язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Нафақа. Компенсация ва бошқа тўловлар/ Бошқа нафақалар / Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.02.2019 й. ПҚ-4185-сон "Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.02.2019 й.

N ПҚ-4185



ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНАСИНИНГ

ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН БОЛАЛАРНИ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ КУЧАЙТИРИШГА

ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда мамлакатда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом оила қуришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларга маънавий-ахлоқий муносабатни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Кўрилган чора-тадбирлар тарбия муассасалари ва уларда тарбияланаётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини сезиларли равишда камайтиришга ёрдам берди.

Шу билан бирга, болаларни жойлаштиришнинг оилавий ҳамда бошқа муқобил шаклларини кенг жорий этиш, айниқса, уларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш (патронат), шунингдек, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чоралар кўриш талаб этилмоқда.

Ижтимоий етимликни янада камайтириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

2019 йил 1 мартдан "Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, шунингдек, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкасини 1,5 баробарга ошириш ва уни умумтаълим мактабларининг тегишлича раҳбар ва педагогик ходимлари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгилаш;

2019 йил 1 октябрдан "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва олий маълумотли тарбиячилари ҳамда барча турдаги халқ таълими муассасалари олий маълумотли тарбиячиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактабларининг тегишли раҳбар ва педагог ходимлари базавий тариф ставкаларига тенглаштириш, бунда айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбиячилари учун кўзда тутилган устамани бекор қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Белгилансинки:

2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида тўланади;

васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш учун ҳар ойда 170 000 сўм миқдорида компенсация тўланади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;

болалар уйлари, ногирон болалар учун "Мурувват" интернат уйлари ҳамда сил касаллигига қарши болалар санаторийси тарбиячиларига тегишли тоифадаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорлари қўлланилади;

оилавий болалар уйлари тарбияловчи ота-оналарининг базавий тариф ставкаси "Меҳрибонлик" уйлари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкасининг икки баробари миқдорида ҳисобланади, бунда меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун амалдаги устама ҳақи бекор қилинади ва "Меҳрибонлик" уйлари тарбиячилари учун белгиланган ҳар йилги таътиллар, имтиёзлар ва кафолатлар бериш тартиби сақлаб қолинади.


3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларига 1 та психолог штат бирлиги, тарбияланувчилари сони 200 нафардан ортиқ бўлган "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларига 2 та психолог штат бирликларини киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил давомида "Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчаларида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан замонавий компьютер синфларини очиш, тарбияланувчиларни замонавий компьютер дастурлаш кўникмаларига ўқитишни ташкил қилиш ва ахборот технологиялари соҳасида ёш мутахассислар тайёрланишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар, идоралар, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий етимликнинг олдини олиш, шунингдек, "Меҳрибонлик" уйларини босқичма-босқич кам комплектли болалар шаҳарчаларига ҳамда ижтимоий муассасаларнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказиш мақсадида 2019 йил 1 июнга қадар муддатда 2019-2023 йилларда"Меҳрибонлик" уйларини ноинституционаллаштириш дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилаётган (патронат) васий ва ҳомийликка номзодларни, фарзандликка олаётганлар ва оилавий болалар уйларининг тарбияловчи ота-оналарини танлаш ва кузатиб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Халқ таълими вазирлиги ва бошқа давлат органларининг "Ишонч телефонлари" орқали етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ёрдам кўрсатиш тизимини ташкил қилсин, шунингдек, "Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчаларида зарур алоқа воситалари билан жиҳозланган алоҳида хоналар ажратилишини, "Ишонч телефонлари" узлуксиз ишлашини ҳамда улардан тарбияланувчиларнинг эркин фойдаланишини таъминласин.


4. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича "Йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

оилавий васийлик ва ҳомийликнинг турли шаклларини яратишга кўмаклашсин;

2019 йил 1 июнга қадар "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларининг ҳудудлари ва хоналари видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминласин, видеоёзувлар махсус архивда камида бир ой давомида сақланишини назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларидаги видеокузатув камераларининг техник созлиги ва узлуксиз ишлашини, кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида архивлаштиришни таъминласин.


6. Васийлик ва ҳомийлик органлари, "Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйлари ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бошқа тарбия муассасалари:

давлат нотариал идоралари, Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ ва ички ишлар органлари, давлат тиббиёт ва бошқа муассасалар орқали етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда давлат божи ва бошқа тўловлардан озод этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда харажатлар сметасини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг соҳага ихтисослаштирилган муассасаларида тиббиёт тизими педагогик ходимларининг малакасини ошириш учун маблағларни назарда тутсин.

Белгилансинки, асосий ишидан ажралган ҳолда педагог ходимларнинг малакасини ошириш курсларига юборилган тингловчиларга ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланади.


8. Қуйидагилар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар (туман) ҳокимлари:

"Меҳрибонлик" уйларига кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг болалари ҳамда ота ёки онадан бирига эга болаларни вақтинчалик жойлаштириш бўйича қарорларнинг асослантирилганлиги;

уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ўз вақтида турар жойлар ажратилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш учун шахсий жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар ажратилиши устидан назоратни кучайтирсин.


9. Тижорат банкларига етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шу жумладан, улар тоифасига кирадиган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахсларга ёш оилалар учун назарда тутилган шартларда, кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

Белгилансинки, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг дастлабки бадали Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг маиший ва турар жой шароитларини яхшилаш мақсадида, шаҳарлар ва қишлоқ жойларида арзон кўп квартирали уйларни қуриш параметрларини шакллантиришда, 2020 йилдан бошлаб уй-жойга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга имтиёзли ипотека кредити бериш асосида сотиш учун уйлар қурилишини назарда тутсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ишга жойлаштирилиши устидан тизимли мониторинг механизмини ўрнатсин;

Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишда тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни назарда тутсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

"Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчиларини дастурлаш кўникмаларига ўргатиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида ёш мутахассисларни тайёрлаш мақсадида уларнинг Интернет тармоғига уланиши ва компьютерлар билан жиҳозланишини, бунда 10-11 синф ўқувчиларига "ахборот-коммуникация технологиялари" йўналишида етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи учун шароитлар яратилишини;

электрон ўқув, шу жумладан, компьютер дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги материаллардан фойдаланиш мақсадида "Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчаларининг "ZiyoNET" таълим тармоғига уланишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2019 йил 1 апрелга қадар етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларнинг тутинган ота-оналари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига доимий прописка қилинишини таъминлаш бўйича таклифлар киритсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда кўзда тутилган тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратсин, шунингдек, ҳар йили Давлат бюджети параметрларида ушбу кўрсатилган мақсадлар учун маблағни назарда тутсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 11 февралдаги

ПҚ-4185-сон қарорига

ИЛОВА



Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан

маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя

қилишни кучайтириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбирларнинг номланиши

Амалга ошириш механизми

Молиялаштириш манбаси

Ижро муддатлари

Масъул

ижрочилар

I. ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНАСИНИНГ ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН

БОЛАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ КУЧАЙТИРИШ БЎЙИЧА

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага ўтказиш, шунингдек қуйидагиларни назарда тутган потенциал ота-оналарни эрта аниқлаш тартибини такомиллаштириш:

мазкур тоифадаги болаларнинг ижтимоий мослашуви ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш учун тегишли шароитлар яратиш;

тўлиқ давлат таъминотига олинадиган болаларнинг тоифаларини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

-

2019 йил

1 апрелга қадар

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Бош прокуратура (С.Саидкаримов), Олий суд (К.Камилов), Давлат солиқ қўмитаси (Б.Мусаев), Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (В.Алимова), манфаатдор вазирликлар ва идоралар

2.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, 3 ёшга тўлмаган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш орқали вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини таъминлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

-

2019 йил

1 октябрга қадар

Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Камилов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Бош прокуратура (С.Саидкаримов)

3.

Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун давлат тарбия муассасаларига ажратиладиган ҳомийлик маблағларидан фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш.

Идоравий

ҳужжат

-

2019 йил

1 сентябрга қадар

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

4.

"Меҳрибонлик" уйлари, болалар шаҳарчалари, "Мурувват" уйлари ва болалар уйлари ходимлари учун одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Идоравий

ҳужжат

-

2019 йил

1 августга қадар

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов)

5.

"Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчалари педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

-

2019 йил

1 апрелга қадар

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев)

6.

Болалар уйларида бўлган болаларни тарбиялаш соҳасида давлат талабларини жорий этиш масаласини ўрганиш.

Таҳлилий

маълумотнома

-

2019 йил

1 июнга қадар

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров)

7.

Тутинган ота-оналар, васийлар ва ҳомийлар томонидан уларга болаларни парвариш қилиш бўйича юкланган вазифаларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш механизмини такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

-

2019 йил

1 июнга қадар

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Бош прокуратура (С.Саидкаримов), Олий суд (К.Камилов), "Оила" маркази (Д.Ташмухамедова), Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (В.Алимова)

8.

Ижтимоий ходимларнинг мақоми, вазифалари, функциялари ва малакавий талабларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

-

2019 йил

1 августга қадар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), "Оила" маркази (Д.Ташмухамедова), Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (В.Алимова)

II. ЕТИМ БОЛАЛАР ВА ОТА-ОНАСИНИНГ ҚАРАМОҒИДАН МАҲРУМ БЎЛГАН

БОЛАЛАР УЧУН БОЛАЛАР ТАРБИЯ МУАССАСАЛАРИДА ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

9.

Тарбияланувчиларнинг ижтимоий мослашуви ва касб-ҳунарни муваффақиятли танлаши, уларда ижтимоий ва ҳаётий кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида "Меҳрибонлик" уйларида, зарур моддий-техник база билан таъминлаган ҳолда, ўқув курсларини ("Уй-рўзғор академияси") ташкил қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Маҳаллий бюджет

маблағлари

2019 йил

давомида

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

10.

А. Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқув дастурларини такомиллаштириш орқали тарбия жараёни самарадорлигини ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

-

2019 йил

давомида

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов)

11.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг соҳага ихтисослаштирилган муассасаларида соғлиқни сақлаш тизими муассасалари педагог ходимларининг малакасини оширишни ташкил қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

-

Доимий равишда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов)

12.

Қуйидагилар:

тутинган ота-оналарни тайёрлаш;

ўқув-тарбиявий, маънавий-ахлоқий ишлар ҳамда тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун муассасаларда комплекс диагностика, профилактика, коррекцион фаолият, ижтимоий педагогика ва психология йўналишида услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш.

Услубий

қўлланмалар

-

2019 йил

1 августга қадар

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), "Оила" маркази (Д.Ташмухамедова), Республика Маънавият ва маърифат маркази (А.Кодиров), Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (В.Алимова)

13.

"Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчалари раҳбарлари ва педагог ходимларининг малакасини ошириш.

График асосида

-

Доимий

равишда

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов)

14.

"Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчалари раҳбарлари ва педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

-

2019 йил

31 декабрга қадар

Таълим сифатини назорат қилиш

давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев),

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов)


15.

"Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчилари учун соғломлаштириш оромгоҳлари ва шаҳар ташқарисидаги уйларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Давлат бюджети маблағлари

2020-2023

йиллар

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.Умурзаков), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б.Ходжаев), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

III. ЖАМИЯТДА ИЖТИМОИЙ ЕТИМЛИКНИ

ПРОФИЛАКТИКА ҚИЛИШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ

16.

Қуйидагиларни назарда тутган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш:

болалари "Меҳрибонлик" уйлари ва болалар шаҳарчаларига вақтинча жойлаштирилган кам таъминланган, кўп болали оилалар, шунингдек ёлғиз ота-оналарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

оғир ҳаётий вазиятга (хавф-хатар гуруҳига) тушиб қолган оилаларни аниқлаш, уларга ижтимоий-моддий, руҳий-педагогик, ахборот ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ишга жойлаштириш ҳамда имтиёзли кредитлар олишда ва бошқа муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш орқали ижтимоий етимликни профилактика қилиш ва олдини олиш бўйича чора-тадбирлар;

янги туғилган чақалоқдан воз кечиш, оилавий нотинчлик ва болаларни ота-оналаридан ажратишни профилактика қилиш, оилани лозим даражада ижтимоий-ҳуқуқий ва руҳий-педагогик қўллаб-қувватлашни таъминлаш ҳамда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳолатлари сонини камайтириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

-

2019-2020 йиллар

давомида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), "Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева), "Оила" маркази (Д.Ташмухамедова), Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (В.Алимова), манфаатдор вазирлик ва идоралар

17.

Ўсиб келаётган ёш авлодни миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасалари ролини ошириш, ижтимоий рекламалар, роликлар, махсус телекўрсатувлар ва мақолаларни намойиш қилиш ва илгари суриш, шунингдек етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш ва жойлаштириш, шу жумладан уларни оилага жойлаштириш механизмлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда халқимизнинг кўп асрлик оилавий қадриятлари тўғрисида тарғибот тадбирларини ўтказиш.

Ижтимоий реклама ва роликлар,

теле- ва радио эшиттиришлар, мақолалар

-

Доимий равишда

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), МТРК (А.Ходжаев), ЎзА (А.Кучимов), "Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева), "Оила" маркази (Д.Ташмухамедова), Республика Маънавият ва маърифат маркази (А.Кодиров)

IV. БОШҚА ЙЎНАЛИШЛАР

18.

Тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган (уй-жойга муҳтож бўлганлар сифатида ҳисобда турганлар) болаларнинг уй-жой билан таъминланганлигини ўрганиш, уларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш.

Ташкилий чора-тадбирлар

-

2019 йил

1 июлга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)

19.

Тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни иш билан таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

-

2019 йил давомида

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева)

20.

Олий маълумотли ижтимоий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш даражасини, шу жумладан меҳнатига ҳақ тўлаш тариф разрядини қайта кўриб чиқиш орқали ошириш масаласини ўрганиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

Таҳлилий

маълумотнома

-

2019 йил

1 апрелга қадар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш.Кудбиев), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 февраль


"Халқ сўзи", 2019 йил 12 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 18 февраль, 7-сон, 115-модда