини (хавфсизликни асослаш экспертизасини) ташкил этади;


е) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги ҳамда истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш соҳасида:

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида техник жиҳатдан тартибга солиш, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида, путур етказмайдиган назорат бўйича, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва қабул қилади;

радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида, ядро қурилмаларини, ионлаштирувчи нурланиш манбаларини, ядро материалларини, радиоактив моддалар пунктларини ва радиоактив чиқиндилар омборларини физик ҳимоя қилиш соҳасида талабларни белгилайдиган нормалар ва қоидалар ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда қабул қилинишини таъминлайди;

саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида, путур етказмайдиган назорат бўйича, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш талаблари мавжуд бўлган норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва белгиланган тартибда келишади;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича корхоналар, объектларни тугатиш ва консервация қилишда ер қаъридан фойдаланувчилар бажариши шарт бўлган техник талабларни (фойдали қазилмалар конларидан фойдаланишда ишларнинг хавфсизлиги ва иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиш учун яроқли бўлган кон ишланмаларини сақлаб қолиш юзасидан) белгилайди;


ж) халқаро ва хорижий ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятига тааллуқли бўлган халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш соҳасида:

саноатда, кон назоратида, атом энергетикаси ва илмий тадқиқотларда ишларни хавфсиз олиб бориш устидан назорат қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилади, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ташкилотлар, бошқа мамлакатларнинг тегишли назорат органлари билан белгиланган тартибда алоқа қилади;

атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, кимёвий, бактериологик (биологик) ва заҳарли қурол-яроғни тақиқлаш, шунингдек, кимёвий, биологик, радиологик ва ядро материалларининг таъсири хавфини пасайтириш бўйича халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди;


з) техника ва технологияларнинг жадал ривожланишини ҳисобга олган ҳолда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги соҳаларида фаолиятни амалга оширувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш соҳасида:

саноат хавфсизлиги соҳасида ходимларнинг малакасини тизимли асосда оширади, шунингдек, техника ва технологияларни динамик ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида мутахассислар тайёрлашни ташкил этади;

хавфли ишлаб чиқариш объектлари, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида атом энергетикаси объектлари, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида, путур етказмайдиган назорат бўйича, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш бўйича ходимларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш (билимларни текшириш) тартибини тасдиқлайди;

кон, портлатиш ишларини бажариш ва раҳбарлик қилиш ҳуқуқига тайёрлашни ва ўқитишни ташкил этади ва амалга оширади ҳамда белгиланган тартибда портлатувчининг ягона дафтарчалари берилишини ташкил этади;

истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда ходимларнинг малакаси оширилишини ташкил этади ва уларнинг билимларини текширишда иштирок этади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси унга юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда ўзининг таркибий бўлинмалари орқали амалга оширилади.


§ 2. Марказий аппаратининг вазифалари

ва функциялари


12. Қуйидагилар марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлаш;

2) саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда қабул қилишни ташкил этиш;

3) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича комплекс давлат дастурлари ва тармоқ дастурлари, чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш учун белгиланган тартибда келишиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш;

4) радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш;

5) юридик ва жисмоний шахслар томонидан саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги, углеводород хом ашё қаъридан фойдаланиш ва уларни қўриқлаш масалалари бўйича, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил этиш;

6) саноат, радиация хавфсизлиги, атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида фаолиятни лицензиялаш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш, рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш, хавфли ишлар, хавфли товарлар ва моддалар, портловчи материалларни ишлаб чиқариш, уларнинг айланиши соҳасида ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган бошқа соҳаларда ишларини ташкил этиш;

7) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

8) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибий бўлинмаларининг юкланган вазифаларни ижро этиш юзасидан бошқа вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

9) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тизими учун олий, касб-ҳунар маълумотли малакали кадрлар тайёрлаш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

10) назорат остидаги объектларда саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


13. Марказий аппарат инспекцияси ҳамда Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти:

кўмир, кон-руда ва норуда, кимё, металлургия, нефть-газ қазиб олиш, нефть-газни қайта ишлаш саноатида, геология-қидирув ишларида, магистраль нефть ва газ қувурларида, ишлаб чиқариш циклида газдан фойдаланишда, портлаш-ёнғин хавфи бўлган объектларда, шу жумладан, донни сақлаш ва қайта ишлаш объектларида, ер ости транспорти ва гидротехника қурилишини олиб боришда, хавфи юқори бўлган қурилиш объектларида ва портлаш-ёнғин хавфи бўлган объектларда;

саноат портловчи моддалари ва портлатиш воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олишда;

магистраль нефть ва газ қувурларини, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари газ билан таъминлаш тизимларини, шунингдек, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган (пропан-бутан) газларини ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ объектларда лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва таъмирлашда;

углеводород хомашё қаъридан фойдаланишда ва уни муҳофаза қилишда, уларни излашда, нефть ва газ қудуқларини бурғулашда, уларни синаб кўришда ва фойдаланишга тайёрлашда;

портлаш ва ёнғин чиқиши хавфи бўлган назорат остидаги ишлаб чиқаришлар ва объектларни қуриш, реконструкция қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлашда;

радиоактив материаллар ва рудаларни (ваколати бўйича), ионлаштирувчи нурланиш манбалари мавжуд бўлган буюмларни ташиш, сақлаш, фойдаланиш, кўмиш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва ҳисобга олишда, ядро объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва фойдаланишдан чиқаришда, ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи ёки уларни олувчи объектлардан фойдаланишда;

ер ости иншоотларини, буғ ва сув иситиш қозонларини, босим остида ишлайдиган идишларни, буғ ва иссиқ сув учун сув қувурларини, шунингдек, бошқа назорат остидаги объектларни тайёрлаш, монтаж қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишда;

ўз ваколатига мувофиқ хавфли юклар ва портловчи моддаларни транзит ташишда;

истироҳат боғлари аттракционларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва фойдаланишда;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари айланиши ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни амалга оширишда давлат назоратини ташкил этади ва амалга оширади.


14. Марказий аппарат унга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) Давлат геология қўмитаси ва унинг раҳбарияти фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ҳукумат қарорлари ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан бажарилиши устидан тизимли назорат қилиш;

3) Давлат геология қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган ҳужжатлар сифатли ва ўз вақтида пухта ишлаб чиқилишини ташкил қилиш;

4) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилиш, мувофиқлаштириш ва фаолияти устидан назорат қилиш;

5) Давлат геология қўмитаси фаолиятини, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш соҳасида ҳуқуқий таъминлаш;

6) оператив, ташкилий, кадрлар, молия, ишлаб чиқариш-хўжалик масалаларини ва Давлат геология қўмитасининг ваколатларига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳал этиш;

7) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш;

8) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳайъати (кейинги ўринларда ҳайъат деб аталади) мажлисларини ташкил этиш, мажлисларга, шу жумладан, ҳудудий бошқармалари, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан тақдим этилган ахборот-таҳлилий ва ҳисобот материалларини тайёрлаш;

9) фойдали қазилмаларни қазиб олиш корхоналари, объектларини тугатиш ва консервация қилишда ер қаъридан фойдаланувчилар бажариши мажбурий бўлган техник талабларни (ишларнинг хавфсизлиги, фойдали қазилма конларидан фойдаланишда ер қаърини муҳофаза қилиш ва иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиш учун яроқли бўлган кон қазилмаларини сақлаш юзасидан) белгилаш;

10) назорат остидаги объектлар томонидан саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланиш ишларини хавфсиз юритиш соҳасида, путур етказмайдиган назорат бўйича, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлар бажарилишини таъминлаш бўйича профилактик ишлар олиб бориш;

11) радиация ва ядро материаллари сақланишини таъминлаш устидан назорат қилиш;

12) радиоактив чиқиндиларни сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва кўмишда радиация ва ядро хавфсизлигини устидан давлат назоратини амалга ошириш;

13) дарёларнинг ўзанини тозалаш ва уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари хавфсиз олиб борилиши устидан белгиланган тартибда тизимли назоратни амалга ошириш;

14) корхоналар, Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми, фавворага қарши газ-қутқарув ва авария-диспетчерлик хизматларининг бўлиши мумкин бўлган аварияларни тугатишга ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёрлигини назорат қилиш, шунингдек, кўрсатиб ўтилган бўлинмаларнинг жойлашиши схемаларини келишиш;

15) хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлигини, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ объектларнинг хавфсизлигини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш;

16) назорат остидаги корхоналарни фойдаланишга қабул қилиш бўйича ишчи ва давлат комиссияларининг таркибида иштирок этиш, ушбу объектларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш;

17) республика даражасида ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг давлат ҳисоби ва назоратини ташкил этиш, уларнинг миллий реестрини юритиш;

18) буғ ва сув иситиш қозонларини, босим остида ишлайдиган идишларни, буғ ва иссиқ сув учун сув қувурларини, ер ости иншоотларини рўйхатдан ўтказиш, рўйхатдан ўтказилган ускуна реестрини юритиш;

19) ер қаъридан фойдаланишда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ишларни олиб бориш хавфсизлиги масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш, саноат хавфсизлиги соҳасида ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича эксперт ташкилотларни аккредитациядан ўтказиш;

20) ўз ваколатлари доирасида фаолиятнинг айрим турларига лицензия бериш учун таклифларни кўриб чиқиш ва тайёрлаш;

21) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган ишларининг айрим турларига белгиланган тартибда рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш ва бекор қилиш учун хулосалар тайёрлаш;

22) ер қаъридан фойдаланишда, углеводород хом ашё фойдали қазилмаларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ишларни хавфсиз юритиш масалалари бўйича илмий тадқиқотлар дастурларини ва мутахассислар тайёрлаш бўйича дастурларни шакллантириш ва келишишда иштирок этиш;

23) марказий аппарат ва таркибий бўлинмалар ходимларининг меҳнат интизомига, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиши устидан назорат қилиш;

24) ҳайъат қарорлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг буйруқлари, фармойишлари ва кўрсатмалари унинг таркибий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан ижро этилишини назорат қилиш;

25) таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти бўйича зарур ахборотни тайёрлаш ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбариятига тақдим этиш;

26) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида, путур етказмайдиган назорат бўйича, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари ва бошқа шахслар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

27) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг фаолиятини амалга оширишда олинган ахборотнинг ва натижаларнинг махфийлигини таъминлаш;

28) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш;

29) давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини жорий этиш;

30) ўзининг расмий веб-сайтида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолияти тўғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда жойлаштириш.



§ 3. Ҳудудий бошқармалар ва кон-техника

инспекцияларининг вазифалари ва функциялари


15. Қуйидагилар ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекцияларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекцияларига юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш;

2) ўз ваколатлари доирасида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар деб аталади) билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

3) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда давлат назоратини амалга ошириш.


16. Ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекциялари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

1) фойдали қазилмаларни қазиб олиш корхоналари, объектларини тугатиш ва консервация қилишда ер қаъридан фойдаланувчилар бажариши мажбурий бўлган техник талабларни (ишларнинг хавфсизлиги, фойдали қазилма конларидан фойдаланишда ер қаърини муҳофаза қилиш ва иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиш учун яроқли бўлган кон қазилмаларини сақлаш юзасидан) белгилаш;

2) юридик ва жисмоний шахслар томонидан саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда, шунингдек, геология-қидирув ишлари, ер қаъридан хавфсиз фойдаланиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, минерал хом ашёни қайта ишлаш, бурғулаш-портлатиш ишлари, саноатда ишлатиладиган портловчи материалларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва қўллаш билан боғлиқ ишларни хавфсиз олиб бориш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширади;

3) ўз ваколатлари доирасида фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия талабгоридаги мавжуд шарт-шароитлар ва талабларни жойнинг ўзига чиқиб текширади;

4) ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекциялари ваколатига кирадиган ишларнинг айрим турларига рухсатномалар беради, бериш учун таклифлар тайёрлайди ва рухсатномаларни белгиланган тартибда бекор қилади;

5) нефть-газ қудуқларини қабул қилиш ва фойдаланиш учун бериш, тугатиш ва консервация қилиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади;

6) ишларнинг алоҳида масъул технологик босқичларини ва технологик регламентларни юритиш бўйича ишлар режаларини кўриб чиқиш ва келишишда иштирок этади;

7) техноген зоналарнинг давлат кадастри юритилиши, шунингдек, техноген хавфлилиги юқори бўлган зоналар тўғрисидаги ахборотнинг тўпланиши, таҳлил қилиниши, ҳисобга олиниши ва янгиланиши устидан назорат қилади;

8) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.



4-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИ ВА УНИНГ ТАРКИБИЙ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


§ 1. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


17. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси унга юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;

2) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

3) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан сўраш ва олиш;

4) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул олиш;

5) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унга идоравий мансуб тузилмаларнинг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш;

6) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг, унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини тегишли соҳада улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар улар томонидан бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;

7) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун киритиш;

8) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни тузиш;

9) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибига кирадиган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш;

10) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси назорати остидаги объектларга тўсиқсиз кириш;

11) хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги, радиация ва ядро хавфсизлиги, шунингдек, ер қаъридан фойдаланишда, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш талабларига риоя қилиш ҳолати устидан белгиланган тартибда назорат қилиш (текшириш);

12) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талаблари бузилган ҳолда олиб борилаётган ёки аварияларни юзага келтириши мумкин бўлган ишларни тўхтатиб қўйиш, шунингдек, одамларнинг ҳаётига хавф туғилганда ёки авария вазиятларида одамларни иш ўринларидан чиқариш;

13) ўз ваколатлари доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бузилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва жисмоний шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш;

14) назорат остидаги корхоналарнинг, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг назорати остидаги объектларга эга бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, углеводород хом ашё қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида ижро этиш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

15) назорат остидаги ишлаб чиқаришлар учун ходимлар тайёрлаш бўйича курслар, шунингдек, кон ишлари ва портлатиш ишларини бажариш ва раҳбарлик қилиш ҳуқуқига мутахассислар тайёрлаш бўйича курсларни ташкил этиш, алоҳида хавфли ишларни бажариш учун тайёргарликдан ўтган шахсларга тегишли гувоҳномалар, портлатувчининг ягона дафтарчаларини бериш;

16) назорат остидаги объектларда ходимларнинг хавфсизлик қоидалари ва нормаларини, технологик регламентларни, ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни билишини текшириш, назорат остидаги корхоналарнинг раҳбарлари ва ходимларининг, шу жумладан, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрловчи ва қайта тайёрловчи ходимларнинг саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ва ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш қоидалари ва нормаларини билишини текширишда;

17) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича хавфли ишлаб чиқариш объектларини ишлатувчи ташкилотларнинг раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш;

18) саноат хавфсизлиги экспертизасини ўтказиш ҳуқуқига аккредитация аттестатини белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш, амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилиш;

19) фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензияларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш, амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш;

20) рухсат берувчи тусдаги ҳужжатнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ва тўхтатиш, бекор қилиш;

21) саноат хавфсизлиги экспертизасининг қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда тайёрланган хулосаларини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш;

22) саноат хавфсизлиги соҳасида эксперт гувоҳномаларини белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш, амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилиш;

23) саноат хавфсизлиги соҳасида аккредитация қилинган эксперт ташкилотлари фаолиятини инспекцион назорат қилиш;

24) назорат остидаги объектлар, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланишда қоидалар, йўриқномалар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларини бузаётган шахсларнинг меҳнат шартномасини тўхтатиш, интизомий жазо бериш ёки ишларга техник раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан бир йилгача бўлган муддатда маҳрум қилиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

25) ионлаштирувчи нурланиш манбаларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини яратиш, ишлаши, методик таъминланиши ва такомиллаштирилиши билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш;

26) айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш;

27) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича аварияларнинг, ишлаб чиқариш жароҳати ҳолатларининг, портловчи моддалар йўқолишининг ҳолатлари ва сабабларини белгиланган тартибда суриштириш ва суриштириш натижалари бўйича бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

28) зарурат бўлганда ташкилотлар томонидан ускуналар ва материалларни назорат тартибида синашни, ишчи ва атроф табиий муҳит таҳлилини, лойиҳа ва лойиҳа-конструкторлик ечимларининг мустақил экспертизасини тайинлаш;

29) тайёрловчи заводларда ва таъмирлаш корхоналарида саноатнинг назорат остидаги тармоқлари учун ускуналарнинг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текшириш, уларнинг саноат, радиация хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормалари талабларига ва тасдиқланган лойиҳа ечимларига мувофиқ бўлмаган ҳолларда ишлаб чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ва қўлланилишини тақиқлаш;

30) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлардан зарур ахборотни олиш;

31) мансабдор ва жисмоний шахсларда ишларга техник раҳбарлик қилиш ва уларни бажариш ҳуқуқини берадиган тегишли ҳужжатлар мавжудлигини, хавфлилиги юқорилиги билан боғлиқ ишлар учун махсус белгиланган талабларга риоя қилинишини текшириш;

32) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар билан келишув бўйича уларнинг мутахассисларини ишлаб чиқаришларнинг, объектлар ва ишларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ мустақил экспертизалар ва ишланмалар ўтказиш учун шартнома асосида жалб этиш.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг давлат инспекторлари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишида назорат остидаги объектлар уларни хизмат хоналари, алоқа воситалари, навбатчи махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари, транспорт билан таъминлайдилар, ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекцияларининг уларга доимий бириктирилган инспекторларига эса коммунал хизматлар кўрсатиладиган ва телефон алоқаси бор бўлган идоравий турар жой берилишида кўмаклашадилар, шунингдек, идоравий болалар мактабгача ва санатория-курорт муассасаларидан жой берадилар, тиббий хизмат кўрсатиш ва ижтимоий-маиший таъминлаш масалаларини ҳал этадилар;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.


18. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси:

1) юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланиш ишларини олиб боришнинг хавфсизлиги, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

2) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

3) ер қаъридан фойдаланишда ишларнинг хавфсизлигини, саноат ва радиация хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва кўрсатиб ўтилган соҳада ҳудудларнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга оширилиши;

4) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш.



§ 2. Марказий аппаратнинг ҳуқуқлари

ва жавобгарлиги


19. Марказий аппарат унга юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

1) масалаларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни, шунингдек, марказий аппаратда кўриб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлардан сўраш ва олиш;

2) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида кўриб чиқиладиган масалаларни пухта ишлаш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун зарур бўлганда ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимларини белгиланган тартибда жалб қилиш, шу мақсадда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

3) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлардан улар томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлашни талаб қилиш, зарурат бўлганда уларни қайта ишлаш учун қайтариш;

4) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимлари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

5) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг назорат остидаги объектлари ва таркибий бўлинмалари раҳбарларига тезликда ҳал қилиниши талаб этиладиган ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган масалалар юзасидан белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

6) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва унинг раҳбариятининг топшириқлари ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан бажарилиши юзасидан уларнинг фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш ҳуқуқига эга.

Марказий аппарат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Марказий аппарат:

1) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари билан биргаликда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини таъминлаш;

2) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг тайёрланиши сифати ва экспертизадан ўтказилиши;

3) саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, углеводород хом ашё қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, шунингдек, кўрсатиб ўтилган соҳада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва ҳудудларнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилишини ташкил этиш;

4) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилинишини таъминлаш;

5) ҳайъат фаолияти самарали ташкил этилиши учун жавоб беради.



§ 3. Ҳудудий бошқармалар ва кон-техника

инспекцияларининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


21. Ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекцияларининг уларга юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

1) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

2) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул олиш;

3) хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги, радиация ва ядро хавфсизлиги, шунингдек, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш талабларига риоя этилиши ҳолати устидан назорат қилиш;

4) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талаблари бузилган ҳолда ёки аварияларни юзага келтириши мумкин бўлган ҳолда олиб борилаётган ишларни тўхтатиб қўйиш, шунингдек, одамларнинг ҳаётига хавф туғилганда ёки авария вазиятларида уларни иш ўринларидан олиб чиқиш;

5) ўз ваколатлари доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бузилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш;

6) назорат остидаги корхоналарнинг, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг назорати остидаги объектларга эга бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига саноат ва радиация, углеводород хом ашё қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида ижро этиш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

7) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланганда, одамларнинг ҳаётига хавф туғилганда ва техноген аварияларда ишлаб чиқаришлар, ускуналар, техник қурилмалар ишини тўхтатиб қўйиш, шунингдек, одамларнинг ҳаётига хавф туғилганда ёки авария вазиятларида уларни иш ўринларидан олиб чиқиш;

8) назорат остидаги объектлар учун ходимлар тайёрлаш бўйича курсларни, шунингдек, кон ва портлатиш ишларини масъулиятли юритиш ҳуқуқи учун мутахассислар тайёрлаш бўйича курсларни ташкил этиш, алоҳида хавфли ишларни бажариш учун тайёргарликдан ўтган шахслардан имтиҳонлар қабул қилиш ва тегишли гувоҳномалар бериш;

9) назорат остидаги объектларда ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича хавфсизлик қоидалари ва нормаларини, технологик регламентларни, йўриқномаларни билишни текшириш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги ва ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш қоидалари ва нормаларини назорат остидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари, шу жумладан, саноат хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи раҳбарлар ва ходимларнинг билимларини текширишда иштирок этиш;

10) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича хавфли ишлаб чиқариш объектларини ишлатаётган ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

11) фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензияларнинг (рухсат берувчи тусдаги ҳужжатнинг) амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш ёки лицензияларни (рухсат берувчи тусдаги ҳужжатни) белгиланган тартибда бекор қилиш учун таклифлар тайёрлаш ва марказий аппаратга тақдим этиш;

12) айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш;

13) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича аварияларнинг, ишлаб чиқариш жароҳати ҳолатларининг, портловчи моддалар йўқолишининг ҳолатлари ва сабабларини белгиланган тартибда суриштириш ва суриштириш натижалари бўйича бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

14) зарурат бўлганда ташкилотлар томонидан ускуналар ва материалларнинг назорат синовларини ўтказишни, ишчи ва атроф табиий муҳит таҳлилларини, лойиҳа ва лойиҳа-конструкторлик ечимларининг мустақил экспертизасини тайинлаш;

15) мансабдор ва жисмоний шахсларда ишларга техник раҳбарлик қилиш ва уларни бажариш хавфлилик юқорилиги билан боғлиқ ишлар учун махсус белгиланган талабларга риоя қилиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжатлар мавжудлигини текшириш;

16) буғ ва сув иситиш қозонларини, босим остида ишлайдиган идишларни, буғ ва иссиқ сув қувурларини ва кўтариш иншоотларини, кон қазувчи ва қайта ишловчи ускуналарни, майдалаш қурилмаларни, кон-транспорт техникасини, шунингдек, истироҳат боғлари аттракционларини рўйхатдан ўтказиш.

Ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекциялари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22. Ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекциялари:

1) уларга юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

2) ўтказиладиган назорат-профилактика тадбирларининг, шунингдек, ҳудудий бошқармалар ва кон-техника инспекциялари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

3) бўлиши мумкин бўлган авариялар, нохуш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлашни, аниқланган муаммолар ва камчиликларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида углеводород хом ашё ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

4) саноат, радиация хавфсизлигини таъминлаш, углеводород хом ашё ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши;

5) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ва уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жавоб беради.



5-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИ РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


23. Қуйидагилар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

2) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ва назорат қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) хавфли ишлаб чиқариш объектларида, радиациявий хавфли объектларда ва атом энергиясидан фойдаланиш объектларида бўлиши мумкин бўлган авариялар, нохуш ва бахтсиз ҳодисалардан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

5) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларини бажариш;

7) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

8) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ярим йиллик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

10) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тизимида ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, шунингдек, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг кадрлар захирасини шакллантириш;

11) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

12) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги, углеводород хом ашё ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, улар "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида пухта ишланиши ва ҳимоя қилинишида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

13) "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

14) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ва норматив ҳужжатларни қабул қилиш, зарурат бўлганда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар қабул қилиш;

15) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий экспертизадан ва бошқа экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламентида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда уларни келишиш (виза қўйиш);

16) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

17) ўз ўринбосарлари ҳамда таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, ҳайъат мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

18) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолишининг мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

19) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимлари томонидан Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

20) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

21) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳамда унинг таркибий бўлинмалари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

22) аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда, шу жумладан, "ягона дарча" принципини жорий этиш орқали давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ҳамда улардан эркин фойдаланишни ошириш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

23) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

24) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

25) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

26) марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалар тузилмасига зарурат бўлганда бошқарув ходимларининг белгиланган штатдаги сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

27) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни (уставларни) белгиланган тартибда тасдиқлаш, Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми тўғрисидаги низом бундан мустасно;

28) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибий бўлинмаларнинг ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

29) Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисмининг авариялар ичидаги одамларни қутқаришга, юзага келаётган аварияларни локализация қилиш ва оқибатларини бартараф этишга ва корхоналарда авария-техник ишларни бажаришга тайёрлигини таъминлаш бўйича Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми штаби устидан назорат қилишни ташкил этиш;

30) ушбу Низомда белгиланган, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш, шунингдек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида барча юридик ва жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга риоя қилиши устидан давлат назоратини янада таъминлаш бўйича Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

31) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасини моддий-техник жиҳозлашни яхшилаш ишларини амалга ошириш;

32) меҳнат ва ижро интизомини ошириш, кадрлар жой-жойига қўйилишини таъминлаш, шунингдек, ходимларга юкланган вазифаларни бажариш бўйича уларнинг шахсий масъулияти бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш;

33) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолиятни лицензиялаш мақсадида экспертиза бўйича ишларни бажариш учун хорижий ихтисослаштирилган институтлар ва компанияларни, шунингдек, хорижий мутахассислар ва экспертларни жалб этиш.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


24. Қуйидагилар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

2) раис вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

3) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

4) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятининг мутасаддилик қилинадиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

5) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

6) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг ярим йиллик режаларини тасдиқлаш, улар бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида ижро интизоми бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

8) ҳайъат қарорлари, раиснинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

9) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича раисга таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

10) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда раиснинг топшириғига биноан иштирок этиш;

11) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни пухта молиявий, иқтисодий ва ҳуқуқий экспертизадан ва бошқа экспертизадан ўтказиш;

12) хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

13) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, ҳайъат мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

14) фаолият соҳасига тегишли масалалар бўйича Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни раисга киритиш;

15) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни раисга киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

16) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

17) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

18) давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифларни раисга киритиш;

19) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

20) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

21) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

22) ушбу Низомда белгиланган, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш, шунингдек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланишда ишларни хавфсиз юритиш соҳасида профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга риоя қилиши устидан давлат назоратини янада таъминлаш бўйича Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

23) ижро интизомининг ҳолатини, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини таҳлил қилиш бўйича ҳар ҳафтада аппарат йиғилишларини ўтказиш;

24) раиснинг оператив топшириқларини бажариш.

Раиснинг ўринбосари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


25. Қуйидагилар марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

2) таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

4) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида назорат-профилактик ишлар ва бошқа тадбирлар бажарилишини тизимли таҳлил қилиш ва таркибий бўлинмалар томонидан кўрсатиб ўтилган соҳаларда бахтсиз ҳодисалар ва аварияларнинг олдини олишга ва уларни қисқартиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши бўйича таклифларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбариятига киритиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

6) ҳайъат қарорлари, раис ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

7) таркибий бўлинмаларнинг ярим йиллик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

8) таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;

9) таркибий бўлинмалар фаолиятига оид масалалар юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун раисга киритиш;

10) таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда раис ўринбосарларига таклифлар тақдим этиш, профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

11) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

12) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;

13) хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

14) таркибий бўлинмалар ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

15) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, таркибий бўлинмалар ходимлари ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

16) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

17) давлат хизматларининг самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбариятига киритиш;

18) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

20) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


26. Қуйидагилар ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

2) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назорат қилиш, ушбу таркибий бўлинмаларга қонун ҳужжатлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг қарорлари билан юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) хавфли ишлаб чиқариш объектларида ва радиациявий хавфли объектларда бўлиши мумкин бўлган авариялар, нохуш ва бахтсиз ҳодисалардан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ўз ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

5) ҳайъат қарорлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбарларининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

6) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

7) ўз ўринбосарларининг ваколатлари ва вазифаларини белгилаш, ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилаш, ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

8) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар, шунингдек, ўз ўринбосарларининг фаолияти режалаштирилишини ҳамда ярим йиллик иш режалари тасдиқланишини ташкил этиш, улар бажарилиши устидан назорат қилинишини таъминлаш;

9) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрлар захирасини шакллантириш;

10) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбарияти номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларга ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионализми, ўз ишини билиши, амалий тажрибаси, ишбилармонлик ва маънавий-ахлоқий сифатларининг юқори даражаси кафолатланганлигини таъминлаш;

11) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимларда бундан кейин бўлиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

12) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Одоб ахлоқ қоидаларига риоя этишини таъминлаш;

13) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали ҳудудий бўлинмалар тизимида "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

14) саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида назорат-профилактика ишлари ва бошқа тадбирлар бажарилишини тизимли таҳлил қилиш ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбариятига кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган соҳаларда нохуш ҳодисалар ва аварияларнинг олдини олиш ва уларни қисқартиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши бўйича таклифлар киритиш;

15) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

16) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига оид масалалар бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбариятига киритиш;

17) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган барча мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

19) ҳудудий бошқармалар ходимлари лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, уларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга интизомий чора қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифларни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбариятига киритиш;

20) давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.



6-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИ РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


27. Раис:

1) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

2) ушбу Низомда назарда тутилган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомда белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


28. Раиснинг ўринбосарлари:

1) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

2) ушбу Низомда назарда тутилган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг мутасаддилик қилинадиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомда белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


29. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

1) тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

2) ушбу Низомда назарда тутилган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси марказий аппарати жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомда белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


30. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларининг раҳбарлари:

1) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

2) ушбу Низомда назарда тутилган ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг жавобгарлиги соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомда белгиланган ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.



7-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси

раҳбарияти


31. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади.


32. Раиснинг икки нафар ўринбосари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бир нафар ўринбосари бўлади.

Раис мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси вазирига, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига ва вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.


33. Раис бўлмаган вақтда унинг ваколатлари вазифалар тақсимотига биноан унинг ўринбосарлари томонидан бажарилади.


34. Раис:

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни (уставларни) белгиланган тартибда тасдиқлайди, Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми тўғрисидаги низом бундан мустасно;



§ 2. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси марказий

аппарати таркибий бўлинмаларининг ҳудудий

бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва

идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро

ҳамкорлиги тартиби


35. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.


36. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиб:

1) топшириқларни ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

2) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларга таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

3) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолияти амалиётини текширади ва ўрганади, натижаларни умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

4) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

5) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўради;

6) ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлардан тушган таклифларни кўриб чиқади;

7) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар иштирокини ташкил этади, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.

8) авариялар, ишлаб чиқариш жароҳатлари ҳоллари, портловчи материаллар йўқолиши ҳолатлари ва сабаблари суриштирилишини ташкил этади ва назорат қилади, уларнинг натижалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди.


37. Ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

1) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида ахборот беради;

2) фаолиятнинг белгиланган соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;

3) уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида аниқланган ишдаги камчиликларни ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида ахборот беради;

4) ўз иши натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда марказий аппаратга тақдим этади;

5) саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ёқилғи-энергетика комплексини ва саноатнинг базавий тармоқларини янада ривожлантириш бўйича муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган таклифларни марказий аппаратга юборади;

6) ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида ахборот беради;


38. Марказий аппарат таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар раиснинг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар кўрсатиб ўтилган кўриб чиқишдан кейин келишмовчиликлар тартибга солинмаса, у бўйича қарор бевосита раис томонидан қабул қилинади.



§ 3. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бошқа

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий

давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби


39. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


40. Ҳудудий бошқармалар, кон-техника инспекциялари ва идоравий мансуб ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.


41. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мутасаддилик қилинади.



§ 4. Ҳайъат


42. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек, фаолиятнинг асосий йўналишларига мутасаддилик қилувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби раиснинг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


43. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

техник жиҳатдан тартибга солиш, саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кон назорати соҳасида профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, кон назорати соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахсларнинг риоя қилиши устидан давлат назоратини таъминлаш бўйича ушбу Низомда белгилаб берилган Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, улар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш;

Ҳайъат Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.


44. Ҳайъат йиғилишларига Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилишлари мумкин.


45. Ҳайъат, агар унинг йиғилишида ҳайъат аъзолари таркибининг ярмидан ортиғи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарор оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


46. Ҳайъат қарорлари раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юз берган тақдирда раис юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда қарорни мустақил қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


47. Ҳайъатнинг фаолият юритиш тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.



8-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


48. Марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар, Ангрен кон-техника инспекцияси фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари, фаолият ихтисослиги бўйича, шу жумладан, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, қонун ҳужжатларига тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


49. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар ва рағбатлантирувчи тусдаги қўшимча ҳақлар раис томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ тўланади.


50. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.


51. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларига Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига узлуксиз иш стажи (узоқ муддат узлуксиз хизмати) учун қуйидагича устамалар тўланади: 3 йилдан 5 йилгача лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида; 5 йилдан 10 йилгача - 35 фоизи; 10 йилдан 15 йилгача - 50 фоизи; 15 йил ва ундан юқори - 60 фоизи миқдорида.


52. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг фаолият самарадорлигининг энг юқори кўрсаткичларини таъминлаган ходимларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига улар лавозим маошларининг икки баравари миқдорида шахсий устамалар белгиланади.


53. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимларига Ўзбекистон Республикасининг тегишли минтақаларида жойлашган назорат остидаги ташкилотлар ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда иш ҳақига туман (ҳудудий) коэффициентларига мувофиқ устамалар тўланади.


54. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг инспекторлар таркибига ва ходимларига фарқлаш белгилари бўлган формали кийим-бош ва ягона намунадаги гувоҳнома белгиланган тартибда берилади.



9-БОБ. САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИНИНГ ТЕГИШЛИ

БЎЛИНМАЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ОЛДИДА ҲИСОБОТ БЕРИШИ


55. Раис Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.


56. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмаси раҳбари Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раҳбарлари томонидан уларга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича улар фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятига холисона баҳо беради.


57. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача жавобгарликка тортилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


58. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасини қайта ташкил қилиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 февраль