язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.02.2019 й. ПҚ-4190-сон "2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

13.02.2019 й.

N ПҚ-4190



2019-2025 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ   АҲОЛИСИНИНГ

РУҲИЙ САЛОМАТЛИГИНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ ХИЗМАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

КОНЦЕПЦИЯСИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўтган вақт мобайнида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш миллий хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолати бузилишидан азият чекувчи шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражаларида муайян ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3606-сон қарорига мувофиқ аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, психиатрия муассасаларини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек, республика психиатрия муассасалари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурлари бажарилмоқда.

Жумладан, "психиатрия" йўналиши бўйича давлат грантлари асосида магистратурага қабул квоталари оширилди, олий тиббий таълим муассасаларининг психиатрия кафедраларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишлари фаоллашди. Илк бор руҳий хасталикларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди.

Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли психиатрия ёрдами кўрсатишни ташкил этиш, руҳий ҳолат бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш тизимини янада ривожлантириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини 2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда - Комплекс чора-тадбирлар) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати биландавлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликтизимини шакллантириш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини инновацион ривожлантириш, руҳий хасталикларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича илғор технологияларни амалиётга жорий этиш, ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида хусусий тиббиёт амалиёти ривожланишини рағбатлантириш;

руҳий ҳолат бузилиши аломатларига эга бўлган инсонларга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланиши ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, руҳияти бузилган шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилиши учун тенг шарт-шароитларни таъминлаш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш масалаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан нотўғри тасаввурларга барҳам бериш;

ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг барча ёшдаги гуруҳларини психиатрия ёрдами билан қамраб олиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини билан интеграция қилиш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

психиатрия ёрдамини кўрсатишда, айниқса, республика ҳудудларида идоралараро мультидисциплинар бригада иши моделини жорий этиш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи амалдаги муассасалар негизида фаол терапияга ва кенг кўламли даволаш-реабилитация комплекс тадбирлари ўтказишга, кундалик врачлар кузатувида бўлишга муҳтож бўлган, бироқ куну тун психиатрия стационарига жойлаштирилиши шарт бўлмаган руҳий ҳолати бузилиши зўраядиган ёки компенсацияси бузиладиган шахслар учун кундузги стационарлар фаолиятини ташкил этиш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасалар моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни реконструкция қилиш ва замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш).


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига "Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри" ва "Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи" лавозимларини киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


4. Руҳий ҳолати бузилган шахслар уларга психиатрия ёрдами кўрсатилиши вақтида давлат тизими доирасида бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.К. Шодмонов):

психиатрия ёрдамини олиш имконияти, унинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий ҳолатлар бузилишининг ижтимоий ва иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек, аҳолининг кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига эришиш мақсадидааҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини янада мақбуллаштириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига руҳий ҳолатлар бузилишига ташхис қўйиш ва уларни даволаш клиник протоколларини жорий этсин;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни замонавий юқори самарали дори воситалари билан таъминлаш бўйича чоралар кўрсин;

иш вақтини хронометраждан ўтказиш орқали аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этадиган мутахассислар иш ҳажми нормативларини келгусида штат нормативларига ўзгартишлар киритган ҳолда қайта кўриб чиқсин;

Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот тақдим этган ҳолда, уларнинг сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши устидан мониторинг ўтказилишини таъминласин;

Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросига, шунингдек, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилишга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни мунтазам тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш юзасидан чоралар кўрсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва киритишда аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари функциялари ҳамда ваколатлари аниқ чегараланишини назарда тутсин.


7. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимовга - Концепция ва Комплекс чора-тадбирларни ижро этиш юзасидан масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига - Концепция ва Комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида бажариш;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари раҳбарларига - фундаментал ва амалий фанлар ривожланишини таъминлаш, шунингдек, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарор мақсадлари ва вазифаларини, шунингдек, Концепция ва Комплекс чора-тадбирлар ижросининг боришини ёритиш бўйича мақолалар ва мавзуга доир телекўрсатувлар ташкил этсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 13 февралдаги

ПҚ-4190-сон қарорига

2-ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси

аҳолисининг   руҳий   саломатлигини   муҳофаза

қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини

2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича

КОМПЛЕКС ЧОРА-ТАДБИРЛАР

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш

шакли


Амалга

ошириш

муддати


Масъул ижрочилар


I. РУҲИЙ САЛОМАТЛИКНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган "Мурувват" ногиронлар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомга қуйидагиларни назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш:

"Мурувват" интернат уйларига юборишга тиббий кўрсатмалар ва қарши кўрсатмаларни қайта кўриб чиқиш;

"Мурувват" ногиронлар учун интернат уйлари тўғрисидаги низомни "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш.


Вазирлар

Маҳкамаси

қарори


2019 йил

1 майга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Ўзбекистон ногиронлар жамияти (К.Абдуллаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига "Ўзбекистон Республикаси бош психиатри" ва "Ўзбекистон Республикаси бош суицидологи" лавозимларини киритиш.


Соғлиқни сақлаш

вазири буйруғи

лойиҳаси


2019 йил

1 мартга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р.Изамов)


3.

Руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ташхис қилиш ва даволаш (шу жумладан, ихтисослашмаган тиббиёт муассасаларида) стандартларини қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик уларни клиник амалиёт ва таълим жараёнига жорий этиш.


Соғлиқни сақлаш

вазири буйруғи

лойиҳаси


2020 йил

1 декабрга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р.Изамов)


4.

Руҳий ҳолат бузилишларини ташхис қилиш ва даволаш клиник протоколларини ишлаб чиқиш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига жорий этиш.


Ишлаб чиқиш




Жорий этиш

2019 йил

1 июнга

қадар


2020-2021

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р.Изамов)


5.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг техник ва молиявий кўмагида руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишининг юки бўйича мамлакат миқёсида тадқиқот ўтказиш.


Аниқ таклифлар

келтирилган

таҳлилий

маълумотнома


2019 йил

1 июлга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


6.

"Соғлиқни сақлашнинг ихтисослашмаган муассасаларида руҳий ҳолат бузилишлари ва неврологик бузилишлар, шунингдек психофаол моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишлар муносабати билан ёрдам кўрсатиш бўйича mhGAP-IG қўлланмаси (2.0 версия)"ни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш.


Ишлаб чиқиш




Жорий этиш

2019 йил

1 октябрга қадар


2019-2025 йиллар давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов),

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (Р.Изамов)

7.

"Психиатрия ёрдамини кўрсатишда идоралараро мультидисциплинар бригада ишининг моделлари" методик тавсияларини ишлаб чиқиш ва республика ҳудудларидан бирида тажриба лойиҳасини амалга оширган ҳолда жорий этиш.


Ишлаб чиқиш




Жорий этиш

2020 йил

1 январга

қадар


2020 йил

1 декабрга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Меҳнат вазирлиги (Ш.Кудбиев), ИИВ (Д.Назармухамедов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


II. РУҲИЙ ҲОЛАТ БУЗИЛИШЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ, БАРВАҚТ

ТАШХИС ҚИЛИШ ВА ДАВОЛАШ ЧОРАЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

8.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни:

самарадорлиги юқори бўлган замонавий дори воситалари;

амбулатория шароитида кўмаклашувчи терапияни амалга ошириш учун психотроп препаратлар билан таъминлаш.


Соғлиқни сақлаш

вазири буйруғи

лойиҳаси


2019 йил

1 апрелга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов)

9.

Руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини барвақт ташхис қилиш ва даволаш сифатини яхшилаш учун психиатрия муассасаларида инновацион технологияларни жорий этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019 йил

1 декабрга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов)


10.

Психиатрия амалиётида фойдаланиладиган Асосий дори воситалари рўйхати ва Дори воситалари формуляр рўйхатига психиатрия хизмати эҳтиёжларидан келиб чиқиб, психиатрия соҳасидаги жаҳон тажрибаси ва фармаиқтисодий тадқиқотларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Соғлиқни сақлаш

вазири буйруғи

лойиҳаси


2019 йил

1 майга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов)


11.

Жамоат ташкилотларини (уларнинг розилиги билан) руҳий ҳолати ва хулқ-атвори бузилган шахсларни профилактика, барвақт ташхис ва реабилитация қилишда иштирок этишга жалб этиш.


Ахборот-

мультимедиа

комплекс чора-

тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), "Маҳалла" жамғармаси (Ш.Жавлонов), Хотин-қизлар қўмитаси (Т.Нарбаева), Ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


12.

Туғма фенилкетонурия ва гипотиреозни аниқлаш бўйича, неонатал даврнинг муҳим босқичларида скрининг текширувларини ўтказиш, шунингдек фенилкетонурия ва гипотиреоз билан касалланган болаларни махсус даволаш озуқаси билан таъминлаш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов)


13.

Болалар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган механизмларни, жумладан, барча муассаса ва хизматларда болалар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари тўғрисида тезкор хабардор қилишни жорий этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


III. ПСИХИАТРИЯ ХИЗМАТИНИНГ ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ КАДРЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАНГАНЛИГИНИ ЯХШИЛАШ, ПСИХИАТРИЯ

СОҲАСИДА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

14.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг психиатрия кафедрасида умумий амалиёт шифокорлари учун психиатрия курсларини ташкил этиш ва ўтказиш.


Соғлиқни сақлаш

вазири буйруғи

лойиҳаси


2019 йил

1 августга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов)


15.

Аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатишда иштирок этувчи мутахассисларнинг иш ҳажми нормативларини иш вақти хронометражини ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик штат нормативларига ўзгартиришлар киритиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2020 йил

1 сентябрга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Меҳнат вазирлиги (Ш.Кудбиев)


16.

Кадрлар тайёрлаш сифати ва даволаш-ташхис ёрдамини яхшилаш учун тиббиёт олий таълим муассасалари психиатрия кафедраларининг клиник базалар билан ўзаро илмий-амалий ҳамкорлигини чуқурлаштириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), ОТМВ (И.Маджидов)


17.

Руҳий соғлиқни сақлаш хизмати мутахассисларини тайёрлашнинг давлат таълим стандартларини такомиллаштириш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), ОТМВ (И.Маджидов)


18.

Эндоген, психоген ва соматопсихик бузилишларни ёш жиҳатидан профилактика, ташхис қилиш ва даволашнинг устувор йўналишлари бўйича психиатрия соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни ўтказиш.


Чора-тадбирлар

дастури

2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Юсупалиев), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


IV. РУҲИЙ САЛОМАТЛИКНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА

КЕНГ ТУШУНТИРИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

19.

Психиатрия хизматлари фаолияти тўғрисидаги нотўғри тасаввурларга ва психиатрия соҳасида салбий қарашларга барҳам бериш масалаларида тушунтириш ишларини олиб бориш, руҳий ҳолат бузилишларининг сабаблари, прогнози ва уларнинг аломатлари аниқланганда зарур ёрдам тўғрисидаги ахборотни тарқатиш.


Комплекс

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), ОТМВ (И.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), МТРК (А.Ходжаев), ЎзА (А.Кучимов)


20.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун таълим дастурларини, шу жумладан деменция билан касалланган одамлар учун инклюзив жамиятни шакллантириш мақсадида руҳий гигиена ва профилактика бўйича материалларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


Таълим

дастурлари


ишлаб чиқиш -

2019 йил

1 августга

қадар


жорий этиш -

2019 йил

1 сентябрдан


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), ОТМВ (И.Маджидов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов)


21.

Таълим муассасаларида ва аҳолининг кенг қатламларида руҳий саломатликни асрашга қаратилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


ОТМВ (И.Маджидов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), МТРК (А.Ходжаев), Ёшлар иттифоқи (К.Куранбаев)


V. СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ДАВЛАТ ПСИХИАТРИЯ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

22.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларининг мавжуд психиатрия муассасалари негизида кундузги стационарлар фаолиятини ташкил этиш, жумладан:

2019 йилда - Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятида;

2020 йилда - Андижон, Навоий, Наманган вилоятларида.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари


23.

Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган кундузги стационарларга озиқ-овқат таъминоти учун бюджет маблағларини ажратиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Молия вазирлиги (А.Хайдаров), Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


VI. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

24.

Ўзбекистон психиатрлари ассоциацияси фаолиятини ташкил этиш ва унинг Жаҳон психиатрия ассоциациясига (Женева ш.) аъзо бўлиши бўйича зарур чораларни кўриш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019 йил

1 сентябрга

қадар


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)


25.

Хорижий мутахассислар иштирокида психиатрия бўйича халқаро илмий конференциялар, маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш.


Тадбирлар

жадвали


тасдиқлаш -

2019 йил

1 майга қадар


амалга

ошириш -

2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов), ОТМВ (И.Маджидов)

26.

Психиатрия муассасалари психиатр шифокорларининг етакчи хорижий тиббиёт муассасаларида стажировка ўташини ташкил этиш.


Ташкилий

чора-тадбирлар


2019-2020

йиллар

давомида


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов)


"Халқ сўзи", 2019 йил 14 февраль


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 18 февраль, 7-сон, 118-модда