язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Чиқиндиларни қайта ишлаш/ Санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.02.2019 й. 95-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 6 февралдаги

95-сон қарорига

2-ИЛОВА



Санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган

давлат ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш

ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузуридаги "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхоналари, "Махсустранс" давлат унитар корхонаси ва уларнинг туман (шаҳар) филиаллари, шунингдек, "Chiqindilarni qayta yuklash va utilizasiya qilish" давлат корхонасининг (кейинги ўринларда санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари деб аталади) ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш юридик ва жисмоний шахсларга чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича хўжалик фаолиятидан олинадиган маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


3. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотларининг юридик ва тиббиёт хизматлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


4. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, мазкур Низом, бошқа қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари, шунингдек, бошқа локал ҳужжатлар ва иш берувчи ҳамда ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

тариф ставкалари (лавозим маошлари);

қонун ҳужжатларига мувофиқ тариф ставкаларига (лавозим маошларига) белгиланадиган қўшимча ҳақ ва устамалар;

ҳисобот давридаги ишларнинг якуний натижалари бўйича, байрам ва юбилейларда, шунингдек, алоҳида ажралиб турувчи ходимларга тўланадиган мукофотлар;

моддий ёрдам ва компенсация тўловлари.


5. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимларининг тариф ставкаларига (лавозим маошларига) қўшимча ҳақ ва устамалар, мукофотлар ва моддий ёрдам мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан, белгиланган тартибда, молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


6. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, санитария жиҳатидан тозалаш ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган штатлар жадвалига мувофиқ белгиланган тариф ставкалари (лавозим маошлари) бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ТАРИФ СТАВКАЛАРИНИ (ЛАВОЗИМ

МАОШЛАРИНИ) БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


7. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимларининг тариф ставкалари (лавозим маошлари) санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тармоқ тариф сеткаси (кейинги ўринларда тариф сеткаси деб аталади) асосида белгиланади.


8. Штатлар жадвалини шакллантиришда ишчи касблари (мутахассисликлар) бўйича малака разрядлари ва тариф коэффициентлари ишларни сифатли бажариш учун талаб қилинадиган малакадан (касб бўйича ўртача разряддан) келиб чиққан ҳолда белгиланади.


9. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимларининг тармоқ тариф коэффициенти:

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ белгиланган тариф коэффициентлари;

ишларнинг технологик турлари, ишлаб чиқаришлар ва халқ хўжалиги тармоқлари бўйича ишчилар тариф ставкаларини оширишнинг тармоқ коэффициентлари ҳисобга олинган ҳолда аниқланади.


10. Ходимнинг тариф ставкаси (лавозим маоши) ходимнинг тегишли лавозими, касби ва малакаси учун белгиланган тариф коэффициентини қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Соатбай тариф ставкаси миқдори ходимнинг тариф ставкасини (лавозим маошини) 6 кунлик иш ҳафтаси асосида иш вақти нормал давом этганда иш соатларининг ўртача ойлик сонига бўлиш йўли билан аниқланади.



3-БОБ. ҚЎШИМЧА ҲАҚ ВА УСТАМАЛАР


11. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари ходимларининг тариф ставкасига (лавозим маошига) қуйидаги қўшимча ҳақ ва устамалар тўланади:

иш вақтидан ташқари ва дам олиш, байрам кунларида ишлаганлик учун - соатбай тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда икки баробар миқдорда;

тунги вақтда ишлаганлик учун - соатбай тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда бир ярим баробар миқдорда;

бир йўла бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик ва хизмат кўрсатиш ҳудудини кенгайтирганлик учун - ходим учун асосий касби (лавозими) бўйича белгиланган меҳнат нормасидан ортиқ амалда бажарилган ишлар учун;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария жиҳатидан тозалаш соҳасидаги иш стажининг узлуксизлигини ҳисобга олган ҳолда, тариф ставкасига (лавозим маошига) фоизларда, ҳар ойда белгиланган хизмат муддати учун қуйидаги миқдорларда (тўлаш шартлари ва тартиби маҳаллий ҳужжатлар билан белгиланади):

Иш стажи

Устамалар миқдорлари

(фоиз ҳисобида)

3 йилдан 5 йилгача

50

5 йилдан 10 йилгача

75

10 йилдан ортиқ

100

12. Узлуксиз иш стажи санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотига ишга кирганда қуйидаги ҳолатларда сақлаб қолинади:

ташкилотлар тугатилгани (қайта ташкил этилгани) ёки штат қисқаргани ёхуд доимий яшаш жойи ўзгаргани сабабли, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотидан ишдан бўшаган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай ишга кирганда;

ўз хоҳишига кўра (узрли сабаб бўйича), шу жумладан эри ёки хотини бошқа яшаш жойига ўтганда (ўтиш вақти бир ойлик муддатга киритилмайди) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотидан ишдан бўшаган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай ишга кирганда.


13. Махсус чиқинди ташиш автомашиналари, юк автомобиллари (самосваллар, бензовозлар ва ассенизация машиналари) ҳайдовчиларига уларнинг тариф ставкасига (лавозим маошига) қуйидаги миқдорларда устамалар тўланади:

класслиги учун ҳайдовчиларга: тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 1-класс - 25 фоиз; 2-класс - 10 фоиз;

Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги жадал шаҳар ҳаракати шароитларида ишлаганлик учун - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 10 фоизи;

газ баллонли ёқилғи тизимлари билан жиҳозланган автомобилларда, зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 12 фоизи.


14. Ўзига хос меҳнат шароитларида ишлаганлик учун махсус чиқинди ташиш автомашиналари ҳайдовчилари ва юкчиларига, махсус техника механизаторлари, таъмирлаш ишчилари, пресс-компактерлар ва юклашнинг пастки ҳудудлари операторлари ва чиқиндиларни қайта юклаш станциялари юкчилари, полигонлардаги юкчилар, чиқинди тўплаш шохобчаси операторларига тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 12 фоизи миқдорида, ассенизация автомашиналари ҳайдовчиларига - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 30 фоизи миқдорида устама белгиланади.


15. Барча ҳолатларда белгиланган қўшимча ҳақ ва устамалар тариф ставкасига (лавозим маошига) нисбатан қўлланилади.



4-БОБ. ХОДИМЛАРНИ МУКОФОТЛАШ ВА

УЛАРГА МОДДИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

ТАРТИБИ


16. Ходимларни мукофотлаш санитария жиҳатидан тозалаш ташкилоти бўйича белгиланган асосий кўрсаткичлар бажарилганда, шунингдек, фаолият самарадорлигини оширишга, харажатларни камайтиришга ва ички резервлардан фойдаланишга йўналтирилган тадбирлар ўз вақтида бажарилганда ҳамда кутилаётган самарага эришилганда ҳисобот давридаги ишларнинг натижалари бўйича амалга оширилади.

Ўз функционал вазифаларини ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда ташкилот фаолияти натижаларидаги қўшилган шахсий ҳисса ходимларга мукофот ҳисоблаш учун асосий кўрсаткичлар ҳисобланади. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилоти ва унинг ходимларининг ҳар бир тоифаси бўйича мукофотлашнинг аниқ кўрсаткичлари касаба уюшмаси қўмитаси билан келишув бўйича раҳбар томонидан белгиланади.


17. Мукофотларнинг аниқ миқдорлари мукофотлашга маблағларнинг мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда ҳар бир санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотида тузилган махсус комиссия томонидан белгиланади.

Махсус комиссия таркибига: раҳбар, бош бухгалтер, асосий ишлаб чиқариш хизматлари раҳбарлари, меҳнат жамоаси ва санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари касаба уюшмаси қўмитаси вакиллари киради. Махсус комиссия қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


18. Ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилганлардан ташқари санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотларининг бошқа ходимларини мукофотлаш ойлик ҳисобот маълумотлари асосида юк ташиш прогноз кўрсаткичлари бажарилганлиги учун - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 100 фоизигача амалга оширилади.


19. Махсус чиқинди ташиш автомашиналари ҳайдовчилари ва юкчиларини мукофотлаш қуйидаги кўрсаткичлар бажарилганда ҳар ойда амалга оширилади:

юк ташиш прогноз кўрсаткичлари бажарилганлиги учун - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 50 фоизигача;

юк ташиш жадвалига риоя қилинганлиги учун - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 30 фоизигача;

транспорт воситасини зарур ҳолатда сақлаганлиги учун - тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 20 фоизигача.

Юк ташиш бўйича прогноз кўрсаткичлар бажарилмаганда, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича хизматлар истеъмолчилари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан тегишли ходимга нисбатан берилган икки ва ундан ортиқ асосланган шикоят мавжуд бўлганда мукофот тўланмайди.


20. Хизмат кўрсатиладиган участканинг тозалиги таъминланган ва молиявий имкониятлар мавжуд бўлганда махсус чиқинди ташиш автомашиналарининг юкчиларига тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 100 фоизигача бўлган миқдорда мукофот тўланади.

Бунда тўловларнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида назарда тутилган тартибда касаба уюшмаси қўмитасининг ташаббуси ёки ходимнинг аризаси бўйича махсус комиссия қарори билан тайинланади.


21. Маблағлар мавжуд бўлганда ходимларга қуйидагилар тўланиши мумкин:

байрам кунлари ва юбилейларга тўланадиган мукофот, шунингдек, алоҳида ажралиб турувчи ходимларга, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга эришилган рационализаторлик таклифлар учун бир йўла бериладиган мукофот;

йўлкира ва овқатланиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ҳар ойлик компенсация;

тариф ставкасининг (лавозим маошининг) бир баравари миқдоригача бир йўла бериладиган моддий ёрдам;

айрим ҳолатлар билан боғлиқ равишда (узоқ давом этган касаллик, оила аъзосининг вафот этиши, никоҳга кириш) тариф ставкасининг (лавозим маошининг) бир баравари миқдоригача бир йўла бериладиган моддий ёрдам.



5-БОБ. САНИТАРИЯ ЖИҲАТИДАН

ТОЗАЛАШ ТАШКИЛОТИ ХОДИМЛАРИ

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШНИНГ БЕЛГИЛАНГАН

ТАРТИБИНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


22. Санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ходимлар меҳнатининг нормаланишини ва ҳисобга олинишининг ташкиллаштирилиши, ушбу Низомда назарда тутилган тариф ставкаларининг (лавозим маошларининг) тўғри белгиланиши, қўшимча ҳақлар, устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар тўғри ҳисобланганлиги учун шахсан жавоб берадилар.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 февраль