язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Наркологик ва психиатрия ёрдами/ 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 13.02.2019 й. ПҚ-4190-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 13 февралдаги

ПҚ-4190-сон қарорига

1-ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси

аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза

қилиш хизматини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АҲОЛИСИНИНГ РУҲИЙ САЛОМАТЛИГИНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ХИЗМАТИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясининг (кейинги ўринларда - Концепция) асосий мақсадлари психиатрия ёрдамини олиш имконияти, унинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий ҳолатлар бузилишининг ижтимоий ва иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек аҳолининг кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига эришишдан иборат.

Концепция Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ҳамда аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматларини ислоҳ этишда катта муваффақиятларга эришган илғор мамлакатлар тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олади.


2. Концепция қисқа ва ўрта муддатли истиқболда республика аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини мақбуллаштириш бўйича стратегик йўналишлар ва тегишли тадбирларни белгилайди.


3. Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:


а) қисқа муддатли истиқболда (2019-2021 йилларда):

руҳий ҳолати бузилган шахслар манфаатлари йўлида маъмуриятчилик сифатини ошириш, психиатрия хизмати билан давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этишдаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш;

руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ташхис қилиш ва даволаш (шу жумладан, ихтисослашмаган тиббиёт муассасаларида) стандартларини қайта кўриб чиқиш ва кейинчалик уларни клиник амалиёт ва таълим жараёнига жорий этиш;

"Соғлиқни сақлашнинг ихтисослашмаган муассасаларида руҳий ҳолат бузилишлари ва неврологик бузилишлар, шунингдек психофаол моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишлар муносабати билан ёрдам кўрсатиш бўйича mhGAP-IG қўлланмаси (2.0 версия)"ни жорий этиш;

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатиш соҳасида хусусий тиббиёт амалиёти ривожланишини рағбатлантириш;

республиканинг барча ҳудудларида "гўдаклар психиатрияси" хизматини ривожлантириш;

туғма ва ирсий касалликлар билан хасталанган болалар туғилишининг олдини олиш учун перинатал скринингни амалга ошириш;

болалар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган механизмларни, жумладан, аҳолининг ушбу гуруҳи билан ишлаётган барча муассаса ва хизматларда болалар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида тезкор хабардор қилишни жорий этиш;

психиатрия ёрдамининг касалхонадан ташқари шаклларини ривожлантириш;

ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг барча ёшдаги гуруҳларини психиатрия ёрдами билан қамраб олиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни реконструкция қилиш ва замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш);

"Психиатрия ёрдамини кўрсатишда идоралараро мультидисциплинар бригада ишининг моделлари" методик тавсиясини ишлаб чиқиш;


б) ўрта муддатли истиқболда (2022-2025 йилларда):

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатиш тизимини инновацион ривожлантириш, ёш жиҳатидан руҳий ҳолат бузилишларини профилактика, ташхис қилиш ва даволашнинг илғор технологияларини амалиётга жорий этиш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини билан интеграция қилиш;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг спорт объектлари, маданият муассасалари ва бошқа объектлардан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратишга кўмаклашиш;

деменция тўғрисида хабардорликни ошириш, шунингдек деменция билан касалланган одамларни парваришлаётган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, "тиббий психолог ва психотерапевт", "ижтимоий ишлар бўйича мутахассис", "ижтимоий ходим" йўналишлари бўйича аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларини тайёрлаш;

республика психиатрия муассасаларида руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини даволашнинг инновацион диагностик ва даволаш-реабилитация технологияларини жорий этиш;

"Психиатрия ёрдамини кўрсатишда идоралараро мультидисциплинар бригада ишининг моделлари"ни жорий этиш.



2-БОБ. ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИНИ

КЎРСАТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


4. Ушбу Концепцияни амалга ошириш доирасида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

а) руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани, шу жумладан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига руҳий ҳолат бузилишларини ташхис қилиш ва даволаш клиник протоколларини жорий этиш орқали янада такомиллаштириш;

б) даволаш-профилактика тадбирларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан:

руҳий ҳолати бузилган шахсларни амбулатория шароитида кўмаклашувчи терапияни амалга ошириш учун самарадорлиги юқори бўлган замонавий дори воситалари ва препаратлар билан таъминлаш;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг йўлдош касалликларини ташхис қилиш ва даволаш учун шароитлар яратиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари врачлари учун - аҳоли ўртасида суицидал хулқ-атворни профилактика қилиш модулларини жорий этиш;

асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида объектив маълумотларни тўплаш, ахборот олишнинг объективлиги ва тезкорлигини таъминлаш учун ахборот-коммуникация технологиялари тизимларини жорий этиш;

в) руҳий саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида қуйидаги истиқболли йўналишлар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш:

руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини профилактика, ташхис қилиш, даволаш, реабилитация қилиш ва прогнозлаш масалаларига инновацион ёндашиш;

минтақавий, этник, ёшга оид, гендер ва бошқа хусусиятларни ўрганган ҳолда аҳолининг ғайриижтимоий хулқ-атвори даражасини мониторинг қилиш;

ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни келтириб чиқарувчи стресс ҳолатларининг аниқ сабабларини, жумладан суд муҳокамаси материаллари асосида ўрганиш;

ёш жиҳатидан руҳий ҳолат ва хулқ-атвор бузилишларини барвақт ташхис қилиш, даволаш ва профилактика қилиш усулларини такомиллаштириш;

г) руҳий саломатликни муҳофаза қилиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш:

психиатрия хизматлари фаолияти тўғрисидаги нотўғри тасаввурларга барҳам бериш масалаларида оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

руҳий ҳолат бузилишларининг сабаблари, прогнози ва уларнинг аломатлари аниқланганда зарур ёрдам тўғрисидаги ахборотни тарқатиш;

руҳий ҳолати бузилган шахслар, жумладан, уларнинг оила аъзолари учун таълим дастурларини, шу жумладан деменция билан касалланган одамлар учун инклюзив жамиятни шакллантириш мақсадида руҳий гигиена ва профилактика бўйича материалларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

таълим муассасаларида ва аҳолининг кенг қатламларида руҳий саломатликни асрашга қаратилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

д) кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш:

давлат таълим стандартларини янада такомиллаштириш орқали руҳий саломатлик соҳасидаги мутахассисларнинг профессионал даражасини ошириш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларини тайёрлаш ва тақсимлаш ҳажмларини ҳудудларнинг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли сони ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб оптималлаштириш;

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатишда иштирок этувчи мутахассисларнинг иш ҳажми нормативларини иш вақти хронометражини ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш;

кадр ресурсларини жалб этиш мақсадида руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари ва оддий тиббиёт ходимлари учун меҳнат шароитларини яхшилаш, моддий таъминотини ошириш ва хизматда ўсиш имкониятларини кенгайтириш.



3-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


5. Концепцияни амалга ошириш 2021 йилга келиб:

аҳолига психиатрия ёрдамини кўрсатишнинг барча даражаларида соғлиқни мустаҳкамлаш, профилактика, ташхис қилиш ва даволаш бўйича хизматларнинг кенг доирасидан тенг фойдаланишни таъминлайдиган руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани яратиш;

ёш жиҳатидан руҳий ва хулқ-атвор бузилишларини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида аниқлаш даражасини ошириш;

оилада ва таълим муассасаларида қулай шарт-шароитлар яратиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш ҳисобига психиатрлар етишмовчилигини қоплаш;

кўрсатилаётган психиатрия хизмати сифатини оширган ҳолда давлат ва хусусий психиатрия муассасалари ўртасида рақобат муҳитини яратиш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизмати мутахассисларини тайёрлаш даражасини ошириш;

руҳий ҳолат бузилишларининг асосий кўрсаткичларини тизимли мониторинг қилиш учун ахборот тизимини яратиш;

психиатрия ёрдамини кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техник ва санитария-гигиена шароитларини яхшилаш;

руҳий саломатликни муҳофаза қилиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан салбий қарашларнинг шаклланишига чек қўйиш, уларга нисбатан нотўғри тасаввурларга барҳам бериш масалаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш;

давлатнинг узоқ вақт бўлиш ва/ёки яшаш муассасаларида болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш имконини беради.


6. Концепцияни амалга ошириш 2025 йилга келиб:

инновацион ахборот-коммуникация тизимлари асосида руҳий саломатлик соҳасида зарур даражада режалаштириш ва баҳолашни амалга ошириш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида руҳий ҳолат бузилишларини профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш бўйича кучли салоҳиятни шакллантириш;

руҳий ҳолати ёки хулқ-атвори бузилган шахсларни ташхис қилиш, даволаш ва реабилитация қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда илғор хорижий мамлакатларда кенг қўлланиладиган усулларини жорий этиш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатишнинг барча бўғинларида руҳий саломатликни сақлаш бўйича мутахассислар билан таъминланишини яхшилаш, кадрларнинг зарур даражадаги малакаси, кўникма ва юксак профессионал даражага етишишига мотивация яратиш;

деменция билан касалланган шахслар, шунингдек уларни парвариш қилаётган шахсларни профилактика, ташхис қилиш ва даволаш (жумладан, паллиатив ёрдам, реабилитация ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш) бўйича хизматларнинг кенг доираси билан таъминлаш;

руҳий ҳолати бузилган шахслар ва уларнинг яқинларини таълим дастурлари билан қамраб олиш имконини беради.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


7. Концепцияни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва унинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалга оширилади.


8. Натижаларга эришиш даражаси ва уларнинг самарадорлиги иловада келтирилган индикаторлар бўйича Концепцияда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш асосида баҳоланади.






Концепцияга

ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси

аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш

хизматини ривожлантириш концепциясини

амалга оширишнинг мақсадли

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар


Бугунги

кунда*


2021 й.


2025 й.


1.

Психиатрия диспансери ҳисобида турганлар орасида ногиронлиги бор шахслар сонининг қисқаргани (фоизларда)


35,3

30

20

2.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ўлими даражасининг пасайгани (100 минг кишига)


11,6

10

8

3.

Психиатрия ёрдами кўрсатувчи муассасаларнинг ўрин (койка)лар билан таъминлангани (100 минг кишига)


24

25,5

27

4.

Психиатрия ёрдами кўрсатувчи стационар муассасаларда даволанишга такрор ётқизилгани (фоизларда)


37,9

30

25

5.

Кундузги стационарларнинг жойлар билан таъминлангани (100 минг кишига)


1,7

2

2,5

6.

Психиатрия муассасалари ва уларнинг таркибий бўлинмалари психиатр врачлар билан таъминлангани (100 минг кишига)


2,5

3

4

7.

Психиатрия ёрдами кўрсатувчи мутахассислар билан таъминланганлик (илмий маъмурий ходимлар билан биргаликда, 100 минг кишига)


3,1

3,5

4

           

*) 2018 йил учун расмий статистик маълумотлар эълон қилинмаганлиги сабабли 2017 йил охири ҳолатидаги маълумотлар келтирилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 18 февраль, 7-сон, 118-модда