язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.02.2019 й. 75-сон "Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.02.2019 й.

N 75



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ДАВЛАТ

ҚЎМИТАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5594-сон Фармонини ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4058-сон қарорини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни ва ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг Олмалиқ кон-техника инспекцияси ва Қизилқум кон-техника инспекциясини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш тегишли равишда "Олмалиқ КМК" АЖ ва "Навоий КМК" ДК маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг Олмалиқ кон-техника инспекцияси ва Қизилқум кон-техника инспекцияси ходимлари таркиби тегишли равишда "Олмалиқ КМК" АЖ ва "Навоий КМК" ДКнинг штатдаги ходимлари сонига киритилади;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги таъминланиши устидан назоратни амалга оширувчи мансабдор шахслари назорат тармоғига қараб назорат остидаги объектларга бириктирилади;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги таъминланиши устидан назоратни амалга оширувчи мансабдор шахсларининг меҳнат шароитлари бўйича кафолатлар ва преференциялар назорат остидаги объектларда меҳнат шароитлари ва ускуналарнинг жароҳат етказиши хавфи бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш натижаларига мувофиқ белгиланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                            А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 1 февралдаги

75-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб ҳисобланган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 29 майдаги 114-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 5-сон, 25-модда).


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" 2011 йил 11 майдаги 131-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2011 й., 5-сон, 33-модда).



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 февраль