ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Чиқиндиларни қайта ишлаш /

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш Қоидалари (ЎзР ВМ 06.02.2019 й. 95-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 февралдаги

95-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва

олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни (кейинги ўринларда маиший чиқиндилар деб аталади) тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Қоидалар радиоактив ва биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш ва зарарли моддаларни сув объектларига оқизиб юбориш билан боғлиқ ишлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга келтириладиган муносабатларга татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун жисмоний шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими (кейинги ўринларда Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими деб аталади) - қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни тўловчи - жисмоний шахслар, уларнинг қарздорликлари, шунингдек, тўланган ва ундирилган мажбурий тўловлар ҳисобини юритиш учун мўлжалланган маълумотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлашнинг ягона электрон тизими;


суюқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилган турли хил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари);


хизмат кўрсатиш зонаси - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш учун тегишли хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилган туман (шаҳар) ҳудуди;


йирик габаритли маиший чиқиндилар - жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган мебеллар, маиший техникалар (совуткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва шу кабилар), ташкилий техникалар (компьютерлар, принтерлар ва шу кабилар), техник ускуналар, автотранспорт воситаларини алмаштириш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар, шунингдек, дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва ўлчамлари бўйича 0,75 куб. метр ҳажмли контейнерларга жойлаштиришнинг имкони бўлмаган қурилиш чиқиндилари;


хизмат кўрсатувчи ташкилот - ўзига бириктирилган ҳудудда истеъмолчиларга қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилот;


истеъмолчи - хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилган ҳудудда доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган ва унга оммавий шартнома асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиладиган жисмоний шахс, шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилот билан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишга шартнома тузган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;

чиқиндиларни қайта ишлаш - чиқиндиларни экологик жиҳатдан бехатар сақлаш, ташиш ёки утилизация қилиш мақсадида уларнинг физик, кимёвий ёки биологик хусусиятларини ўзгартириш билан боғлиқ технологик операцияларни амалга ошириш;


қурилиш чиқиндилари - турар жой уйлари, маъмурий бино, кўп квартирали уй квартираларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва бузиш ишларини амалга оширишда ҳосил бўладиган чиқиндилар;


смёт - йўл қопламаларининг емирилиш ва едирилиш маҳсули, чанг, тупроқ, тўкилган хазонлар, чиқинди қутилари ичидаги чиқиндилар, сув оқиб тушадиган қудуқлардаги чўкиндилар;


"сигнал" усули - чиқинди ташиш техникаси билан аҳоли яшаш пунктларини айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан истеъмолчиларни хабардор қилиш орқали якка тартибдаги турар жой секторидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш;


қаттиқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек, уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар);


чиқиндиларни утилизация қилиш - чиқиндилар таркибидан қимматли моддаларни ажратиб олиш ёки чиқиндиларни иккиламчи хом ашё, ёқилғи, ўғит сифатида ва бошқа мақсадларда ишлатиш;


маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат - санитария ва экологик талабларга мувофиқ қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, жойлаштириш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва ташишни ўз ичига оладиган ишлар мажмуи.


4. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг сифати ушбу Қоидалар, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик ва қонунчиликда белгиланган бошқа мажбурий талабларга жавоб бериши лозим.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш ушбу Қоидаларга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ

БЎЙИЧА ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ


5. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш учун туман (шаҳар) ҳудудлари бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Бунда туман (шаҳар)лар ҳудудларини хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бириктириб қўйиш:

электрон танлов асосида - тегишли равишда Қорақалпогистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда электрон танлов ғолиби ўртасида Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш шартномасига;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда - Давлат экология қўмитаси) ҳудудий органлари билан хусусий шерик ўртасида тузиладиган Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ амалга оширилади.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун туман (шаҳар) ҳудудларини электрон танлов йўли билан бириктириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 765-сон қарори билан тасдиқланган Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

5-1. Бириктирилган ҳудудларда, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга шартнома (битим)лар томонлар келишуви асосида бекор қилинганлиги ёки унинг амал қилиш муддати тугаганлиги, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ташаббуси, суд қарори, банкротлик ҳолати ёки ўзгача тарзда хизмат кўрсатувчи ташкилот фаолияти тўхтатилган ҳолларда мазкур ҳудудларнинг Давлат экология қўмитаси таклифига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотларга уларнинг розилигига кўра, шартнома (битим)ларга қўшимча келишув асосида вақтинча бириктириб берилишига йўл қўйилади. Бунда:

шартнома (битим)ларга қўшимча келишув муддати мазкур ҳудуд ушбу Қоидаларнинг 5-банди талабларига мувофиқ белгиланган тартибда бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктириб берилгунига қадар амал қилади;

хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг мазкур ҳудудларга яқин жойлашуви, зарур миқдордаги соз чиқинди ташиш машиналарининг мавжудлиги, шартнома (битим) шартларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиш ҳолатига устуворлик қаратилади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот ўзгарган ҳудудлардаги мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликларни бартараф этиш шартлари тегишли шартнома (битим)ларга қўшимча келишувларда назарда тутилади. Бунда, фаолияти тугатилган хизмат кўрсатувчи ташкилот ва ҳудуд бириктирилаётган янги хизмат кўрсатувчи ташкилот келишуви асосида дебитор ва кредитор қарздорликлар бўйича солиштирма далолатнома тузилади. Мазкур далолатномада ундирув (ҳисоб-китоб) миқдори, муддатлари, шунингдек, ундирув билан боғлиқ харажатларни қоплаш шартлари белгиланади.

6. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш ушбу Қоидалар ва шартнома (битим)ларга мувофиқ амалга оширилади.

Бунда, аҳолига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартнома (битим), шунингдек, жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун хизматлар кўрсатиш бўйича оммавий шартнома асосида амалга оширилади.

Кўчмас мулкдан фойдаланилганда маиший чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлардан фойдаланиш учун мазкур кўчмас мулк хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузадилар.

Кўчмас мулк эгаси ёки мулкдори (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор)нинг маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси мавжуд бўлган тақдирда, кўчмас мулк эгаси ёки мулкдори қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш учун ихтисослаштирилган қаттиқ маиший чиқинди полигонига эга бўлган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузади.

Ҳудудга тўлиқ хизмат кўрсатиш учун юк ташиш қувватини таъминлаб берадиган, талаб этиладиган миқдордаги техник жиҳатидан соз чиқинди ташиш машиналарининг етишмовчилиги билан боғлиқ зарур ҳолатларда, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланишда ҳосил бўлган чиқинди ва смётни олиб чиқиб кетиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан алоҳида шартномалар тузишлари мумкин. Агар шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларининг чиқинди ва смётни олиб чиқиб кетиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситаси мавжуд бўлса, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари чиқиндиларни ихтисослаштирилган полигонларга жойлаштириш ва кўмиш учун шартнома тузадилар.


7. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловлар Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг (кейинги ўринларда - Марказ) махсус банк ҳисобварағида ушбу Қоидаларнинг 5-бобига мувофиқ кейинчалик хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизматлари ҳақини марказлашган тартибда тўлаш учун жамланади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўлов, шунингдек, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тарифлари, дастлаб нархларни тартибга солувчи органлар (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бошқармалари) хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади, ушбу Қоидаларнинг 8-банди учинчи-бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

8. Қуйидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан келишилган нархларда алоҳида тўлов эвазига амалга оширилади:

суюқ маиший чиқиндилар;

йирик габаритли маиший чиқиндилар;

чорвачилик чиқиндилари;

қурилиш чиқиндилари ва тупроқ;

дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва смёт.

Бунда, мазкур бандда кўрсатилган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ўзининг хизмат кўрсатиш зонасидан ташқарида амалга оширилиши мумкин.



3-БОБ. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ,

САҚЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШГА

ДОИР ТАЛАБЛАР


9. Маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва сақлаш ушбу Қоидалар, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик талабларга мувофиқ ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланишни таъминловчи усулларда ёки уларни бошқа шахсларга топшириш (сотиш) орқали амалга оширилади.


10. Таркибида симоб бўлган лампалардан ёритиш учун фойдаланувчи истеъмолчилар таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини махсус ажратилган жойда тўплашни амалга оширадилар.

Таркибида симоб бўлган лампаларни тўплаш, лампаларга шикаст етказилишига имкон бермайдиган ва ундаги симобли моддаларнинг ҳаво муҳитига, сув таъминоти манбаларига, тупроқ ва озиқ-овқат маҳсулотларига тегиб кетишидан сақловчи махсус тараларда амалга оширилади, сўнгра хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг чиқинди тўплаш шохобчасида бунинг учун махсус ўрнатилган контейнерларга жойлаштирилади. Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан маиший чиқиндиларни "сигнал" усулида олиб чиқиб кетиш, таркибида симоб бўлган лампаларни тўплаш уларни автотранспортга алоҳида ва хавфсиз жойлаштиришни таъминлаган ҳолда бажарилади.

Чиқинди тўплаш шохобчаларида тўпланган, таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини утилизация қилишгача ташиш хизмат кўрсатувчи ва утилизация қилувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.


11. Ушбу Қоидаларнинг 8-банди учинчи - бешинчи хатбошиларида кўрсатилган чиқиндилар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан белгиланган, вақтинчалик махсус ажратилган жойларга йиғиб турилиши керак.

Тўкилган баргларни ёқиш қатъиян тақиқланади, улар махсус ажратилган жойлардан кўчадаги, уйлар олдидаги смёт билан бирга олиб чиқиб кетилади.


12. Чиқинди тўплаш шохобчаларини ташкил этиш, жойлаштириш ва улардан фойдаланиш, уларни контейнерлар билан жиҳозлаш, махсус майдончалар (ажратилган жойлар), қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш учун мўлжалланган контейнерлар сони ва турига доир талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Қоидалари билан тартибга солинади.



4-БОБ. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


13. Олиб чиқиб кетиладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажми қаттиқ маиший чиқиндилар вужудга келишининг тасдиқланган меъёрлари (кейинги ўринларда тўпланиш меъёрлари деб аталади) бўйича аниқланади.


14. Тўпланиш меъёри ўзгарувчан катталик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятларга, хизмат кўрсатилаётган объектлар демографик хусусиятларининг ҳамда ободлик даражаси ўзгариши билан боғлиқ бўлган ҳолатларда вақти-вақти билан, камида беш йилда бир маротаба қайта кўриб чиқилиши керак.

Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёри кўп квартирали ва якка тартибдаги турар жой уйлари бўйича - уйнинг ободлик даражасига (иссиқлик, газ таъминоти, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация мавжудлигига) қараб бир кеча-кундузда бир киши ҳисобига белгиланади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёри Давлат экология қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

15. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги аҳоли яшаш пунктлари, шаҳарнинг санитария ҳолати таъминланишини ва касаллик пайдо қилувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, жойлардаги иқлим шароитлардан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади, бунда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг чекланган муддати ўтиб кетмаслиги лозим.


16. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан - бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан "сигнал" усулида - уч кунда бир маротабани ташкил қилади.


17. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда белгиланади, бунда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг чекланган муддати ўтиб кетмаслиги лозим.


18. Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилинмаган ҳолатларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқа шахслар оператив тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўриш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг диспетчерлик хизматига буюртманома беришга, шунингдек, Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёки Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартнома шартларига мувофиқ тегишли чоралар кўриш ва кўрсатилган хизматлар натижадорлигини баҳолаш учун Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари ва Марказнинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишга ҳақли.

19. Марказнинг ҳудудий филиаллари хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилиниши юзасидан мониторинг (шу жумладан чиқинди ташиш машиналари ҳаракатини реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS)дан фойдаланган ҳолда) юритадилар ҳамда ҳисобини олиб борадилар.


5-БОБ. КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


20. Хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатаётган хизматлари учун тўлов (ушбу Қоидаларнинг 8-бандида назарда тутилган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари бундан мустасно) Марказнинг махсус банк ҳисобварағида жисмоний шахсларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловлари ҳисобига жамланган маблағлардан марказлашган тартибда амалга оширилади.

Бунда, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловлар жисмоний шахслар томонидан тўлов амалга оширилаётган, ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи санасидан кечикмай Марказнинг махсус транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва унинг махсус банк ҳисобварағида жамланади.

Тўловни ҳисоблаш тегишли даврларда амалда бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тарифлар бўйича амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан ушбу Қоидаларнинг 8-бандида назарда тутилган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловлар бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг банк ҳисоб рақамига 100 фоиз олдиндан тўлов асосида амалга оширилади.


21. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг банк ҳисоб рақамига 100 фоиз миқдорида ҳар ойлик олдиндан тўлов асосида амалга оширишлари шарт.


22. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар ҳақини марказлашган тартибда тўлаш Марказ томонидан тўлов топшириқномаларисиз автоматик тарзда амалга оширилади.

23. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар ҳақини марказлашган тартибда тўлаш жисмоний шахслардан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларнинг келиб тушишига кўра амалга оширилади. Бунда, Марказнинг махсус банк ҳисобварағида жамланган маблағлар:

хусусий сектордаги хизмат кўрсатувчи ташкилотларга - улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун келиб тушган мажбурий тўловларнинг 100 фоизи миқдорида;

давлат улуши бўлган хизмат кўрсатувчи ташкилотларга - улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун келиб тушган мажбурий тўловларнинг 90 фоизи миқдорида;

қолган маблағлар Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Бунда, банклар ва банклараро ҳамда бошқа тўлов тизимларидан фойдаланганлик учун ҳақ миқдори Марказ ва хусусий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан бир йўла ушлаб қолиниши мумкин.


6-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР - ҚАТТИҚ

МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ

ЧИҚИБ КЕТИШ БЎЙИЧА ХИЗМАТЛАР УЧУН

МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ ТЎЛОВЧИЛАРНИ,

ШУНИНГДЕК, МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР

БЎЙИЧА ҚАРЗДОРЛИКЛАРНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ТАРТИБИ


24. Жисмоний шахслар - қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни тўловчиларни (кейинги ўринларда абонентлар деб аталади), шунингдек, уларнинг қарздорликларини ҳисобга олиш Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида, ушбу бобда белгиланган тартибда амалга оширилади.


25. Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида қуйидаги маълумотлар онлайн тарзида шакллантирилади:

абонентлар тўғрисида (фамилияси, исми ва отасининг исми) уникал шахсий ҳисобварақларни берган ҳолда, шунингдек, уларнинг манзилларини ва паспорт маълумотларини (серияси, номери, берилган санаси ва паспортни берган органни) кўрсатган ҳолда. Бунда, Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига фақат хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат кўрсатиш зонасида доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган абонентлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади.

абонент хизмат кўрсатиш зонасига тааллуқли бўлган хизмат кўрсатувчи ташкилот тўғрисида;

абонент билан бирга доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар сони тўғрисида;

ҳар ой учун ва ортиб борувчи якун билан ҳисобланган мажбурий тўловлар суммаси тўғрисида. Бунда, мажбурий тўловлар суммасининг миқдори абонент билан бирга доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар сонини ҳисобга олган ҳолда, хизмат кўрсатиш давридаги бир ойда бир киши учун белгиланган тарифдан келиб чиқиб, Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида автоматик равишда ҳисобланади.

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларнинг амалда тўланганлиги, қарздорлик суммаси ва ортиқча тўланганлиги тўғрисида;

Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими ишлаши учун техник талабларга мувофиқ бошқа кўрсаткичлар тўғрисида.

Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими бир вақтнинг ўзида тўлов тўғрисидаги маълумотни Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида акс эттирган ҳолда тўловни амалга ошириш имконини берувчи банклар ва банклараро ҳамда бошқа тўлов тизимлари билан интеграция қилинади.

26. Давлат экология қўмитаси Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимининг бошқарилиши ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш учун жавобгардир.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига маълумотларнинг ўз вақтида киритилиши ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.

27. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов, жисмоний шахсларнинг ихтиёрига кўра, чекланмаган ҳолда, тижорат банклари ва тўловларни қабул қилиш кассалари, электрон тўлов тизими ва бошқа тўлов турлари орқали, нақд ва нақдсиз шаклда амалга оширилади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг якка тартибдаги ва кўп квартирали уйлар участкалари назоратчилари (кейинги ўринларда - назоратчилар) томонидан жорий мажбурий тўловлар ва улар бўйича қарздорликларни йиғиш (ундириш) Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида акс эттирилган, ҳисобланган суммалар тўғрисидаги маълумотлар бўйича амалга оширилади.

Бунда, жисмоний шахслардан тўловларни қабул қилиш назоратчилар томонидан Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида акс этган ҳолда, қоида тариқасида электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

28. Тўловлар назоратчилар ва тижорат банклари томонидан қабул қилинган сана тўлов амалга оширилган вақт ҳисобланади.

Тўлов электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилган тақдирда, пул маблағлари истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилган (транзакция) сана тўлов амалга оширилган вақт деб ҳисобланади.

Тўлов иш берувчи томонидан ходимларининг аризалари асосида иш ҳақидан чегириб қолиш йўли билан амалга оширилганда, ҳар бир истеъмолчи учун пул маблағлари ўтказилгандан кейин пул тўлаган ходимларнинг номи қайд этилган реестр хизмат кўрсатувчи ташкилотга тақдим этилган сана тўлов амалга оширилган вақт деб ҳисобланади.

29. Истеъмолчилар аванс тариқасида тўланган тўловлар учун, ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда, тўлов амалга оширилган санадан ўн икки ойдан ошмайдиган даврга қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод этиладилар.


30. Маблағлар ўз вақтида ўтказилмаган тақдирда муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун юридик шахслардан қарздорлик суммасининг 0,4 фоизи ва жисмоний шахслардан 0,1 фоизи миқдорида, бироқ қарздорлик умумий суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня ундирилади.

Пеняни ҳисоблаш истеъмолчининг аниқлаштирилган қарздорлик (тўланманган қарз) суммасидан, шунингдек белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлов ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб амалга оширилади.

Пеняни ҳисоблаш учун қарздорлик ҳосил бўлган ой аниқланади ва қарз тўланган ҳар бир ой бўйича муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня шу ойдан бошлаб ҳисобланади.


31. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларнинг қайта ҳисоб-китоби қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

ҳисоблашда ушбу Қоидаларнинг 32-бандида назарда тутилган хатоларга йўл қўйилганда;

истеъмолчига хизмат кўрсатилмаган ёки тегишли сифатда бўлмаган хизматлар кўрсатилганда;

доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар сонига ушбу Қоидаларнинг 37 ва 38-бандларида белгиланган тартибда тузатишлар киритилганда;

Суд қарори бўйича.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда амалга оширилади.

32. Ҳисоблашда қуйидаги хатоларга йўл қўйилганда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилади:

амалда тўланган сумма ва Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимидаги тўлов тўғрисидаги маълумот ўртасида тафовутлар мавжуд бўлганда;

тўлов суммаси нотўғри ҳисобланганда ёки тариф нотўғри қўлланилганда;

пеня нотўғри ҳисоблаб чиқарилганда;

Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида ёки тўлов ҳужжатларида арифметик хатога йўл қўйилганда;

Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими, тўлов ва бухгалтерия ҳужжатларидаги бошқа хатоликларда.

Ҳисоблашда хатоликлар аниқланганда хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари бўйича тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ва Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига тегишли маълумотни киритиш учун асос ҳисобланувчи далолатнома тузилади. Далолатномага ҳисоблашдаги хатоликларга йўл қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади ва хизмат кўрсатувчи ташкилот бошлиғи томонидан имзоланади.

Ҳисоблашдаги йўл қўйилган хатоликлар хизмат кўрсатувчи ташкилотлари томонидан уларнинг аниқланишига кўра, даъво муддати мобайнида ҳисобга олинади.

33. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганда ёки хизмат кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчи тегишли давр учун тўловлардан озод этилади.


34. Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатилмаган ёки тегишли бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги факти аниқланган ҳолатларда, истеъмолчи, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вакили, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакили томонидан имзоланадиган, хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи далолатнома тузилади.

Хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисида тузилган далолатнома маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланади, шунингдек, Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёки Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартнома шартларига мувофиқ баҳолашда инобатга олинади.

Далолатнома истеъмолчи, хизмат кўрсатувчи ташкилот, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилларининг имзолари бўлгандагина ҳақиқий ҳисобланади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вакили келмаган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакилининг имзоси етарли ҳисобланади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вакили далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда у ушбу далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлик сабабларини далолатнома тузилган куннинг ўзида ёзма равишда асослаши шарт. Акс ҳолда истеъмолчи маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни суд қарори қабул қилингунига қадар тўхтатишга ҳақлидир.

37. Абонентлар бўйича ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларга киритилмаган ва улар ҳақида хизмат кўрсатувчи ташкилотга тақдим этилмаган янги абонентлар ёки бирга доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаган шахслар аниқланганда, Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида абонентлар ва бирга доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар сонига тузатишлар киритилади.

Бир вақтнинг ўзида, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот ходими томонидан тузилган далолатнома, ички ишлар органлари томонидан доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлигининг тасдиғи, чегара (миграция) қайдлари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи (ФҲДЁ)нинг туғилганликни қайд этиш тўғрисидаги ва бошқа маълумотлар), қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик, ҳақиқатда доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган шахслар сони ортган ёки камайган (кўчиб кириш, кўчиб кетиш, туғилиш ва шу кабилар) вақтдан бошлаб тўлиқ қайта ҳисоблаб чиқилади, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолатларда эса - ўтган уч ой учун ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ушбу Қоидалар талабларига зид равишда Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига ўзгартириш киритилганлиги ёки қайта ҳисоб-китоб қилинганлиги аниқланган ҳолларда Марказнинг ҳудудий филиаллари хизмат кўрсатувчи ташкилотга 5 иш куни муддатида камчиликларни бартараф этиш тўғрисида электрон тарзда огоҳлантириш юборади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан мазкур огоҳлантиришда кўрсатилган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда, Марказнинг ҳудудий филиали томонидан Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига нотўғри киритилган маълумотлар тизимдан ўчирилиши мумкин.

39. Марказнинг ҳудудий филиали абонентлар ва улар томонидан амалга оширилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловлар ҳисобини юритиш, шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш соҳасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

туман (шаҳар) ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда абонентларнинг ҳаққоний ҳисоби юритилишини, шунингдек, Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига улар тўғрисидаги маълумотларнинг ўз вақтида киритилишини ташкил этади;

абонентлардан пул маблағлари тушумининг оператив ҳисобини юритади;

абонентларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради;

келгусида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш учун назоратчиларни абонентлар ҳисоби, абонентлардан пул маблағлари тушуми ва абонентларнинг қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлайди;

Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига маълумотларни тўғри киритилишини назорат қилади;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тарифларни шакллантириш (шу жумладан ўзгартириш киритиш) бўйича белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига таклифлар киритади;

Давлат экология қўмитаси томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича, ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар муддатда, йил якуни бўйича эса - келгуси молия йилининг 25 февралига қадар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, шунингдек, Давлат экология қўмитасига Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартномаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, бажарилган ишлар ҳажми тўғрисида маълумот тақдим этади.

тўловлар олти ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда, талабнома-даъво ишларини, шу жумладан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича абонентлардан муддати ўтган қарздорликни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга тайёрлашни амалга оширади. Бунда, муддати ўтган қарздорликларни суд орқали ундириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан тақдим этилади ҳамда ундирув билан боғлиқ харажатлар хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қопланади;

истеъмолчиларнинг маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек, уларнинг ижроси ҳисобини олиб боради;

хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан назорат олиб боради;

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартнома шартларига мувофиқ кўрсатилган хизматлар натижадорлигини баҳолаш ишларини бажаради;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ҳудудларни санитария жиҳатидан тозалаш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради.


7-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


41. Истеъмолчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартномага мувофиқ зарур кўламда, белгиланган сифатда, унинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсиз бўлган, мулкига зарар етказмайдиган хизматлардан фойдаланиш;

хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлигига риоя этилишини талаб қилиш;

ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган давр учун олдиндан ҳақ тўлаш, кейинчалик тегишли тарифлар ошганда қайтадан ҳисоб-китоб қилмаслик;

хизмат кўрсатувчи ташкилотдан хизмат кўрсатишнинг амалдаги тартиби, талаблари, қоидалари ва ўзгаришлар тўғрисидаги, шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар тарифлари тўғрисида маълумот олиш;

хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилинмаган ҳолатларда хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг оператив тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўриши лозим бўлган диспетчерлик хизматига буюртманома бериш;

хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан шартнома мажбуриятлари сифатсиз бажарилган ҳолатларда хизмат кўрсатувчи ташкилотга ёзма, электрон ёки оғзаки шаклда шикоят қилиш ва хизмат кўрсатувчи ташкилотдан хизматлар тўлиқ кўрсатилмаганлиги ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи далолатномани тузишни, шунингдек, аниқланган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилишини талаб қилиш;

хизматлар кўрсатилаётганда хизмат кўрсатувчи ташкилот айби билан юзага келган камчиликларнинг бепул бартараф этилишини талаб қилиш;

доимий яшаш ёки вақтинча турар жойида вақтинча бўлмаганлиги ёки доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан чиқарилганлиги, юридик шахс фаолиятини вақтинча ёки бутунлай тўхтатганлигининг ҳужжатлар билан тасдиқланган давр ёки шартномада белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилмаган давр учун маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш мажбуриятларидан тўлиқ озод бўлиш;

шартнома тузилаётганда (юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор), маиший чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб юбориш заруриятидан келиб чиққан ҳолда, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган чекланган муддатлардан ошмайдиган хизмат кўрсатиш муддатларини белгилаш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича сифатсиз хизмат кўрсатилганлиги сабабли, агар хизмат кўрсатувчи ташкилот ўз вақтида шартномани бажаришга киришмаса ёки сифатсиз хизмат кўрсатса, зарарлар ундирилишини талаб этиб судга мурожаат қилиш.

Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


42. Истеъмолчи қуйидагиларга мажбур:

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўлаш;

контейнерда тўплаш тизимида - чиқинди тўплаш шохобчаларида чиқиндиларни жойлаштиришда чиқиндиларни контейнерларга ташлаш;

тўплашнинг "сигнал" усулида қаттиқ маиший чиқиндиларни ўз уйларида сақлаш ва хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш жадвали бўйича етиб келган махсус автотранспорт воситасига жойлаштириш;

маиший чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга ва объектларга ташламаслик ҳамда жойлаштирмаслик (кўчаларга, сув йўлларига, ариқ ва қаттиқ ҳамда суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиш учун белгиланмаган бошқа жойларга, шу жумладан, автотранспорт воситаларидан уларнинг тўхташи, тўхтаб туриши ёки ҳаракатланиши вақтида);

қаттиқ маиший чиқиндиларни уларни жойлаштириш объектларида (ер ўралари, идишлар ва ҳоказолар), ташкилот ҳудудида, далаларда ва аҳоли яшаш пунктларида махсус техник қурилмаларсиз ёқмаслик;

кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланишдаги жойларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш жойлари ташкил этилишига йўл қўймаслик;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни махсус автотранспорт воситасига ортиш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотга ортиш жойига бемалол ўтишини таъминлаш;

чиқинди тўплаш контейнерлари, чиқинди тўплаш шохобчалари, чиқинди тўплаш камералари ва бошқа ускуналарнинг носозликлари аниқланганда хизмат кўрсатувчи ташкилотни дарҳол хабардор қилиш;

ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлувчи, чўғ, чўғланиб турган кул ёки ўчмаган бошқа қаттиқ ёқилғи чиқиндиларини чиқинди тўплаш шохобчалари, чиқинди тўплаш контейнерлари, шунингдек, махсус автотранспорт воситасига жойлаштирмаслик;

йирик габаритли маиший чиқиндилар ва қурилиш чиқиндиларини хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқарувчи ташкилотлар томонидан белгиланган, вақтинчалик махсус ажратилган жойларга жойлаштириш ва уларнинг чиқинди тўплаш шохобчаларидаги контейнерларга ташланишига йўл қўймаслик;

Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



8-БОБ. ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ

ТАШКИЛОТНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


43. Хизмат кўрсатувчи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун қонун ҳужжатларига ва ушбу Қоидаларга мувофиқ тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда олиш;

Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида истеъмолчиларнинг маълумотлар базасини мунтазам равишда янгилаб бориш ҳамда уларга қарздорлик тўғрисида огоҳлантириш хати юбориш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш бўйича судга даъволар тақдим қилиш, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда пеня ундириш;

йирик габаритли маиший чиқиндилар, қурилиш чиқиндилари, чорвачилик чиқиндилари, суюқ маиший чиқиндилар ва бошқа чиқиндиларни алоҳида тўлов эвазига олиб чиқиш бўйича қўшимча хизматлар кўрсатиш;

қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўлиқ утилизация қилиш, сотиш ёки шартнома асосида маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва сотиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга топшириш учун комплекс чораларни амалга ошириш;

ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлувчи, чўғ, чўғланиб турган кул ёки ўчмаган бошқа қаттиқ ёқилғи чиқиндиларини махсус автотранспорт воситасига ортмаслик.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


44. Хизмат кўрсатувчи ташкилот қуйидагиларга мажбур:

қонун ҳужжатлари ва ушбу Қоидаларда белгиланган тартибда унга туман (шаҳар) ҳудудлари бириктирилганидан кейин, беш иш куни мобайнида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний шахсларга хизматлар кўрсатиш учун оммавий шартномани оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш;

оммавий шартнома нусхасини хизмат кўрсатиладиган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига юбориш (шахсан имзо қўйдирилган ҳолда ёки тақдим этилганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта орқали);

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан шартномалар тузиш;

ўзига бириктирилган ҳудудда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан белгиланган тартибда келишилган жадвалга мувофиқ, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг мунтазам олиб чиқиб кетилишини амалга ошириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлигига риоя этиш, шунингдек, махсус автотранспорт воситалари ва техникалари ҳаракати ҳамда чиқинди полигонларини Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS)дан фойдаланган ҳолданазорат қилиш имконини яратиш;

истеъмолчиларга маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қонун ҳужжатлари, ушбу Қоидалар ва шартнома талабларига мувофиқ зарур сифатдаги хизматлар кўрсатиш;

хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилинмаган ҳолатларда истеъмолчиларнинг хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг диспетчерлик хизматига тушган буюртманомаларини оператив тартибда (буюртманома келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай) бажариш;

кўрсатилаётган қўшимча хизматлар учун электрон тўлов тизимини жорий этиш;

истеъмолчиларнинг маълумотлар базасини мунтазам равишда янгилаб бориш;

маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг бирламчи ҳисобини олиб бориш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг режими ва сифати бўйича истеъмолчиларнинг мурожаатлари, шунингдек, уларнинг ижроси ҳисобини юритиш;

ўзига бириктирилган ҳудудда аҳолининг тўлиқ қамраб олинишини таъминловчи ва Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ҳамда Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартнома шартларига мувофиқ, зарур миқдордаги чиқинди тўплаш шохобчаларининг қурилишини амалга ошириш;

чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларининг ҳолатини назорат қилиб бориш ҳамда уларнинг тегишли ҳолатда сақланишини таъминлаш;

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёки Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга тузилган шартнома шартларига мувофиқ, чиқинди тўплаш шохобчаларини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун зарур миқдордаги контейнерлар билан жиҳозланишини таъминлаш;

чиқинди тўплаш шохобчалари ва транспорт воситаларининг зарур тарздаги санитария ҳолатини таъминлаш;

чиқинди тўплаш шохобчаларини сақлаш ва коммунал тўловларнинг тўланишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни мустақил равишда саралашни амалга оширишни таъминлаш;

чиқинди тўплаш шохобчаларини жорий ва мукаммал таъмирлаш;

фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлиги, атроф муҳит учун хавфли бўлган бактерияларнинг ва бошқа зарарли моддаларнинг ривожланишига, чиқиндиларнинг кўплаб тўпланиб қолишига қарши режали ишларни олиб бориш (контейнер ва чиқинди тўплаш шохобчаларини дезинфекциялаш ёки ювиб туриш йўли билан ва шу кабилар);

ўзларига тегишли бўлган маиший чиқиндиларни утилизация қилиш технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш чораларини кўриш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни сақлаш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг ушбу фаолият учун мўлжалланган, махсус ажратилган жойларда ва объектларда амалга оширилишини таъминлаш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг тартиби ва тарифларининг ўзгарганлиги тўғрисида ушбу тарифлар кучга киришидан ўн беш кун аввал хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг стендида, эълонлар тахтасида эълонлар осиш йўли билан, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали истеъмолчини хабардор қилиш;

истеъмолчиларга уларнинг сўровига асосан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг амалдаги тартиби, талаблари, қоидалари ва хизматлар кўрсатиш тартибининг, шунингдек, тарифларининг ўзгарганлиги тўғрисида бепул маълум қилиш;

истеъмолчига кўрсатилаётган хизматлар сифати бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва янги камчиликларнинг олдини олиш чораларини кўриш;

маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда бузилган ер участкаларини қайта тиклаш ишларини амалга ошириш;

хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг стендида, эълонлар тахтасида кўрсатилаётган хизматлар, уларнинг амалдаги тарифлари, тўлов шартлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний шахсларга хизматлар кўрсатиш учун оммавий шартномани жойлаштириш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ маълумотлар ва бухгалтерия ҳужжатларининг беш йил мобайнида бут ҳолатда сақланишини таъминлаш.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



9-БОБ. МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ

ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ БЎЙИЧА

КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР

ЮЗАСИДАН НАЗОРАТ


45. Давлат экология қўмитаси маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича фаолиятнинг олиб борилиши юзасидан доимий тарзда давлат экологик назоратини амалга оширади.


46. Оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.


10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


47. Томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар бўйича низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


48. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб

чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш

СХЕМАСИ


Босқичлар

Жараёнлар

Ташкилий тадбирлар

1-босқич

Туман (шаҳар) ҳудудини хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бириктириш

Хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилотлари

Хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

а) янги бириктирилаётган ҳудудлар учун "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси орқали электрон танлов ўтказадилар ва электрон танлов ғолиби билан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга шартнома тузадилар;

б) давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида - қонун ҳужжатларига мувофиқ хусусий шерик аниқланган тақдирда, Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари ва хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузадилар.

   V

        V

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга ДХШ тўғрисида битим ёки шартнома тузиш

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатишга шартнома тузиш

2-босқич

Жисмоний шахслар - мажбурий тўловларни тўловчи (абонент)ларни ҳисобга олиш

Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимини шакллантириш ва юритиш

Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар абонентлар ҳисобини юритадилар.

3-босқич

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш

Жисмоний шахсларга - оммавий шартнома асосида

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга - шартнома асосида

Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар:

уларга ҳудуд бириктирилганидан кейин, беш иш куни мобайнида оммавий ахборот воситалари орқали оммавий шартномани эълон қиладилар;

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга шартнома тузадилар.

4-босқич

Кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилиш

Жисмоний шахслар - ягона транзит банк ҳисобварақларига

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар - хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг банк ҳисоб рақамига

1. Жисмоний шахслар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни ҳар ойнинг 10-санасидан кечикмай тўлаб борадилар.


2. Марказ жамланган маблағларни:

хусусий сектордаги хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг банк ҳисобварақларига - улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун келиб тушган мажбурий тўловларнинг 100 фоизи миқдорида;

давлат улуши бўлган хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг банк ҳисобварақларига - улар томонидан кўрсатилган хизматлар учун келиб тушган мажбурий тўловларнинг 90 фоизи миқдорида ўтказиб беради.


3. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг банк ҳисобварағига ҳар ойда 100 фоиз олдиндан тўлов асосида амалга оширадилар.

       V

Пул маблағларини Марказнинг махсус банк ҳисобварағида жамлаш

5-босқич

Назоратни амалга ошириш

Мониторинг юритиш

Чоралар кўриш

1. Давлат экология қўмитаси давлат экологик назоратини амалга оширади.


2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширадилар.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 февраль









































Время: 0.1518
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск